Беҳзод Фазлиддин. “Муштум”: Назм хумдонидан

МОДА

Нуқул гап-сўзларга берар зеб,
(Битта сарқит урф бўлса нима!)
Замонадан ортда қолмай деб
Ёлғонкўйлак кийволган ҳамма.

2013

ЎРТАР

Муштум_сурат 2Ғуссалардан олтин қафас қургандайман,
Лахча-лахча чўғ устида юргандайман,
Бу дунёда ижарада тургандайман,
Толеъ деган қилмас писанд, Машраб бобо.

Енгилгина қўшиқлари ялло-ялло,
Оёқларнинг остиндаги лойми, тилло?
Каминанинг тахаллуси – Чаламулло,
Тутумим ҳам шунга монанд, Машраб бобо.

Нега келдим манов ғурбат маконига?
Тутиб бердим ўзимни ғам пайконига,
Кўзим куйди кириб севги дўконига,
Жандангиздан олмадим панд, Машраб бобо.

Томиримдан куйлар оқар – суввораман,
Кўзёшлари завқ улашган фаввораман,
Ўз-ўзимни авраш билан оввораман,
Кўнглим синиқ, дилим дардманд, Машраб бобо.

Йўл юраман, мўл юраман, йўлим етмас,
Хирожига на жоним, на молим етмас,
Йигирма беш йилдан бери қўлим етмас,
Этагингиз бунча баланд, Машраб бобо?!

2008

АҲВОЛ

Куйиб битдим – нима ўзгарди?
Қачонгача ўзимни ейман?
Беҳудага юзим қизарди
Ё бемаврид келдимми, дейман.

Аҳмоқ қилди, гар гапга кирсам,
Ожизлигим инжиқлик бўлди.
Маҳмадона чиқдим гапирсам,
Жим турганим писмиқлик бўлди.

Гул чеҳралар самимий сохта,
Тўхтаб қолган соатлар бебурд.
Қололмайман узоқ бу шохда,
Кетай десам, у томон ҳам мўрт.

2008

катта-КИЧИК

Ҳаёт гулларига энг мард харидор,
Бўлса ўзларига суюк юклари.
Тошларни уйғотган нурдай хокисор,
Кичкина қалбларнинг буюкликлари.

Юзларин Қуёшга тескари бурар,
Булут кўзларидан кетмайди нари.
Мудом ҳаётингни эговлаб турар
Катта одамларнинг майдаликлари.

2007

***
Муштум_1Баланддан келганга осмондан келдим,
Бошимга кўтардим ерга тушганни.
Гулларнинг қошига нур бўлиб елдим,
Ташладим-да, қочдим бурни шишганни.

Ўзим катта қилдим – бу дардлар ўктам,
Тошдан тоғ яратдим, заррадан оташ.
Фақат оғир экан ҳаммасидан ҳам
Шамоллар юртида шам бўлиб яшаш…

2007

БОЗОР

Бугун ҳам пул эмас, Нур излаб чиқдим,
Нигоҳларим тоза – кўзимда кир йўқ.
Яна назари оч тўпга йўлиқдим,
Одамман деган кўп, юзида нур йўқ.

Қандай юрак очай юраксизларга,
Наҳот шуларни деб тўкмоқчиман тер?
Ёрдам бергим келар маҳбус сўзларга,
Гаплар осмондадир, пойгакларда Шеър.

Яшаш ҳадисини билмасман, балки,
Инсонлик илмидан олурман таълим.
Ҳалолликдан сабоқ берарми ёки
Ўзи амал қилмас Ҳаётмуаллим?

Тошларни чайнашга темир тишим бор,
Чўкиб кетмасликка топарман қудрат.
Меншунослар билан нима ишим бор,
Бу йўлдан кўз юмиб ўтгум йўқ фақат…

2008

ҲАЁТ СПЕКТАКЛИ

Кечаги ёш бола бугун кемшик чол –
Биров туғилганда биров ўлади.
Яна ўша ўзим хоҳламаган рол…
Дунё томошабин бўлиб кулади.

Одамларга айтар бошқа гапим бор,
Тугаб боряпман-у, нега барча жим?
Мени маъзур тутинг, жаноб Режиссёр,
Бахтлилар ролини ўйнаб чарчадим…

2006

ОДАМЛАР НИМА ДЕРКИН?

Қўлдан кетмиш ихтиёр,
Бу дунёда ким эркин?
Қарғиш урган бир гап бор:
“Одамлар нима деркин?”

Онам ўшандан қўрқар,
Отам ухлолмай чиқар,
Менинг кўнглимни сиқар:
“Одамлар нима деркин?”

Гап-сўзларга йўқ мажол,
Юролмайман бемалол,
Йўлим тўсар бир савол:
“Одамлар нима деркин?”

Андуҳлардан дил тилим,
Боққа кетдик, юр, Гулим.
Жовдирайди севгилим:
“Одамлар нима деркин?”

Қўшним тўй деб тўймайди,
Янги кий, деб қўймайди,
Ўзгармасам бўлмайди,
Одамлар нима деркин?

Камбағални бой қилган,
Қўлларини лой қилган,
Ҳолимизни вой қилган –
“Одамлар нима деркин?”

2008

***
Ташқарига чиқдим. Юрагим қўлда.
(Бутун бир кўчани ёритарми шам!..)
Бўлиши мумкин-ку худди шу йўлда
Умрида ёруғлик кўрмаган одам.

2008

РОЛ

Муштум_сурат_ролҚайси шамол қаддимни эгди?
Қачон булут тўсди офтобим?
Биров бўлиш жонимга тегди,
Ечиб отгум манфур ниқобим.

Бу курсижон, бу телефонхон –
Кўриб қўйсин, мана, юзимни.
Тил учида сақлаб юрдим жон,
Ҳар қолипга солдим ўзимни.

Пуч сўз сотиб даромад қилдим,
Рандаланган гапларим силлиқ.
Кесакларга хушомад қилдим,
Деворларга айладим қуллуқ.

Юрагимни ёлғон ўқидим,
Ўз-ўзимга қилмадим инсоф.
Ишқсизларча чўпчак тўқидим,
Бахтлиман, деб уриб келдим лоф.

Бу жараён борар жар аён,
Кўзларимга тўлиб келар қум.
Ич-ичимда тинмас ғалаён,
Лабларимда аччиқ табассум.

Нима берар кичик танаффус?
Қўллар чапак чалиб толганлар.
Афсус, улар учун ҳам афсус…
Афсус, мени севиб қолганлар!

2008

МОСЛАШУВ

Ғолиблик қонуни шундай мустаҳкам:
Парвоз олиб чиқар кўкка – Эркюртга.
Ҳеч ким ҳавас қилмас, бургут бўлса ҳам
Товуқлар ичида юрган бургутга.

2008

***
Кимнинг ҳузури деб ким сарсон бўлди,
Биров биров билан андармон бўлди.
Тарози палласи тенг келмади ҳеч,
Ким қиммат талашди, ким арзон бўлди.

***
Дерларки, жангдан сўнг ботир кўпаяр,
Иш осон кўринса, шотир кўпаяр,
Атрофда дарди йўқ талабгор бўлса,
Майдонда хашаки шоир кўпаяр.

***
Не учун ҳолимга ачинмайди тил,
Эртанги сўроқдан чўчимайди тил?
Оғзимга тош солиб, жим турай дейман –
Бекордан-бекорга қичимайди тил.

2009

ЖОНДАН ЎТДИ

Тоққа чиқай, десак, тошлар қўймаса,
Кўзга ёқай, десак, қошлар қўймаса,
Яшашга мана бу бошлар қўймаса…
Бизга ҳам аталган дунёлар борми?!

2006

ЁШЛИККА ХИТОБ

Муштум_суратШуларми эртанинг хўжайинлари?
Тамизи йўқ, сўзи бетайинлари.

Овози шовқиндан нарига ўтмас,
Борида кучининг қадрига етмас.

Йўлига хатолар дарж этиб борар,
Тарбия илдизи дарз кетиб борар.

Ўлаётган вақтга ичим ачийди,
Эртанги пушмондан юрак чўчийди.

Гап сотиш учун пул тўлаган шоввоз,
Ўпкангни босиб ол, ҳой, телефонбоз!

Боқ, бедор оламда нима тўполон?
Не учун борлиқнинг ранги заъфарон?

Орзулар айланиб борар тутунга
Нималар берасан эртанги кунга?

Бутун бошли миллат кўз тутар сенга,
Нега уйғонмайсан, қўрқмайсан нега?

2009

“Муштум” журнали, 2017 йил 11-сон

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 189

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *