Наҳот ҳаёт деганлари шу бўлса?

Яқинда бир баҳона билан водий кезиб келдим. Йўл бўйи мафтункор юрт табиати чиройидан кўзим яшнаб, кўнглим тўлиб-тошиб, яшаш сурурини ҳис қилган бўлдим. Баҳор нафаси кириб бормаган жой йўқ, ҳаммаёқда кўклам таровати…
Лекин бу гўзал ташқи манзара кўнгилга у қадар татимай турибди. Одамларни айтаман. Кундалик ташвишларга кўмилиб, ҳатто баҳор келганини сезмай ҳам қолган кўплаб руҳсиз кишиларни кўриб, астойдил кузатиб юрагим эзилди. Лекин шу туришда қўшиқ эшитиб тўймайди: эрталабдан кечгача шовқин! Балки, шу билан овунмоқчи бўлишар…
Бир қараганда гўё ҳаммаси жойида, ҳар ким ўз ҳаётини ўзи билганича яшаяпти. Аммо…
Ҳақиқий ижодкор ўзи англаган ҳақиқатларни имкон қадар халққа етказиб, бу дунёда тирикчилик ташвишлари, фақат кўпайиш ва кун ўтказишдан бошқа гўзал аъмол ҳам борлигини бадиий тилда тушунтирмоқчи бўлади. Бироқ аксарият одамларга “шўхроғи” керакка ўхшайди. Уларга ижод, жамият ва маънавиятдан кўра “бўладиган гаплар”дан айтган маъқулроқ; кўпроқ пул топиш, тўқ яшаш йўлларини кўрсатсангиз янаям яхши. Наҳот, ҳаёт деганлари шу бўлса?
Тўғри, яшаш ҳадисини яхши билган, икки дунёси учун фойдали амаллар билан чиройли ҳаёт кечираётган юртдошларимиз ҳам кўп. Ҳозир эса умумий аҳвол ҳақида гапиряпман.
Назаримда, бугунги ижодкорлар (бу ўринда кўпроқ сўз аҳлини назарда тутаман) билан халқ ўртасида “яхшигина” узилиш бор. Бунда бирор томонни мутлақ айбдор қилиб кўрсатиш ҳам ярамайди: ҳар ким ўзича ҳақ.
Фақат мана бу кўҳна саволлар ҳеч ҳаловат бермайди: Нега биз халқ ҳаётидан бу қадар узоқмиз? Нима сабабдан аслида одамлар ҳаётидан олинган оғриқли мулоҳазаларимиз уларни қизиқтирмайди? Нима учун ёзганларимиз уларга борган сари “китобий” бўлиб туюлаверади? Нимага моддий эҳтиёжлар тобора инсон қадридан устун? Ёки ёниб-куйишларимиз ёлғонга ўхшайдими? Тамагирликка ўхшаб кетадими сатрларимиз? Наҳотки, шу тариқа миллионлаб шоиру ёзувчилар куюниб-куюниб келиб-кетаверса, ўз ёғида ўзи қоврилиб ўтаверса?!
Риторик саволларимдан кулмаяпсиз, деб умид қиламан. Бундай “бемаъни” ўй-хаёлларга берилмаслик босқичидан ўтган бўлсангиз, омадингиз бор экан. Ақл ўргатишга шошмай турайлик-да, ўзини англашга, шунинг баробарида, халқ дардини ҳис қилишга уринаётган бугунги ижодкорнинг ҳолатини тушунишга ҳаракат қилайлик. У нималар қилсин – ўз-ўзи билан курашсинми, аҳволини ўнгласинми, одамлар қалбига қулоқ тутсинми, оломонлашиб кетаётган муҳит билан муроса йўлини қидирсинми, аламзадалик, нолиш, ҳатто ношукрликда айблаётганлар билан ҳисоблашсинми? Булар биттагина жон учун жуда оғир эмасми? Майли, ижодкор қисмати азалдан шундай. Аммо бу ўта ўткинчи ўртанишларнинг бировга бир чақалик қизиғи бўлмаса, у баттар яккаланиб, тушкунлик исканжасида қолмайдими?
Омманинг талаби эса бошқа. Наҳот, юксак дидли, даҳолар даҳоси бўлган халқ овозини оломон хоҳиш-истаклари бутунлай “босиб” кетаётган бўлса?
Қанча пайтдан бери оммавий ахборот воситалари, интернету ижтимоий тармоқларда маънавияту маърифатдан баҳс этиб, жиғибийрон бўлаётганимиз деярли беҳуда кетаётгани равшанлашади шундай пайтлари…
Сафар ҳақида гап бошловдим. Илк манзилим қадрдон қишлоғим бўлди. Очиғи, кейинги пайтлари қишлоқдан эзгин кайфиятда қайтадиган бўлиб қолдим. Сабаби яна ўша ишинг ўнглангур тирикчилик ва унга муккасидан кетганлар! Бу ҳолни сатрларга кўчиришга уриниб, нималардир қоралаб қўйдим-у, лекин ҳали мавриди эмас. Бир жиҳатдан, шундай шароитда яшаётганларга таҳсин ўқисанг арзийди. Рост-да, сен у ёқда соатлаб сўз саралайсан, буларга эса реал ёрдам керак.
Ҳа, борган сари бу оламдан узоқлашиб кетаётганга ўхшайман. Ҳаммасини жим кузатиб, ноилож тилимни тишлаб турсам, азим чинорлар “Шоирлигинг шуми энди?” дея ачинаётгандек туюлаверади. Яна ношукрликка йўйманг. Ахир, қачонгача алдайман? Шоирлар бу аҳволда ҳеч қачон бахтли бўла олмаслигини нега очиқ-ойдин айтмайман? Айниқса, бу сафар қаттиқ сиқилдим. Чунки мен бадбинроқ руҳдаги ночор битикларим билан деярли ҳеч нарсани ўзгартира олмаслигимни янада яхшироқ англаб етаяпман. Аммо, барибир, ҳаракат қилавериш керакми…
Шунақа гаплар. Узр, баъзи ўринлари “боғдан – тоғдан” бўлди. Бундай постларни мақола деб тушунаётганлар учун таъкидлайман, бу мақола ёки “муҳокама учун мавзу” эмас. Буларни бекорчиликдан ёки баҳс қўзғаш учун эълон қилмаяпман. Кўпдан буён кўнглимда оғир тошдай кўтариб юрган гапларни айтиб, нималарнидир эслатиб қўйиш эди муддао. Эҳтимол, сиз ҳам шундай оғриқлар билан яшаётгандирсиз.
Бу борада муҳим фикрларингиз, дил сўзларингиз бўлмаса, шарҳга зарурат йўқ.
Яна икки оғиз гап. Агар фарзандингиз ёки бирор яқинингиз ҳадеб қоғоз-қаламга ёпишавераётганини сезсангиз, тош қотиб улгурмасдан бурун қаламини синдириб ташланг: умрбод ўртаниб ўтгандан кўра бошқа фойдали ишлар билан банд бўлсин. Ўшандан кейин ҳам ёзаверса, ўзига қўйиб беринг. Истаганича ёзсин. Аммо дунёда ёзув-чизувдан ҳам муҳимроқ ишлар борлигини ҳеч қачон унутмасин. Чунки бу ҳаёт – ҳеч қачон хаёлга эврилмайдиган ҳаёт!

Беҳзод

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 381

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *