Нега уйғонишдан қўрқади бу эл?!


Алҳазар, кечаги бадният, терсфеъл
Тантига айланар битта юмалаб.
Нега уйғонишдан қўрқади бу эл,
Суяб-суйганлари ётибди талаб.

Ботирлар бошида бетиним зуғум,
Йўловчи йўлчининг йўлини тўсар.
Тўғрилар бир четда ютади заққум,
Бебурднинг бўйнига гулчамбар осар.

Бир куни кўзлари кетса очилиб,
Ким тинглар кечиккан пушмонларини?
Ҳамон дўст юзига оёғин қўйиб,
Бошига кўтарар душманларини…

2009


Ҳали замон кўринар қуёш,
Юзи сўлғин, кўзи жиққа ёш,
Бир кунгина беролмай бардош,
Уфқ бағрига қон бўлиб ботар.

Майда ҳислар, майда одамлар,
Шундайми ҳар жойда одамлар?
Одамийлик қайда, одамлар?..
Саволларнинг залвори ортар.

Бўзболалар кўзида фириб,
Ҳаё йиғлар, ор ҳоли ғариб,
Барчинларни овга чиқариб,
Алпомишлар ичкўйлак сотар.

Бекка бермас сўз бегойимлар,
Ўғилми ё қиз бегойимлар,
Ўзбек эмас ўзбегойимлар
Кўзларини ўйнатиб ўтар.

Қарға кўзин қарға чўқир деб,
Енгил ёзсанг ҳамма ўқир деб,
Ким чиройли чўпчак тўқир деб,
Шоирлари лоф уриб ётар…

2010

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.