Наманган сафари: тарғибот, тақдимот, таассурот

Ҳар сафар водийга – кўз очиб кўрган юртим Наманганга йўл оларканман, худди жаннатга кетаётгандек ажиб ҳислар оғушида нақ учиб бораман. DovonИжодий сафарлар, қувончли кунлар йўқлови бўлса-ку, нур устига нур. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Довон оша соғинч тўла кўнгил қанотида Отаюртга кириб бордик…
Айни кунлари гўзал Наманган янада чирой очган, айниқса, анъанавий гул байрами баҳона гуллар шаҳри ҳуснига ҳусн қўшилган. Бир оз иссиқни айтмаганда, ҳаво ҳам ажойиб. Одамлар юз-кўзида, гап-сўзларида бугунги ўзгаришлар акси; ижтимоий-сиёсий ҳаёт саҳнида эсган умид эпкинлари халқ руҳини кўтарган, дадиллаштиргандек…
Бир ҳафта давомида Наманганда турли маънавий-маърифий тадбирлар, адабиёт ва китобхонлик байрамларида иштирок этдик. Наманган санъат коллежида “Жаҳон адабиёти” журналининг 20 йиллик тўйи ва ғазалнавис шоира Дилором (Эргашева) таваллудининг 50 йиллигига бағишлаб ўтказилган “Лолазор ўлсун жаҳон” мавзусидаги анжуман назму наво кечасига айланиб кетди. Шу кунлари Наманган шаҳридаги Бобораҳим Машраб хиёбони ҳар қачонгидан-да гавжум бўлди: республикамизнинг турли жойларидан келган шоиру ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, адабиёт ва санъат ихлосмандлари Шоҳ Машраб ҳайкали пойида улуғ шоирга эҳтиром кўрсатдилар. Эрта тонгдан бошланган машрабхонлик байрами Наманган давлат университетида Машраб ҳаёти ва ижодига бағишланган илмий-амалий анжуман, мушоиралар, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда китобхонлик байрамига уланиб кетди.Namangan 1
Шу тадбирлар давоми сифат ида янги китобимиз – “Тушларингдан чиқиб келдим” тақдимоти баҳона жойларда ижодий учрашувлар ўтказилди. Наманган давлат университети, НамДУ қошидаги 2-академик лицей, Норин туманидаги тиббиёт коллежи, Нодира номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ва “Наманган ёшлар маркази”да ташкил этилган учрашувлар илму ижод аҳли, ёш авлод қизиқиш-истакларини ўрганиш, дилдан суҳбатлашиш билан бирга бугунги Наманган адабий-маънавий муҳити ҳақидаги тасаввурларимизни бойитди. Ўз ўрнида қайд этиб ўтиш жоизки, ўтказилган тадбирлар давомида Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимининг суст ишлаётгани сезилди. Вилоятдаги кўпгина ижодкорларнинг айтишича, бўлимнинг ўзбилармонлик билан иш тутиши оқибатида бугун Наманган адабий муҳити деярли тарқоқ ҳолда. Ҳар ким ўз билганича ишлаб, ижод қилиб юрибди. Албатта, уларнинг энг илғорлари беҳуда гап-сўзларга эътибор бермай, жиддий ижод билан машғул. Балки, вазиятни яхши билганлар бу ҳақда батафсилроқ ёзишар. Тўғриси, вилоятлардаги адабий муҳит ҳақида анчадан буён кўнгилда йиғилиб қолган гаплар, баъзи фикр-мулоҳазалар бор. Насиб қилса, бу хусусида бафуржа гаплашиш имкони бўлар. Ҳозир эса ортиқча изоҳдан тийилиб, мавзуга қайтамиз. Машраб хиёбонида
Наманган давлат университетида малака ошираётган ўқитувчилар билан суҳбат самимий, очиқ ва ошкора руҳда кечгани маъқул бўлди. Саволлар ва фикр-мулоҳазаларда ижодкор ўқувчилар билан қандай ишлаш кераклиги; ижод ва шахсият; ҳозирги тилшунослар ва адабиётшунослар орасида якдиллик етишмаётгани, илму ижод аҳлида ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат узилмаслиги зарурлиги; дарсликлар ва ўқув қўлланмаларининг сифатини ошириш; китоб тарғиботининг янада самарали усулларини топиш; ижодкор ўқитувчилар фаолиятига муносабат; ёш авлодга қайси китобларни тавсия этиш кераклиги, мутолаа маданияти ва бошқа масалалар муҳокама марказида бўлди. Албатта, ўқитувчилар бугунги ўзбек адабиёти манзаралари, ижтимоий-маънавий ҳаётдаги ўзгаришлар билан астойдил қизиқаётгани, бу борада ўз фикрини очиқ билдираётгани кўнгилни бир қадар кўтаради.
НамДУ қошидаги 2-академик лицейда бўлиб ўтган тадбирда ҳам имкон қадар ўқувчи-ёшлар билан дилдан суҳбат қуришга уриндик.NamDU 2-litsey Одатда бундай учрашувларда кўп таъкидлайман: “Майли, шоир бўлманг, майли, олим ё машҳур ҳофиз, номи тилларда достон чемпион-қаҳрамон бўлманг, лекин танлаган соҳангизнинг етук мутахассиси бўлиб, яқинларингиз ва албатта шу юрт учун нафи тегадиган Инсон бўлинг…
Шеър ёза олмаслик – айб эмас, рол ижро эта билмаслик, сурат чизолмаслик ё бирор спорт мусобақасида ғолиб бўла олмаслик айб эмас, лекин китоб ўқимаслик, ўқишни истамаслик, фикрламаслик – айб. Шунақаям катта айбки…
Истеъдодли кишилар, жумладан, иқтидорли ёшлар кундалик ишлар, уй юмушларига уқувсизроқ бўлади, деган қараш бор. Тўғрисиям шу-да. Ахир бу ҳаёт: эртага “оламшумул” истеъдодингиз ип эшолмай қоладиган ҳолатлар бўлиши мумкин. Шундай экан, ҳунар ўрганинг, ота-онангизга уй ишларида кўмаклашинг, йигит киши ё қиз бола билиши керак бўлган кундалик ишларни яхшилаб ўзлаштиринг, катта ҳаётга муносиб тайёргарлик кўринг…”. Шунга ўхшаган гаплар ҳам бўлди. Бир қарашда арзимасдай туюлади-ю…
Ҳа-я, учрашувларда берилган саволлардан ҳам маълум бўлдики, енгил-елпи қўшиқлар, отарчию калакачиларнинг бачкана қилиқлари, бемаъни гап-сўзларидан ёшларнинг ўзлари ҳам безиб бўлган. Лекин нега бу борада савия яхшиланмаяпти? Кимлар шовқинчиларнинг тегирмонига сув қуйяпти? Албатта, ўзимиз. Телевидение, радио ва матбуотда, турли тадбирларда ўзимизча уларни “боплаб” танқид қиламиз-да, ортидан яна ўшаларнинг томошасига маҳлиё бўлиб, беҳуда нағмаларини эшитаверамиз. Чиндан ҳам, ёшлар – жуда катта, ҳал қилувчи куч. Агар ёш авлод шундай бузғунчи (!) қўшиқларни эшитмаса, бемаъни клиплар, вақтни исроф қилишдан бошқага ярамайдиган бачкана филмларга талабгор бўлмаса, умуман эътибор бермай қўйса, улар ўз-ўзидан йўқолиб кетади. Бунинг учун, албатта, ёшларнинг ўзида хоҳиш, яхши-ёмонни ажрата олиш кўникмаси шаклланиши керак. Ана ундан кейин аҳвол яхшиланишига умид қилса бўлади… Одатда шу мавзуда гапирганда сал қизишаман ва гап-сўзларим кескинроқ тус олади. Умид қиламанки, учрашувга йиғилган ука-сингилларимиз буни тўғри тушуниб, керакли хулосалар чиқарди. NamDU 2-akademik litsey 2017, mayШу маънода, тадбирларимиз китоб тақдимотидан кўра маънавий-маърифий суҳбатлар руҳида кечди, десак тўғрироқ бўлар.
Аввалги учрашувларда кўпроқ филолог-мутахассислар, ижтимоий-гуманитар йўналишда таҳсил олаётган ўқувчилар ва ижодкор ёшлар иштирок этгани боис Норин тумани тиббиёт коллежидаги суҳбат улардан фарқ қилди. Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини олиш ёшига етган ўқувчи-ёшлар (тадбир давомида уларга фуқаролик паспортлари топширилди), албатта, мустақил фикрга эга бўлиши, бугунги ўзгаришларга бефарқ, лоқайд бўлмаслиги, эл-юрт, жамият олдида масъулият ҳиссини туюши керак. Ахборот асри ёшлари мутолаа, савод, интеллект масаласида заиф бўлмаслиги зарур. Демак, маънавият, китоб тарғиботи тадбирларини фақат адабиёт ичидагилар, ёш қаламкашлар иштирокида эмас, бошқа соҳадаги юртдошларимиз билан ҳам ўтказиш айни муддао экан.
Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ва Нодира номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида ўтказилган асосий тадбиримиз билан сафаримизни якунламоқчи эдик. Лекин Наманган вилоятидаги энг фаол, илғор фикрли, ўз соҳасида катта ютуқларга эришаётган, интеллектуал салоҳияти юқори ёш авлод, таъбир жоиз бўлса, бугунги Наманган ёшларининг элитаси билан кўришиш, дилдан суҳбат қуриб, мақсад-истакларидан бохабар бўлиш истагида алоҳида тадбир ташкил қилмоқчи бўлдик. “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши масъуллари ҳам бу таклифни маъқул топишди. Вақт қисқалигига қарамай, имкон қадар шундай ёшларни йиғишга келишиб олинди. Наманганлик кўзга кўринган илғор ёшлар, айниқса, ижодкорларни озми-кўпми биламан, аммо улар ҳақида янада аниқроқ тасаввур ҳосил қилиш, ўзим учун янги номларни кашф этишда бу учрашув бир туртки бўлар, дея умидландим. Қисқаси, вилоятнинг энг сара ёшлари билан кўришиш ниятида эдик. Кутганимиздек бўлмади; масъуллар ишга масъулиятсизроқ караган кўринади…
Namangan Yoshlar markaziЁшлар марказидаги тадбирга шу маскандаги турли гуруҳ ва тўгараклар аъзолари йиғилибди. Деярли ҳар бир қатнашчи билан бирма-бир суҳбатлашдик, қизиқиши, ким бўлмоқчи экани, келажакдаги мақсад-режалари ҳақида сўрадим. “Намангандан чиққан қандай улуғ шахсларни, қайси олим ва адибларни биласиз?”, дея алоҳида савол бердим.
Ўйлайманки, ҳар бир вилоят, ҳар ҳудуд вакиллари ўз заминидан етишиб чиққан олиму фозил шахсларни, ноёб иқтидорга эга фарзандларини, порлаб чиққан истеъдодли ёшларини билиши, яхшироқ таниши, қўллаб-қувватлаши керак. Афсуски, фалон артистнинг қайси рангни ёқтиришигача биладиган ёшлар шундоққина ёнгинасида улкан ишларни амалга ошираётган оловқалб юртдошларини кўпам билавермайди…
Ёшлар марказидаги “Ўзбегим фарзандлари” тарғибот мактаби иштирокчилари ўша вақтнинг ўзидаёқ интернетда учрашув ҳақида маълумот бериб, онлайн мулоқот қилиб турибди. Лекин, очиғи, мутасаддилар шундай учрашувлардан ҳам фақат ҳисобот учун “фойдаланаётгани” ғалати туюлади…
Ўзингиз яхши биласиз, шунчаки тадбирпарастлигу мажлисбозликлар, уларнинг шов-шувию рекламаси кўпчиликни бездирган. Кўплаб қуруқ тадбирларнинг “ваҳима”си эса ўтакани ёрай дейди… Нотўғри тушунманг-у, кейинги пайтлари бирор жойга учрашувга чақирса, минг ўйлаб борадиган бўлганман. Лекин имкон қадар халқ ичига, айниқса, ёшлар даврасига кириб боравериш, сўзларимиз таъсир қилиб қолар, эҳтимол, кимларгадир бир умрга татирли сабоқ бўлар ва, албатта, улардан ҳам кўп нарса ўрганамиз, деган ниятда ҳаракат қилавериш керак экан…
Дарвоқе, учрашувларда мана бундай гаплар ҳам бўлди: “Китоб ўз оёғи билан ҳузурингизга келиб турибди. Ана эндиям “Китобларингизни қаердан топамиз?” деб турсангиз уят бўлади”.
Буларни батафсилроқ ёзяпман-у, ўзимни фаол маънавият тарғиботчиси сифатида тақдим этаётгандек бўлмаяпманми, деб ўйлаб қолдим. Тўғри қабул қиларсиз. Наманган сафари таассуротлари мавзуга доир мулоҳазалар, кўнгилдан кечган гапларни айтишга яна бир туртки бўлди…
Ҳозирча шунақа гаплар. Албатта, сафар давомида вилоятдаги қадрдон ижодкорлар, шеърият ихлосмандлари билан алоҳида гурунглар бўлди. Насиб қилса, тадбирларимиз бошқа вилоятларда ҳам давом этади.

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Суратларда Наманган сафаридан айрим лавҳалар акс этган.

Наманган Бобур богиНаманган 3Наманган

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://telegram.me/Behzod_Fazliddin
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 517

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *