Мен сендан хафаман, сўнгги қўнғироқ!

Болаликда “Сўнгги қўнғироқ” тадбирини ўзгача интиқлик билан кутардик. Бу биз ўйинқароқ болалар учун катта байрам, энг асосийси, ёзги таътилнинг ажойиб кунларига “старт” эди. Ҳар йил май ойининг охирги кунларида катта тайёргарлик билан ўтадиган “Сўнгги қўнғироқ” онларини эслаб, юрагимиз бир орзиқиб оларди. Ўшанда бир-бирини қучиб кўзёш қилаётган ўқитувчи-мураббийларимиз, ўқувчи ака-опаларамизни тушунмай, “Нимага йиғлайди?” дегандай ҳайрон бўлардик.
Ёшимиз улғайгани сари бу тадбирга бошқачароқ қарай бошладик. Энди сўнгги қўнғироқ неча йилдан буён қадрдон оила аъзоларидай бўлиб кетган синфдош дўстлар ва ўқитувчиларни бир-биридан айираётган машъум садодай янграрди…
2001 йил 25 май. Бу кунни жуда яхши эслайман. Ўша куни Чуст шаҳридаги иқтидорли болалар лицейи (ҳозирги давлат ихтисослашган умумтаълим мактаб-интернати) битирувчилари бир хил либосда саф тортиб, сўнгги қўнғироқ садолари остида катта ҳаётга йўлланма олгандик. Ушбу ҳаваскор ёзувлар ва шеър (шеър деб аташ мумкин бўлса) шу кунги катта тадбирда битирувчилар номидан сўзга чиққанимда айтилган. (Нокамтарликка йўйманг-у, “Мен сендан хафаман, сўнгги қўнғироқ”ни ўшанда кўплаб ёшлар ёд билар, мен билан қўшилиб айтишарди. Кейин ҳам “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларида шу шеър бот-бот янграйдиган, кўпчилик уни сўрайдиган бўлди.) Эртаси куни бу битиклар туман газетаси “Чуст ҳақиқати”да чиқди. Ҳозир кайфият билан ўқиб ўтириб, яна ўша лаҳзаларга қайтгандай бўлдим. Тўғри, бугун бу каби тадбирларга деярли бефарқман. Бундан ташқари, “Сўнгги қўнғироқ” баъзан ортиқча дабдабаю машмашага айланиб кетаётгани дилни хира қилади…
Шундай бўлса-да, негадир, айни дам бошқа ишларни йиғиштириб, эски битикларни тармоққа жойлагим келди. “Пишмаган” ўринлари кўп экан, лекин ўша пайтлардан ажойиб хотира бўлгани учун тегинмадим – шундоғича бериш маъқул кўринди.
Буларни эълон қилишимга сабаб кун сайин турмуш ташвишларига кўмилиб кетаётган соҳиби кўнгилларни хаёлан бўлса-да болаликка туташ ўша дилбар лаҳзаларга етаклаш, ширин хотираларни ёдга солиш, шу билан бирга, таълим олган даргоҳим, азиз устозларим, қадрли синфдошларимга доимий меҳримни яна бир бор изҳор этиш эди…

Таълим муассасаларида сўнгги қўнғироқ чалинди. Ҳаяжонли лаҳзалар унга қўшиб менинг юрагимни “чалди”. Қисқа вақт ичида мен узоқ-узоқларга, энг бокира лаҳзаларим – болалигимга хаёлан сайр этдим. Эсимда, илк бора минг бир ҳаяжон, минг бир қувонч билан сенинг қучоғингга кириб келгандим, мактаб. Ўшанда меҳр билан бағрингга олгандинг. Кенг бағрингда яйраб билим олдим. Сўнг қалдирғоч мисол қучоғингдан учиб кетдим. Мана, қайноқ меҳрингга ҳеч тўймаган, бағрингда яйраб юрган, ўқиган кичкинагина бола энди улғайиб қолди. Лекин у ҳамон сени соғинади, иссиқ бағрингга ошиқади.
Юзимни фироқнинг ёшлари ўпар,
Соғинч юрагимга босаверар лаб.
Айрилиқ бардошнинг кўксига тепар…
Хайр, мактаб.
Бағри кенг мактабимнинг бағри кенг ўқитувчилари, менинг қадрли устозим! Илк марта мактабга қадам қўйган пайтимдаёқ мени ўз фарзандингиздай кўриб, қалбимни меҳр нурлари ила чароғон этдингиз. Энди ўша қўлидан китоб қўймадиган болача улғайиб, олам-олам орзулар билан катта ҳаётга қадам қўймоқда. Умрнинг турфа сўқмоқларида унга берган сабоғингиз, панд-насиҳатларингиз, албатта, кўмак беради.
Ойлар ўтиб кетди, ўтди йиллар ҳам,
Бўйим ўсиб қолди, улғайдим бир оз.
Айтган сўзларингиз ёдимда ҳар дам,
Хайр, Устоз.
Қадрли синфдошларим! Сиз билан ўтган ҳар он ғанимат эканлигини, гап-сўзларингиз бир куни муштоқ этишини мана энди ҳис қилиб турибман. Қаранг-а, кап-катта бўлиб қолибмиз-у, лекин ҳамон болалардай шўх ва қувноқ, соддамиз. Фақат катта ҳаётда ҳам шундай қувноқ ва шод ҳолда тўсиқларни енга олсак бўлгани. Бу кун сўнгги қўнғироқ сизнинг кўнглингизда ҳам айрилиқ азобини пайдо қилган. Биламан, бир-биримиздан ажралиш жуда оғир. Лекин бизни ҳаёт, Ватан кутмоқда!
Неча дамлар ўтди сиз билан бирга,
Неча дамлар бўлдим сиз билан йўлдош.
Дил тўла ҳамиша соғинчли нурга,
Хайр, синфдош.
Жамалаксоч синфдош қиз, эсингдами, бирга ўтирардик. Менга нисбатан сенда, сенга нисбатан менда илиқ ҳислар бор эди. Ҳали болаликнинг беғубор онларида бўлсак-да, ҳали севги деган туйғуни яхши англаб етмасак-да, бир-биримизни севишганлардай ардоқлар эдик. У кунлар ортда қолди. Мен билан бирга сен ҳам катта ҳаётга қадам қўйяпсан. Ўз бахтингни топишингга ишонаман.
Ажиб туйғулардан энтикар юрак,
Ширин хотиралар туролмайди жим.
Сен ҳали бахтингни топасан, бешак,
Хайр, севгим.
Менинг қадрли лицейим! Мактаб бағридан қалдирғочдай учиб сенинг қучоғингга келдим. Сен билан боғлиқ қанча гўзал хотиралар бор! Меҳринг мактабимникидай қайноқ. Сени мактабимдай яхши кўраман ва қадрлайман.
Хайр бу алвидо дегани эмас,
Яхшиси, албатта кўришгунча, дей.
Ҳали кўп қайтаман бағрингга,
Бирпас
Хайр, лицей.
Рост, хайр бу алвидо дегани эмас. Ҳали қадрдон билим даргоҳи бағрига, устозу синфдошлар ёнига қайтаверамиз. Шундай экан, кўришгунча, мактаб! Кўришгунча, Устоз, кўришгунча, синфдош! Кўришгунча, севгим!

Фироқ иси келар кўз ёшларимдан,
Яна вужудимни босмоқда титроқ.
Ажралгим келмайди синфдошларимдан,
Мен сендан хафаман, сўнгги қўнғироқ.

Дўстлар дийдорига тўёлганим йўқ,
Бахт ҳиссин яхшироқ туёлганим йўқ,
Кимгадир севаман деёлганим йўқ,
Мен сендан хафаман, сўнгги қўнғироқ.

Устозлар бағридан кетгим келмайди,
Айрилиқ қўшиғин айтгим келмайди,
Соғинч дунёсига қайтгим келмайди,
Мен сендан хафаман, сўнгги қўнғироқ.

Жонимни танимдан узиб олгудай,
Ана, чалинишга турибсан-ку шай,
Қара, йиғлаяпман бугун уялмай,
Мен сендан хафаман, сўнгги қўнғироқ.

Бир оз чалинмай тур, сенга гапим бор,
Ҳар қадмда бизни этиб тур ҳушёр,
Ҳаёт йўлларида бўлсанг бизга ёр,
Мен сендан розиман, сўнгги қўнғироқ!

Беҳзод

2001 йил, май

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 895

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *