Аҳмад Аъзам. Мени истаган шеърият

Таассурот
Фахриёр, Абдували Қутбиддин, Баҳром Рўзимуҳаммадни кейинги пайтлари кўп ўқийман, уларнинг нима демоқчи эканини тўлиғича тушунаман десам, уйдирма бўлар, лекин таъсирланаман, мутолаада хаёлим очилиб, бошқа, нотаниш томонларга, қандайдир ишора маконларга кетиб қолади, кўнглим бошқа бир дунёга сайрга чиққандек, бошқа бир ўлчамдаги мамлакатда юргандек, бир оз таажжубда қарайман: нималар экан бу деб. Шу таъсир, фикримни меҳваридан чиқариб, тасаввуримни ўзга хиёбонларда ва ўзга биёбонларда ҳам сайр қилишга етаклаган таъсир шеърнинг янгилиги қувватидан бўлса керак. Ташбеҳма-ташбеҳ англамаган ҳолимда ҳам мубҳамликни ўзимга яқин олиб, очиб қарашга интиламан, тўғрироғи, шеърнинг ўзи шунга даъват қилади, фақат чорламайди, сўз кучи билан ўша жозиб сирларга тортаверади.
Абдувалининг ўзимга энг тушунарли, ҳамма сўзи ойдиндек тўрт сатрида тин олиб кўраман:
Қафасдаги бедана…
Чумчуқлар шохлардан шохларга ўтарлар…
Олмани тешиб чиқар қурт…
(осмон кенг.)
“Осмон кенг” қўштирноққа олиниб, яна нуқта ҳам қўйилган – осмонни тўсишми, у туйнукдан кўриняптими ё кенгликнинг кичик бир бўлаги – боғ устидаги парчасига ишорами? Ўйлайман, бир тўхтамга кела олмайман. Бедана қафасда, ҳа, бу шарқ, шарқ беданасиз бўлмайди; бедана фақат шарқда қафасда асралади, чумчуқлар шохдан шохга сакрайди, қурт эса олмани тешиб чиқяпти – бу кенг осмон остида кўп нарсалар бўляпти, унинг бағрига ҳамма нарса – ҳаётнинг ҳаракат сувратлари сиғади. Мен бу тўртликни ўзимча шундай англай бошлайман. Бу англашим тўлиқ эмаслигини, шеърда бошқа ишоралар борлигини ҳам туйиб тураман. Менга бу манзарани қандай уққаним муҳим – таъсирда шундай фикрлаяпман, шеър ўйлашга, хаёлимни таниш чегаралардан у ёғида изланишга, кўрмаганимни кўришга мажбур қиляпти, балки шоир мутлақо бошқа нарсани назарда тутгандир, лекин ўқиганда менинг нимани ўйлаганим муҳим, шоир ёзган сатрлар бошқа, менинг англаганим бошқа шеър, ўқиганим шеър энди меники, шубҳаларни йиғиштириб қўяман, туймаганимни мезон қилиб олмайман:
Қафасдаги юрак…
Симобдай югурик лаҳзалар…
Очлар тўқлар тўлдирган маъво…
(Олам кенг.)
Энди ҳар бир сатрни кўз ўнгимга келтириб, ўзимдаги манзарага айлантираман, қафасдаги юракни кўраман, йўқ, нимага у қафасда деб, уни халос қилишга чоғланмайман, уни бор, борлиқ сифатида тушуниб, хулосани ичимда қиламан; умр ўтяпти, ўтаётган лаҳзаларни тўхтатиб бўлмайди, лекин бу очлар ва тўқлар тўлдирган маъвода, бари бир, қафасда юрак, боя юрак қафасда эди, яна олам кенг. Юрагим қафасдан чиққандек бўлади. Балки шоир кўнглимга тескари фикр айтаётгандир, лекин шеър кираётган бу кўнгил меники — мен ўз шеъримни ўқияпман, уни қаёққа буриб фикрлаш ҳам измимда. Шоир фикримга зуғум ўтказа олмайди, ўтказишга ҳаракат қилгани ҳам йўқ, у даричалар очиб, бу даричалардан қаёқларга қараш ихтиёрини ўзимга беряпти.
Туркумдаги шу шеърнинг охирги тўрт сатрида шоирнинг фикрига яқин келгандек бўламан:
Қафасдаги умид…
Қопқонни ғажиётган бўри…
Туёғидан қон ва нур оқизган кийик…
(Алам кенг.)
Дунё қанчалар кенг бўлса, аламнинг кўлами ҳам шунчалар; кушанда бўри ҳам қопқонда, ўзини қурбон қилиш эвазига нажотга интиляпти, сайд кийик ҳам ўлим билан осмон оралиғида. Бандларнинг кўштирноққа олинмаган барча сатрлари уч нуқта – давомийликка ишора билан тугаган, тўртинчи сатрлар чекланган ташбеҳлар, ўйлаб олишга нафас ростлаш учун. Ана шу тўхтамдан кейин туркумдаги дунё кенглиги ва бу кенглик тагида нималар кечаётгани кўнглингизда англашингизга қараб акс-садо бўлади.
Шоир умуман ҳеч бир нарсани уқдирмоқчи эмасдек, у фикрга чизгилар ташлаяпти, холос, мени таъсирлантириш учун. Чизги шеър тамсиллари фаол тасаввурлар уйғотади. Мен ўзимга тўғри тушуняпман, бу сатрлардан келиб чиқадиган шеърни ўқиганда мен уни ёзяпман.
Баҳромнинг дуч келган шеърини ўқийман:
Қурбақа келин ҳовузнинг тинч жойига
Икки-учта қизил япроқ тўшаб қўяди
Сув остидаги ялтироқ тошнинг
Нури билан тозалайди япроқларини
Бедана сайроғини супурги қилиб
Супуриб чиқади сув бетини
Тиниш белгилари йўқ, шеър тўхтамсиз давомий, ўқиб ўйлайман, ўйимни тушуниб олай деб, ўзим тўхтам қиляпман. Бу таниш, жўн манзара замирида нималар бор? Қурбақанинг ҳовузнинг тинч жойига қизил япроқ тўшаши… ҳовузнинг тинч жойи, қизил япроқ, тағин бу япроқларни сув остидаги ялтироқ тош нури билан тозалайди, бу ҳовузда акс этган қуёшдир, балки… Бедана сайроғини супурги қилиб – бу ҳам манзара-ташбеҳ, ҳам манзара – тимсол. Балки билмаётгандирман, лекин билмаган ҳолимда нимага тасаввуримни жонлантириб юборяпти, қандайдир яқин, тўғрироғи, танишга ўхшаган оҳанрабо бўёқлар билан сирланган туйғуларга жалб қиляпти?
Табиат бағрига чиққанда кўзингиз қувнаса, кўрган манзарангизни тушунишга уринмайсиз-ку. Тушундим деганингиз ҳам табиатга мезон эмас, уни ўзгартирмайди. Сиз учун муҳими ва кераги унинг таъсири: енгил шабада, ёқимли ифорлар, қушлар сайроғи, мовий осмон, у ҳатто мовий бўлмаслиги ҳам мумкин, булутли бўлса ҳам, ундан завқ топа оласиз, ундан фикр ахтармайсиз, фикр ўзингизда уйғонади. Табиат сизни уйғотади, шеър ҳам шундай. Модерн, шу атамага ўзим унча қўшилолмайман, майли, урф атама бўлди, шеърни тушунишга уринсангиз, аниқ-таниқ кўникма тушунчалар бермайди, уни ўқиб, хаёлингизни ўзига қўйиб беринг, дунёсини ўзи яратади – сизга керакли, сиз англайдиган дунёни.
РЕКЛАМА
олмага асалари қўнмоқда
Дарахт танасига тушган қурт гапиради
Энди асалариларнинг замони
Асаларилар жамиятга зиён етказмайдилар
Асалари қўнадиган олмаларни харид қилинг
Яна тиниш белгилари йўқ, мен ўйлашда давом қиламан, нималарнидир излаяпман, кўрмаган нарсаларимни пайпаслаб, кўз олдимга келтиряпман, нималигини билмаганим туйғулар қаёққадир ўтиб келяпти.
Баҳром биз қарамаган чумолини хаёлан қўлига олиб, турли томонидан қараб кўради, яна хаёлан: мабодо одам эмасми бу, шер бўлса-чи, бирдан юрагимга чангал урсами, унинг ҳайқириғидан еру кўк ларзага тушар эдими, мен бу чумоли муҳаббатига арзийманми… Шу тариқа уни ҳар кўйга солиб, ўйлаб қарайди, яъни бизни ўйлатади, чумолига ҳар тарафдан баҳо беришга, уни турли ўлчамларда кўришга ундайди, бир мўъжаз жонзот мисолида қандай яшаётганимизни идрок қилишга чорлайди, содда бир билгилар билан, ўзи ҳам ажабланган бўлиб бизни ажаблантиради….
Мисол келтираётганим шоирлар кейинги йигирма йилликда шаклланган катта бир шеърият оқимининг етакчи вакиллари, бу янги оқимда номи унда-бунда тилга олиниб, матбуот ва китоб савдоси сабаб, кенг китобхонлар оммасининг ўз шоирига айланиши қийин кечаётган Азиз Саид, Хайрулла Файз, Шамшод Абдуллаев (миллий мотивларда русча ёзади), Гўзал Бегим, Рауф Субҳон, Бектемир Пирнафасов, Ойдиннисо каби олди элликка борган, кейингилари ўттизни урган яна бир қатор ижодкорларимиз бор, янада ёшлари етишиб келяпти – улар, шубҳасиз, дунёга янгича қараш, рамз, тимсол, тамсиллар орқали унинг кўринмаган манзараларини кўрсатиш, бадиий тафаккурнинг хос ўзанларини очиш билан умуман адабиётимиз келажагининг ўзгачалик пойдеворини тиклаган сўз шайдолари…
Мен бу шеъриятни чанқаб ўқийман. У фикримнинг қуриб қотган, қақроқ заминига томчилайди, сингиши қийин; намлик бериши, гул ундириши мумкин бўлган томчилар, қатъий, ўжар уйғониш азобидан роҳат берадиган ундовлар.
Менга у янги, ўқиб қийналаман, нималарнидир кўраётгандек, нималарнидир яхши пайпаслаётгандек бўламан, гўзал бир тусмоллар ичида қоламан, аниқ кўра олмасам-да, гўзаллиги дилимга инади.
Бу янги авлод, бу янги фикр – менга тусмоллиги ҳам бор гап, чунки мен эски ўлчамлар билан чамалаб кўряпман, менинг қаричим бу манзарани ўлчашга мос эмас. Айни пайтда кўнглим талабида ўзим кўниккан манзарани сўраш ҳам бор.
Тобора ҳуснига ҳусн қўшилиб
Тобора очилиб бормоқда бу гул –
Биллур гулдондаги гул
(Болтабой Бекматов)
Мушоҳада чегараларини ўзгартириш, бузиш. Бу тафаккур шу пайтгача урфда бўлиб келаётган шакллардан чиққан, айни чоқда унга сиғмайди. Йўқ, бу ёшларда анъанани инкор қилиш, ўз янгилигини мажбурлаб тиқиштиришга уриниш эмас, уларга келган янги фикр олдинги ўзанлардан тошиб, қирғоқларини кенгайтиряпти ва… янги воҳалар яратмоқчи.
Эрк эса қафасга кўникмас, ғолиб –
Бир қушки, бошингга қўнолмай ҳалак
(Болтабой Бекматов)
Бу тахлит шеъриятда шу эрк тажассум, сўзнинг озод масъуллиги мавжуд: ҳар бир ташбеҳ, ҳар бир ислоҳ, ҳар бир ифода тўхтаб, ўз устида ўйлаб олишга ундайди. Бу эса, табиийки, янги шеърхонни тарбиялаб етиштиришга олиб келади.
Мазкур шеърият авлодининг катта фазилати — жуда кўп мутолаа қилади, дунё адабиётининг бугуни билан бирга ўз адабиётимизнинг кечасини ўқиб-ўрганиб, ўз тажрибасидан ўтказади. Улар айни тажрибадан ўтказиб ёзган шеър, унутмайлик, она тилимизда воқе бўлади, тўғрироғи, бу воқеликнинг давоми. Тил руҳида кеча, бугун эртанинг боғланишлари – бу тўхтамайдиган оқим, узлуксиз, узилишсиз жараён, шеър ўқиётган одамнинг таассуротида шу азалий ҳаракатнинг ёришиб кўриниши.
Мен эски, консерватив шеърхон ҳолимда янги шеърни берилиб ўқийман ва ўзимдан шубҳага бораман: менга яхши таъсир қиляптими, демак, бугуннинг шеърини ўқийман, янгиланаётган ўқувчиман.
Эскидан келаётган ўқувчи.
Беҳад севадиган шеърим.
Кўзинг не бало, қаро бўлубтур,
Ким жонға қаро бало бўлубтур….
“Ашрақат мин акси шамсил каъси анворул Худо, Ёр аксин майда кўр деб жомдин чиқди садо” каби ҳар жиҳатдан муаззам маъно ва оҳанг тажассуми бўлмиш минглаб сатрларини яратган буюк шоир шу юксак мартабаси билан ёш бир йигитнинг байтини сўраб олиб, унга татаббу боғлаган. Нималар сеҳри бор бу бир байтнинг? Хўп, тарди акс санъати қўлланган, буни ўқиганмиз, тушунамиз, лекин тушунчамиздан жуда кенг маъвога тортиб кетади, бу нимадан? Тил – Сўз санъати, ғазал санъати келади бизгача тарихларни оралаб.
“Ашрақат…” араб лаҳжасини билмаган одамни ҳам уйғотиб, унинг руҳини юксакларга кўтариб кетади. Саҳарлари падарим айтган азон билан уйғонганман, боламан, азон маъносини сўзма-сўз билмайман, мазмуни кўтаринки, баланд руҳ бўлиб кирган вужудимга: тур, тур, қара, дунё уйғонди, дунёга кўзингни оч, баландлаб қара, деяётгандек бўлган. Эрталабки қишлоқ ғовури, учи кўкка санчилиб, шавабада эгилган тол билапн шивирлаб солланаётган тераклар, кўк чодир пиниб олган тутларнинг вазмин барг силаишлари азон руҳи билан тафаккурнинг улуғвор сувратини чизади, туйғуларнинг муаззам ҳаракати юзага чиқди. Навоий ижоди шунинг учун ҳам кўнгилларни яратувчи, туйғулар оламини яратувчи ҳилқат.
Кўзинг не бало қаро бўлубтур,
Ким жонға қаро бало бўлубтур –
шу хилқатга мос тушган, унинг кенгликларини мўъжаз ифодалаб, катта куйнинг илк пардасидек, ваъда билан жаранглайди, байт замиридан бошқа маъно излаш шарт эмас, у ойдин, кўнгилда гул ундирадиган ҳароратли равшан, лекин оҳанги бобомизни бошқа маъноларга, янада улуғвор куйлар оғушига тортиб кетган.
Бир жуда катта кўнгил куйининг бошланғичи, куйни тинглайсиз, куйни тинглаб, ўз ўйларингиз томон қанот чиқарасиз, куйнинг ўзини эса сўз билан изоҳлашга ҳожат йўқ.
Мен туйғулари эски, фикрлаши кўникма толиб Навоий ғазалларини қон-қонимга сингиб келаётган руҳ билан ўқийман.
Мен кўниккан шеърият кўнгил расмини илож қадар тўлиқ қаламга олади, модерн эса кўнгил манзарасини фақат чизгилаб ўтади, шартларга имолайди, туйғуларга ишоралайди, улардан ўзингиз маъно яратасиз. Ҳа, яратасиз. Фаол ижодкорга айланасиз. Бу эскига қарши янгилик эмас, ўша эскининг замирида ётган, энди очилаётган, сиз очаётган анъана. Бу анъанага шоир атайлаб амал қилолмайди ёки янгича тафаккур даъвоси уни инкор ҳам эта олмайди. Анъана, анъаналар дейлик, бу – шеър тарбияси билан кирган тил оҳанглари, ўзбек тилида шеър ёзган одам қувватни шу тилда яратилган жами шеъриятдан олади. Гап у ёки бу устозимизга эргашишда, аниқ бир давр ёки йўналишдан қувватланишдагина эмас, тафаккуримиздаги шеъриятнинг жамулжам таъсиротида.
Менга шунинг учун боғланмайдиган боғланишлар боғланадигандек туюлаверади. Навоийга ошуфта кўнглимда Ҳамид Олимжоннинг:
Деразамнинг олдида бир туп
Ўрик оппоқ бўлиб гуллади…
сатрларини улуғ аждодимиз ғазалига боғлаб, ўзим учун яқинлик топаман. Бу сатрларда ҳам деразадан қараган бир туп оппоқ гуллаган ўрикдан бошқа баҳорнинг яна нимадир меҳрлари, ҳаётнинг нимадир азалий оҳанглари бордирки, болалигимдан бери менга ҳамроҳлик қилади.
Бугунги навқирон шеъриятда Навоий, Ҳамид Олимжонларга бориб туташадиган шундай бир муаззам куйни кўраман, тўғрироғи, шу куйнинг ичига ўзим ҳам кириб қолгандек бўлиб юраман. Шу куйнинг ичида, масалан, Фахриёрнинг ундан узилмаган ҳолда алоҳида жаранглаб турган оҳангларини эшитаман. Чунки буларнинг ҳаммаси менинг шеърга толиб кўнглимда бўлади.
Фахриёрга алоҳида тўхталиш керак – янгича изланишлар теран англанган, аён бир тамойил сифатида айни бугунги изланишлар манзарасини намоён қилгани ҳолда шеър маданиятини пухта ўзлаштирган ва бунда камтар…
Фахриёр анъанавий шеър шаклу равишларини яхши ўзлаштирган, руҳиятига, сайқалига етган миллий оҳангларни чуқур ҳис қилган ҳолда айрича тафаккур ифодалари, аниқ-таниқ ташбеҳлардан мажоз яратади. Шу маънода у ўз йўли, ўз фикрлаш тарзини ойдин яратган шоир; бу ойдинликда узоқлар кўринади, тикилиб қараганда янги фикр манзаралари бўй кўрсатади. Яна ўзим ишлатган мисолларга қайтсам, масалан, “Юрак эркка ихтисослашган” сатри “Умуман рўй бермас воқеа, Рўй бергучи менман умуман, Мени излаб юрар моҳият” Фахриёрнинг поэтик дастурига изоҳдек туюлади. Биринчи сатрда ҳижо ҳаракати, худди от жиловини тортиб, тартибли югуришга ҳимо бергандек, мажбуран чекланади: “юрак эркка” – оҳанг синади; “ихтисослашган” эса одамни сергак торттиради: юракнинг уришида эркка интилиш мажбурияти бир қисмат. Бу сатр ҳис-ҳаяжонга берилмай, совуққон ўйлашга ундайди. Яна модерн шеъриятдаги мажоз унсурлари мисолига қайтсак, кейинги уч сатр бунга яхши семиотик шарҳ. Воқеа рўй бермаяпти, лекин бўляпти, ўқиган одам уни шеърдан, ташқаридан ахтариши керак эмас, ўзини изласин, унинг ўзи моҳият. Шеърдаги моҳият шуурда очилади, гуллайди, чаман бўлади. Туйғу оҳанглари ҳам ниҳоят фикр намлаган илгариги қуруқ ерда униб, ўсиб чиққан оғочларда, чалинаётган куйга уюшади. Бу маънода унинг “Геометрик баҳор”и шеъриятимизда тубдан янгилик бўлган чиндан-да шакл симфониясидир. Бу ҳам, энг аввало, шоирнинг ўзигача бўлган, ўзи тарбиясини кўрган шеър санъати анъаналарини пухта ўзлаштирган ҳолда шу муайян чегараларни ўзгартира олган жасоратидан.
Фахриёр ҳали кўп ўрганиладиган, атрофида баҳсу мунозаралар кўпайиб борадиган истеъдод, ўзлигини сақлагани ҳолда бугунги поэтик тафаккур изланишлари жуғрофиясини ҳам шаклий, ҳам мазмунан қамраб олган кўламли шоир.
Юксак шеърият хос ўқувчиларнинг мулкига айланиб боряпти, тўғри маънода бадиий тафаккур янги шеър кенгликларига чиқяпти, чиқди ҳам; “модерн шеърият” деб урғулаш ҳам бугунги бозор шароитида унинг алоҳидалигини кўрсатиш, унга кўпроқ эътибор қаратишга уриниш. Лекин бу модерн қаердандир келиб қолгани ёки кимлардир атайлаб олиб кираётгани йўқ. У ўз анъаналаримиз, мавжуд тажрибаларимиздан келиб чиқяпти ва шеърхоннинг муайян қатламларидан олдинга кетяпти, бинобарин, айни бадиий тафаккурнинг ривожланиш қонуниятларидан келиб чиқади.
Албатта, дунё таъсирлари кириб келиб, фикрлаш тарзимизни ўй ўлчам-андазаларимизни ўзгартиряпти; ёшларимизнинг поэтик тафаккури шу ўзгаришлар босими остида ингроқ билан, қийналиб ўзига янги йўл очяпти. Янгиланиш муайян ўлчамларга сиғмайди, ўз ўлчовларини яратади, лекин моҳиятан бу ўша адабиёт, бизни тарбиялаб ўзига кўниктирган ўша эскиликнинг тубдан давоми, биз ҳам – ўша ўзимиз, бинобарин, адабиётнинг янгиланиши руҳиятимиздаги ўзгаришларнинг инъикоси, шунинг талабидан келиб чиқяпти. Дунё адабиёти ижодий жараёни тажрибаси анъанадан қочиш ёки уни инкор қилишни эмас, балки янгилик яратишда унга таянишни ўргатади. Ҳатто анъаналар инкор қилинганда ҳам, бу амбиция ёки янги усул ёхуд услуб тарғиботи, муайян хартия даражасида қолади. Чунки бадиий ижод бадиий мушоҳада ифодаси – тил билан, анъана шу тилнинг янгиланишига сингиб кетган, энг илғор новаторлик ҳам шу тилда майдонга тушади, модерн талабида уни шеърий нутқ таркибидан чиқариб ташлаб бўлмайди.
Адабий жараёнда олдинги катта тўлқин етмишинчи йиллар ўрталарида пўртаналар ҳосил қилган эди. Буюк шоиримиз Рауф Парфи нафақат қадимдан келаётган шакл ва моҳият чегарасида ўзгаришлар қилиб, бадиий тафаккурга изтиробли исённинг эркинлигини олиб кириб, унга гўзал янгича шеър намуналари даражаси мартабасини берди. У гўзал шаклларини жаҳоний изтиробларга бошпана қилибгина қолмай, балки ўзидан кейин келаётган авлоднинг имконият чегараларини очиб берди; айтиш мумкинки, у шеъриятимизда бир неча авлод тарбиясини ўз зиммасига олди. Шу кўтарилиш Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон, Муҳаммад Раҳмон, Усмон Азим, Азим Суюн, Усмон Қўчқор каби етакчи шоирларимиз ижодидагина эмас, ўша давр мисолида оладиган бўлсак, пойтахтдан тортиб вилоятларгача тўлқин-тўлқин таралиб, адабий жараённинг мунтазам оқим равишида ҳаракатланишини кўрсатди. Бугун янги ўзанлар очаётган оқимнинг ҳаракати ўша етмишинчи йиллар ўрталарида кўтарилган пўртана билан тубдан боғлиқ ва бу боғланиш она тилимизнинг яратувчилик руҳияти билан бориб Навоий бобомиз ва унгача бўлган шеър лаҳжалари ривожига бориб тақалади.
Шунинг учун ҳам бугун модерн шеърият дейилганда, қандайдир ёт ёки чекка таъсирлар, фикрий бегоналик эмас, биз кўниккан шеъриятимизнинг ҳали кўникмаганимиз жараёни, қонуний ҳосиласи деб тушунаман. Бу ҳосила ўзига йўл очяпти, холос ва буни, ҳар бир хайрли янгиликни кутиб олгандек, қутлаш керак. Фахриёр, Абдували Қутбиддин, Баҳром Рўзимуҳаммад, Азиз Саид, Хайрулло Файз… мен тенгиларга ёшроқ туюладиган бу шоирлар аллақачон ўз сўзи, ўз қарашлари билан нафақат танилган, балки ўзбек поэтик тафаккурига катта таъсир ўтказиб келаётган катта истеъдодлар. Буларга фикрловчи янги авлодлар эргашади. Ҳозир китоб савдосининг патарот топгани, оммавий матбуот нашрларининг адади тушиб кетгани оқибатида бундай шоирларимиз тарғиботи йўқ даражада бўлса-да, адабий жараённинг туб оқимларида улар асосий ўзанда, уларнинг кам босилаётгани ё улар ҳақида жуда кам гапирилаётгани шеърият хазинасига қўшган гавҳарлари қадрини пасайтирмайди. Маълумлик бугун йўқ, эртага бор, индин яна қайтади. Табиий, энди манзумалар эллик-юз минглаб нусхада босилмайди, босилгани билан бунча тарқалмайди, энди китоб билан бирга унинг ўқувчиси ҳам сараланади, табақаланади, ким яллаю мадҳу саноларни ўқишга мойил бўлса, ким ҳаралаю таралла билан яшайди, юксак шеъриятни авом ўқимайди, бунинг учун уни авом дидига мослаштириш керак. Юксак шеъриятни, — оддий аксиома, — юксак, яъни диди, фикри юксак одам ўқийди, бунақалар эса, турган гап, ўзи кам бўлади. Изимиздан келаётган авлод яратган шеърият шундай юксакликда, уни ўқиш, уқиш учун китобхон унга қараб баландлаб бормоғи, куй-мулоҳазаларнинг азалий қоидаларини пухта эгаллаб, Сўз маданияти, сўз Санъати, руҳ бадиияти талаби билан ўз ишига ёндашмоғи лозим; ҳар сатрнинг юрак тепишидек тирик оҳанглари бўлсин, шеър толибини ўзига тортиб турадиган. Ана шунда менинг ҳам модерн таассуротларимда суврат ўз сирларини тўлиғича юз очар эдими – мени истаб, ўзига чорлаб турибдими, бекорга чақираётгани йўқдир ахир.
Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin
 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *