Набижон Боқий. Шукур аканинг боғи

Эссе

Ёрсиз ҳам бодасиз Маккага бормоқ не керак,
Иброҳимдин қолғон ул эски дўконни на қилай?!

Бобораҳим МАШРАБ

Ўзбекистон ёзувчиларининг Арғин қишлоғи ўрамида жойлашган Дўрмон қўрғончасида Шукур Холмирзаевнинг олти-етти сотих чамаси боғ-ҳовлиси бор. Киночилар оромгоҳи ёнидан кирилса, дарвозадан сўнг кўзга ташланадиган иккинчи (ўнгдан) боғча Шукур аканинг шахсий мулки ҳисобланади. Шукур ака – мулкдор, мўъжаз боғчасида ўзини помешчикдек ҳис этарди. Дастлаб бу ерлар ёзувчи-шоирларга тақсимлаб берилганда ёппасига шафтолизор бўлган. Янглишмасам, биринчи бўлиб таниқли таржимон Ҳасан Тўрабеков иморат қуриб, боғчасини ўраб олади. Кейин Шавкат Раҳмон иморат пойдевори ўрнини эринмасдан кавлаб чиқади: у боғчасига қумғон келтириб қўйган, қўлбола ўчоқ ясаб чой қайнатарди. Баъзан шафтоли салқинида Шавкат Раҳмон билан Шукур акани чойлашиб, гурунглашиб ўтирган ҳолда учратиш мумкин эди. Улар бир-бирини самимий ҳурмат қиларди.
Шукур ака икковимиз етти-саккиз йил Ижодкорлар меҳмонхонасида нари-бери яшадик. У иккинчи қаватда, қўш табақали ойнаванд эшик тепасидаги 14-хонани мустаҳкам эгаллаган бўлса, камина учинчи қаватдаги 39-хонада яшар эдим. Шукур аканинг хонаси бинонинг ўнг қанотида, телевизор қўйилган фойе ёнида жойлашган; мен эсам сўл қанотда, деразаси ҳовузга, олмазорга қараган ҳужрада қўноқ бўлган эдим. Шукур акага кўчадан келадиган машинаю одамларнинг ғўнғирлаган товушлари эшитилиб турарди. Менинг ҳужрамга деярли ҳеч қандай овоз эшитилмасди. Уч қаватли меҳмонхонанинг иккинчи ва учинчи қаватларидан, яна-тағин икки чеккасидан ошиён танлаганимизга сабаб шуки, баъзан бирортамиз ярим кечасигача ёки тонг-саҳарда ёзув машинкасини чиқиллатиб, қўшнимизни беҳаловат қилишимиз мумкин эди. Қолаверса, кун тартибимизда режалаштирилмаган меҳмондорчилик бошланиб кетса, ўринли-ўринсиз баҳс-мунозара авж олар, бақир-чақир, эски ашулаларнинг жўровоз садоси ён-атрофга баралла эшитилар эди. Албатта, кўпинча мен Шукур акани ёки у киши мени ўз хонасига таклиф этарди. Бироқ меҳмондорчиликка бориш-бормаслик мутлақо ихтиёрий эди, биз бир-биримиздан асло хафа бўлмасдик. Имкон қадар бир-биримизга халақит бермасдик. Тўғри, “бир-биримизга халақит бермаймиз” деб атай келишиб олмагандик; бу ойлар, йиллар давомида ўз-ўзидан таомилга айланиб қолган эди. Таомил эса бориб-бориб кўникма ҳосил қилади.
Битта стол атрофида ўтириб нонушта қилардик, кечки овқатни ҳам бирга тановул қилардик. Иш кунлари шаҳарга тушиб кетсам тушлик пайти Шукур ака ёлғиз ўтирарди.
Куз, қиш, баҳор фаслида Ижодкорлар меҳмонхонасида кўпинча Шукур ака икковимиздан бошқа ҳеч ким бўлмасди. Гоҳ-гоҳида вилоятлардан бир-иккита қаламкаш келиб қоларди, баъзан Тошкентда истиқомат қиладиган таниш-билиш адиблар хотинидан, бола-чақаларининг ғишавасидан безор бўлиб ёки қандайдир “қатъий буюртма”ни юмалоқ-ёстиқ қилиб охирига етказиш баҳонасида боғда пайдо бўлиб қоларди. Улар мўъжаз муҳитнинг умумий маромига деярли таъсир этмасди.
Сўнгра “Аралашқўрғон”, “Ҳисорак” каби тўқима номлар остида тилга тушган ҳудудий бирлик қамровида овулдош, қовулдош бўлдик. Йил – ўн икки ой давомида Шукур ака ҳар куни эрта тонгда боғчасига чиқиб кетарди. Баҳор, ёз, куз фаслида қандайдир юмушларни бажариб, агар шудрингми, шабнам тушган бўлса, шимининг пойчалари ҳўл бўлиб қайтарди.
– Нима қилдингиз? Ёрдам керакми?
– Э-э, майда-чуйда ишлар кўп, – деб қўл силтарди. – Ўзим боғчамнинг бир чеккасида сигарет чекиб ўтириб-ўтириб, охири бир нарса қилиш кераклигини аниқлаб оламан; ишнинг кўзи очилиб кетса, вақт ўтганини ҳам сезмай қоламан…
Аввало, Шукур ака боғчасига чайла қуради (“Ленин бобо ҳам ишни Фин кўрфазида чайла қуришдан бошлаган”). Илгари хонасига келтириб қўядиган иш қуролларини – кетмон, белкурак, ўроқ, гулқайчи, дастарра, болта, болға ва ҳоказоларни чайла томида қолдирадиган бўлади. Сўнг боғча атрофини мол-ҳол кирмаслиги учун қўра қилиб ўрайди. Эшик ўрнига ходалардан тўсиқ ясайди. Аста-секин танлаб-танлаб кўчат экишга киришади. Назаримда, мевали кўчатлардан ҳам илгари ҳар хил гул кўчатларини экади. Қайдандир “хитой атиргули”ни топиб келади. Бир томонга атиргуллар ўтқазади; ҳовуз қазиб четига қизил атиргул кўчатини ўрнаштиради. Бу гулни тарвақайлантириб ўстиради; у жангалга айланади. Кўчадан жангал орқасидаги чайла, чайлада ўтирган одам кўзга ташланмасди.
Баҳорда помидор, бодринг, булғор қалампири, картошка, сабзи, пиёз экиладиган махсус жой ҳозирланади. Кеч кузда уч-тўрт жўякка албатта саримсоқпиёз экилади. Анор кўчатлари ҳар кузда албатта кўмилади. Ҳар туп дарахт ости юмшатилиб ўғитланади, сабзавот экиладиган ерга ҳам ўғит солинади. Эрта баҳорда биринчи бўлиб наргис гуллари барқ уриб очилади. Боғчани ранг-баранг гул-чечаклар қоплайди, ям-яшил ўтлоқ кўзни қувонтиради. Боғча ўртасига қўлбола стол ўрнатилиб, икки томонига тахта ўриндиқ қўйилади. Боғчанинг адоғидан жилдираб оқиб ўтадиган ариқча бўйига ғишт қалаб ўчоқ ясалади. Ўчоққа яраша қозонча келтириб қўйилади, чойгум ҳам ўчоқбошидан жой олади.
Боғчада гулу гиёҳлар, ниҳолчалар, нишона берган кўчатлар, расмона мевага кирган дарахтлар икки юз тупдан кўпроқ, уч юз тупдан камроқ бўлса, ҳар бирига Шукур аканинг қўли теккан, ҳар бирига меҳри тушган.
“Улуғ-кичик мени умидворлик била ирашиб юрийдурганлар икки юздин кўпрак, уч юздин озроқ бўлғай эди”, деб ёзади хотираларида Бобуршоҳ.
Шукур ака боғчасида ўзини меҳр-мурувватли шоҳдек ҳис этарди; ям-яшил ўтлоқ, гул-гиёҳлар, дов-дарахтлар унга умидворлик билан тикилиб тургандек туюларди. Шу боис ҳатто қалин қор тушган қаҳратон қиш кунларида ҳам Шукур ака албатта боғчасидан хабар олиб қайтарди; эгилиб қолган шохлардан қорни силкиб туширар, ўчоқ устига ёпиб қўйилган тахтани қордан тозалар, тўнкага омонат ўтириб бир-икки сигарет чекар эди.
Кейинчалик боғчанинг бир чеккасига кичик-катта икки хонадан иборат кулба тикланади. Кулба қурилишига атайлаб Бойсундан келган Неъматжон исмли укаси бош-қош бўлади. Неъматжон ака ниҳоятда камсуқум, хокисор йигит экан. У ишга ўтиб-қайтиб юрадиган Иброҳим Ҳаққул билан кўп бора ҳамсуҳбат бўлиб, ошно тутинади.
Қишда совуқ кучайиб кетган пайтлардагина Шукур ака шаҳардаги квартирасига жўнаб кетарди. Боғда қолган мухлислари, қадрини биладиган укалари аҳён-аҳён у кишини йўқлаб борарди…
Ҳаётнинг, адабиётнинг ўзгармас ўлчамлари Шукур ака шахсиятининг, ижодининг асосий мезонлари эди. У кишини яқиндан билмайдиган одамлар учун бу гап дафъатан ғалати туюлиши мумкин. Ҳа, дафъатан эриш туюлади. Лекин шу гапдан кейин хийла сукут сақланиб жиддий ўйлаб кўрилса, ўй-хаёллар хас-хашаклардан тозаланса, охир-оқибат иқрор бўласиз: ҳаётнинг, адабиётнинг ўзгармас ўлчамлари борлигини Шукур ака яхши биларди. Ҳар хил сабаб-баҳоналар билан деворга тақаб қўйилган чоғларида ҳам ўша ўлчамларни қўйиб юбормасди.
– Менга қаранг, мулла! Ақлингиз етмаган ишга нега бурнингизни тиқасиз?! Ахир, гап нима ҳақида кетаётганини тушунмайсиз-ку! Ёки Шукур Холмирзаев билан улфатчилик қилдим, энди ҳамма нарсага аралашишим мумкин деб ўйлаяпсизми?! Подумаещ!.. Пошёл вон!.. – деб бирдан эшикни ёки кўчани кўрсатиб қўярди.
Шукур ака табиатини, ички оламини яхши билмайдиган “янги меҳмон” бундай пайтларда довдираб қоларди.
– Пошёл вон!.. Иккинчи кўзимга кўринма! – деб бир қошини баланд, бир қошини пастга қилиб гулдурак товушда такроран буйруқ берилгач, шикоятга ҳеч қандай ўрин қолмасди.
Арғинда яшайдиган Холмирза амаки исмли ёши улуғ қозоқ чол ёзувчиларнинг қаровсиз чорбоғларига экин-тикин экиб, мол-қўйларини шу ерларда боқиб юрарди. У киши кўп йиллар давомида геолог бўлиб ишлаган, Ўзбекистоннинг олис вилоятларини кезиб чиққан, бир сўз билан айтганда, дунё кўрган зот эди. Бундан ташқари, Холмирза амаки китобхон бўлиб, қўлига тушган асарларни эринмасдан мутолаа қиларди. У Шукур аканинг чинакам мухлиси эди. Баъзан Холмирза амаки ўзи ўқиган қайсидир асар ҳақида жайдари фикр-мулоҳазаларини баён этарди, эътирозларини билдирарди. Бундай пайтларда Шукур ака тафсилотларга тўхталмасдан “ҳа” ёки “йўқ” деб лўнда жавоб берарди-да, муайян бир воқеа, аниқ бир детал хусусида гап бошларди. Сўнг шу ҳақда Холмирза амаки қандай фикрда экани билан қизиқарди. Ер тузилиши, тупроқ қатламлари, чўл-саҳроларда қандай қушлар, ёввойи ҳайвонлар яшаши каби мавзуларда бошланган суҳбат соатлаб давом этарди.
Ёки бўлмасам, кутилмаганда Сирдарёдан шоир оғамиз Тўра Сулаймоннинг тўнғич ўғли Неъмат “жаҳонгир” келиб қолардию салқин жойга экилган анор кўчатларига шакл беришга, ғовлаган шохларини бутаб олишга киришиб кетарди. Неъмат билан ҳам Шукур ака соатлаб суҳбатлашарди; бирга овқат пиширишарди ва ёш дўстининг Қозоғистон чўлларида, Россия ўрмонларида бошидан кечирган саргузаштларини завқ билан тинглар эди. Неъматбой бўлса, ҳар гал “Ҳовлимиздан беш-ўн туп анор кўчати келтириб, ўзим экиб бериб кетаман”, деб ваъда берарди. Шу кетганча анор пишган кезларда қўққисдан пайдо бўлиб, суҳбатни қолган жойидан давом эттириб кетаверарди…
Шукур ака ўзи яхши биладиган, ақли етган мавзуларда гапирадиган одамларни яхши кўрарди. Қайси соҳада бўлмасин, чаласавод – дилетант кимсаларни жини суймасди.
Муҳаммад Юсуф “қўшиқчи-шоир” сифатида гуриллаб юрган кезларида мухлисларидан биттаси унга чумчуқ отадиган “воздушка” милтиғини совға қилади. Муҳаммаджон шу милтиқни елкасига белкуракдек ташлаб олиб боғ оралаб юрадиган одат чиқаради.
– Йўл бўлсин, йигит?
– Овга чиқдим. Беш-ўнта олақанот (майна) отсам, шўрва қиламиз. Келинг.
– Хўп.
Лекин шоир ҳадеганда шўрвага яраша қуш ота олмасди: битта-иккита чумчуқ, битта-иккита мусича отиб, кенжатой қизи Мадинанинг арзанда кучугини “меҳмон” қиларди, холос.
– Нега мусичани ўлдирдингиз? Увол бўлмайдими?
– Увол бўлади, худонинг ўзи кечирсин. Бироқ, мусичалар ўлгудек гўл бўлар экан, ўзини нишонга тўғрилаб беради; беихтиёр тепкини босиб юборганимни билмай қоламан. Олақанот бекорга “майна” дейилмас экан; нишонни тўғрилаб олгунимча бир жойда жим туради, тепкини босар-босмасимдан дик этиб ён томонга сакраб чап беради. Алам қилади одамга. Охири, бақрайиб турган мусичани отишга мажбур бўламан, – дерди Муҳаммад Юсуф кулимсираб.
Бир кун пешин маҳали Муҳаммаджоннинг боғ-ҳовлисига ўтсам, не тонгки, улар Шукур ака билан “ўқ отиш бўйича машғулот” ўтказаётган экан.
– Келинг, ўтиринг, – деб чорпоядан жой кўрсатди Муҳаммаджон. –Лекин бизга халақит берманг.
Тол соясига эски шолча тўшалган, улар ёнма-ён ётиб олишган, чорбоғнинг кунботар томонига, йигирма-йигирма беш қадам чамаси узоқликка, уват-марзага шампан виносидан бўшаган катта шиша санчиб қўйилган, шишанинг кетига ёш боланинг муштидек қуртлаган қизил олма ўрнатилган эди.
– Тепкини босаётганингизда кучанманг, кучансангиз нишон ўзгариб кетади. Қўндоқни елкага маҳкам тиранг! – деб Шукур ака йўл-йўриқ кўрсатади.
Муҳаммаджон мен келгандан кейин бешинчи марта ўқ отишида шишани чил-чил синдирди.
– Яхши, – деди Шукур ака мамнун бўлиб, – ўқ олмадан бор-йўғи бир сантиметр пастга тегди. Яна икки соат машқ қилсак, олманинг ичидаги қуртни ҳам отиб ўлдирадиган бўласиз.
Ўринларидан туришди. Сўрашдик.
– Бир сантиметр пастга ўқ текканини қайдан билдингиз? Эҳтимол, ўқ шишанинг белига теккандир? – дедим ишонқирамай. Кулдим.
– Юринг, кўрсатаман, – деди Шукур ака.
Пайкал оралаб нишон томон бордик. Шукур ака оёқ устига ўтириб шишанинг йирик парчаларини жой-жойига қўйиб кўрсатди:
– Дарз кетган чизиқларни кўряпсизми?.. Барча чизиқлар шишанинг кетига яқин жойдан бошланяпти. Яъни, бир сантиметр пастдаги нуқтага бориб туташяпти ҳамма чизиқлар. Демак, ўқ ўша жойга теккан, – деб шиша синиқларини жўякка ташлаб қаддини ростлади. – Диққатини бир жойга тўплай оладиган одам ўқ йўналишини кўра олади.
Қўлларимни икки томонга ёздим: Шукур аканинг гаплари рост эканини билдим, лекин йигирма-йигирма беш қадам нарида туриб зиғирдек ўқнинг шишанинг айнан қаерига текканини кўриш ёки билиш мумкинлигини барибир тасаввур эта олмадим.
Шукур аканинг иккита ов милтиғи бор эди; биттаси бузуқ, иккинчиси тузукка ўхшарди, лекин ўқ отганини кўрмаганман. Фақат ўзи ҳақида ишланган ҳужжатли фильмда деворга осиб қўйилган милтиққа ишора қилиб: “Агар ёза олмай қолсам, Хемингуэйга ўхшаб…” деб “эффект” чиқармоқчи бўлганда кинохона раиси Мурод Муҳаммад Дўст бунга изн бермаган: “Бориб айтинглар, Шукур ака тек ўтирсин, ёзолмай қолган куни ўзим боғига бориб отиб келаман”, деган экан жиддият аралаш. Умуман, Шукур ака ёшлигида яхши овчи бўлган.
Шукур ака маъюс жилмайиб, бош чайқаб қўйди.
– Ишонмаяпсиз-а? – деди Шукур ака. – Баъзан шу қадар нозик нарсалар бўладики, уни мантиқан тасаввур этиш ниҳоятда мушкул, унга ақл бовар қилмайди. Буларни фақат ҳис қилиш мумкин, агар ўша нарсани ҳис қила олмасангиз, демак сизда шунга қобилият йўқ; рационал уруғ ичингизда бўлса, вақти-соати келиб ниш уради, нишона беради. Бўлмаса, бўлмаганга бўлишма, дейдилар. Тақдирга тан бериш керак, вассалом. Ҳамма ёппасига овчи ёки мерган бўлиб кетаверса, подани ким боқади?! – деб орқасига қайтди.ШХ
Муҳаммаджон ҳам қиқирлаб кулди.
– Одамнинг талантли эканини ўз фикрини қандай ифодалашидан ҳам билиш мумкин, – деди Муҳаммаджон менга қараб. У Шукур акани назарда тутган эди.
– Шоир, хушомад қилманг, мен хушомадни ёмон кўраман, – деди Шукур ака пўписа оҳангида. Чорпоянинг бир четига оёқларини осилтириб ўтиргач, мийиғида кулиб қўйди. – Лекин хушомад одамга барибир ёқади… Қани, анавиндан қолганми? – деб дастурхонга ишора қилди.
– Ҳа-а, майна шўрвами? – дедим талмовсираб.
Кулишдик. Пиёлаларга “анавиндан” қуйилди. Олинди.
– Муҳаммаджонди “Лолақизғалдоқ” шеърини ўқидингизми? Шавкат Раҳмонга бағишланган. Яхши шеър ёзибди, маладес… – Шукур ака помидорни газак қилди.
– Дарров “товоққайтди” қиляпсизми? – дедим.
– Йўқ, мен рост гапни айтяпман, ўлай агар, – деди Шукур ака. – Муҳаммаджон енгил-елпи нарсалар ёзиб, кўп вақтини беҳуда ўтказяпти. Бу гапим ҳам рост.
– Тўғри, – деб Муҳаммаджон кўкракларини уқалай бошлади. У уч-тўрт ой бурун ўзининг машинасида авария бўлган, энди-энди асил ҳолига қайтаётган эди. – Энди шунақа ишларни бас қиламан.
Оқшомгача уёқ-буёқдан гурунглашиб ўтирдик.
Шукур ака назарига тушиб қолган ёш шоир-ёзувчиларнинг қадамини зимдан кузатиб борарди. Қачонки илк таассуротлари тасодиф эмаслигига ишонч ҳосил қилгач, кимгадир ғойибона меҳр қўярди. Бу ҳолатини “ойнаи жаҳон”да Шириннинг рухсорини кўриб ошиқ бўлиб қолган Фарҳодга ўхшатиш мумкин. Ўзини кўрмасдан, гаплашмасдан меҳр қўярди-қоларди. Туйғуларига ишонарди, туйғулари уни алдамасди.
– Иқбол олдингизга келиб-кетиб юради-а? – деди бир куни.
– Ҳа, – дедим.
– Яна келса, айтинг, учрашайлик. Шу йигит бошқача, ҳеч кимга ўхшамайди.
Маълум бўлишича, Шукур ака яқинда Иқбол телевизорда шеър ўқиганини кўрибди.
– Йиғладим, – деди. – Вой, уккағар-эй, мени йиғлатди-я!
Кулдим.
Орадан бир неча кун ўтгач ҳамшаҳарлар Муҳаммад Шарифнинг машинасида “гилос сайли”га келиб қолишди. Улар орасида Иқбол кўринмади.
– Иқбол келмадими?
– Шукур ака боғида ишлаётган экан. Бораверинглар, мен Шукур ака билан сўрашиб бораман, деди, – деб изоҳ берди Азизбек. – Аслида, мен ҳам сўрашиб ўтсам бўларди, лекин Ўткир акам машинадан туширмади.
– Ҳа, сиз ҳам Шукур аканинг боғида қолиб кетсангиз, овқатни ким пиширади? Муҳаммад Шарифми? – деди Ўткир.
– Э-э йўқ, мен ош пиширишни билмайман, мен гилос тергани келганман, – деб Муҳаммад Шариф туфлисини ечиб водапровод томон кетди. У томондан норози товуши эшитилди: – Ўзим ўрисга ўхшаган кўк кўз бўлсам, яна ош пишираманми?!
– Ўзбекнинг кичиги ўзим эканман, – деб Азизбек ўчоққа ўтин қалай бошлади.
Ҳадеганда Иқболдан дарак бўлмади. Зирбак аллақачон тайёр бўлган, вақт пешиндан ўтган. Кўплашиб палов ҳам дамладик. Азизбекдан бир товоқ паловни Шукур аканинг боғига бериб юбордик. У жилмайганча қайтиб келди.
– Мушоира бўляпти, – деди Азизбек. – Лекин мени ҳайдаб юборишди.
Овқатландик.
Иқбол шомга яқин келди.
– Узр, ушланиб қолдим, – деди Иқбол бош чайқаб. – Шукур акани ниҳоятда тунд одам бўлса керак деб ўйлардим, бошқача экан. Орқамдан Шавкат Раҳмоннинг дачасигача кузатиб чиқди, ноқулай бўлди. Кўчада тик турғазиб қўйиб Шавкат акамга бағишланган шеъримни уч марта ўқитди; Барот Бойқобилов чорбоғида юрган экан, ҳайрон бўлиб бизга қараб-қараб қўйди. Охири Шукур ака: “Бўлди, кетинг, ҳозир мени яна йиғлатасиз!” деди. Кетар чоғим, “Шукур ака, жонон йигит экансиз!” дедиму қочдим. У кула-кула йўл четидан тош қидириб қолди.
Иқболнинг “Қачондир” шеърини Шукур ака бошқача яхши кўрарди:
Қачондир довдираб турган қулунлар,
Қуёшни илк бора кўрган қулунлар,
Оёғи чалишиб юрган қулунлар
Учқур саман бўпти аллақачонлар…
Кейинги сафар “хумор босди” учун Шукур аканинг боғига Азизбекни юбордик. У ҳам оқшомгача боғда қолиб кетди. Азизбек қайтган чоғда меҳмонлар аллақачон шаҳарга тушиб кетган эди. Суҳбат тафсилотларини ҳаяжонланиб ўзимга гапириб берди:
– Шукур ака қизиқ экан, – деди Азизбек бош чайқаб. – Дабдурустдан, “Аъзам Ўктамдан бошқа водий йигитлари бўшанг бўлади!” деса бўладими?!
– Сиз шу ҳукмга рози бўлиб индамай келавердингизми?
– Йўқ, шунинг учун мен Сурхон томонлардан уйланмоқчиман, дедим. Майли, биз кўрмаган бўлсак, фарзандларимиз кўради…
Азизбек Иқболнинг “Қачондир” шеърини етти марта ёдаки ифодали ўқиб берибди, саккизинчи марта ўқишга эса рози бўлмабди.
– Ҳазрат Навоийнинг гувоҳлик беришича, Мирзо Улуғбек Қуръони каримни етти хил усулда қироат қилар экан. Демак, Шукур ака, қироатнинг саккизинчи усули ҳали кашф этилмаган, – дейди Азизбек.
– Вой, аблаҳ-эй, шунақа гапларни қаердан топасизлар-а?! Бундай гапни билиш мумкин, лекин ўрнида ҳимоя ёки ҳужум мақсадида ишлатиш учун жуда катта фаҳм-фаросат керак. Умуман, водий йигитларининг устун томонлари ҳам йўқ эмас, – деб иқрор бўлади Шукур ака.
Унинг гаплари ҳазилми-чин эканини билолмай Азизбекнинг боши қотади. Мен ҳам жўрттага изоҳ бермайман.
Қўйлиқдан аэропортга кетаверишда, йўлнинг сўл томонида Хонобод қишлоғи бор. Бу қишлоқдан сўнг Сергели мавзеси – пойтахтнинг бир қисми жойлашган бўлса-да, лекин Зангиота туманига қарашли маъмурий бирлик ҳисобланади. Биз талабалик йилларимиздан буён Хонободга тез-тез бориб турамиз. У ерда Фазлиддин ота Муҳиддинов (курсдошимиз Фатҳиддиннинг додалари) истиқомат қиларди. Фазлиддин ота ўтган асрнинг 30-йилларида Сурхон воҳасида, хусусан, Бойсун туманида ўқитувчи бўлиб ишлаганлар ва ўша ердан иккинчи жаҳон уришига жўнаб кетган. Ота бизга Абдурауф Фитратнинг маърузаларини, Чўлпоннинг “Клеопатра” достонини афсонавий шоир алломаларимизнинг ўз оғзидан эшитганини гапириб берган эди. 80-йилларда Фитрат, Чўлпон каби шоирлар ўтганини биз ҳали эшитмаган эдик. Табиийки, Рўзимбой икковимиз ниҳоятда ажабланганмиз.
— Фитрат домла Бухоро лаҳжасида гапирарди, оғир-вазмин инсон эди. Чўлпон достонини ўқиётганда ўзи ҳам образга кириб кетарди. Уларнинг китобларини қопларга солиб, чердакка чиқариб қўйган эдим. Афсус, урушдан қайтиб келсам биттаси ҳам қолмабди. Уйимиздан “халқ душманлари”нинг китоблари чиқиб қолса, бирор кор-ҳол рўй бермасин дейишиб Чирчиққа оқизиб юборишган экан, — деб ҳикоя қиларди Фазлиддин ота надомат билан.
Ота суҳбатлари чоғида “Илғор Сурхон учун”, “Ғалла фронти” газеталарида мақолалари эълон қилинганини бир неча бора эслатган эди. Кўнглимда ўша газеталарнинг тахламлари билан танишиш истаги туғилади. Шу мақсадда бир куни республика Китоб палатасига бордим. Сурхондарё округининг “Илғор Сурхон учун” ва Бойсун туманининг “Ғалла фронти” газеталарини буюртма бериб, қироатхонада кутиб ўтирдим. Ҳадемай палатанинг жонкуяр ходимаси Сайёра опа уч-тўртта тахламни архивдан чиқариб берди. Дастлаб, газетанинг 1937 йилда чоп этилган сонларини сўраган эдим. Сарғайиб кетган саҳифаларни варақлай бошладим. У пайтларда лотин алифбеси жорий этилган эди.
“Илғор Сурхон учун” газетасининг 1937 йил 2 феврал куни чоп этилган 26-сонида “Методик маслаҳатлар” рукни остида эълон қилинган “Катталарнинг чаласавод мактабларида ўқишни қандай уюштириш керак?” номли мақолага дуч келдим. Мақола муаллифи “Муҳиддинов” деб кўрсатилган эди. Аксарият мақолаларда муаллифларнинг исми ҳам, исмининг бош ҳарфи ҳам ёзилмасди. Редакция томонидан ёзилган сўзбошини ўқидим:
“Қуйида Бойсун район маорифининг мактаб инспектори ўртоқ Муҳиддинов катталарнинг чаласавод мактабларида ўқишни қандай уюштириш лозимлиги тўғрисида ўз мулоҳазаларини айтади. Ҳақиқатан ҳам, ҳарфлар билан кўз таниш бўлиб олгач, уларни бир-бирига уриштириб ўқишга оз-моз ўтгандан чаласаводлар орасида китоб ўқишни қандай ҳолда қўйиш зарурлигини аниқлаб олиш муҳим масала. Бу айрим ўқитувчи ўртоқларнинг ўз тажрибаларини ўртага ташлашлари натижасида аниқланади. Ўқитувчилардан бу ҳақда ўз фикрларини редакциямизга юборишларини сўраймиз”.
Мақола унча катта эмас. Боз устига, муаллиф тавсиялари ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмагандек туюлади. Мана, кўчирмага эътибор беринг:
“Тез ва тушуниб ўқишни ўргатиш учун яна тубандагиларга риоя қилиш зарур:
1. Тез ўқиган нарсани тушуниш учун жумлалари бир-бирига яхши боғланган бўлиши керак. Агар жумлалар бир-бирига яхши боғланган бўлмаса,тез ўқишга анча қийинлик келтиради.
2. Ўқиш вақтида дастлабки ўқиш вақтидагидай бармоқ билан кўрсатиб ўқишга ўрганмаслик керак. Ўқиётган материални кўз билан кузатиб борганда тез ўқишга осон ўрганиш мумкин.
3. Китобни маълум даражадаги узоқликда тутиб ўқиш лозим.
4. Ўқишнинг вақтини ҳисобга олиб бориш лозим.
5. Ўқитилган текстнинг маьносини сўраш зарур.
6. Бундан ташқари, алоҳида узун мақолаларни уйда ўқиш учун топшириб, классда сўраб кўрилсин…”
Менимча, бундай методик кўрсатмаларни 60 йилдан кейин ҳам бошланғич синф муаллимларига дастуруламал сифатида тавсия этиш мумкин.
Маълум бир йўналиш бўйича архивда шуғулланаётган одам истаса-истамаса мавзудан четга чиқади. Биринчидан, ўша даврни тўла-тўкис тасаввур этиш учун қамровни кенгроқ олиб, ижтимоий ҳаёт батафсилроқ ўрганилиши лозим. Иккинчидан, ҳар доим ҳаёт мураккаб қатламлардан иборат бўлади; бир қатламда мўътадил оқим қарор топган бўлса, бошқа қатламда пўртана-тўфон авж олиши мумкин. Бу ҳол беихтиёр диққат- эътиборни жалб этади. Мен ҳам кутилмаганда гўё тўфонга дуч келиб қолдим. Мана, “Илғор Сурхон учун” газетасининг 1937 йил 28 феврал, якшанба кунги 48-сонида “Йўлдош Саидов ва унинг кирдикорлари” номли танқидий мақола эълон қилинган экан. Бу мақола ҳали дунёга келмаган бўлажак буюк ёзувчимиз Шукур Холмирзаевнинг тақдирини бутунлай ўзгартириб юборади.
Кўчирма:
“Бойсун райони 1930 йилда ғалла, чорва хўжалигини ўстириш соҳасида катта ютуқларга эришдики, бу ютуқлар Бойсун районини республикамизнинг илғор районлари қаторига ўтиши учун асосий дастак бўла олади. Колхозчи меҳнаткашларнинг ғалладан юқори ҳосил олиш ва чорвачиликни тараққий қилдиришдаги фаолиятлари мисли кўрилмаган даражада ошди. Районда йигирмалаб ғалла, чорвачиликни ўстирган йирик колхозлар вужудга келган бир вақтда Йўлдош Саидов, Матумовлар бошчилик қилган зараркунандачилар группаси ташкил қилинган. Булар районнинг раҳбарлик лавозимларида ишлаб, район партия ташкилоти томонидан юклатилган вазифаларни бажаришдан бош тортиб, ўзбошимчалик қилиб келганлар. Раҳим Шокиров, Хурсанд Эшқулов, Бўри Норқулов каби ўттизлаб растратчи, зиёнчи, қулоқ лаганбардорларни ўз атрофларига тўплаб район партия ва совет ташкилоти раҳбарлари устидан бўлмағур маълумотлар тўплай бошлаган. Булар томонидан берилган материаллар текширилганда мутлақо аниқланмаган. Шундан кейин жиноятчи Йўлдош Саидов ва унинг ёрдамчилари қамоққа олинган эди. Кейинги вақтда нима учундир Йўлдош Саидов бошлиқ группа қатнашчилари қамоқдан озод бўлганлар. Йўлдош Саидов эса қандайдир ижтимоий чиқишини яшириб, партия кандидатлигига ўтиб олган.
1935 йилда Йўлдош Саидов район “Ғалла фронти” газетасининг масъул муҳаррири Холмирзаевнинг б ў ш а н г л и г и д а н фойдаланиб оммавий бўлим мудири бўлиб, шу кундан бошлаб газета ишларига зарар келтириш учун уринган.
Партия ҳужжатларини алмаштириш вақтида Йўлдош Саидовнинг ижтимоий чиқишини яшириб партия кандидатлигига ўтиб олгани аниқланиб, Саидов партиядан ҳайдалган эди. Шундан кейин Й. Саидов яна ўз атрофига қатор маиший томондан бузилган шахсларни тўплаб район партия ва совет ташкилоти раҳбарларини ишдан уриш, раҳбарлик ўринларини ўзлари эгаллаб олиш учун бўлмаган материалларни тўплаб округ партия қўмитасидан тортиб ВКП(б) Марказқўмининг секретари ўртоқ Сталингача ёзганлар. Йўлдош Саидов, Хурсанд Эшқулов, Раҳим Шокировлар ВКП(б) Марказқўмининг секретари ўртоқ Сталинга: “Район партия ва совет ташкилоти раҳбарлари Зокиров, Егоровлар меҳнаткашларга ҳужум қилмоқдалар, ҳаётимиз таҳлика остида туради”, деган ёлғон материалларни ёзганлар. Бу билан ҳам дардларига даво топа олмаганлари учун район партия қўмитасининг нашр афкори бўлган “Ғалла фронти” газетасининг ўзига район партия ташкилотини айблаб хабар ёзганлар. Саидовнинг тулки, маккорлиги билан газетанинг кундалик саҳифаларида қўпол сиёсий хатолар кетиб турган. Бундан бошқа, Саидов пулсиз гўшт бермагани учун Назар қассобни, очередсиз мол бермагани учун магазин мудири Имомқулов ва Раҳимов ўртоқларни бўлмағур баҳоналар билан газетага ёзиб чиққан. Колхозчи мухбирлардан келган жиддий аҳамиятга эга бўган хат-хабарларни газетага ёритиш учун йўл бермаган. Ҳаттоки, Й. Саидов Сайроблик мухбир Жалоловни колхоз зараркунандачилари устидан ёзган хабарларини жиноят эгасига ўқиб берган. Умуман, Саидов газетачилик ишини яхшилаш тўғрисида партия ва ҳукумат қарорларини очиқдан-очиқ бузиб келган…”
Йўлдош Саидов ким экан? Унинг кейинги тақдири нима бўлган? Ҳозир телевидениеда ишлайдиган бойсунлик Азамат “бобоси” Шукур аканинг отасига ҳамкасб бўлганини билармикан?
Округ-вилоят газетасида чоп этилган мақола билан танишиб, “бўшанглик” қилган Холмирзаев кимлигини аниқлаш учун дарҳол Бойсун туманининг “Ғалла фронти” газетаси тахламини варақлаб чиқдим. 1935 йилда масъул муҳаррир Холмирзаев “бўшанглиги” учун ўз вазифасидан озод қилинган экан. Бу газета 1937 йилда “вақтича масъул муҳаррир Т. Зиёхўжаев”, 1938 йилда “в.м.м. А. Пардаев” ўртоқларнинг имзолари билан чоп этилган.
1938 йилнинг 12 февраль куни “Ғалла фронти”нинг 13- сонида “Амон даҳбошининг арзандаси райкамол бошида” номли мақола чоп этилади:
“Кимсан “Амон даҳбоши” деб Бухоро амири вақтида донг чиқариб, ёнида ўн-ўн бешлаб шабгарлари билан Бойсунда ҳукм суриб, меҳнаткашларнинг бошига қонли қамчисини ўйнатиб келгани ҳеч кимдан яширин эмас…”
Бу мақолада район “ёш камол-комсомол” ташкилотининг раҳбари бўлмиш Айша Амонова тўғрисида гап кетади. Бу аёл ҳам худди “бўшанг Холмирзаев” каби қаттиқ танқидга учрайди. Умуман, мақола репрессияга замин ҳозирлаш учун махсус “заказ” билан ёзилгандек таассурот қолдиради.
Фазлиддин ота 1937-1938 йилларда ёзган мақолаларни архивдан олиб ўрганаман деб бошлаган ишим кутилмаганда бошқа ўзанга бурилиб кетди. Вақтинча хайрли ишни тўхтатиб, қисқа танаффус эълон қилдим. Бўшашиброқ Дўрмон боғига қайтдим. Дарвозадан ичкарига кирган заҳотим Усмон Азимни учратдим.
— Усмон ака, Бойсунда Айша Амонова деган раҳбар аёл ўтганини эшитганмисиз?
— Ҳа, биламан, у киши Шукур акамизнинг оналари бўлади, — деди Усмон Азим.
— Ростданми?… “Ғалла фронти”нинг масъул муҳаррири Холмирзаев деган киши Шукур аканинг отаси эмасми?
— Бўлмасам-чи! Нега сўраяпсиз?
Мен бўлган воқеани гапириб бердим.
— Ота-онаси тўғрисида ёзилган эски мақолаларни кўчириб олганимни эшитса, Шукур ака хафа бўлмасмикан?
— Йўғ-э, аксинча, хурсанд бўлади-ку! — деди Усмон ака ишонч билан. — Қани, аввал мен ўқиб кўрай-чи, қизиқиб қолдим.
“Умумий дафтар”имни Усмон акага бердим.
Орадан уч-тўрт кун ўтиб дафтар қайтарилгач нонушта маҳали:
— Шукур ака, отангиз водийдан бўлганми? – деб сўрадим жиддий оҳангда.
— Йўқ, Булунғурдан эди, жузлардан бўлади.
— Эмасам, нега бўшанглик қилган?
— Тушунмадим, — деб Шукур ака оғзига яқинлаштирган пиёласини қайтариб стол четига қўйди. — Отамни айтяпсизми?
— Ҳа, 1935 йилда Бойсунда чиқадиган “Ғалла фронти” газетасининг масъул муҳаррири Холмирзаев бўшанглик қилгани тўғрисидаги чинми-ёлғонми маълумотга дуч келиб, у киши ҳам водийдан бўлса керак деб ўйлаб қолдим. Шу пайтгача отангиз водийдан эканини нега яшириб келдингиз, ҳайронман, — дедим пинак бузмасдан.
Шукур ака битта қошини баланд, биттасини паст қилиб менга тикилиб қолди. Ҳеч нарса бўлмагандек чойимни бемалол ичиб, юзимга фотиҳа тортиб ўрнимдан турдим.
— Мен сизга архивдан олинган маълумотларни бераман, юринг, — дедим. — Кечки пайт шаҳардан қайтаман. Кейин гаплашармиз… Даҳбошининг невараси экансиз-ку!…
Шукур акага “Умумий дафтар”имни хонамдан чиқариб бердим.
Кечки пайт кўришмадик. Шукур ака боғида бўлса керак деб ўйладим.
Эртаси куни нонушта чоғи Шукур акани ҳорғин аҳволда учратдим; кўзлари қизарган, қовоқлари шишган, юзида ажинлари кўпайган эди.
— Ухламабсиз, шекилли?
Индамади.
Апил-тапил чойимни ичиб ўрнимдан турмоқчи бўлдим.
— Бирпас ўтиринг, илтимос.
Сигарет тутатдим.
— Отамни кўрмаганман… Лекин район газетасининг бош муҳаррири бўлганини билардим…
Шукур ака ҳам сигарет тутатди.
Ноқулай жимлик хийла давом этди. Сигарет қолдиқларини кулдонга эзиб ўчирдик.
— Агар суриштирсангиз, делосини архивдан топиш мумкин, — дедим аста.
— Нима фойдаси бор? — деб Шукур ака секин ўрнидан турди. — Кетдикми?..
Индамай ўз хоналаримизга кўтарилдик.
Кечки овқат пайтида Шукур аканинг кайфияти хийла кўтаринки эди.
— Қаранг-а, отам ҳам бўшанглик қилган экан-да! — деб кулди. —Бўшанглик айб ҳисобланган экан, қаранг!..
Бу мавзуда бошқа гап бўлмади.
Шукур ака янги нарса ёзаётган бўлса, ўзи билан овора бўлиб қоларди. Иш тугагандан сўнг орадан бир ҳафта-ўн кун чамаси вақт ўтгач (бу орада қўлёзмага сайқал беради, тузатишлар киритади ва ҳоказо): “Ниҳоят, тугатдим! — дерди чеҳраси ёришиб. — Вақтингиз бўлса, ўқиб кўрасизми?..”
Шукур ака илк бора қачон ва қайси қўлёзмасини менга ўқиб кўриш учун берганини аниқ эслолмайман. Лекин бошқа нарсани аниқ эслайманки, одатда ўқитиш учун берган нарсасини “Ватан” газетасида чоп этилган ҳолда келтириб берсам ҳайрон бўларди.
— Ие, мен фақат фикрингизни билмоқчи эдим, — дерди ич-ичидан қувониб.
— Менинг фикримнинг нима аҳамияти бор, қизиқ экансиз-ку! Келаси ҳафтада гонорарини келтириб бераман, лекин…
— Бўлди, тушунарли, — дерди томоғини уқалаб. — Ишқилиб, бошқаларга ҳам маъқул бўлдими?
— Редакцияда қийқириқ бўлиб кетди, ишонаверинг!
“Казённий” овқатлар баъзан совуқликни ошириб юборарди. Шунда Шукур ака, “Боғимда ош қилмаймизми?” деб қоларди. Масаллиқни кўтариб боғчага йўл олардик. Шукур аканинг ўзи завқ билан паловга уннарди.
Бир куни ошхўрликдан сўнг қўлимга папка тутқазиб “Шуни ўқиб кўринг, илтимос”, деди. Ҳажми 50-60 саҳифа бор, устидан ишланган, жиддий таҳрир қилинган “палсапий рисола” экан. Қўлёзмани тун бўйи ўқидим. Эртаси куни Шукур аканинг хонасига Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романини ҳам қўлтиқлаб тушдим.
— Мен сиздан буни кутмаган эдим, — дедим папкани столга қўйиб диван четига ўтирар эканман. Шукур ака стол ёнида турган стулни мен томон буриб ўтирди-да, бошини эгиб олди. — Ҳали-бери тўхтамайдиган электр тегирмонга янги ариқчадан сув келтириб қўйишингиз шартмиди?! Боз устига, Қодирийдан сўзма-сўз кўчириб олибсиз-ку, уялмайсизми?!
— Йўғ-э! — деб бирдан бошини кўтарди. Ниҳоятда ажабланди.
— Мана, эшитинг! — деб “Меҳробдан чаён” романини хатчўп қистирилган саҳифасини очиб Мирзо Анвар монологини товуш чиқариб ўқий бошладим:
“Мен бек почча бўлолмайман, Раъно. Ўрдадаги тўкилиб турган гуноҳсиз қонлар, доим теваракдан эшитилиб турган оҳу зорлар менинг юрагимни эзади, тичлигимни олади. Яна мен мирзабоши бўлиб қолсам, бу оҳу зорларнинг, тўкилган маъсум қонларнинг ичида билфеъл сузарман. Бу вақт менинг азобим бевосита бўлур. Балки, бунда иштирок ҳам қулурман. Чунки хонга яхши кўриниш учун кўп ишларни унинг истагича кўрсатиш – зулм пичоғини қайраб бериш шу мансабда узоқ яшамоқнинг асосий шартидир. Лекин мен бундай виждонсизлик учун яратилмаган ўхшайман. Мадҳу сано, олқиш ва дуо замирига яширинган зулмдан фарёд, ҳақсизликдан дод маъноларига малҳам бўлиш, албатта, менинг қўлимдан келмас. Чунки “соябони марҳамат” виждон кенгашига қулоқ солғувчи аҳмоқлардан эмасдир. Дадангнинг феъли сенга маълум, Раъно…”
— Бўлди, бўлди! Одамни уялтирманг! — деб Шукур ака сигарет тутатди. — Ҳаммасини тушундим… Акангизни кечиринг… Лекин шунақа бўп қолди-да, нима қилай… Беихтиёр розилик бериб…
— Қўйинг, ўзингизни оқламанг! Барибир уят иш қилгансиз, лекин ихтиёр ўзингизда… Эсингиздами, Бобуршоҳ: “Қосимбек чун давлатхоҳ эди ва менинг номусим анинг номуси эди, белбоғимдин бир тортти, воқиф бўлдим” дейди. Шу.
Шукур ака иқрор бўлди, лекин ўша “буюртмани” барибир матбуотда эълон қилди.
Кейин бу мавзуда ҳам бошқа гап бўлмади.
Ажабки, устоз Эркин Аъзам ҳозиргача: “Кўп меҳнат қилганмиз, цитаталарни обдон тўғрилаганмиз”, деб юради…
Бозор иқтисоди чинакамига бошланди. Дўрмон атрофида ҳам тамшаниб юрадиган бозоргонлар пайдо бўлди. Дастлаб хориждан келган бозоргон хушҳаво жойларни кўриб қулт-қулт ютинади; ўлжани қайси томонидан ютиб юборсам тезроқ ҳазм бўлар экан деб ўйлайди. У бурганинг кетини кўрган ишбилармон-тадбиркор эди ва умуман, ёмон одамга ўхшамасди. Аллақачон кўпчиликнинг ишончини қозонишга улгурган эди: одмигина кийиниб, эл қатори юрарди, овқат танламасди — дуч келган нарсани тик турганча еб кетаверарди. Ўша кимса ҳамшаҳари Шукур ака билан ошна тутинмоқ илинжида атрофида ўралашиб қолди. Уларнинг боғчада гаплашиб ўтирганини тез-тез кўриш мумкин эди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан Шукур ака бирдан тўнини тескари кийиб олди: “тадбиркор”ни боғчасига киритмай қўяди, неча пуллик маҳмадона махлуқ эканини ҳам башарасига очиқ-ойдин айтади. Воқеанинг бундай тус олишини ақли расо одамлар кутмаган эди.
— Нима бўпти? Нега бундай бўпти?..
Чамаси, қўли юпқалик қилиб иморатини битказа олмай юрган ҳалол қаламкашлардан бирининг уй-жойини “тадбиркор” кўтарасига сотиб олмоқчи бўлади. Бу ҳақда Шукур акага маслаҳат солади. Эҳтимол, “ширинкамо” таклиф қилингандир.
— Мулла, менга қаранг, ундан кўра муҳтож дўстимизга қарз бериб турсангиз ўласизми?! — дейди Шукур ака.
— Қарз берсам, қайтара олмайди-ку! — деб ажабланади “тадбиркор”.
— Шуни билиб туриб, бировнинг мусибати эвазига бойлик орттирмоқчимисиз, келажакда бир неча баробар фойда келтирадиган кўчмас мулкни қўлга киритмоқчи бўляпсизми?! Ўргилдим сиздақа Мирзакаримбойдан!
— Шукур ака, сиз мени тушунмадингиз, ахир бутун дунёда шундай.
— Марш отсюда! — деб кўчани кўрсатади Шукур ака тутақиб. — Пошёл вон, бўқвой!
— Сўкманг охир, барибир ўрисчани тушунмайман…
— Иди н….
“Тадбиркор ” қорачадан келган бўлса ҳам кўкариб кетади ва дарҳол жуфтакни ростлайди. У анча пайтгача Шукур аканинг кўчасини айланиб ўтадиган бўлади.
“Менинг номусим анинг номуси эди”, деб иқрор бўлади кейинчалик юпқақўл қаламкаш. У Шукур акадан ғойибона миннатдор бўлади.
Орадан уч-тўрт йил ўткач, мансабидан урилган-сурилган “янгибойлар” қоринларини қаппайтириб, боғ оралаб “ҳазмитаом” учун сайр этиб юрадиган бўлади. Кейин уларнинг ёнига қорин бўшлиғи, ошқозон, киндик, киндикости, йўғон ичак тўғрисида соатлаб гаплашадиган “дилхаста” кимсалар ҳам қўшилади. Улар бирин-кетин хусусий мулк эгаларига айланади; ўртага одам қўйиб ишларини ими-жимида битириб, оҳори тўкилган кийимда, йўл четида пиёда кетаётган қаламкашни кўрса мийиғида кулиб, кўчани чангитиб ўтадиган одат чиқаради. Бора-бора ҳеч ким уларнинг мушугини “пишт!” демай қўяди. Ўйлашадики, “буларнинг эски шляпасидан бошқа, алмисоқдан қолган машинкасидан бошқа яна нимаси бор?!”
Шукур аканинг кулбасига айвончадан кирилади. Айвончага диван билан кичик хонтахта қўйилса, нариги томонга ёнбошлаб ўтиш мумкин, холос. Баҳор ва куз фаслида асосан мана шу жойда ўтирилади.
Баҳор эди. Шукур ака айвонча рўпарасига жўяк тортиб помидор кўчатларини экибди. Кўчатлар тутган, ёнига чўп тиқиб қўйилган. Бир куни боғчага кирсам, Шукур ака ўтлоққа кўрпача тўшаб ўтирган экан. Сўрашганимиздан сўнг ичкарига кириб пиёла олиб чиқмоқчи бўлди; помидор жўяклари оралаб бориб, айвонча тўсиғидан ошиб ўтиб ичкарига кириб чиқди. Ҳайрон бўлдим.
— Кўрдингизми, шунақа бўп қолди, — деди кулиб.
— Айвончага остонадан ўтсангиз бўлмасмиди?
— Шуни айтяпман-да! — Чой қуйиб узатди. — Эрта баҳорда афғонқуш-олақанот айвонча пештоқига ин қурди, кейин тухум қўйди. Яқинда палопонларининг чирқ-чирқ товушини эшитиб қолдим. Олақанот бола очибди. Майли, умри билан берган бўлсин, дедим. Бироқ, энди остонадан айвончага ўтадиган бўлсам олақанот бошим узра айланиб мени чўқимоқчи бўлади, палопонларини қизғанади. Шунинг учун инида ётган, болаларини озиқлантираётган афғонқушни безовта қилмаслик учун пойабзалимни лойга ботириб жўяк оралаб юриб, тўсиқдан ошиб тушадиган бўлдим. Мокиён боя инига кириб кетган эди…
Афғонқуш палопонлари учирма бўлиб инини тарк этгунча Шукур ака айвонча тўсиғидан ошиб ўтиб юрди.
Шукур аканинг боғи доим гавжум бўларди. Турли тоифа , турли табақага мансуб қўноқларни назарда тутаётганим йўқ. Улар ўз йўлига. Шукур ака уларга жиддий эътибор бермасди. Кун бўйи, баъзан бир неча кун таниш-нотаниш одамлар билан вақтини ўтказиши мумкин эди, лекин кўнгли бошқа ёқда бўлар эди, кўнгли қаёқда эканини ўзидан бошқа ҳеч ким билмасди. Даврада бўлаётган гапларга қулоқ солиб ўтирарди, эътиборли воқеалар тўғрисида гап кетса, эслаб қоларди. Айни чоғда кутилмаган мулоҳазани ўртага ташлаб қўноқларни антак-тентак қилиб қўярди:
— Тургенев билан Достоевский учрашмаган-а!.. Йўқ, учрашган, фақат сўрашмаган, шекилли. Ижтимоий табақаланиш, ижодий принциплар баъзан кўнгли яқин ёзувчиларни ҳам бир-бирига бегона қилиб қўяр экан-да! Тўғрими?
Давра анқайиб қоларди. “Причем тут Муртазоев?” деган савол кўпчиликнинг хаёлидан ўтарди. Шукур ака эса пинак бузмасдан яна ўзининг ўй-хаёлларига ғарқ бўларди.
Шукур аканинг боғи доим гавжум бўларди: ҳув марвартак остида битта қўлини тасма-белбоғига тиқиб, битта қўлини пешонасига соябон қилиб Толстой бобо тикилиб турарди; Достоевский ариқ бўйидаги тўнкада деворга қараб тумтайиб ўтирарди; Чехов айвондаги диванда оёқларини чалиштириб ўтирган ҳолда палопонларнинг чуғурлашини тингларди; Пушкин чайлада тик турганча ён дафтарчасига бир нималарни қораларди; Тургенев ичкарида милтиқни қисмларга ажратиб, учига оқ пахта ўралган шомпол билан қувурни мойлаб тозалаяпти – овга ҳозирлик кўряпти; Гоголь бўйнидаги хочни бағрига маҳкам босиб, хаёлан деворда осиғлиқ турган Биби Марям тимсолига тикилиб паст товушда дуо ўқияпти… Руссо, Бальзак, Гюго, Шекспир, Флобер, Жек Лондон, Михаил Шолохов, Хемингуэйлар ҳовур кўтарилиб турган қўр атрофида давра қуриб ўтиришибди; гоҳ-гоҳ кимдир луқма ташлаб қўяди…
Шукур ака меҳмонларига мулозамат қилмасди. Ҳар ким ўзини ўз уйида юргандек, ўтиргандек ҳис этарди. Бу ерда мезбон ким, меҳмон ким – ажратиб бўлмасди. Суҳбат асосан сукунатдан иборат бўларди, фақат сукунат билан ифодалаб бўлмайдиган фикрларгина сўз билан айтиларди. Ҳис-туйғулар эса сукунатда зуҳур этиларди.
Лев Толстой Шукур ака учун сўз санъатининг ўзгармас ўлчами, мезони эди. “Уруш ва тинчлик” муаллифининг ҳаёт ҳикоясини, ижодий фалсафасини беш қўлдай биларди.
“Ҳар бир бадиий асарнинг учта унсурига алоҳида эътибор бериш керак. Энг асосийси – мазмун, кейин мавзуга (предметга) муҳаббат, ниҳоят, ижро маҳорати-техника муҳим аҳмиятга эга. Мазмун билан муҳаббат уйғунлиги таъминланса, яхши асар яратилади. Шунда техника ҳам қиёмига етади… Тургенев асарлари мазмунсизроқ, лекин предметга муҳаббат яққол сезилиб туради, маҳорат ҳам юксак даражада. Достоевский асарларининг мағзи тўқ, аммо маҳоратдан асар ҳам йўқ. Некрасов асарларида мазмун ҳам, маҳорат ҳам жойида, бироқ ҳақиқий муҳаббат етишмайди”, деб “таълим” берган эди Лев Толстой (А. Ф. Кони хотираларидан).
Император Александр II бўлса: “Крепостной ҳуқуқни бекор қилиш тўғрисида қарор чиқаришимга Тургеневнинг “Овчи хотиралари” китоби жиддий таъсир кўрсатди”, деб эътироф этади.
Ана холос! Толстой назарида “мазмунсизроқ” асарлар яратган ёзувчи Тургенев Россиядек буюк салтанат тақдирини ўзгартириб юборишга муносиб ҳисса қўшади.
Толстой бобо Ясная Поляна ўтлоқлари, ўрмонлари, ботқоқзорлари оралаб сайр этиб юрган чоғларида мафтункор табиатни томоша қилиб тўймасди, табиий гўзалликдан битмас-туганмас эстетик завқ оларди. Баъзан сўқмоққа эгилиб қолган ёввойи гулларни ҳассаси билан туртиб қаддини ростлаб қўярди, ранг-баранг капалакларни ҳуркитиб юборарди. Майин шабада эсган заҳоти димоққа муаттар ҳидлар уриларди… Шундай фараҳбахш дамларда шаҳардаги диққинафас хоналарида қоғоз қоралаб ўтирган ҳамкасбларини кўз олдига келтириб, афсуслангандек бош чайқарди, “Оббо эсипастлар-эй, ундан кўра қамоқда ётган афзал эмасми?!”
Шукур ака Лев Толстойнинг феъл-атворини, ўй-хаёлларини яхши биларди. Айрим фикр-мулоҳазалари назарий жиҳатдан тўғри бўлса-да, ҳаёт ҳақиқатига мутлақо мос келмасди. Умуман олганда, Толстой баъзан замондошларини (жамоатчилик фикрини) нуқиб, мувозанатдан чиқариш учун ҳам атайлаб оқимга қарши борарди. Шу тарзда одамларни ўйлашга, мустақил фикр юритишга ўргатмоқчи бўларди. Бировга ақл ўргатиш – ўқитувчилик Толстой бобонинг “хоббиси” эди.
Шукур ака яхши кўрадиган классик ёзувчилардан яна биттаси, шубҳасиз, Антон Павлович Чехов эди. У бор-йўғи 44 йил умр кўрган. 1890 йилда Сахалин оролига сафарга бориб келгач, ўн-ўн беш йил давомида оғир касалликка чалиниб ҳаёт кечиради. Лекин Чехов асарларида ўлим васвасаси асло сезилмайди. У ҳаёт билан ўлимни табиий ҳодиса сифатида хотиржам қабул қилади – чамаси, ич-ичидан охиратга ишонади. Чехов жаҳон адабиётида фавқулодда ҳодиса ҳисобланади. Илгари ҳам, ундан кейин ҳам бундай ёзувчи бўлмаган…
Шукур ака яхши ёзишни кимдан ўрганган? Менимча, ҳеч кимдан ўрганмаган. Ўзи яхши ёзувчи эди. Гап шундаки, ўзининг ҳақиқатан ҳам яхши ёзувчи эканига ишонч ҳосил қилиш учун буюк адибларнинг асарларини синчиклаб мутолаа қиларди. Эсимда, Уильям Фолкнернинг “Танланган асарлари”ни бир ой давомида ётволиб ўқиган эди. Қироатдан сўнг анча пайтгача жиғибийрон бўлиб юрди, “Одамлар ҳам аҳмақ экан! Кўпчилик Фолкнерни ёзувчи деб юрибди, у ёзувчи эмас, эзма — граммофон!”
Ваҳоланки, 1949 йилда У. Фолкнер Нобел мукофоти билан тақдирланган эди.
— Нима бўпти?! Ўн-ўн бешта мияси айниган чол тўпланиб олиб мукофот берса, эски пластинка ҳам ёзувчи бўлиб қоладими?! — дерди Шукур ака расмона ажабланиб.
Дарвоқе, аксарият ўртамиёна қаламкашлар юзларига жиддий (оқилона) тус бериб, савлат тўкиб юрган чоғларида рўпарасидан Шукур ака чиқиб қолса, қочгани жой тополмай қоларди. Бундай пайтда Шукур ака албатта ниш уриб, нишона қолдириб ўтиб кетарди.
— Шукур ака, палончини нега кўпчилик олдида шарманда қилдингиз?.. Энди сассиб юради. Ахир бирибир фойдаси йўқ-ку!
— Фойдаси бўлмаса ҳам ўзининг бир пулга қиммат эканини билиб қўйгани яхши.
Аслини олганда, кўпинча Шукур ака ҳақ бўларди. Сезишимча, у адабиётни ўзининг шахсий боғидек авайлаб-асрашни истарди, боғидек яхши кўрарди адабиётни. Афсуски, боғи ҳам худди адабиётдек рўзғор тебратишига имкон бермасди. Боғ ҳам, адабиёт ҳам битта ёзувчини боқишга қодир эмас эди. Боғида ўкиниб хаёл суриб ўтирганини кўп кўрганман. Айниқса, ўртамиёна қаламкашлар ёстиқдек китобларига дасхат ёзиб Шукур акага тақдим этиб кетганидан сўнг қадр-қиммат тўғрисида маҳзун ўйга толарди. Адабиётни “воситаи жоҳ” этиб олган тенг-тўш ҳамкасблари, “укахонлари” бир-бир кўз ўнгидан ўтаверарди. Яхшиямки, зийрак Иброҳим Ҳаққул Шукур аканинг маҳзун ҳикояларини, замон ва замондошлари тўғрисидаги аччиқ-чучук фикр-мулоҳазаларини ўнлаб оҳанрабо тасмаларга ёздириб олади. Тасмаларга ёзилган сўзлар қоғозга кўчирилса, расмона китоб бўлади. Шунда Шукур аканинг кўпчиликка маълум бўлмаган қирлари, қирралари ярақлаб кўзга ташланади. Лекин у кунларгача ҳали анча бор.
Шукур ака боғини адабиётдек яхши кўрарди. Шу жумлани “адабиётни боғидек яхши кўрарди” деб ёзсам ҳам мантиқан хато бўлмайди, лекин ҳақиқатнинг оёғидан чалиб йиқитган бўламан. Фаҳм-фаросати ҳаминқадар ўқувчи йиқилиб ётган ҳақиқатни кўриб, эшакка ўхшаб тупроққа юмалаяпти, “загар” қиляпти деб ўйлаши мумкин. Шукур ака бўлса, шундай жумлага кўзи тушган заҳоти: “Мулла, ақлингиз етмаган ишга нега бурнингизни тиқасиз, ёзсангиз – тўғри ёзинг, бошимни қотирманг!” деган бўларди. Тўғриси, Шукур ака боғини адабиётдек яхши кўрарди. Бу боғни умрининг охирларида ўз қўллари билан барпо этди. Адабиётга эса бутун умрини бағишлади: ёзувчи бўлиб туғилди, ёзувчи бўлиб яшади, ёзувчи бўлиб вафот этди. Ҳаётни, ҳаётини асарларига кўчирди; адабиётни максимал даражада ҳаётга яқинлаштирди. Буюртма “макалатура” билан ҳақиқий адабиёт ўртасида ер билан осмонча фарқ борлигини аввал-бошдан теран англади.
Жумла кўп нарсани ҳал қилади. Биргина жумла бутун асарни ағдар-тўнтар этиб юбориши мумкин. Жумла – ўқилдизга ўхшайди.
Меҳмонхонада яшаган пайтларимизда ҳар куни кечки пайт фойега чиқиб “Время”ни ёнма-ён ўтириб томоша қилардик. Кўпинча Шукур ака чойнак-пиёласини кўтариб чиқарди. Бир пиёла чой узатарди. Кўрсатув тугагач, дарҳол хонасига кириб кетарди. Бир куни “Время”дан кейин: “Биласизми, Ҳиндистон гимнини ким ёзган?.. Рабиндранат Тагор ёзган”, деб қолди. “Тагор 1941 йил ўлган, Ҳиндистон эса 1956 йилда мустақил бўлган”, дедим ишонқирамай. “Кечирасиз, нотўғри гапирибман. Қаранг, бир жумла мазмунни бутунлай ўзгартириб юборади. Тўғрироғи, Тагор ёзган шеър кейинчалик мамлакат гимни сифатида қабул қилинади. Майли, ҳозир гап бу ҳақда эмас. Гап шундаки, ўша гимнда “Ҳиндистон – менинг жазманимсан (“любовница моя”) ” деган жумла бор. “Жазманим” дейди чол, “рафиқам” демайди. Демак, ўша шеърни ёзаётган пайтида Тогорнинг кўнглига рафиқасидан кўра жазмани яқинроқ экан-да! Эҳтимол, жазман тутиб қўйиш Ҳиндистонда айб ҳисобланмас. Тагор ўз мамлкатини шахсий ҳаётидек яхши кўради. Зўр-а!” деб мириқиб кулади. “Шунақа гапларни атайлаб териб юрасизми, ҳайронман!” дейман ҳазил аралаш. “Нима қилай, хотирамга ўрнашиб қолади, кейин узоқ пайт ўйлаб юраман… “Время”да Ҳиндистонда сув тошқини рўй бергани тўғрисида лавҳа берилган заҳоти Тагор эсимга тушди…”
Шукур ака ниҳоятда синчков эди. Ҳеч нарса унинг назаридан четда қолмасди. Ҳамма нарсани кузатиб, қиёслаб юрарди.
Боғида ҳам бекор ўтирмасди, доим нима биландир машғул бўларди. Агар иш тополмай қолса, “экспримент” ўтказарди. Эсимда, шиғил-шиғил мева қиладиган шафтолининг тепа шохлари қурий бошлади. Шунда дарахт остига, қаердандир топиб келиб, аноргул экди. Бу гул чирмовуққа ўхшар экан, бирпасда дарахтнинг устига чиқиб кетди, шафтолининг ҳамма шохларини қоплаб олди. Тез орада шафтоли қуриб қолди. “Кўрдингизми, эксприментим тескари натижа берди, лекин барибир натижа берди-ку, муҳими — шу! Демак, чирмовиқ гулларни мевали дарахт остига экмаслик керак экан”, дейди Шукур ака кулиб.
Боғ доимий парваришни талаб қиларди.
Шукур аканинг боғи гўё адабиётдан андаза олган эди, адабиётнинг мўъжаз нусхасига ўхшарди.

* * *

Ўрта мактабнинг юқори синфидами ёки илк уриниш билан ТошДУнинг журналистика факультетига ўқишга кира олмаганимдан сўнг Қўқонда ДОСААФнинг профессионал шофёрлар тайёрлаш курсида ўқиб юрган кезларимдами, ҳартугул, бир нарса аниқки, Бағдод райони марказидаги ягона китоб дўконидан (ҳозирги автостанция майдонида жойлашган эди) Иброҳим Раҳим, Адҳам Раҳмат, Назир Сафаров, Мирмуҳсин, Ўткир Ҳошимов, Ўлмас Умарбеков каби ёзувчиларнинг китоблари қаторида Шукур Холмирзаевнинг “Ҳаёт абадий” ҳикоялар тўпламини ҳам сотиб олганман. У пайтларда қўлимга тушган китобни “хатм” қилаверардим. Ёмон китоб бўлса, чоп этилмасди деб ўйлардим. Хуллас, “ақлни пешлайдиган” – ўқувчини “коммунистик ахлоқ кодекси” моддалари асосида тарбиялайдиган “фойдали” китоблар мутолаасидан сўнг “Ҳаёт абадий”ни варақлаб кўрганман. Дастлаб, муаллифнинг исм-фамилияси нотекис туюлган. Одатда, ёзувчиларнинг исми шарифи, тахаллуси сип-силлиқ бўларди. Боз устига, ҳикоя ўқишни унчалик ёқтирмасдим. Чунки аксарият ҳикоялар энг қизиқ жойида тугаб қоларди: кейин нима бўлади?.. Ўқишдан “йиқилиб” қайтган йигит ҳарбий хизматга жўнагани маъқулми ёки хотин олса жамиятга кўпроқ фойда келтирадими?.. Бундай “долзарб” масалага Ў. Ҳошимов билан Ў. Умарбеков қиссаларида баҳоли қудрат жавоб бериларди, лекин кўп ҳикоялар атлас лозимнинг жияклари кўринган заҳоти тугатиларди, юқорироқ кўтарилмасди. Қизиқ жойини қидириб давомини ўқисангиз, кейинги саҳифада келин-куёв комсомол йўлланмаси бўйича ўқишда, ишда, зўр қурилишда юрган бўларди. Ажаб, ёзувчилар жўрттага одамни аҳмоқ қилармикан ёки ўзлари ғирт аҳмоқмикан?.. Романлардан, қиссалардан тайинли бир гап чиқишига паққос ишонмай қўйганим боис “Ҳаёт абадий” тўпламидаги ҳикояларни чўқилаб ўқиб кўрдим. Дафъатан ҳайрон бўлдим, ҳикоялар ғадир-будурдек эди. Астойдил мутолаага киришаман. Бостирмада боғлиқ қолган сигир-бузоқлар чанқаб бўкира бошлайди; уларга ариқдан пақирлаб сув келтириб беришим лозим эди, вақтимни аяб… паншаха-бешлик сопи билан бақироқларини яхшилаб калтаклаб қайтаман. Хийла пайт ҳаммасининг овози ўчади. Навбатдаги ҳикояни ўқий бошлаган чоғимда яна бақир-чақир авж олади, яна-тағин сигир-бузоқларни танлаб-танлаб калтаклаб қайтаман. Мутолаа поёнига етади: ие, шунақа ёзса ҳам бўлар экан-ку?! Шукур Холмирзаев “тўғри” ёзишни билмагани учун шунақа ғадир-будур ёзганмикан? Ҳойнаҳой, сип-силлиқ ёзишни ҳам, тахаллус танлашни ҳам билмаса керак… Муаллиф кўнглимда шубҳа уйғотади, чувалашиб қоламан. Чатоқ бўлади. Ҳамма ёзувчилар бир тараф бўлса, Шукур Холмирзаев бир тараф бўлади. Ҳамма ноҳақ бўлиб, бир кишининг ҳақ бўлиши мутлақо мумкин эмас эди. Мен билган таълимотга кўра, ҳар доим коллектив ҳақ бўларди. Бошқача бўлишини тасаввур эта олмасдим. Тасаввурим чекланган эканини хаёлимга ҳам келтирмасдим. Одамлар нима деркин?.. Ён-атрофимда бу масала юзасидан фикр-мулоҳаза билдирадиган одамнинг ўзи йўқ эди.
Шукур Холмирзаев билан ғойибона танишув мени ажаблантирган, холос.
Орадан кўп йиллар ўтди. 1984 йилда “Ёшлик” журналида “Табассум” ҳикояси чоп этишга тайёрланаётган пайтларда Шукур акани биринчи марта учратдим. Бу пайтда туркум ҳикояларим эълон қилинган, Эрнест Хемингуэйнинг “Ёшлар билан суҳбат”ини таржима қилган эдим. Шукур ака уларни ўқиган экан, хурсанд бўпти. “Нега хурсанд бўлади, ахир ўзи мендан яхши ёзади-ку”, деб ўйлаганман…
Рангонтовда туғилган биродаримиз Неъмат Иброҳим, ёзувчининг кенжа ўғли Жаҳонгир ва мен мустақилликнинг илк йиллари Сурхондарёга бир ҳафталик сафар чоғида Шукур акага ҳамроҳ бўлдик. Бойсунга бориб Шукур аканинг онаси Ойша момони зиёрат қилдик, ёзувчи туғилган хонадонни кўрдик. Сафар давомида Неъмат ака қизиқувчанлик билан Шукур акага юзлаб савол бериб, юзлаб жавоб олган; Шукур аканинг ўзи ҳам Эшон бободан Иброҳимбек ва лақайлар тўғрисида кўп нарсаларни сўраб-суриштирган эди. Янглишмасам, шоир Неъмат Иброҳим ўша сафар таассуротларини аллақачон қоғозга тушириб қўйган бўлса керак.
Дилетант мухлислар, дилетант қаламкашлар муттасил Шукур аканинг бошини қотирарди: Қаҳҳор, Қодирий, Ойбек, Айний; Қодирий, Қаҳҳор, Ойбек, Айний; Ойбек, Қодирий, Қаҳҳор, Айний… Бечора Айний домла ҳар доим рўйхат охирида зикр этиларди. Кўпинча Қаҳҳор бери сурилиб, бошқа ёзувчилар нари суриб қўйиларди. Ҳартугул, Қаҳҳор Шукур аканинг устози бўлган… Шукур ака туйқус тутун қайтариб қоларди:
— Айний домла билан ҳазиллашманг, жипириқлар! Сизлар нимани ҳам билардингиз?! Қаҳҳор-Қаҳҳор эмиш… Нима бўпти ўша Қаҳҳор? Саржин-саржин ўтин ёрди, яна нима қилди?! Ҳатто “Зилзила”ни ҳам охирига етказмаган, юраги дов бермаган…
— Оҳ, ширк кетманг, Шукур ака! Куфр кетдингиз, астоғфурулло денг!
— Пошёл вон! Всем, кругом, шагом марш! Подумаещ…
Қўноқлар шумшайганча бирин-кетин боғни тарк этарди. Албатта, кўчага чиқар-чиқмас мишмишни бошлаб юборишарди.
Аслида, Шукур ака Қаҳҳор мактабини талабалик йилларидаёқ ўтаб бўлган эди, энди Қаҳҳор кўзлаган-у, лекин етаолмаган довонга кўтарилган, аста-аста довондан энаётган эди.
— Довонга чиқиш қийинми, тушишми? — деб сўрашибди туядан.
— Э-э, учинчисининг ҳам гизини… — деб сўкинибди туя.
— Учинчиси нима экан?
— Довонга чиқиб-тушиб кўрмагансан-да, билмайсан. Учинчиси —чанқов! — дейди туя.
Ўша туя, хокисор Матназар Абдулҳакимнинг айтишича, хоразмлик экан.
Довонга чиқиб-тушаётган одамнинг бутун вужуди ўртаниб кетганини томошабинлар қаёқдан ҳам билсин!
Шукур ака вақти-вақти билан “Қуллар”ни, “Қутлуғ қон”ни, “Ўтмишдан эртаклар”ни, “Обид кетмон”ни қайта мутолаа қилиб, ўзида йўқ қувониб юрарди.
Биз ҳам дўппимизни ечиб қўйиб салафларимизнинг асарларини хотиржам мутолаа қилсак кам бўлмасдик.
1873 йилнинг апрель ойида Лев Толстой мактубларининг бирида П. Д. Голохвастовга: “Пушкиннинг насрий асарларини қачон қайта ўқигансиз? Дўстим бўлсангиз, “Белкин қиссалари”ни бир бошдан қайта ўқиб чиқинг. Ўзим яқинда шундай қилдим; мутолаадан сўнг қанчалик роҳат қилганимни сўз билан ифодалай олмайман”, деб ёзган экан.
Толстой бобонинг хотираси ҳаққи-ҳурмати “Белкин қиссалари”ни яқинда қайта мутолаа қилишга киришдим. Туркумдаги биринчи қисса “Отишма” (“Выстрел”) деб номланган. Унда бир-бири билан отишмага (дуэлга) чиққан икки йигит ҳақида гап кетади: Сильвио ниҳоятда мерган бўлади, ҳатто деворга қўнган чивинни ҳам тўппончадан ўқ узиб ўлдира олади, лекин кўнгилхушлик учун ваҳшийлик қилмайди, одамгарчилиги ҳам йўқ эмас. Қисқаси, шу Сильвио ўн-ўн беш қадам нарида турган, илгари ўқ тешиб ўтган тешикчани аниқ нишонга олиб, аввалги ўқ устига яна битта ўқни “ўтқазиб” қўяди. Сильвио Швецария манзараси тасвирланган картина – расм остида турган пайтида рақиби биринчи бўлиб унга қарата ўқ узади, лекин ўқ бошига эмас, айнан картинага тегади ва тешик ҳосил қилади. Ўқ товушини эшитиб ичкарига кирган келинчак дод-фарёд кўтариб ялиниб-ёлворгач, Сильвио ҳақли равишда жавобан ўқ узишдан воз кечади, ташқарига чиқиб кетар чоғида эса остонада тўхтайдию орқасига ўгирилиб картинадаги тешикни нишонга олиб ўтирмасдан ўқ узади: ўқ айнан аввалги ўқ ҳосил қилган тешикка тегади. Яъни, муаллиф айтмоқчики, агар у рақибини ўлдирмоқчи бўлганида борми, хоҳлаган жойидан дарича очиб қўйиши мумкин эди… Яхши, Пушкинга бу борада ҳеч қандай эътироз йўқ; ўқ ўрни гугурт чўпининг учидек бўлса, уни кўриш мумкин, бироқ ўша тешикка битта эмас, иккита ўқ кириб кетганини қандай аниқлаб, кўриб бўлади?! Баллистик текширув – экспертиза оқибатида мутахассислар тешикчага иккита ўқ устма-уст кириб кетганини, эҳтимол, осонликча аниқлаб берар. Қисса қаҳрамони – ровий бир қарашдаёқ картинадаги тешикчадан устма-уст иккита ўқ ўтганни дарҳол айтади. Аммо нимага, қандай далилга асосланиб шундай хулоса чиқаради? Бу саволга ким аниқ жавоб бера олади?.. Тўғри, Пушкин ўқувчини ишонтиради, лекин муҳим бир детални оддий китобхон тушунадиган тарзда асослаб бермайди.
Шунда Шукур акани қидириб қолдим. Шунда Шукур аканинг қадри ўтди.
Афсус, бояги саволим жавобсиз қолди. Балки Толстой, Пушкин каби малакали ҳарбий билимга эга бўлган ёзувчи-ўқувчи учун менинг кўнглимда пайдо бўлган шубҳа эриш туюлиши мумкин. Лекин “Белкин қиссалари”ни умрида қўлига тўппонча ушлаб кўрмаган одамлар ҳам ўқиши мумкинлигини ҳисобга олиши лозим эди. Ё нотўғрими?..
Шу йил ёзда букинист-дўкондан Парда Турсуннинг “Ўқитувчи” романини харид қилиб ўқиб чиқдим. Унда жонли ҳаёт бор экан. Жонли одамлар бор экан. Парда Турсун ҳам чакана ёзувчи бўлмаган экан-ку, деб ўйладим. Сўнг устоз Эркин Аъзамга ўз мулоҳазаларимни айтдим. Эркин ака ҳам бу романни мақтади: “Лекин талабалик пайтимда ўқиганман, шундай бўлса-да ҳаётий лавҳалари ҳамон кўз одимда элас-элас турибди; бадиий асарнинг қиммати кўнгилга қай даражада таъсир этган-этмагани билан ўлчанмайдими? Эҳ, Шукур ака бўлганида аниқ жавоб берарди, аниқ баҳо берарди”, деди.
Шукур аканинг қадри яна билинди.
Ўрхон Помуқ “Қор” романида: “1878 йилда беш юз йиллик қалъа рус аскарларига таслим бўлганидан сўнг мусулмонларнинг бир қисми сурилмиш…” деб ёзади Туркиянинг шимолий қисмида жойлашган Карс шаҳри тўғрисида. Ваҳоланки, Пушкин 1829 йилда “Эрзурумга саёҳат” қилган, ўшанда ҳам Карс шаҳридан ўтиб кетган, чунки Эрзурум ҳатто Карсдан ҳам юз-юз йигирма чақирим ичкарида — Истанбул томонда жойлашган. Демак, 1829 йилда генерал И. Ф. Паскевич томонидан Карс забт этилгач, яна усмонлилар қўлига ўтган экан-да?.. Бу саволга аниқ жавоб олиш учун романни бир четга қўйиб, тарихий асарларни титкилашга тўғри келади. Аслида, малакали муаллиф томонидан ёзилган бадиий асарда ўқувчи-китобхон кўнглида шубҳа-савол уйғотадиган ўринлар бўлмаслиги лозим. Шубҳа ўқувчи ишончини сўндиради.
Шукур ака бадиий адабиётнинг тирик тимсоли эди.
Умрининг охирларида Шукур ака уч жилдлик “сайланма”сини нашрга тайёрлашга астойдил киришади. Хайриятки, жонтортар қизи Сайёра адасининг вақтли матбуот саҳифаларига сочилиб кетган барча катта-кичик асарларини тўплаб юрган экан. Сайёра туфайли Шукур ака “сайланма”нинг биринчи жилдини қўлига олди, иккинчи жилдининг корректурасини ўқиб беришга улгуради. Муаллиф хоҳиши бўйича мен муҳаррир бўлдим, аннотацияларни ҳам ўзим ёздим.
Биринчи жилдга ёзилган аннотация:
“Шукур ХОЛМИРЗАЕВ бадиий солнома яратган ёзувчи. Ўзбек халқининг 50 йиллик ҳаёти ана шу солномада ҳаққоний акс эттирилган. Ҳикояларнинг ҳар бири мустақил асар бўлса-да, лекин улуғвор иморатга қўйилган ғиштга ўхшайди: агар бирорта ғишт ўз ўрнидан олиб қўйилса, иморат қулаб тушмаган тақдирда ҳам, нуқсонли кўринади. Декмак, Шукур Холмирзаев барпо этган иморатни бенуқсон кўриш учун нафақат “танланган асарлар”ини, балки уч жилдликка кирмай қолган бошқа асарларини ҳам мутолаа қилиш керак.
Ҳақпарвар ва халқпарвар адибимизнинг уч жилдлик сайланмаси шак-шубҳасиз кўнглимизни ҳам, китоб жавонимизни ҳам обод қилади”.

Иккинчи жилдга ёзилган аннотация:
“Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур ХОЛМИРЗАЕВнинг уч жилдлик “Сайланма”сининг иккинчи жилдидан 1984 йилда ёзилган “Табассум” ҳикоясидан 1996 йилга қадар яратилган энг сара асарлари ўрин олган. Яъни, мумтоз адибимизнинг бир неча йиллик фидокорона меҳнати иккинчи жилдда ўз аксини топган. Ушбу ҳикоялар китоб ҳолида илк бор нашр этилмоқда. Ўтган давр мобайнида замон ўзгарди, ижтимоий тузум ўзгарди, одамлар ҳам ўзгарди, лекин адиб ўзгармади – у ўзининг ижодий тутумларига содиқ қолди. Шукур ХОЛМИРЗАЕВ ҳамон ҲАҚИҚАТ БАЙРОҒИ остида ҲАЛОЛ ижод қиляпти, ҳалол ЯШАЯПТИ. Ўйлаймизки, иккинчи жилд мутолаасидан сўнг зукко ўқувчи беихтиёр: “Баракали ижод соҳибига баракали умр тилайман! Умрингиз узоқ бўлсин, бахтимизга соғ-саломат бўлинг, Шукур ака!” деб юбориши турган гап”.
Эсимда, шу аннотациялар қўлёзмасини илк бор қўлига олганда Шукур ака бир қошини баланд, бир қошини паст қилиб ўқишга киришган эди. Матнларга бир қур кўз югуртиргач, қошлари жойига тушади. Сўнг синчиклаб қайта ўқийди. Бу гал чеҳраси ёришиб, юзида табассум пайдо бўлади; боз устига, табассумини яширишга беҳуда урина бошлайди. Индамай сигарет чекиб ўтиравераман. Қарасам, Шукур ака ростакамига хижолат бўляпти. Аста ўрнимдан турдим.
— Бўпти, мен кетдим, ишим бор эди.
— Э-э, шошманг, бу ахир…
— Нима дейсиз?.. Мен тўғрисини ёздим, холос.
Шукур ака бирдан шарақлаб кулиб юборади. Анчадан буён Шукур аканинг ич-ичидан қувониб кулганини кўрмаган эдим. Ўзим ҳам хурсанд бўлдим.
Айвончадан тушиб орқамга бурилдим-да:
— Ҳа, мени аҳмоқ деб ўйловдингизми?! Сиз билган нарсани мен билмайманми?! Кечирасиз, ернинг остида илон қимирласа биламан! — дедим ҳазиллашиб.
Шукур ака ҳайҳайлаб қолди. Ўша куни ростдан ҳам зарур ишларим бор эди…
Ушбу хотираларимни қоғозга тушираётиб ора-орада уч-тўрт марта Шукур аканинг боғига бордим. Панжара дарвозасида қулф осиғлик экан, боғ атрофида айланиб изимга қайтдим ҳар сафар. Назаримда, боғ ҳамон гавжумдек туюлди: шу тобда Шукур ака айвончада хаёл суриб ўтирган бўлса, хаёлини бўлмай деб ўйладим охирги борганимда.
Куз. Хазон фасли бошланган. Лекин Шукур аканинг боғида чиннигуллар барқ уриб очилиб ётибди. Табиатнинг бир парчаси қўриқхонада сақлангандек туюлади. Шукур ака табиий ҳолатда боғ яратиб кетди. У адабиётимизни ҳам ҳаётга яқинлаштирди, ҳаётга боғлади; оёғи ердан узилган адабиётни ерга тушириб қўйди. Шу пайтгача ҳеч кимнинг қўлидан келмаган буюк бир вазифани чин дилдан адо этди; дунё адабиёти мезони билан ўлчанадиган гўзал асарлар яратди. Ҳаётни қандай бўлса шундайлигича тасвирлади; ҳаётни товлаб-товлантириб кўрсатмади. Ҳаққоний адабиётнинг бетакрор намуналарини мерос этиб қолдирди.
Шукур ака ҳали яшаши керак эди. Тоғда ўсган, жисмоний меҳнатни бир умр канда қилмаган инсон ўйнаб-кулиб саксон-тўқсон йил яшаши мумкин эди. Худди ўзи ихлос қўйган Толстой бобога ўхшаб. Фақат боғига андармон бўлиб, майли, ҳеч нарса ёзмасин, қулоқлари том битсин — ҳеч нарсани эшитмасин, кўзлари хира тортсин — нурдан бошқа нарсани кўрмасин, белидан қувват кетсин — юк кўтармасин, лекин яшаши керак эди. Ўнкиллаган, мўнкиллаган ҳолатида ҳам тирик ТИМСОЛга айланарди. Тирик тимсол қанча-қанча қалбларни олислардан илитиб турарди, чорлаб турарди ўзига. Тимсолга талпиниб яшаш бошқача бўларди. “Шукур ака нима деркин?” деган савол мудом бизни бедорликка чорларди. Ўзимизга нисбатан бешафқатроқ, ростгўйроқ бўлишга ундарди. Тимсолимиз — тоғимизга қараб, борадиган манзилимизни аниқлаш осон кечарди. Тоғ ўз ўрнидан қўзғалмайди. Тимсол қўзғалар экан. Тоғ ўзини асрайди, Тимсол ўзини асрай олмас экан. Афсус. Лекин, асрашингиз керак эди ўзингизни, Шукур ака. Ўзингизни асрашни ўрганмаган экансиз-да, Шукур ака. Ер тўярмиди, Шукур ака?! Ер қачон тўйибди?!.
Анчадан бери хаёлимни банд этган саволга кимдан, қаердан жавоб топсам экан? Бир нуқтага устма-уст иккита ўқ текканини баллистик текширув ўтказмасдан ҳам аниқлаш мумкинми?.. Бу саволга фақат Шукур ака жавоб бериши мумкин эди. У Муҳаммад Юсуфнинг боғ-ҳовлисида “воздушка”дан отилган ўқ шишанинг қаерига текканини олис масофада туриб бехато айтган эди. Ўшанда дастлаб ишонқирамаган эдим; ҳозир ишонаманки, Пушкин ҳам, Толстой ҳам нозик бир нуқтада эътиборсизлик қилиб ўқувчи-китобхон кўнглида шубҳа уйғотган бўлиши мумкин. Бироқ Шукур ака бундай муҳим ва нозик масалада асло эътиборсизлик қилмаган бўларди.
Яна қайдам, беайб – Парвардигор, дейдилар.

2008 йил 22 октябрь,
Дўрмон

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 781

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *