Алишер Навоий: “Нафсингға хилоф айлаким, тинғайсен…”

Сайтимиздаги “Нури Навоий” рукнида буюк бобокалонимиз Алишер Навоийнинг нодир асарлари, ўлмас сатрларидан намуналар, ушбу беназир шахс ҳаёти ва ижоди, адабий мероси ҳақидаги тадқиқот-мақолалар, суҳбатлар бериб борилади. Қуйида ҳавола этилаётган рубоийлар Алишер Навоийнинг “Назм ул-жавоҳир” асаридан олинди. Navoiy hikmatlariМаълумот ўрнида айтиш жоиз, мазкур асарда Ҳазрат Алининг (розияллоҳу анҳу) ҳикматли сўзлари – араб тилидаги ўгитлари туркий тилда рубоий шаклида ўзига хос талқин этилади, навоиёна латиф ва сертаъсир сатрларда бадиий шарҳланади. Ушбу асарга доир тадқиқотларда қайд этилишича, «Назм ул-жавоҳир»нинг юзага келишида форсий адабиётда Ҳазрат Али ҳикматлари асосида қитъалар яратиш анъанаси; Ҳусайн Бойқаронинг «Рисола» асарига жавобан арзигулик бир туҳфа ҳозирлаш иштиёқи ўзига хос ижобий туртки вазифасини адо этган.
Саҳифада ушбу асардан парча берилаётгани учун ўгитлардаги рақамларни тушириб қолдирдик. Арабчадаги изоҳ тарзида берилган ўгитлар таржимасида бошқа манбалардан ҳам фойдаланилди. “Назм ул-жавоҳир” – жавоҳирга айланган назмий ҳикматлардан кўпроқ баҳраманд бўлиш учун албатта асарни тўлиқ ўқиб чиқишингизни истаган бўлурдик.

Иймонул-маръи йуърафу биаймониҳи [1]

Иймони анингки куфриға сотир эрур,
Чин нукта демакка ул киши қодир эрур,
Ҳар кимсаки, иймон ишида моҳир эрур,
Иймонини билки, отидин зоҳир эрур.

Аддиб ийолака танфаъуҳум [2]

Топтинг чу аёл яхшилиқ еткургил,
Ўргат адабу яхши қилиқ еткургил,
Ҳар неча адаб бўлса, қатиғ еткургил,
Хайлингға адаб қилиб асиғ еткургил.

Адаб ул-маръи хайрун мин заҳабиҳи [3]

Олтин-кумуш этма касб давлат кунидин –
Ким тортар адаб улусни меҳнат тунидин,
Гар йўқтур адаб, не суд олтун унидин,
Элнинг адаби хушроқ эрур олтунидин.

Ихвану ҳозаз-замони жавосийс ул-уйуби [4]

Даҳр элики келди аҳли номус бори,
Қардошлар эрур макр ила маҳбус бори,
Олингда неча қилса заминбўс бори,
Лекин бордур айбинга жосус бори.

Истироҳат ун-нафси фил-йаъси [5]

Ҳақдин дурур элга аҳли таънид ўлмоқ,
Навмид ўлуб толиби тажрид ўлмоқ,
Чун яъс дурур осудаи жовид ўлмоқ,
Роҳат етурур нафсқа навмид ўлмоқ.

Бирр ул-волидайни салафун [6]

Иста ато йўлида жон фидо қилмоқ,
Қуллуқ анога ҳам улча имкон қилмоқ,
Зуҳри абад истасанг фаровон қилмоқ,
Бил они ато-аноға эҳсон қилмоқ.

Башшир нафсака биз-зафари баъд ас-сабри. [7]

Нафс уйига сабр ила иморат англа,
Бесабрлиғин анинг шарорат англа,
Иш сабр сори анга ишорат англа,
Сабрни зафар сори башорат англа.

Баракат ул-умри фи ҳусн ил-амали [8]

Ҳақ йўлида ҳар кимга ибодат бўлғай,
Яхши амал асбоби саодат бўлғай,
Гар яхши амал кишига одат бўлғай,
Умри бу амал бирла зиёдат бўлғай.

Буқоъ ул-маръи мин хашйатиллоҳи қуррату айнин [9]

Ҳар кимки хушуъ уйини маскан қилғай,
Олам сижинин ҳақ анга маъман қилғай;
Ҳақ ваҳмидин улки йиғламоқ фан қилғай,
Ул ашк анинг кўзини равшан қилғай.

Батн ул-маръи адуввуҳу [10]

Ҳар кимгаки кўп таом емак фандур,
Билгилки, нажосатқа тани маскандур,
Қорнинг била дўст бўлмасанг аҳсандур,
Невчунки эр ўғлиға қорин душмандур.

Бало ул-инсони мин ал-лисони [11]

Сўздин кишиким ғаму бало ҳосилдур,
Ҳар нуктада тили деса бало дохилдур,
Бесирфа деган кишига тили қотилдур,
Алқиссаки, кимсанинг балоси тилдур.

Башошат ул-маръи атиййатун-сонийатун [12]

Эҳсонки бировга сийрату сон келди,
Ашколи сипеҳр оллида осон келди,
Эҳсон ҳар неча зеби инсон келди,
Эҳсонда тараб икинчи эҳсон келди.

Таваккал алаллоҳи йакфийка [13]

Ҳар ишдаки Ҳаққа мултамас бўлғусидур
Иш саъб эса Тенгри чорарас бўлғусидур,
Ҳар йўлгаки кўнглунгга ҳавас бўлғусидур,
Тенгрига таваккул санга бас бўлғусидур.

Тафаул бил-хайри танулҳу [14]

Бас кимсаки  меҳнат ичра солди ғам ани
Ким, яхши тафаъул айлади хуррам ани,
Фолеки ёмондурур айлагил мубҳам ани,
Ўз фолини яхшиким топарсен ҳам ани.

Сулмат уд-дини мавт ул-уламои [15]

Илм ўлди шараф дин аро ҳар ойинға,
Бормоқ бўлур ўргангали ани Чинға,
Динда уламо мужиб эрур тазйинға,
Ўлмоқлик аларға рахна солди динға.

Сулмат ул-ҳирси ло йасуддуҳо иллат-туроби [16]

Ҳирс ўлса қаноат ўтиға ёқ ани,
Яъники адам риштасиға тоқ ани,
Не рахнаки ҳирс айлагай боқ ани,
Маҳкам қилғай магарки туфроқ ани.

Хилийир-рижоли ал-адабу [17]

Зевар кишига не тожу не афсар бил,
Ул зевар адаб бирла ҳаё дархар бил,
Ҳар кимки адабсиздур, ишин абтар бил,
Алқисса эранларга адаб зевар бил.

Ҳиддат ул-маръи туҳликуҳу [18]

Табъ ичра эрур таҳаммуломизлиги,
Андин ортуқки ваҳшатангизлиги,
Жон қасди этар кимса ғазабрезлиги,
Алқисса, кишини ўлтурур тезлиги.

Холаф нафсака тастариҳ [19]

Нафс амрида ҳар нечаки толпинғайсен,
Кўп гарчи бутунлук тиласанг, синғайсен.
Ком истаю неча элга ёлинғайсен,
Нафсингға хилоф айлаким, тинғайсен.

Далилу ақл ил-маръи қавлуҳу [20]

Одамки, демак била киромийдуру бас,
Сўз дурри ишининг интизомидуру бас,
Сиҳҳат ончаки, аҳли ақл комидуру бас
Ақлиға далил анинг каломидуру бас.

Занбун воҳидун касирун ва алфу тоъатин қалилун [21]

Гар эмас эсанг зуҳдға дамсоз ҳануз,
Фисқ ичра қилур эсанг таку тоз ҳануз,
Кўп англа бир ўлса журм носоз ҳануз,
Гар минг ўлса тоат эрур оз ҳануз.

Зикр ул-мавти-жалоъ ул-қулуби [22]

Ҳар кимки, ўлум сўзин демак фан айлар,
Ўз ҳолиға бу сўз била шеван айлар,
Таврини сулук ичинда аҳсан айлар-
Ким, руҳни ўлмак сўзи равшан айлар.

Роъа абока юроъука ибнука [23]

Фарзанд ато қуллуғин чу одат қилғай,
Ул одат ила касби саодат қилғай,
Ҳар кимки, атоға кўп риоят қилғай,
Ўғлидин анга бу иш сироят қилғай.

Расул ул-мавти ал-валодату [24]

Танга ҳаёт жомидур комрасон,
Бўл танға нишот комидин жомрасон,
Жонға ҳам ўлумдин бурун оромрасон
Ким, туғмоқ эрур ўлумга пайғом расон.

Руъунот ин-нафси тутъабуҳо [25]

Ишдур санга Ҳақ сори қадамфарсолиқ,
Қилма тилабон лаҳв жаҳонпаймолиқ,
Кўп нафсга бермагил жамолоролиқ,
Ким ранжга солур ани кўп раънолиқ.

Зиёрат уз-зуъафоъи мин ат тавозуъи [26].

Заъф аҳлиға алтоф таваққуъ билгил,
Лутфунг била ул элга тараффуъ билгил,
Бу нуктани нас йўқ, тасомуъ билгил,
Ул қавм зиёратин тавозуъ билгил.

Суъул-хулуқи ло халоса фийҳо [27].

Кўнглунгни арит борча ямон хислатдин,
Ким яхши қилиғ далил эрур раҳматдин,
Бадхўйлиқ ул ваҳшат эрур шиддатдин,
Ким элга халослиқ йўқ ул ваҳшатдин.

Сукут ул-лисони саломат ул-инсони [28]

Тил илдамидин бўлур ғаромат ҳосил,
Юз навъ надомату маломат ҳосил,
Оз сўзлаганидин истиқомат ҳосил,
Сокитлигидин вале саломат ҳосил.

Шарр ун-носи ман ятақийҳин-носу [29]

Эл қочса бировдин эл ямони бил они,
Аҳволида идбор нишони бил они,
Феъл ичра улус балойи жони бил они,
Олам элининг ямон ямони бил они.

Зилл ул-аъражи аъважу [30]

Ким эгри эса, тузлук эмас пояси ҳам,
Бор ўзидек эгри суду сармояси ҳам,
Тузлук эрмас шифосию вояси ҳам,
Ким эгри кишининг эгридур сояси ҳам.

Айб ул-каломи тулуҳу [31]

Бермас татвил чун сухандон сўзга,
Қил мухтасар улча бўлғай имкон сўзга,
Кўп айб топар кимса фаровон сўзга,
Чун чекти узоққа, етти нуқсон сўзга.

Алайка бил-ҳифзи дунил-жамъи минал-кутуби [32]

Дониш тилаю ҳар сори гар кетгайсен,
Ҳифз айламасанг варақ йиғиб нетгайсен?
Саъй айлаки, ҳифзи ганжиға етгайсен,
Йўқ улки, кутуб саъй ила жамъ этгайсен.

Ғаниймат ул-мўъмини важдон ул-ҳикмати [33]

Мўъмин бори элдин ўзини кам билса керак,
Ҳақдин не анга келса, карам билса керак,
Беҳикматлиғини дарду ғам билса керак,
Ҳикмат топарини муғтанам билса керак.

Қасват ул-қалби минаш-шабаъи [34]

Кўп тўъма ер эл аросидин ихрож ўл,
Савм аҳли аро бош қўю соҳиб тож ўл,
Ким қалби дақиқ эрур, анга муҳтож ўл,
Тўқлуқ чу кўнгулни қатиқ айлар, оч ўл.

Кафо лил-ҳасуди мин ҳасадиҳи [35]

Ҳар кимки ҳасуд эрур сазодур ҳасади
Ҳақдин бўлғон ямон қазодур ҳасади,
Ўз жониға етгунча балодур ҳасади,
Балким, анга дарди бедаводур ҳасади.

Кафока мин уйюб ид-дунё ан лоябқо [36]

Бу даҳр ажузеки, вафоси йўқ анинг,
Бир фоҳишадекдурки, ҳаёси йўқ анинг,
Дема муниким, айбу хатоси йўқ анинг,
Айби бас эрур буким, бақоси йўқ анинг.

Линул-каломи қийадул-қулуби [37]

Ҳар кимки, чучук сўз элга изҳор айлар,
Ҳар нечаки ағёрдурур, ёр айлар,
Сўз қаттиғи эл кўнглига озор айлар,
Юмшоғи кўнгулларни гирифтор айлар.

Лаййин қавлака туҳбуб [38]

Хўб эл била суҳбат тутубон хўб ўлғил,
Яхшини талаб қилғилу матлуб ўлғил,
Ширин сўз ила халққа марғуб ўлғил,
Юмшоқ де ҳадисингнию маҳбуб ўлғил.

Мо надима ман саката [39]

Ҳар кимсаки, нуктаси фаровон бўлмас,
Тил ранжига қолмоғлиғи имкон бўлмас,
Кўп сўзлагучиға ғайри нуқсон бўлмас,
Ҳар кимки хамуш бўлди, пушаймон бўлмас.

Вайлун лиман ватар ал-аҳрора [40]

Даҳр уйида улки ранжпарвард ўлғай,
Кўп яхшики бедардға ҳамдард ўлғай,
Жон гулшанида чу яхши эл вард ўлғай,
Вой ангаки, яхшилардин ул фард ўлғай.

[1] Кишининг иймони аҳдига вафо қилишидан билинади.
[2] Аҳли аёлингга одоб ўргат – уларга фойда келтирасан.
[3] Кишининг одоби унинг бойлигидан яхшидир
[4] Бу замоннинг одамлари айб қидирувчилардир.
[5] Жоннинг ҳузури бировдан умидвор бўлмасликдадир.
[6] Ота-онага меҳрибонлик – меросдир.
[7] Сабрдан сўнг зафар келиши муқаррарлигидан нафсингга башорат бер!
[8] Умрнинг баракаси чиройли амаллардадир.
[9] Кишининг Аллоҳдан қўрқиб йиғлаши кўзни равшан қилади.
[10] Кишининг қорни – душманидир.
[11] Инсонга бало тилдан келур.
[12] Кишининг хушмуомалалиги (эҳсондан сўнг) иккинчи совғадир.
[13] Аллоҳга таваккал қил – шунинг ўзи кифоя.
[14] Яхшилик башоратини бер – уни ҳадя этгандай бўласан.
[15] Уламолар ўлими динга рахнадир.
[16] Ҳирс етказган рахнани фақат тупроқ тўлдиради.
[17] Кишиларнинг безаги – одобдир.
[18] Кишининг қизиққонлиги уни ҳалокатга бошлайди.
[19] Нафсингга қарши тур – осойиш топасан.
[20] Кишининг сўзи – ақлига далолатдир.
[21] Гуноҳнинг биттаси ҳам кўп, ибодатнинг мингтаси ҳам камдир.
[22] Ўлимни эслаш – қалб жилосидир.
[23] Отангнинг ҳаққини бажо келтир – болангдан қайтади.
[24] Ўлимнинг хабарини туғилиш беради.
[25] Нафсга безак берма – уни чарчатасан.
[26] Заифларнинг ҳолидан хабар олиш – камтарликдандир.
[27] Ёмон хулқдан халос бўлиш қийин.
[28] Инсон тилига эҳтиёт бўлса саломат бўлади.
[29] Кишиларнинг ёмони халқ ундан эҳтиёт бўладиган одамдир.
[30] Букри кишининг сояси ҳам эгридир.
[31] Узун гап – нуқсонли гапдир.
[32] Китобларни йиққандан кўра, (ундаги нарсаларни) хотирангда сақлаганинг яхшироқдир.
[33] Ҳикматни англай билиш – мўъмин учун совғадир.
[34] Қалбнинг тош қотиши – «тўқлик» оқибатидир.
[35] Ҳасадгўйга унинг ҳасади (ҳалок бўлиши учун) кифоядир.
[36] Дунёнинг айблари унда қолмаслик учун сенга етарли бўлади.
[37] Юмшоқ сўз қалбларни маҳбуб қилади.
[38] Сўзингни юмшоқ қил – севимли бўласан.
[39] Сукут сақлаган одам сўнг надомат қилмайди.
[40] Яхшиларни тарк этган кишининг ҳоли вой бўлади!

Манба: Алишер Навоий. Тўла асарлар тўплами, Ўн жилдлик. Ўнинчи жилд. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги НМИУ, 2012.

P.S. Саҳифада жузъий хатолар кетган бўлса, синчков мутахассис ва зийрак ўқувчилардан узр сўраб, маълум қилишларини истаб қоламиз.

 

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

 

 

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 1 232

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *