Муҳаммад Сиддиқ Раҳмат. Шеърлар & Баҳодир Карим. 48 бетдаги 48 шеър ҳақида

Муҳаммад Сиддиқ Раҳмат шеърларини мириқиб ўқиб чиқдим. Самимий сатрларда тиниқ туйғулар ярқираб турибди. Аксарият шеърларида кўпчилигимиз ўз қобиғимизга ўралашиб унутиб қўйганимиз – Ҳаёт бор, Тирикликнинг тоза нафаси бор!

Очиғи, шундай мароқли мутолаани соғингандим. Янгилангандай бўлдим. Ҳаётнинг нақ ўзидан олинган ажойиб топилма ва оҳорли ташбеҳлардан завқ туйдим. Баъзи ўринларда “Эҳ, мана бу сатрни яна бир ишласа, ярақлаб кетар экан! Мана бу шеърда якун пароканда…” қабилидаги хаёлларга ҳам бордим…

Муҳаммад Сиддиқ анчадан бери ижодий давраларда кўринмади (ё ўзини олиб қочди, эҳтимол, тўғри қилди). Ёзмай қўйди шекилли, деб ўйладик. Йўқ, жи-и-м ёзиб юрган экан. Ўзи суйган ва китобига ном берган “пастлаб учган турналар” каби туйғулар қанотида сурурланиб парвоз этаётган экан. Шоир кўнгил шеърсиз яшай олармиди!

Ёзганларида ижодий тажриба андак етишмаётгани, адабий ҳаётдан бир қадар “узилиб” қолгани ҳам сезилди. Фикрни чархловчи, сатрларни санъаткорона сайқаллашга ундовчи ижодий муҳит ҳам зарур экан-да!

Албатта, бу гапларни Муҳаммад аканинг ўзига ҳам айтдим. Қолган гапларни эса унинг шеърлари сўзлагани маъқул.

Ижодингизга барака. Шоир кўнглингиз омон бўлсин!

Сайт муаллифи


Ишқ, айт,
ойни не кўйга солдинг?
Юм-юм йиғлайди у дарахт шохида.


Бойчечакка боғлаб
умр йўлларин,
Чўғлар излаб титдинг
юрак кулларин.
Баҳор, айтгил яна учрашамизми?
Яна кўраманми ўрик гулларин?


Юпқа эди қўллари шунча,
қўли билан тўсса ҳам кўзин,
кўрар эди қуёшни, ойни.


Умр беш кун,
беш маҳал,
Тонгга азон айт, тилим.
Пешин, аср, шом туриб,
Нега хуфтонсан, дилим?


Эсимни танибман, кўкка ошиқман,
Пойимга осилиб йиғлар қаро ер.
Дод дегим келар гоҳ кўксимга уриб,
Ичимда ўкирар занжирбанд бир шер.

Эсимни танибман, отамда кетмон,
Айтолмадим: “Ота, уни менга бер!”
Мен – сўзнинг қулиман, мен – сўз жинниси,
Тушларимда инграр ёзилмаган шеър.

Эсимни танибман, хаёл овутар,
Биламан, мен ҳақда улар нима дер.
Орзу – оёғимда йиртилган ковуш,
Еса, юрагимни армонларим ер.

Эсимни танибман, кўкка ошиқман…

Уйқудан олдинги тилак

Илинжим – Ҳабибим кирса тушимга,
Сўнгра келмасам ҳам майли ҳушимга.

Кўп қаватли уй

Тепада тонггача йўталар бир чол,
Пастда тонггача чириллар гўдак,
Ўртада тонггача мен ҳайрону лол.


Турна қайтар
ҳапқиради юрагим.
Қачон қайтар
ипин узган варрагим?


Ўттизгача ўсди
қадду бўйларим,
Ўттиздан сўнг
ўсди ғаму ўйларим.


Кўк тоқида янги сирға
Ражаб эрмиш,
Ҳақ ризосин топмоқ
имкон, ўйи келди.
Яқинлашар нури раҳмат
ва мағфират,
Димоғимга
Рамазоннинг бўйи келди.


Ойни севаман, деб чўзаман қўлим,
Миллион юлдуз муштини тугар.
Яхшиям, осмонга тушмайди йўлим.


Соғинган одам-чун
энг гўзал қўшиқ –
ғийтиллаган эшик ноласи…


Ёмғирдан қўрқмайман,
ёмғир – кўз ёшим.
Қуёшдан қўрқмайман,
кўнглимга яқин.
Қўрқмайман гумбурлаб
кетганда осмон,
Дилим ёришади
чаққанда чақин.

Ҳисларим гулбаргин
учириб ўйнар,
Қўрқаман бехосдан
эсганда шамол,
Яна, остин-устун
қилган дунёйим,
Энг ёмон қўрққаним –
ул пушти рўмол.
Ёмонам қўрққаним
ул пушти рўмол…

Кўклам

Яна битта шудгор кўпайди
Гул унмаган шўр пешонамда.

Ёмғир

Кўлмаклар –
камбағалнинг
кўзгулари.


Қандай яхши эди эски уйимиз,
Ёмғир меҳмон бўлиб
шифтдан тушарди.


Тунукали том тушига
қизғалдоқлар кирармиш.


Бир теракка тортилди арра,
У жим эди, тортмасди наъра.

Қўшнилари буни пайқашди,
Афсус билан бошин чайқашди.

Гурс этдию терак қулади,
Фиғон билан шамол увлади.

Жанозага жам барча оғоч,
Имом бўлди кекса қайрағоч.

Оҳ тортиб, дил ёролмадилар,
Мозоргача боролмадилар…

Йўқ, беҳуда бўлмади нобуд,
Ундан чиқди кимгадир тобут.

Сажда

Ернинг қулоғига айтдим
Сени яхши кўришим.

Ҳажарул асвад қошида

Унга йўлиққанда
кўзим ёш эди,
Гуноҳим бўйнимда,
айбим фош эди.
Уялдим Каъбага тик
боқмоқликка
найлай, ичим тўла
қора тош эди.


Гулим, кўзингдаги
увол қийнайди,
Қизғонганинг – кулгинг,
малол қийнайди.
Гўшакни кўтарсам
саломдан аввал,
“Қаердасиз…”, дейсан,
савол қийнайди.


Уялиб, уялиб
уй олди улар,
Ҳовлиқиб, ҳовлиқиб
ҳовли
қилдилар.
Мен на-да уялдим
ва на ҳовлиқдим.


Хоналарга
сиғмай қолдим,
ҳовлидаман,
Ёғолмайин турган ёмғир
ҳолидаман.
Чақмоқ чақар, тутаяпман
ўт олмайман,
Ўз хаддимдан ўзим ҳатлаб
ўтолмайман.
Булутларни сурув каби йиғар
шамол,
Ёришмайди ёқиб кўргин дилга
шам, ол.
Ана, ёмғир, энди кўнглим
ёзоламан,
Хайриятей, энди недир
ёзоламан.


Шинам кафе, кўҳлик хизматчи,
Таомнома, таом сайлайман.
Бўлинади туйқус хаёлим,
Саодат асрини ўйлайман.

Аҳли суффа, оч-наҳор бари,
Назари тўқ, хўп бахтли уммат.
Тушлигини етимга бериб,
Қорнига тош боғлар Муҳаммад (с. а. в.) …

…Таом келар, лаззатли бирам,
Йўғу бордан бўлар суҳбатлар.
Тушлигидан бир бор кечмаган,
Оҳ, нафсимга минг бор лаънатлар.

Шинам кафе, кўхлик хизматчи,
Қўл кўксида, бирам бағрикенг.
Ҳисоб келар, дарров қарайман,
Онам олар нафақага тенг.

Шинам кафе, кўхлик хизматчи…


Кўп гумонлар,
кўп шубҳалардан
путур етар иймон
қасрига,
Қоқ иккига бўлинганди ой,
бир кун ўшаларнинг
касрига.
Ой-ку яна бирлашди зумда,
Расул ҳақ, деб далилин айтиб,
Лек гумонлар кўнгилни бўлса,
бут бўларми яна у қайтиб.


Бизким, ҳамон ўша
афтодаҳолмиз,
Ҳамон улус бўлиб
тугал, тўлмадик.
Ҳинддан ҳам йироққа
кетдик тирқираб,
Аммо ҳеч биримиз
Бобур бўлмадик.


Бойўғлига борсам, бермади,
Бойлигингдан бергин, бойчечак.

Талабалар шаҳарчасида

Бекатларда
турсам чорасиз,
чўнтагимнинг қайсидир
бурчакларидан
чиқиб келган
нажоткор тангалар,
сизни унутиб бўларканми?!

Бу йилги қиш

Аён бўлди
енгилгани бу аёзнинг
Тизза бўйи ёғсин, энди турмайди қор,
Жон бермоқда кўз олдимда хўп тўлғониб,
Кумуш қишни заҳарлади
Зайнаб баҳор.

Саҳарги орзу

Кафтдеккина ҳовлим бўлса,
Масжид бўлса қўшни девор.
Оқибатли бўлсам жуда,
Йўқлаб кирсам кунда беш бор.

Яна орзу… Орзулар кўп,
Ухлаб ётар, улар жимдир,
Мени Билол уйғотсайди,
“Сут келди-и-и…” деб айтмай кимдир.


Ўзимдан кетдимми
бўлиб кўп мағрур,
Гуручдан чиққан тош синдирди тишим.
Пойим жойнамозда, дейман-у, аммо
Дунёларда эди ишқим, эс-ҳушим.

Бир зот ўтган эди қадами ибрат,
Ўзи дунёларда, Ҳақдами ҳуши.
Мен каби У зотнинг ош егандамас,
Уҳудда синганди муборак тиши.

Буғро туя *

Буғро туя, буғро туя
Келдим, мана, мени суя.
Дунёни бир қучиб кўрдим,
Қўлим бўлди қоракуя.

Буғро туя, буғро туя,
Келдим, мана, куя-куя.
Дўсту ёрдан гапирмайман,
Кўкрагимда ари уя.

Буғро туя, буғро туя,
Ҳабибим, деб ёндим-ку-я,
Нафсим мени еб битирар,
Иймонимга тушди куя.

Буғро туя, буғро туя,
Елкангга орт бир ҳаҳ, дея.
Рози эдим сен-ла кетсам,
Кўзим юмсам бир ҳақ, дея.

Буғро туя, буғро туя…

* Пайғамбаримизни (с.а.в) ҳимоя қилган туя


Пастқам хужра,
митти телвизор,
Сал уринган, ойнаси хира.
Онамнинг бир овунчоғи шу,
Термулади кўз узмай сира.

Алмашади фасллар бунда,
Гоҳо ёмғир, гоҳ ёғади қор.
Ишга кетар, қайтар одамлар,
Кўрсатувлар ҳар куни такрор.

Бир кун пайдо бўламан мен ҳам,
соғинтириб дил эзиб ёмон.
Ишонмайин телвизорига,
шошиб чиқар онам мен томон.

Уч кун турсам, сиқилар юрак,
ва қайтаман топиб бахонам,
Уч кун ўша телвизорга дам,
уч кун йўлга қарамас онам…


Болалигим мозорда ўтди,
дадам гўрков, ўйнардим тупроқ.
Балки шундан одамовиман,
ёлғизликни севаман кўпроқ.

Нега уйғонмайди марҳумлар?
Қандай дердим уларнинг туши?
Кўзларимга ин қуриб олган
ўша пайтлар қайғунинг қуши.

Дадам баъзан мени йўлатмай,
кеч қайтарди этиклари гил.
Меҳмон борди, дерди онамга,
сиғмас эди кўнглига ҳеч қил.

Энди барин англадим, етдим,
қандай экан кўнгилчан отам.
Қабристонда янги меҳмон бор,
бизнинг уйда бўларкан мотам.

Шаҳар нима – тўполон бозор,
дилим эзар яхши-ёмони.
Қайтсам нима, омборда кутар,
занглаб ётган отам кетмони.

Болалигим мозорда ўтди,
дадам гўрков, ўйнардим тупроқ…


Бошларига қор
тушмаган бу тоғлар
сочларин бўяган
чолларга ўхшар.


Кунларимга юқди
кўзинг қароси.

Йўлда

Кафти билан кўз ёшин артиб,
йиғлаб-йиғлаб борар уловлар.


Кўз ёшларинг –
қора марварид.


Чин дунёда сўраб қолса Яратган:
“Сенми онангни кўп йўллар қаратган?!”
Бошқа саволларга қолурми ҳожат?


Ошкор этмай дардимни додлаб,
Шивирладим номингни ёдлаб,
Ўн саккиз минг олам эшитди.


Ҳар лаҳзада эзади
гул фироқларинг,
оввораман дон сепиб
дил қушларингга.
Шуъла сочар ойнадан
тунчироқларинг,
бедор бўлсанг
қандай кирай тушларингга.


Кипригингда музлайди
кўз ёш,
музлаб борар
юрагимда тош.
Дунё аста музга кўмилар,
Музлар илинч, музлайди бардош.
Музлар ичра гўзал малагим,
қандай гўзал музлар суруринг.
Фақат, айтгил бунча чидамли,
музламайди нега ғуруринг?

Иқрор

– Ўзинг айт, эй бандам,
қандай яшадинг?
Майли, номангга мен
назар солмайман.
– Художон, мен уни
бир бор кўрдим-у,
қолган умримни ҳеч
эслай олмайман…


Ҳилол – юрагимнинг
тилинган жойи.


Бекатда кўрдим сени,
юрак доғим юзингда.
Ҳаётим, демоқчийдим,
титраб-титраб лабларим
бўлиниб учди сўзлар:
ҳа, ётим,
ҳа, ётим…

Бедорлик

Тунда
туташолмас ошиқ
киприклар,
мен соҳилда
ҳушёр шотирман.
Уларни ҳеч қовуштирмайман,
ўртадаги Қоработирман.


Қолган
ишққа
ёққан қор…


Бирор сўз демадим,
ёзмадим нома,
Ҳеч бир ишорасиз
кўнглимни ёрдим.
Унга забун ҳолим
англатиш учун
Дилимдек сиёҳранг
гуллар юбордим.


Компасга ўхшайди
юрагим,
топиб олаверар
қаерда бўлсанг.

Отамнинг чопони

Энди билган куйинг
чалавер дунё,
Мана, аравангдан
мен тушиб қолдим.
Бир зум на ердаман
на кўкда гўё,
Отам чопонига
ўраниб олдим.

Бошимни беркитдим,
юзимни ёпдим,
Бир тотли, бир ширин
хаёлга толдим.
Йўқотганим – жаннат
хидларин топдим,
Отам чопонига
ўраниб олдим.

Қочган жойим шудир
ҳар ёмон куним,
Яна дардларимни
хўп тўкиб солдим,
Номард дўстдан яхши
шу эски тўним,
Отам чопонига
ўраниб олдим.

Излаб юрманг мени
ғурбатлар ичра,
Сехрли ошёнга
тушдим, йўқолдим.
Озроқ тин олайин,
олайин таскин,
Отам чопонига
ўраниб олдим.


Бир куни танамни тарк этса руҳим,
ва юмсам сени ҳеч қиймас кўзимни.
Самоларга сингиб кетишдан олдин,
томошалар қилсам сўнг бор ўзимни.

Худодан сўрардим, қулоғим битмай,
Тингласам, оҳ уриб, бағринг тиғласанг,
Ҳеч йўқ шунда ғурур отидан тушиб,
Қайт, менга кераксан, дея йиғласанг.

Метро. Абдулла Қодирий бекати

Ернинг остида ҳам қайнайди ҳаёт,
Ҳар бошда ҳар хаёл, турфа хил юмуш.
Ажиб бир оламда кезади руҳим,
Кўзларимни юмсам, кўринар Кумуш.

Қирқ йилки, овози ўзгармас аёл,
Кейинги бекатни “Минор” деб айтар.
Аста чайқалади мовий вагонлар
Ва аста ҳаммаси мозийга қайтар.

Вагон деразаси – кино тасмаси,
Тарих кўз олдимдан ўтади бир-бир.
Қутидор, Отабек хон саройида,
Қўлларига кишан солган шум тақдир.

Мана, Марғилоннинг тор кўчалари,
Бирдан вужудимни қоплайди титроқ.
Ана, муюлишда кутади Ҳомид.
Кўзларида ҳасад, қўйнида пичоқ.

Ер бетига сузиб чиқади поезд,
Ниҳоят, “Алваста кўприк”ка етдим.
Соқчилар, мунғайиб турар Қодирий,
Милтиқ овозидан сесканиб кетдим.

Наҳотки охирги бекат бўлса бу?
Ўнгдан очилади энди эшиклар.
Бобо, номангизни ўнг қўлдан берсин,
Энди борарингиз бўлсин беҳиштлар.

Ернинг остида ҳам қайнайди ҳаёт,
Ҳар бошда ҳар хаёл, турфа хил юмуш.
Минг афсус, бу гал ҳам учратолмадим,
Сени деб тушгандим метрога, Кумуш.


Мактуб битдим
ҳар кун
сенга эринмай,
Еллар ташидилар,
елиб, югуриб.
Сарғайган хатимга
тўлар айвонинг,
Сен-чи овворасан
уни супуриб.


Осмон тўлиб кетди
увадаларга,
Бебош шамол
келиб-кетганди бирров.
Бу ҳолни кўрсайди
тинчимас онам,
Кўкни ҳам супуриб
тушарди дарров.

Сенсиз

Тилло балдоғинга
ўхшарди ҳилол,
сўроқ белгисидай
кўринар энди.


Туни билан
дардлашди
том билан томчи.


Онам моҳир эди,
хўп чевар эди,
Ўхшатишар эди
қўлларин гулга.
Негадир нон ёпса,
термулиб турсам,
Бир-бир тўкиларди
кулчалар кулга.

Билмадим не ҳикмат
мужассам бунда,
Онам ҳеч этмаган
бу ҳикматни фош,.
Шунчалар оташга
чидаган нонлар,
Нега нигоҳимга
бермасди бардош.

Энди менга одат
кўзимни тиймоқ,
Балки бу ҳолимдан
кимлардир кулар,
Рости бўйламайман
тунлари кўкка,
Қўрқаман, тўкилар
боқсам юлдузлар.


Билмадим, негадир
соғинчларимдан
қалампирмунчоқнинг
хиди келади.


Томоша қилганмисиз
сўзлар суратин,
Ҳавога гул каби
чизганда гунглар,
Ўқий оласизми,
киприклар узра
Маржондайин
қатор тизилса
мунглар.

Саводим чиқмади
бунда менинг ҳеч,
Кўпдир билмаганим
ҳарфу товушлар
Битта соқов дўстим
сўз уқтиролмас,
Қирқ йилдирки, тинмай
кўксимни муштлар.

Эшмуҳаммад домланинг дегани

Тўқсон йил ўқидим
дунё китобин,
Ўзимча нелар деб шарҳлар
этмадим.
Тўғрисин айтаман,
қулоғингни бер,
Юрагим тубига
ҳали етмадим.


Ўзгариб бормоқда
бари кун сари,
Ўхшаб бораётир
баҳорга кузлар.
Қайдадир денгизлар
саҳрога дўнар,
Эриб дарёларга
айланар музлар.

Кўнглим осмони ҳам
беқарор бугун.
Бир дўсти ёрон йўқ
гоҳо дил ёрар,
Ичимга ёғадир
кўзим ёмғири,
лалми юрагимни
сув босиб борар.

Шўрданак

Шунча шўрлик
ичра кулолган данак.


Қувилиш ҳам шараф
саройингиздан,
Ғазабда ҳам қанча гўзалсиз,
дилдор!
Кетар олди кўнглим синиғин
терай,
Мендан кейин сизга бермасин
озор.

Беморликда

Тонг йўлга ошиқар
юраги тошиб,
Кундуз кўринмасдан
қочар кўзимга,
Фақат туним яхши,
туним меҳрибон,
Термилиб ўлтирар
юзимга.


У ўртача йиғлар,
Ўртача кулар.
Қаричи ўртача,
ўртача ўйи.
Ортдан хазар қилар,
Олдидан қўрқар,
Ўртача ўтади
умри шу куйи.

Ким янгилик айтар,
юрагин ютиб,
У бошин ирғайди
бир сўз демайди.
Ва бирдан бошланар
тала-тўп, ур-сур,
Яна у ўртада
калтак емайди.

Кўринг-да дунёнинг
ўйинини сиз,
Ўйласам юрагим
ачишар ёмон.
Ўртада юрсангиз
бўлмасмидия
Шўрлик боболарим
Қодирий, Чўлпон.

Хар кимга аёндир
ўзин мақоми,
Мен нима ҳам дердим
ўзимга доир.
Биламан, сиз менинг
ортимдан дейсиз:
У сал ғалатироқ,
ўртача шоир.


Ҳар неда ибрат бор,
ҳар неда ҳикмат.
Худо бир ишқ берди
мос тоқатимга.
Ҳилол қошинг узра
юлдуздек холинг,
қўйилган нуқтами
ҳаловатимга.


Усти бут, кўнгли
сал юпунроқ,
турибди кўзлари жовдираб.
Адашиб келганми бу ерга,
юрибди йўл сўраб, довдираб.
Ёнига бордиму яқинроқ,
кўзига қададим кўзимни.
Бир лаҳза сескандим тавба деб,
шаҳарда учратиб ўзимни.


Яна озроқ тинмай тур ёмғир,
йиғлаб олсин тўйиб дераза…


Сени танисайдим шу гул япроқча,
кўпроқ титрармидим ундан минг карра.
Меҳринг англасайдим сиқим тупроқча,
сочилиб кетардим бўлиб минг зарра.

Бир лаҳза зикрингдан тинмайди қушлар,
номинг айтиб тошни ёради майса.
Мен-чи кулганимда Сени унутиб,
ёдимга оламан дардим кўпайса.

Тоғларни титратди лутфу каломинг,
уларки меҳрингга бўлмади дохил
Менми яна Сендан васиқа олиб,
чўчимай жим юрган девона, ғофил.

Кимлардан бўлди-я таъмам, умидим,
дардим достон қилдим кимларга додлаб.
Ахир яқинсан-ку жон томиримдан.
нега чорламадим саҳарлар ёдлаб.

Сени танисайдим шу гул япроқча,
юким енгилмиди Ул кун минг карра,
Умидим – караминг олдида, Тангрим,
ўн саккиз минг олам кичик бир зарра.

Сени танисайдим шу гул япроқча…

Муҳаммад Сиддиқ Раҳмат 1972 йили Андижон вилояти Бўз туманида таваллуд топган. Олий адабиёт курсида таҳсил олган. “Юрт соғинчи”, “Ишқ бекати”, “Пастлаб учган турналар” номли шеърий тўпламлари чоп этилган.

Муҳаммад Сиддиқ устоз Иброҳим Ғафуров билан

48 БЕТДАГИ 48 ШЕЪР ҲАҚИДА
ёхуд
Лаҳзанинг гўзал сурати

У узоқ вақт шеър ёзмади. Олий адабиёт курсида ўқигандан кейин айнан ёзмасликдан таълим олганини сўйлаб юрди. Бу оламда таълим ва таҳсилнинг шу тарздаги ғаройиб тури борлигидан мен ҳам гоҳи мамнун ва гоҳида маҳзун юрдим. Айрим шоирларнинг, вазн ва қофияга солинган дарак гапларнинг урчиб кетганидан, шоир номини кўтарганлар сони кўпайгани ва чин шоирни топиш қийин бир муҳитдаги ўқиш ва уқишлар натижасида унинг “Мен шеър ёзмаслигим керак” деган иқроридан қандайдир мамнун эдим. Аммо истеъдоди бўлса-чи, уни йўқотиб қўймадикми, “ёзгандан ёзмаганинг маъқул” каби танбеҳлар унинг кўнглини чўктирмадими мабодо, деган хавотир мени гоҳида ўйга толдирди ва бундан, тўғриси, ўзим ҳам маҳзун бўлдим.
Орадан йиллар елдай ўтди, ажойиб кунларнинг бирида у йўлимда яна менга рўбарў келди. Салом-аликдан кейин дедики: “Айб иш қилиб қўйдик, устоз”. “Нима бўлди?”“Билмасдан, шеър ёзиб, китоб чиқариб қўйдик-да!” Унинг гапи мени асло ҳайратга солмади. Иддаоларсиз ва жуда самимий, айни чоғда, ўз-ўзини тергаб турган бир гап эди бу. Зотан, унинг тоза кўнгил одами бўлгани учун шеърдан айро яшашига ишонмасдим. Тахминим тўғри чиқди. Ёзибди, чиқибди ҳам. Аммо янги китобини кўрмаганим боис бир нима дейишнинг мавриди эмасди…
“Жаҳон адабиёти”да Даврон Ражаб олдида тахланиб турган миттигина тўпламларга кўзим тушди. Қизиқдим. Рухсати билан бирини олдим. Ўқидим – “Муҳамммад Сиддиқ. Пастлаб учган турналар”. Бу янгиликдан бохабар бўлганим учун ҳеч ажабланмадим. Миттигина шеърий китобчани варақлаб ўқий бошладим.
“Яна шаррос қуяди ёмғир,
Томчилари сакрар том оша.
Ойнаванд уй, сен хўрсинасан,
Ёмғирларни қилиб томоша”.
“Ёмғир” шеъри – ёмғирнинг ўзига хос талқини, Рауф Парфидан фарқли. Қўлланган “ёмғирзор”и таниш сўз. Аммо шеърни қофия янгилайди деган тамойилга кўра, биринчи банддаги томчиларнинг сакраш ҳолати – улар “том оша” сакрайдилар билан ёмғирни “томоша” қилаётган кимсанинг ҳолатини уйғунлаштирган қофия жозибасидан завқланиб кетдим.
Кейинги “Манзара”да олчанинг журъати, гуллагани ва унинг ёнида расмга тушаётган боларилар кўринди. Улар замона ёшлари. Виртуал оламда яшайдилар ва ҳар лаҳзада ўзларининг қиёфаларини “селфи” воситасида абадиятга муҳрлайдилар. Шеър тилда янги сўзлар. ХХ аср бошларида тракторларнинг “тир-тир”овозидан ҳайиқиб, бу тўғрида шеър ёза олмаган инжа кўнгилли бир авлоднинг қисмати ёдимга тушади. Бу ассоциацияни, табиийки, шеър матнида уч-тўртта неологизмлар беради менга.
Тўғриси, онанинг қиёфаси, айниқса, “паҳлавон она”нинг жангу жадалда аждаҳо устида ғалаба қозонгани ва кутилмаган туганч – мени Муҳаммад Сиддиқнинг индамасдан, овозалар қилмасдан, минбарларда ҳайқирмасдан шундай шеърлар ёзиб юргани қувонтирди:
“Оҳ, онам-а, паҳлавон онам,
Аждаҳони енгган тикиб жон.
Косовларни қиличдай тутган,
Узмоқ учун менга кулча нон”.
Она васфи, онага эҳтиром, мана онанинг мадҳи. Сўзнинг, мисранинг метафорик табиати шу тўртликда кўринади. Тандир – оғзидан олов пуркаб турган аждаҳо. Касовлари – жангга кирган паҳлавон онанинг қиличи. Ғолиб она, паҳлавон она “аждаҳо оғзидан” фарзанди учун бор-йўғи миттигина “кулча нон”ни тортиб олиш учун курашга кирган онадир. Тасаввур қилинг, қишлоқда қанчадан-қанча оналаримиз ҳар куни ё кун ора шу иш билан шуғуланадилар. Мен шеърни ҳаддан ташқари маишийлаштирганим учун, уни қайта сўзлаб сизларнинг ғашингизга тегаётганим учун узр сўрайман. Яхшиси, шу шеърни тўлиқ ўқишингизни тавсия қиламан-да, бошқа саҳифани очаман.
Бу шеърнинг бошланиши жумбоқли, сирли. Бир икки қаторини ўқиб “У нима экан” деган хаёлга борасиз. Шамлар кўнглига шуълаларни кўчирар экан, чақмоқдайин ёниб ўчар экан. “У нима?” Нега бу шеърдаги лирик қаҳрамон тутаб боради. Ороми йўқдек, ҳаловати йўқдек, ҳаётида маъни йўқдек лирик қаҳрамон кимга ҳавас қилади. Шеърнинг охирги мисрасида жумбоқ ечилади: Гугурт! Гугурт образи! “Гугуртнинг чақилиши” – бу бир замонлар Чўлпонда ҳам зикр қилинган:
“Ўйланган ўйлар-ла кўнгил юпанмас,
Кўнгилнинг истаги ўй билан қонмас,
Айтарлар бу тунда ёруғ шам ёнмас,
Чақмаса гугуртни асл ўғлонлар!”
Чўлпоннинг “Юпанмоқ истаги” шеърининг охирги банди бу.
“Оламга ўт қўйсам-у кетсам, Бир гугутча бўлса ҳаётим”. Ва ниҳоят “асл ўғлонлар” тафаккури Муҳаммад Сиддиққа келиб, қизғин бир ҳаётни қўмсаш, кўнгилларга ўт ёқиб, ёруғлиқ сочишгача етиб борибди-да.
Фақатгина шоирлар бошига хаслар тушганини сезмай қолади. Ё ухлаган, мудраган бўлади ёки узоқ хаёл суриб қолади. “Қишлоқда” икки мисрали шеър:
Узоқ хаёл суриб қолибман, чоғи,
Мусича бошимга келтирди хаслар.
Бор ўй, ҳис-туйғу, бор гап шу. Икки қатордан иборат фикрли шеър. Аммо бундай теран туйғуни, лаҳзанинг сувратини икки карра кўпайтирадиган, геометрик прогрессия асосида мисраларга мисралар қўшиб уни беқиёс семиртирадиганлар қанча. Сўз кўпайган жойда маънидан асар қолмайди баъзан.
Навбатдаги шеъри нисбатан узун. Қушнинг ҳолати, унинг қарғаларга тескари қўйилгани, қуш ҳолини шоир ўзига яқин олгани манзаралари чизилади. Юрагидан жой бермоқчи бўлган шоир қишда совуқ қотган қушни иситмоқчи бўлади бир нафас. Кўксида бор экан сўнгакда қафас. Гоҳида шоирлар аввал қофияни топиб кейин шеър ёзадими, деган хаёлга ҳам бораман. Бу шеърни назарда тутаёганим йўқ. Бошимда айланиб юрган фикрни шу ўринда айтмоқчиман. Аллақандай муносабат билан аввал қофия топилади-да, кейин унинг атрофи бўғинлари саналган, айрим катта-кичик эпитетлар билан безалган сўзлар мисрага айлантирилади. Бунинг номи – шеър техникаси. Аммо шеърият учун туйғунинг ранги, ҳиснинг кўлами, кўнгил олами, шоирнинг алами муҳимдир. Муҳаммад Сиддиқнинг ушбу шеърида келган “нафас” ва “қафас” муносабати билан бир кўнглимни ёзган бўлсам, қачондир айтишим керак бўлган бир фикрни ёзган бўлсам – қўлимдаги китобча муаллифига шу имкон учун ташаккуримни ҳам билдираман.
“Ажойиб кунлар”ни таҳлил этишга юрагим бетламади…
Инсон табиати бир зумда ўзгаради. “Иқлим ўзгариши” – шу ўзгарувчанликнинг яхши изҳоридир. Декабрда офтоб чиққани билан мартда қор ёққани – бу зиддиятли топилдиқниг ўзиёқ шеърнинг ўмганини кўтариб турибди.
Кейинги шеър сарлавҳаси “Денгизлар мавжи”. Тўғриси, мен Узоқ Шарқда ҳарбий хизматни ўтаганим учун “денгиз”ли шеърларга бошқача қизиқиш билан қарайман. Шоир денгизни телевизорда кўрганми ёки менга ўхшаб унда чўмилганмикин? Шўр сувидан хўплаганми? Қайиқда узундан-узоқ тўр ташлаб, қирғоқда балиқлар овлаганми? Ҳали шеърни ўқимасдан хаёлимга шундай саволлар ёғилиб келди.Бу саволлар ҳам биринчи мисрага етмасдан лаҳзанинг мингдан бир қисмидаги зарраларни миниб йилдиримдек хаёлимдан ўтди. Чунки асл ҳодисани ёки нарсаларни кўрмасдан шеър ёзадиганлар кўп. Ҳаётида булбулнинг ранги қандай эканини кўрмаган, аммо уни бағоят ранг-баранг тусли, сайрашларига мос патлари ҳам бўёқдор тасаввур қиладиганлар ҳам бордир шоирлар орасида. Мен ҳам тўрга тушган битта булбулни кўргунимча балки шундай шоирона хаёллар билан юргандирман. Аммо сайроқи булбулнинг ранги тўрғайнинг патлари рангига ўхшайди, думи чумчуқнинг орқа томонидаги патларидан сезиларли даражада узун бўлар экан. Бу чалғишларим билан нима демоқчиман? Шеърий ифода учун рост туйғулар муҳим. Шундай ўйларим билан Муҳаммад Сиддиқнинг “денгизи”га яқин келаман. Не кўз билан кўрайки, шоир ёрнинг сочини таърифлаб турибди. “Елканг узра денгизлар мавжи”. “Денгиз сенинг елкангда турар”. Бор бўлса бордир. Боғчасарой зиёратига борганда, йўлим айланиб Қора денгиз бўйларига ҳам тушди. Бу ўхшатишни шоирнинг хаёлларига тақдим этдим. Шеър охирига етдим. “Ўтолмасдан сенинг баҳрингдан”. Охирги мисрадаги охирги сўз икки маъноли. “Сендан воз кеча олмай турибман” ҳамда “Сенинг елканг узра ёйилган денгиздан ўтиб кета олмаётирман”, деган маъноларни уқиш мумкин. Баҳарнав, агар битта сўз ёки мисрадан икки маъно чиқариш имконини берадиган ўринлар бўлса, елкага жойланган денгизни ҳам симириб, ҳазм қилиш мумкиндир, эҳтимол.
“Йўлак”да ҳайратланган эшиклар бамисоли оғзини очиб қолганга ўхшайди – маъқул. Йўлакдан ёр ўтибди-да. Фақат бизнинг лирик қаҳрамон армонли эмиш. У гўё йўлакдан кечикиб ўтибди. Бу кечикиш ясамага ўхшаб туюлди менга.
“Араз”да ҳам нимадир бор. Аразлаган ёрнинг ҳолати, тошойнага боқиши, “нолиш”нинг “болиш”га қофияланиши – шундан яралган шеър.
Адабиётда кўзнинг тасвири алоҳида ўрин тутади. Хоҳ наср, хоҳ назмда. Бироқ Муҳаммад Сиддиқнинг “Кўз ҳақида” ёзган саккиз қаторидаги ўхшатишлар ўзининг қаринавий негизидан бир оз узоқлашгандек таассурот қолдирди. Аммо кейинги саҳифадаги ёрнинг кўзларига ошиқ бўлган туннинг даричадан кетмай туриши яхши тавсиф. Бироқ “тун”ли ушбу шеърга нимадир – теранликми ё ойдинлик етишмаётганга ўхшайди.
Муҳаммад Сиддиқ ҳам менга ўхшаб сўзларнинг эҳтимологиясини яхши кўрар экан. Гоҳида “камера”ни “қамрамоқ”дан келтириб чиқараман, “кенгуру” “кенг югирув”га, “шланг”ни детотатига кўра “илон”га боғлайман. Шоир ҳам “Фейсбук”ни “Файзбоғ” атабди. Кошки, глобаллашган семиз дунё шу бизнинг файзли боғни ўзлари учун ном қилиб олган бўлса? Бугун инсоният виртуал оламда истиқомат қилмоқда. Ижод ҳам, расм ҳам, дард ҳам, ғийбат ҳам, алам ва сурур ҳам – барча-барчаси бугунги одамларнинг гўё “ибодат китоби”га айланган сирли ва юпқа рангин қутининг ичида жамлангандир. Бироқ мен уни, афсуски, файзли боғ ўлароқ тасаввур қила олмайман. Шунинг учун вақти келадики, одамларни табиат қўйнига қайтариш ва кун сайин ҳар кимнинг бутун вужуди, тафаккурини эгаллаб бораётган нанотехнологиялар хуружидан қутқариш компанияси ҳам бошланиб қолади. Шунда бир-бировдан “Сиз бир “лайк”ни кўрмайсиз раво” деб ўпкалаб юришга эҳтиёж ҳам қолмайди.
“Кўз ёш ҳақидаги” учта тўртлик маъқул: қисқа, лўнда маънили.
Кейинги шеърда тикув машинасининг иш жараёни ҳам яхши ўхшатилган.
“Сирли қутича” – замонавий телефондан безган, кўзни кўзга тикиб жимгина кўзларнинг сўзлашувини соғинган одамнинг дилидаги гаплар.
Шоир “пушти рўмолли”га учрабди, бутун дунёни кўзи кўрмай қолибди. Шу рўмолнинг ёпинчиқ табиати “ойни этак билан ёпиб бўлмайди” таъбирига зидлаштирилган.
Болалигида искабтопар, пашша, индамас, чивинлардан ҳимояланиб “пашшахона”ни ўзига қўрғон қилмаган бола бўлмаса керак. Пашшахонанинг ҳикмати “искаб тополмайди искабтопарлар” деган охирги мисрада бериган. Шеър хаёлда бир лаҳза меҳмон бўлган ўша ҳиссиёт изҳори учун ёзилгандир, балки.
“Дарахтлар кўп интизор кутди” мисраси билан бошланган саккиз қаторли шеър ҳам жумбоқли. Йўсини қайси томон кетаётганини охирги мисрада дафъатан илғаб қоласиз. Юқоридаги ҳамма тафсилот апрелга келиб якун топади.
Навбатдаги шеърда “тошингни тер” фразеологик бирлиги ўйин қилинади. Бунда лирик қаҳрамон дарди “кошки, сенинг гуручингдан тошлар терсайдим” деган ёрига илтижосидан билинади.
“Отам” –армонли, айрилиқ ҳақидаги шеър. Отанинг кетиши боғларга қаҳратон қишнинг келишидек гап. Буни фақат бошидан кечирганлар билади.
“Лифт” – яна ҳижронлар тавсифи. Лифтда лирик қаҳрамон кимнидир учратади, афтидан у еттинчи қаватда ҳар куни тушиб қолармиш, чунки кейинги қаторида “саккиз – ҳижрон билан қоламан” деб ёзади шоир.
Онанинг дуоси ижобат бўлади. Боласига ҳамиша эзгуликлар тилайди. Фарзандининг боши тошдан, яхши кунлари кўп бўлишини, ҳаётда қоқилмаслигини истайди она. Аммо М.Сиддиқнинг лирик қаҳрамони “ҳаётда тош бошим қанчадан-қанча тошларни ёрди”, деб турибди. Халқ таъбирига нисбатан антитезис илгари сурилади.
“Янги ой” – яхши шеър. Еттита сўздан иборат беш қаторга жамланган. “Ёр ўтдими самон йўлидан, тўкилибди дона киприги”. Янги чиққан ой – ҳилолнинг тўкилган бир дона киприкка ўхшатилиши М.Сиддиқнинг шоирона нигоҳидан дарак беради. Яхши метафора.
Аммо “Кипригингдан…” сўзи билан бошланган назм парчаси шеърлик мақомига кўтарилмабди, деб ўйладим.
“Кўнгил” чил-чил синиши; бундаги “кўнгил синиқлари” бирикмаси маъқулдек кўринди.
Одам баъзан бошидан ўтган хатолардан ибрат олади. Шу хатоларни тузатиб, ўнгланган ишлардан қувват олиб улғаяди. Шоирнинг “Хатоларим” шеъридан англашилича, “дилда шукр, тилда истиғфор”и бор. Бу мўминларга хос фазилатдир. Ҳар дам “астағфируллоҳ” ёки “алҳамдулиллоҳ” деб юрмоқ – шукр ва истиғфор туйғуларининг баёнидир.
Кейинги саҳифада меваси қаддини буккан шафтолининг серфарзанд ўзбекка қиёсан таърифланган. Яхши.
“Довон” шеъри. Баъзида одамга довондан ўтиш завқ бағишлайди, ҳайбатли чўққилар, ҳайратланган кўзлар, ҳапқирган юрак.Оппоқ қорлардек оппоқ ниятлар, орзулар. Аммо бу лайлак қор гоҳида довон кечиб ўтишда халақит ҳам берар экан. Айниқса, сени кимдир кутганда ёки сени қаергадир, хусусан, онадек мўътабар зот ҳузурига шошаётган бўлсангу паға-паға қор йўлингга тузоқ қўйса – бундай маҳали қорнинг оппоқлиги ҳам, гўзаллиги ҳам, қадр-қиммати ҳам қолмайди. Хаёлгасанчилган нохуш хабар бутун вужудга оғриқ беради ва қорнинг энг митти зарраси ҳам одамга оғирлик қилади. “Довон”да Муҳаммад Сиддиқ шуларни ёзибди.
Тўйиб ёзиш, ўз ёзганларидан қониқиш, ёзганидан ҳаловат топиш, ҳаловатидан хотиржамлик униб чиқиши – бу шоирларниг улкан орзуси. “Орзу” шеърига Ойбекдан эпиграф олган муаллиф шеър охирида шундай табаррук шоирга, “Битта наъматагим бўлса, қанийди” деб унинг “Наъматак” шеърининг довруғига, гўзаллигига, табиийлигига, эстетик пафосига, ғоявий қатламларига ҳавас қилади.
Одам ўзи ҳақидаги ҳақиқатни бировлардан оғзидан, орқаворотдан эшитиши мароқли. Ҳақ гап одамни ўйлантиради, фазилати бўлса, мамнун жилмаяди, айби бўлса, маҳзун тортиб, “ўйлари чувалашади”. Иқрор яхши нарса. Шеър “Ўзим ҳақимда эшитганларим” деб номланган.
“Қор сўраш” – бу қадим замонларда халқнинг маросим қўшиқларини айтиб, баҳор кунларида ёмғир сўраш жараёнларини эслатади. Аммо шеърнинг иккинчи бандида “қовоғидан қор ёғади” таъбири бошқача талқин қилинади.
Тошойнадан аксини кўрган одам –сочлари оппоқ. Бу фавқулодда янги гап эмас. Бор гап.
Пиримқул Қодировнинг романи “Юлдузли тунлар” деб номланади. Муҳаммад Сиддиқ шеърига “Юлдузсиз тунлар” деб сарлавҳа қўйибди. Ўзини тафтиш этибди, қаламини, ёзганларини, Бобирга ўхшаб Андижондан кетганини баён қилибди. “Ғалвиримни кўтарсам сувдан, Илингани фақат пушмонлиқ” – бу шафқатсиз иқрор. Ўзича шоир тунларини юлдузсиз санайди, Аллоҳдан тунларига юлдузлар сўрайди. Бобурлик мартабага етиш – бу шоирнинг эзгу нияти. Аслида эзгу ниятнинг ҳам ажри бор.
“Дунё” – яхши шеър. Дунё автобусга ўхшатилган, лирик қаҳрамон ўзини чиптасиз йўловчи деб билади. Энг қизиғи ҳаёт уловидан тушадиган манзил – бекати қаерда эканини билмайди.Нафақат у, балки буни оламдаги бирорта банда билмайди. Нозир уни қаерда уловдан тушириб қолдиришини ҳам тахмин қила олмайди. Инсон манглайига шундай қисматнинг сирли имзоси қўйилган.
“Трамвай”ни ҳам озод уловларга ҳавасли қилиб тасвирлайди шоир. Бунда ҳам кишан ва эркка доир шоирона ҳикмат бор.
“Тандир” шеъри китобчанинг аввалида келган “Паҳлавон онам” шеърининг мантиқий давомидир, менимча.
Муҳаммад Сиддиқ сўз ўйинларига, сўзларнинг маъно кенгайишига, халқона ибораларнинг таскари таъбирларига кўпроқ унс берибди. “1 мартда” сарлавҳали шеърида ҳам турли маънолар ташийдиган ва бир товуш эвазига фарқланадиган “биринчи марта” билан “биринчи мартда” бирикмалари орасида сўз ўйини қилинган.
“Майда” бу шеърнинг ҳар икки бандида ҳам “майда” – май ойи ҳамда “майда” – ингичка, митти маъносидаги иккита шаклига кўра тажнисга ўхшаган сўзлар қофияланган. Шу тажнисли қизиқиш ортидан атай ёзилганга ўхшаб турибди шеър. Яна ким билсин?
Ўзи бир муддат шеърни бир ёққа йиғиштириб, сураткашлик ҳам қилди Муҳамад Сиддиқ. Балки шеърни йиғиштирмагандир. Ёзгандир. Чоп этмагандир. Аммо “Сураткашнинг шеъри” деган сарлавҳали шеърининг бошидаги икки банди маъқул:
“Объективнинг ортидан боқсанг,
Ёқасин тузатар ёқавайронлар.
Кулиб турар базўр бўлса-да,
Дили вайрон, ақли ҳайронлар.

Кўз-кўз қилар ҳамма суратда
Хўп бахтиёр, омонлигини.
Орқасига беркитиб турар
Дарду ҳасрат, ёмонлигини”.
Табиий, содда, самимий ва гўзал. Шеърнинг учинчи банди менга негадир ортиқчадек кўринди.
“Бозорда” шеъри орзу ва армон талқини. Майли, бу ҳам бир гап.
“Сочларингдек…” сўзи билан бошланган назм парчасида охирига бориб шеърий мантиқ бузилган, қошлар ҳамма вақт ҳам туташавермаслиги мумкин.
“Зерикиш” ҳам шеър ёзмай зериккан кунларда ёзилган зерикарли бир нарса. Чунки мажлиснинг поэтик қонуниятлар эътиборидан киприкка алоқаси йўқ. Бемаъни мажлис чўзилиши мумкин, лекин унинг киприк узайишига нима дахли бор?
“Бошим узра…” бунда шеърга мос нимадир бор. Айниқса, кўз айвонига дарвоза солиш – бу энди кўзойнакка ишора. Шеърни кўчимлар ва рамзли ишоралар безайди. Безаги бор.
“Сен ҳақингда” – шеърнинг бошланиши аллақайси шоирнинг шеърини эслатди. Эслай олмадим. Аммо турналарнинг осмонда ёр исмининг бош ҳарфини ёзиб қайтиши – бу энди таҳлилга объект бўладиган юк, албатта.
Китобчани ёпдим.
Тўғриси, менга митти бир китобни ўқиш қийин кечмади. Унинг айрим саҳифаларидаги топилмалар Муҳаммад Сиддиқнинг шоир сифатидаги қиёфасини кўрсатди.
Одатда катта ва қалин муқовали китоблар, ичи тўла шеърга ўхшаган алламбалолар – шу кўринишнинг ўзиёқ мутолаадан қайтариб ҳам қўяр экан…
Қаранг, пастлаб учган турналар тутқич бермай секин кўкка парвоз қилар экан, Муҳаммад Сиддиқ уларнинг қонат қоқишлари, товушлари, майин патларидан илҳом олибди; ҳаётнинг ораста туйғулари гирдобида кўринган латиф манзараларни шеърга солибди.
Унинг шеърлари шундай – “Пастлаб учган турналар”дир.
Муҳаммад Сиддиқ шеърларининг парвози баланд бўлсин.
Битди.
Аммо…
Эскартма:
Нима қилдик? Одатимга хилоф ўлароқ, китобдаги ҳар бир шеърга бир жумлали бўлса-да муносабат билдирдим, мулоҳаза ёздим. Кўпинча шеърий китоблар тақриз қилинганида бир-иккита шеър ёки мисра мақталади, айрим жузъий камчиликлари айтилади ва шоирниниг навбатдаги китоби кутилади. Аммо мен бошқа йўлдан бордим. Китобчада тилга олинмаган бирорта шеърни қолдирмадим. Атайин. Шу йўлда адабий танқидда зерикарли тус олган тақриз жанрини янгиламоқчи бўлдим.
Ҳозирча ўзимга маъқул келиб турган ушбу иншо сизга маъқулми?..

Баҳодир КАРИМ
2018 йил 29-30 июль

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.