Намоз ўқиётган бола, отанг ким?..


Мен қуруқ кетишдан қанча қўрқаман,
Чап кўксим бир дунё қон-ку, Азроил.
Не учун мен сендан бунча қўрқаман,
Сўрар нарсанг битта жон-ку, Азроил.

Мўминлик – тақдирга тан бермоқ асли,
Бус-бутун иймонга ён бермоқ асли,
Қўлингда мардлардек жон бермоқ асли
Эзгу бир шараф-ку, шон-ку, Азроил.

Дунёсида Худо урганлар қанча,
Ўзига сиғиниб юрганлар қанча,
Жон олгудай бўлиб турганлар қанча,
Бунга маъмур фақат сен-ку, Азроил.

Юрагим қарғанинг тилида эмас,
Тилагим дунёнинг йўлида эмас,
Тақдирим банданинг қўлида эмас,
Бу азалдан маълум, чин-ку, Азроил.

Қуёши йўқ бўлса, осмон не ўзи,
Қошимда бу майда армон не ўзи,
Бандаси тўқиган фармон не ўзи,
Раббимиз энг одил Хон-ку, Азроил!

2003


Намоз ўқиётган бола, отанг ким,
Сенга ким кўрсатди энг тўғри йўлни?
Менинг кўнглим ҳайрон, менинг кўнглим жим,
Айт, қайдан топайин сендаги дилни?

Оғриққа беланган устихонларда
Интизор турибман муждаларингга.
Пешонанг ер ўпган мунир онларда
Жоним садқа бўлсин саждаларингга!

Кўзларим гуноҳкор, кўзларим ўғри,
Кўзларингда қутлуғ нур кўраяпман.
Ўзимча ҳалолман, ўзимча тўғри,
Унда нега бунча қалтираяпман?..

Хотиралар мени эзиб ташлайди,
Ўзимдан бошқани билмас эканман.
Кечаги ҳаётим йўққа ўхшайди,
Тузукроқ дуо ҳам қилмас эканман…

Намоз ўқиётган бола, отанг ким,
Сенга ким кўрсатди энг тўғри йўлни?
Ўхшар бўлса, сенга ўхшасин ўғлим,
Улғайсин пок нурга тўлдириб дилни…

2003

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.