Нимам қолди абадиятга?..

ҲАДИК

Нафасимни вақтга чақиб бер,
Нимам қолди абадиятга?
Ҳар гуноҳим бўлди битта шеър,
Жафо қилдим Адабиётга.

Муштоқ қилди тоза бир нафас,
Бор ғамларни кўзга олдим мен.
Гулни эмас, булбулни эмас,
Тупроқларни шеърга солдим мен.

Совуқ ўйлар… Юрагим музлар,
Қачон обод бўлар Дилкаъбам?
Мени алдаб кетмасми сўзлар,
Авлодларга етарми тавбам?!

2006


Балки, бу ҳам бўлса яхшиликкадир,
Ёғаётган тошлар – Ҳақнинг раҳмати.
Бир куни дардларим топгуси қадр,
Қачон беиз кетгай қалбнинг заҳмати?

Ахир нима қилай, гуноҳ ҳам тақдир,
Кўринмай бўлмайди унинг кўзига.
Аввало, хатони таниган ҳақдир,
Тавбадан гул экиб борар изига.

Бесамар кетмагай қон ютганларим,
Гарчи кўнглим ҳамон саргардон, дайдир,
Яхши кўрганларим – йўқотганларим
Бир кун ўзи мени топиб олгайдир…

2007

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.