Нега Ўзбекистоннинг бирорта олий таълим муассасаси бутунжаҳон рейтингига киритилмаган?

Ҳар қандай жамиятнинг истиқболини кадрлар белгилаб беради. Янгича фикрлайдиган, инновация олиб киришга қодир кадрларгина Президентимиз бошлаган ислоҳотларга муносиб ҳисса қўша олади ва мамлакатимизнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий янгиланишини таъминлайди. Мамлакатимиз таълим тизими, хусусан, олий таълим шундай кадрларни етиштириб бера оляптими? Афсуски, бу саволга «ҳа» деб жавоб бера олмаймиз. Ўзбекистоннинг бирорта олий таълим муассасаси QS World University Rankings олий таълим муассасалари бутунжаҳон рейтинги, The Times Higher Education World University Rankings рейтингига киритилмаган. Ваҳоланки, МДҲ давлатларининг бир неча университетлари бу рўйхатлардан жой олган. Жаҳон Банкининг 2014 йилда ўтказган тадқиқоти Ўзбекистон олий таълими тайёрлаётган кадрларнинг билим савияси, малакаси замон талабига жавоб бермайди, деган хулосага келган эди.
Бу ҳолатни ўзгартириш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва бошқа ташкилотлар олий таълим муассасаларининг фаолиятига кунда аралашавериб, ҳар куни ўнлаб кераксиз ҳисоботу жадвалларни талаб қилишни чеклаши керак.
В.Маяковскийнинг “Қоғозбозликни йўқ кўргали кўзим…” сатри педагоглар тилидан айтилганга ўхшайди. Бирор педагог йўқки, қоғозбозлик, ҳисоботбозлик ва текшир-текширдан юраги безилламаган бўлса. Айниқса, текширувчиларнинг дарс вақтида келиб ҳужжат титкилаши “дард устига чипқон”дек. Айниқса, комиссиялар келишидан олдин профессор-ўқитувчи бутун куч-эътибори қоғозларга “сарфланади”. Чунки келган комиссияни таълим сифати эмас, қоғоз сифати қизиқтиради.
Узоқ йиллар таълим тизимида меҳнат қилиб шундай хулосага келдим: таълим сифатини кўрсатувчи ягона омил бу — талабанинг билими ва касбий компетенцияси. Битирувчи талабанинг билими давлат таълим стандартида белгиланган талабга жавоб берадими, йўқми, фақат шуни текшириш керак. Бошқаси бекор.
Бугун олий таълим тизимидаги мавжуд муаммолар фундаментал характер касб этиб, уларнинг ечимисиз муҳим янгиланишларга эришиш қийин.
Биринчидан, ўқув режаси ва дастурлари талабаларнинг мустақил изланиши, илмий-тадқиқот ишларини олиб боришига имкон қолдирмайди. Юртимизда бакалавриат таълими 174 ҳафтадан (таътилларни инобатга олмаганда) иборат. Бу ҳар ўқув йилига ўртача 43,5 ҳафтадан тўғри келади. Ҳафталик ўқув юкламасининг аудитория машғулоти 32—36 соат. Ҳар куни уч-тўрт “пара” ўқиб чарчаган талабанинг кутубхонада китоб ва илмий журналлар варақлашга на вақти, на ҳафсаласи бўлади.
Таққослайдиган бўлсак, Буюк Британияда ўқув йили 30 ҳафтадан ошмайди. АҚШда ўқув йилининг максимал давомийлиги — 36 ҳафта. АҚШ, Буюк Британия университетларида ҳафталик меъёр 16 соат аудитория машғулоти ва қўшимча 6 соат лаборатория ишига ажратилади. Мустақил таълимга катта эътибор қаратилиб, профессор-ўқитувчи фақат йўналиш беради. Талабалар кўп вақтини кутубхоналарда илмий адабиётлар мутолаасига сарфлайди.
Иккинчидан, олий таълимда ўқитилаётган фанларнинг камида учтадан биттаси мутахассисликка тегишли малака ва кўникмаларни шакл¬лантиришга йўналтирилмаган. Биринчи ва иккинчи блок фанлари умумий дарс соатининг 33 фоизини ташкил этади.
Тўрт йил мобайнида талабалар элликдан зиёд фанларни ўзлаштиради. 12-13 та фан киритилган семестрлар ҳам бўлади. Умумтаълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълимида ўтилган фанларнинг яна олий таълимда ҳам такрор ўқитилишини тушуниш қийин.
Талабалар бундай фанларни ўқимай, турли йўллар билан баҳо олишга интилади ёки сессиядан кейин фан мазмунини бутунлай эсдан чиқаради. Университетдаги талабаларим кўпинча “Шунча фан ўқияпмиз, уларнинг кўпи бўлажак касбий фаолиятимизда қандай асқотишини ўзимиз ҳам тушунмаймиз, ўқитувчиларимиз ҳам тушунтириб бера олмайди”, деб шикоят қилишади. Мисол учун, Буюк Британия олий таълим муассасалари бакалавриатида 3 йил давомида 24 та фан ўқитилади. Бу ҳар бир семестр¬га ўртача тўрттадан тўғри келади. АҚШда талаба битта семестр¬да 15 кредит тўплаши керак, яъни ҳар бир фанга 3—5 кредит берилишини ҳисобга олсак, учтадан бештагача фан ўқитилади. Агар фанлар номи ва тавсифини қарайдиган бўлсак, хорижнинг етакчи олий ўқув юртида бирорта умумий фанни кўрмаймиз, барча фанлар шу касбга бевосита боғлиқ.
Фанларнинг маълум фоизини танлов фанлари ташкил қилади, яъни талаба шу фанларни ўзи танлайди. Ҳар бир фан бўйича семестр бошидан бу фаннинг мақсад-вазифалари, киритилган мавзулар ва баҳолаш тизими ҳақидаги аниқ маълумот талабага берилади. Бу ҳолат талабанинг ҳам, ўқитувчининг ҳам фанга нисбатан масъулиятини оширади. Мустақил таълимга катта эътибор берилиб, ҳар бир фан учун мустақил ўқишга аудитория соатларидан кўра кўпроқ вақт ажратилади. Масалан, UCLда магистратура талабаси учун бу нисбат 1: 10, яъни 1 соатлик аудиториядаги дарсга тайёр бўлиш учун талаба 10 соат мустақил ўқиши керак. Профессор-ўқитувчи дарсда фақат йўналиш беради, талабалар кўп вақтини кутубхоналарда илмий адабиётлар мутолаасига сарфлайди.
Фикримча, ҳозирги кунда ахборот оқими шунчалик катта ва соҳаларда ихтисослашиш даражаси шунчалик юқорики, «ҳар соҳада кенг фикрлайдиган» мутахасссислар тайёрлаш имконсиз. Оддий мисол: қулоғингиз оғриса юрак ёки тиш докторига бормайсиз, айнан қулоқ докторига борасиз! Бугун аждодларимиз қомусий билимга эга бўлган деган далилларни келтириш кулгили, чунки у даврдаги ахборот оқими билан ҳозиргиси ўртасидаги фарқ ер билан осмонча. Собиқ Иттифоқда эса таълимга мафкуравий тус бериб, жуда кўплаб мафкуравий фанлар киритилган ва биздаги олий таълим тизимимиздаги аксар 1—2-блок фанлари аслида шу фанларнинг «меросхўри»дир.
Учинчидан, давлат таълим стандартида ўқув жараёни сўнгида талабалар эгаллаши лозим бўлган билимлар жамланмаси, малака ва кўникма ҳам кўрсатилган. Бироқ ўқитиш ҳамда баҳолашнинг аксарият методлари такрорлаш, ахборотни эслаб қолишга йўналтирилган. Амалиёт ва семинар машғулотларида талабалар ўқитувчидан олган ахборотини шунчаки қайта гапириб беради.
Тест ва назорат ишлари ҳам, асосан, талабаларнинг ёдда сақлаш қобилиятини текширади. Оралиқ ва якуний назорат ишларида бериладиган саволлар кўпинча “…га таъриф беринг”, “… нима”, “… турларини сананг” шаклида бўлади.
Курс иши, рефератлар интернет ёки китобдан кўчирилади. Олий таълим муассасаларининг айрим профессор-ўқитувчилари кўникма ва малакани баҳоловчи назорат топшириқларини ишлаб чиқа олмайди ёки бунга жон койитишни хоҳламайди.
Бунинг оқибатида битирувчиларнинг ижодий фикрлаш, таҳлил қилиш, назарий билимларни аниқ касбий вазиятларда қўллай олиш кўникмаси ривожланмай қолади.
Хориждаги университетларда назорат саволлари шундай тузиладики, илмий адабиётлар билан мустақил ишламаган, фанда ўрганган тушунчаларини амалиётга татбиқ қилмайдиган, танқидий фикрламайдиган талаба бундай саволларга жавоб бера олмайди.
Тўртинчидан, юкламанинг ҳаддан ортиқ кўплиги профессор-ўқитувчиларнинг ўз устида ишлаши ва илмий-тадқиқотлар олиб боришига имкон бермайди. Ўқитувчиларнинг бир йиллик меъёрий юкламаси 1540 соатни ташкил этади. Профессор ва доцент ҳафтасига 20 соат, катта ўқитувчи, ўқитувчи 25 соат аудиторияда машғулот олиб бориши керак.
Кўп ҳолларда мазкур соатларни бажариш учун ўқитувчи семестр давомида бир неча фанларни ўтади. Бу эса тайёргарлик сифатига салбий таъсир кўрсатади. Ўқитувчининг қўшимча мажбуриятлари, жумладан, баённома ёзиш, ҳисоботлар тўлдириш, талабалар тураржойида навбатчилик қилиши катта ҳажмдаги аудитория машғулотлари билан бирга дарсларга пухта тайёргарлик кўришга вақт қолдирмайди. Оқибатда илмий ишлар “хўжакўрсин”га бажарилади, кўчирмакашликка йўл қўйилади.
Эътибор беринг, илмий конференция тўпламлари, журналлардаги мақолалар ҳам асосан олди-қочди гаплардан иборат. Чунки ўқитувчининг илмий иш қилишга вақти йўқ, мақоласини ҳам 2-3 кунда апил-тапил, педагогик юкламасини бажариш учун ёзади, тўғрироғи у ёқ бу ёқдан кўчириб “ясайди”.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2015 йил 9 сентябрдаги 5-2015-сонли буйруғи билан тасдиқланган Олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари таркибининг ўқув, илмий-методик, илмий-тадқиқот, ташкилий-методик, маънавий-ахлоқий ва тарбиявий ишлар юкламасини аниқлаш қоидалари ҳам муаммоли нуқталардан бири бўлиб, педагоглар таълим сифати эмас, “соатларни бажариш” ҳақида кўпроқ қайғуради. АҚШ университетларининг фаол тадқиқотчилари семестр давомида ҳафтасига 2,5-3 соат дарс ўтади. Буюк Британияда олий таълим муассасаси ўқитувчисининг одатий юкламаси ўқув йилига 68 ёки ҳафтасига 3,4 соат аудитория машғулотини ташкил этади.
Бешинчидан, олий таълим муассасаларидаги коррупция таълим сифати ва талабалар мотивациясига салбий таъсир этмоқда. Кўп фан ва катта ахборот, бунинг устига вақт етишмаслиги коррупцияни келтириб чиқарувчи асосий омил бўлиши мумкин.
Айрим олий ўқув юртларида деканат муайян талабаларнинг сессияни “ёпиши”га ёрдам беради. Албатта, бундай вазиятда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этиш мумкин. Бироқ бир порахўрни иккинчисига алмаштириш билан вазият ўзгармайди.
Коррупцияни юзага келтираётган омилларни аниқлаш ва бартараф этишга тизимли ёндашув керак.
Олтинчидан, аккредитация тизими ва олий таълим муассасаларининг рейтинг баҳолари талабаларнинг реал билим даражасини аниқлашга йўналтирилмаган. Тест малака ва кўникма даражасини аниқлашга мос метод бўлмаса-да, бу талабалар билимини баҳолашнинг асосий усули. Аттестация ва аккредитация жараёнида талабалар шу олий таълим муассасаси ўқитувчилари тузган саволларга жавоб беришади. Баҳоларни сунъий ошириш учун тест топширувчилар олдиндан тўғри жавоблар билан таъминланган бўлади.
Давлат тест марказида ишлаган пайтимдаги бир воқеани эслайман, олий таълим муассасасига рейтинг баҳосини бериш пайтида таълим рус тилида олиб борилувчи немис филологияси йўналиши 4-курс талабалари тест топшириш тартиби бўйича рус ёки немис тилида кўрсатган элементар йўл-йўриғимни қийинчилик билан тушунишди, ва энг қизиғи, 15—20 дақиқада немис ва рус тилидаги барча саволларга жавоб беришди. Улар аудиторияга киришдан олдин йўлакда олдиндан берилган саволларга жавобларни тушунмасдан ёдлаган ва такрорлаётган эди. Тажрибамдан келиб чиққан ҳолда ишонч билан айтишим мумкинки, бу ягона ҳолат эмас, балки тизимли характер касб этади. Давлат тест маркази олий таълим муассасалари талабалари билимини тестдан ўтказиши учун давлат бюджетидан катта маблағ сарфланади, пировардида реал манзарани акс эттирмайдиган статистика келиб чиқади.
Юқорида кўрсатилган муаммолар кадрларни сифатли тайёрлаш йўлидаги ғовдир. Шундан келиб чиққан ҳолда, олий таълим сифатини ошириш учун мутахассисликка бевосита дахлдор бўлмаган фанларни ўқув дастуридан олиб ташлаш, баҳолаш тизимини такомиллаштириш ва шаффофлигини таъминлаш, ўқитувчиларни қоғозбозликдан халос қилиш каби чора-тадбирларни амалга ошириш зарур.

Комил ЖАЛИЛОВ,
Лондон университет коллежи (University College London UCL) таълим институти (Буюк Британия) ўқув дастурларини тузиш, педагогика ва таълим жараёнларини баҳолаш мутахассислиги магистранти

“Маърифат” газетаси. 2018 йил 7 февраль

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Телеграмдаги каналимиз: @/Behzod_Fazliddin
YouTubeда: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 358

Один комментарий на “Нега Ўзбекистоннинг бирорта олий таълим муассасаси бутунжаҳон рейтингига киритилмаган?

  1. Hayotjon aliev
    30.05.2018 at 16:30

    Assalomu alaykum. Oliy ta’lim tizimida ishlagan, oz bo’lsa-da muammolar bilan kurashgan inson sifatida bir xotira maqola yuborsam ko’rib chiqib, e’lon qilasizlarmi?
    Agar mumkin bo’lsa yuboraman.
    Rahmat.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *