Мусо Акмал. Шеърлар

Наманганлик камтар ижодкор Мусо Акмал ўттиз йил орасида ёзган шеърларини саралаб, “Ўтаётган кунлар” номли салмоқлигина сайланманамо китоб нашр эттирди. Китобдаги шеърлар – “бир умр қоғозга ўраниб яшаётган” лирик қаҳрамон кечинмалари шеърият мухлисларини бефарқ қолдирмайди, деб ўйлаймиз.

Сайт муаллифи


Умрнинг тенг ярмин банд этар ғафлат,
Ненидир кутамиз сўнг нафас қадар.
Ҳатто муҳаббат ҳам туғаркан нафрат,
Гоҳо томирларда оқаркан кадар.

Қачон бу юлдузлар айланар ойга,
Дарахтлар қай чоғда сўзлаша бошлар?!
Қачон турғун тоғлар қилади пойга
Ва нурга айланар харсанглар, тошлар?!

Бу турфа муаммо, мангулик ҳаёт,
Барига бирма-бир жавоб берар, бас.
Ҳозирча чин дилдан тилангиз имдод,
Барча башоратлар абасдир, абас.


Ҳаёт кураш демак, бешаън, беаёв,
Яшаймиз ҳар лаҳза жанглар ичинда.
Қароргоҳ этмишдир қалбимизни ёв,
Маҳв этмоқ истайдир, қиличлар қинда.
Мана бу – биринчи, энг ғаддор душман,
Ҳийлаю макрни этгандир режа.
Бир оз изн беринг, бўлгайсиз пушмон,
Барча имконларни қилгайдир ўлжа.
Исми оддий унинг, шундоқ – ялқовлик,
Баъзи кимсаларга энг яқин ошно.
Унга лашкарбоши эмиш анқовлик,
Дўст тутган зот борки, кўрмагай рўшно.
Иккинчи энг олғир рақибдир – қўрқув,
Ботирларни кўрса жим қолар мулзам.
Кимнингки қалбида бор экан ғулув,
Кулбасига қувонч босмайди қадам.
Жанглар давом этар ҳар лаҳза беун,
Қалбингга беркинган ёғийни ўлдир.
Толе забт бўлажак албатта бир кун,
Кўнглингни фараҳбахш ҳисларга тўлдир.
Сўнг яна бошланар тенги йўқ жанглар,
Ҳақ учун, эзгулик, адолат учун.
Иймонин сотганда ҳиссиз сатанглар,
Дунёни эгаллаб олганида тун.
Ўртадаги вазмин нигоҳлар аро,
Субҳидам бир совуқ сабо таралар.
Қашқир нигоҳларга дуч келар ҳатто,
Интиҳо тополмас муҳорабалар.

ЎТАЁТГАН КУН

Ўтиб кетдинг шамолдай эсиб,
Бугунги кун, эй олтинваш дам.
Умрим кетиб боришин кўриб
Одимладим ортингдан илдам.

Шошиб қайга борардим, ошно,
Манзилим ҳам йироқда эмас.
Ҳар қадамдан чиқар муаммо,
Ахир, акам шоирдир, демас.

Синовларга дуч келди бошим,
Калла эмас беғалва калла.
Пайдо бўлди томирда босим,
Буҳрон чоғи айтилмас алла.

Оғушига тортади бирдай,
Юборгудай гирдогирд ютиб.
Тўлқинлари бебош наҳрдай,
Аямас ҳеч, турмагай кутиб.

Ким зўр келса, қолгайдир омон,
Ким зор қолса, айтмас алвидо.
Дуч келгандай Ер билан Осмон,
Тўқнашгандай икки маст гадо.

Чидаганга чиқарган буни,
Долғаларга дош бер, оломон.


Қон билан ўйнашманг – тириклик рамзи,
Наслу насабингиз, хилқатингиз жо.
У билан боғлиқдир яшамоқ тарзи,
Соғлигу хасталик, расолик ҳатто.

У тийнат, у – бору будингиз, асли,
Мангу тилсимотдир, у соҳир калом.
Танҳо шаҳодатдир, шажара, наслин
Айтиб бергувчидир, подшоҳми, авом.

Биз доим биргамиз аждодлар билан,
Улар ҳам томирда бирга юради.
Фақат пок яшаган, хуш ният қилган
Авлодлар аслини сақлаб туради.


Аразлашин қўймайди бир пас,
Кузак – менинг йиғлоқи синглим.
Кўз ёшлари қуйилар шаррос,
Тинмагунча ёришмас кўнглим.

Шодлигимни оқизиб кетар,
Томиримда изғир изтироб.
Юрагимни чулғайди кадар,
Боғу роғим – ҳаммаси хароб.

Кўчаларда барглар югурар,
Кўрсатмайди бир зум илтифот.
Хазонларни шамол супурар,
Хунуклаша бошлар наботот.

Жунжикади аёзда бадан,
Ахтариб қоламан офтобни.
Музлай бошлар… қўллар дафъатан,
Беркитиб қўяман китобни…


Бу дунё азалдан шунақа,
Малика жуфтидир қурбақа.
Билмайсан аҳволинг қанақа,
Кунларинг анақа-манақа.
Ёшликда юракнинг қўрини,
Билмайсан пешонанг шўрини,
Кўзлайсан давранинг тўрини,
Танлайсан қизларнинг зўрини,
Оласан аммоки ғўрини,
Бировнинг қопкетган ёрини.
Бир куни ош ейсан, бир кун тош,
Деворга тегади нодон бош.
Ақлингни олади косадош,
Охирлаб боради сўнг бардош.
Таъзиринг беради дўст, сирдош,
Сўнг айтар одамлар: “Эй бебош!”
Умрингнинг энг ёвқур палласи,
Авж олар хотиннинг ғалваси.
Бир бўлар холаси-аммаси,
Ортиқча юк бўлар ҳаммаси.
Елкангда бировнинг калласи.
Танимай қоласан болангни,
Хомталош қилганда чақангни
Иши йўқ ҳам уканг, акангнинг,
Бўлишиб олишар ёқангни.
Такрорлаб юрасан оҳангни:
“Бу дунё азалдан шунақа…”.

ЖАВОБ
Рассом Алижон Турдалиевга

Тўғри, мен қоғозлар билан яшайман,
Таомим қоғоз ва ётоғим қоғоз.
Ҳаётим қоғоз-ла, атоғим – қоғоз,
Устимга-да кўрпа қилиб тўшайман.

Маъно бор мана шу қоғоз ичинда,
Мазмун ҳам тархида унинг яширин.
Қоғозга эҳтиром яшар ичимда,
Тотли бир туйғу бор унда, хўп ширин.

Кўрганман, бобомлар парча қоғозни
Кўзларга тўтиё, азиз билганлар.
Худди асрагандай энг қиммат созни
Авайлаб шифтдаги михга илганлар.

Аллоҳнинг зикри бор деганлар унда,
Ҳеч қачон йиртмаган ва ёқмаганлар.
Турарди осиғлик баланд тўсинда,
Ювуқсиз кўз бирла ҳеч боқмаганлар.

Шунчалар муҳтарам экан бу матоҳ,
Арзийди ҳар қанча севиб асраса,
Умрига нур кирар экан ҳам офтоб,
Қоғозга ўраниб кимки ухласа…


Бўсангнинг заҳри бор экан, кеч билдим,
Оғир тушди ёшлик бошлаган савдо.
Бўйнимга рўзғорнинг тўрвасин илдим,
Хайр, минг бир орзу. Салом, муаммо!

Нима бўлганини кеч билдим, кейин –
Товонимни тошлар қонатган асно.
Алҳол, тўғрилади йиллар суробим,
Елга отди бахтим у яккаш хато.

Ҳар қандай кимсани ёшлик ҳаваси
Ҳаёт гирдобига ташларкан, абас.
Шўх-шаън туйғуларга учиб, нафаси
Бўғзига тиқилиб чопаркан бесас.

Ёшлик – бебошлик-да, дегандай кимдир,
Йўлчининг манзилдан адашмоғи бор.
Бир бошга бир ўлим, ҳаёт ҳакамдир,
Тақдирнинг қамчисин бир тушмоғи бор.


Худойим, қоврилдим бахтнинг доғида,
Икки товонимдан тутди аланга.
Аввал ҳузурландим васл ардоғида,
Кейин наштар урди бор жисму танга,
Ўзимга келибман фирдавс боғида.

Шунча синовларга ташладинг нечун,
Наҳотки, ўлдирдинг – қайта яратдинг,
Кўрсатмоқчи бўлдинг яратмиш кучин,
Жисмимдан анвойи ифор таратдинг,
Ва ёки олдингми севганим ўчин?!.

Энди аввалгидан минг бор енгилман,
Тафаккурим равшан, бамисли олмос.
Бироқ энди фақат ўзингга қулман,
Меҳрингга йўғрилган вужудим толмас,
Қаерга бошласанг боргувчи йўлман.

Товланар ҳар битта заррам мужаррад,
Шаффофлик сиёқи чулғади тамом.
Икки пари тинмай куйлар нақорат:
Ҳеч кимса ҳаёти топмасин итмом,
Адо этмагунча руҳий таҳорат!..

Мусо Акмал (Мусохон Акмалов) 1960 йил 28 июлда Наманган туманидаги Хўжақишлоқда туғилган. 1986 йили Наманган давлат педагогика институтининг филология факультетини тамомлаган. 1983 йилдан журналистика соҳасида хизмат қилади. 2006 йилдан Наманган вилоятида нашр этиладиган “Тиббиёт ва замон” илмий-оммабоп, ижтимоий-маънавий журнали бош муҳаррири.
“Юрак мактублари” (2004), “Орзу азоби” (2006), “Муҳаббат мўъжизаси” (2011), “Ўтаётган кунлар” (2017) номли шеърий тўпламлари чоп этилган. Ўндан ортиқ ҳикоялари ва “Тилла узук сири” қиссаси матбуотда эълон қилинган.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *