Яхшилик ажрсиз қолмайди (Носир Фозилов билан гурунг)

— Носир оға, хўп десангиз, “Ҳидоят” ўқувчиларига сизни таништирмоқчи эдик…

— Мен 1929 йили Туркистоннинг Кориз қишлоғида туғилганман. Хўжа Аҳмад Яссавий мақбараси яқинида яшаган Носирбой исмли кишининг кейинчалик советлар мусодара қилган уйида очилган мактабда савод чиқардим. Носирбой — Саидносир Миржалилов, ўтган аср бошида яшаган зиёлилардан, шўролар даврида бойлигидан ажралган. Аммо ўзи оқил, ниятлари холис эканки, юртдошлари ундан манфаат кўрди, орзуларини фарзандлари рўёбга чиқарди. Қизларидан бири — мусаввира, кимё олимаси, забардаст адибимиз мавлоно Ойбекнинг хотини Зарифа Саидносировадир. Унинг ўзбек фани ва маданиятига қўшган ҳиссасини яхши биламиз.
Бу мактабга мени бобом Йўлдош оқсоқол олиб келган. Минг тўққиз юз қирқ тўққизинчи йили ўрта мактабни тугатиб, азим Тошкентга ўқишга отланганимда ҳам мени қўллаганлардан бири бобом бўлди. Мен Ўрта Осиё университети (ҳозирги ЎзМУ) филология факултетига ўқишга кирдим. Носир Фозилов
Ўқишни битириш арафасида ота-онамни Туркистондан Тошкент вилоятининг Олмазор қишлоғига кўчириб олиб келган эдим. Университетни тугатгач, бир муддат ўша ерда яшаб, таржима ишлари билан шуғулландим. Минг тўққиз юз эллик бешинчи йилнинг баҳорида қозоқ ёзувчиси Ғабиден Мустафиннинг «Қарағанда» деган машҳур романининг таржимасини тугатиб, уни нашриётга обориб топширдим. Сўнг талабалик йилларим бир муддат яшаган қариндошимникига кетдим. Ярим соат ўтар-ўтмас ортимдан Олим Маҳкам исмли ёш ёзувчи сўроқлаб келди. “Сизни Саида опа чақиряптилар”, деди. Саида Зуннунова биздан икки курс олдин университетни битирганини билардим, лекин таниш эмас эдик.
Эртаси куни соат ўн бирларда Саида опа ишлайдиган (собиқ “Пионер”) “Гулхан” журнали таҳририятига бордим.
Саида опа мени илиқ кутиб олди: “Саид Аҳмад акангиз қамоқдан қайтди, энди мен у кишининг ёнида бўлишим керак. Бўлимни сизга топширишга қарор қилдим. Мана стол, мана қоғоз, мана қалам”, дедилар.
Ғалати бўлиб кетдим. Бу ишни эплай олармиканман…
Шу-шу бўлди-ю, ҳаётим матбуотга боғланиб қолди.

— Ёзув-чизувингиз… қандай бошланган?

— Турсун Муҳаммад Аълам исмли катта бобом анча илмли, иқтидорли киши бўлган экан. Бухоро, Самарқанд, Тошкентда ўтадиган бедилхонлик, навоийхонликларда қатнашган, ўзи ҳам “Ғурбатий” тахаллуси билан шеърлар, мақолалар ёзган, ўша замоннинг бидъат-хурофотларига қарши чиқишлар қилган экан. (Дарвоқе, Тошкентда тошбосма усулида у кишининг уч-тўртта китоби чоп этилган.) Лекин университетда ўқиб юрганимда бобом ҳақида лом-лим демаганман, мулланинг авлоди экан деб зуғумга учрашдан қўрққанман. Кейинчалик излаб юриб, бобомнинг қўлёзма тўпламини топишга муваффақ бўлдим. Яхшигина ғазаллари, Навоий ғазалларига боғлаган мухаммаслари бор экан. Фолбинларга қарши Қуръони карим, ҳадиси шарифдан далил келтириб ёзган маърифий мақолалари бугун ҳам аҳамиятини йўқотмаган эканки, айримларини “Ҳидоят” журналида қайта бостиришга муяссар бўлдик. Адабиётга ҳавасим, қизиқишим шу бобомдан ўтган бўлса керак.
Адабиётга ҳақиқий маънода ихлос қўйишим, ҳикоялар қоралашим, таржимага қўл уришим университетда эллигинчи йилдан бошланди. Минг тўққиз юз эллик тўққизинчи йили “Ирмоқ” номида биринчи ҳикоялар китобим чоп этилди. Ўша йили бир ҳикоям (“Иншо”) туркман тилига таржима қилиниб, “Дузме” деган номда Ашхободда китобча ҳолида нашр этилди. Шундан бошлаб ҳар йили, йилора китобларим ёруғлик юзини кўра бошлади. Бундай ўйлаб қарасам, қозоқчадан, қорақалпоқчадан, қирғизчадан кўп китоб ўгириб қўйган эканман. Таржима билангина ўралашиб қолмай, мустақил асарлар ҳам ёздим. Яратганга шукр, меҳнатларимни ҳукуматимиз ва жамоатчилигимиз муносиб тақдирлади. “Устозлар даврасида” деган китобимга Ўзбекистон давлат мукофоти берилди. Болалар адабиётидаги хизматларим Ёзувчилар уюшмамизнинг Ғафур Ғулом номидаги мукофотига лойиқ кўрилди. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби” унвонига, “Эл-юрт ҳурмати” орденига сазовор бўлдим. Одам ишласа, яхшилик қилса, ажрини олмасдан қолмас экан.

— Сизнинг шахсингизда ҳам, ижодингизда ҳам қон-қардош, қўшни халқларни бир-бирига яқинлаштириш учун жонкуярлик кўринади. Бунинг сабаби нимада?

— Марказий Осиё заминида яшайдиган қон-қардош туркий халқлар ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман — барчасининг тили бир, дини бир, тарихи бир; сувимиз, еримиз туташ; тожик биродарларимизнинг тили бўлак бўлгани билан Юртбошимиз айтганларидай, “Биз икки тилли бир халқмиз!” Демак, маданиятларимиз бир хил. “Туркистон — умумий уйимиз” деган гап тўқиб чиқарилмаган, бор ҳақиқат. Қозоқларда “Ўзбек ўз оғам” деган мақол бор. Демак, эт билан тирноқмиз. Этдан тирноқни ажратиб қўринг-чи? Қандай оғрийди?! Ёки қозоқ ёзма адабиётининг асосчиси Абай “Насиҳатлар”ида элини ўзбеклардан ўрнак олишга чақиради.
Носир оға шу гапларни айтиб турганда хонадонига бир киши уни йўқлаб келиб қолди. Қорақалпоқ ёзувчиси Муродбой Низонов экан. У устозига янги нашрдан чиққан “Охират уйқуси” номли китобини тақдим қиларкан, ўзбек болалар шоири ва таржимони Турсунбой Адашбоев ўзбекчага ўгириб берсин деб бир нечта шеър қолдирди… Муродбой Низонов Нукусдан Тошкентга бир ижодий иш боис шошилинч келганини айтиб, “Оға, сизни кўрмасдан кетолмадим ”, дея тезда ўрнидан турди.
У шогирдини кузатиб қайтгач, сўзида давом этди:
— Ёзувчи одам яна бир нарсани яхши билиши керак. Адабиётлар халқларни бир-бирига яқинлаштиради, қон-қардошлигини эсига солади. Гўзал асарлари билан ҳақиқатни англатади, тарбиялайди. Мен таржимон сифатида озми-кўпми тажрибага эгаман. Ҳамиша ҳам адабиётда ҳамма учун керакли мавзудаги асар пайдо бўлавермайди. Ўша зарур асар бошқа халқ адабиётида кўнгилдагидек ёзилган бўлса, нега уни таржима қилмаслик керак. Ахир у иккинчи бир халқ маънавиятини бойитади-ку! Бир-биримизни яқинроқдан таниш, аҳволи руҳиямиздан хабардор бўлиш ҳам адабиёт орқали қулай кечади. Бу қондош-қардош халқнинг иккиси учун ҳам фойдалидир.

— Сиз устозлар мурувватини кўриб, шунга яраша эҳтиромингизни ҳам кўрсатган адибсиз. Ортингиздан адабиётга кирганлар эса бағрикенг ва жонкуярлигингизни эьтироф этишади. Устоз-шогирдлик ҳақида тўхталсангиз.

— Шу савол баҳонасида устозларни эслаш кўнглимни чоғ қилади. Бу борада менинг толеим кулган. Битта-иккита мисоллар келтирсам. Минг тўққиз юз эллигинчи йили эди. Талабаман, кучим ичимга сиғмайди, исталган нарсани қотириб ташлайман деган кайфиятда юрардим. Ўшанда жуда ғўр фикрлаганимни орадан 50-60 йил ўтиб, энди сал-пал фаҳмлаётгандекман. Шунда Собит Муқоновнинг ёстиқдай келадиган уч жилддан иборат “Ҳаёт мактаби” номли романларини таржима қилмоқчи бўлиб, биринчи марта маслаҳатга атоқли шоиримиз Миртемир аканинг олдига бордим. Миртемир ака қалби жуда очиқ, беғубор одам экан. Биринчи кўришувдаёқ, “Ўзимиздан экансан”, дея яқин олди. Кўнглимни осмон қадар кўтарди. “Юр”, деб нашриётга олиб борди. Ҳозирги Алп Жамол банки ўрнида “Матбуотчилар” кўчасининг биқинида “Ўздавнашр” нашриёти биноси жойлашган эди. Шоир Шукур Саъдулланинг олдига олиб кирди. Ниятимни айтди. “Жуда яхши, лекин ҳажми бир оз катта экан, — деди шоир ўйланиб. — Болаларга мос нусхаси тайёрланса, ёмон бўлмасди. Сиз муаллифга хат ёзинг, рози бўлса, бўлди”, дея маслаҳат берди.
Собит Муқоновдай улкан ёзувчига шошилинч хат ёздим, жавоби қандай бўларкин, деб орзиқиб кутдим. Хат келиб қолди денг. Талабалар ётоқхонасида “Собит Муқоновдан хат олдим”, дея қувониб, дўстларимга кўз-кўз қилганим ҳеч эсимдан чиқмайди. Улкан адиб мени катта киши деб ўйлаган бўлса керак, хатини “Жўлдас” деб ҳурмат билан бошлаган, бу ишдан хурсанд ва розилигини айтиб, тез орада қисқартирилган нусхани етказишга ваъда қилган эди. Шу воқеанинг ўзи кўнглимни анча кўтариб юборди. Ўзимга ишончим ошди. Айниқса, устоз меҳри ва самимияти ҳаммадан кўра ишга рағбатлантирди. Ортимда тоғ тургандай ғайрат билан ишга киришдим. Шундай қилиб, Собит Муқоновнинг “Ҳаёт мактаби” романининг болаларбоп нусхаси собиқ Иттифоқда биринчи бўлиб Ўзбекистонда, менинг таржимамда нашр қилинди.
Шундан бошлаб мен Миртемир акадан ажралмадим. Нима ишга қўл урмай, у киши билан маслаҳатлашиб турдим. Нима қиляпсан, дея доим суриштирар, кўнглимга тегмайдиган меҳр билан тергар, ҳалол, ҳақгўй, меҳнаткаш, кенгфеъл бўлишга ундар эди. Миртемир ака сабаб ўзбек адабиётининг ўша пайтдаги манаман деган дарғалари билан танишдим. Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Ойбек ака. Улардан ҳам ҳаққини адо қилиб бўлмас кўп яхшиликлар кўрдим. Гўрлари нурга тўлсин ҳаммаларининг. Мана, бугун ўзим ҳам саксон ёшга кирдим. Яратганга беҳисоб шукр, ҳамиша яхши инсонларга йўлиқтирди, тарбияларидан баҳраманд этди.
Шундай экан, мен ўзимдан кейингиларга нега яхшилик қилмаслигим керак? Бировни нега тўғри йўлга йўллаб юбормаслигим керак?! Тақдирнинг инояти билан бугун ўзбек адабиётида ўз ўрнини топган Абдулла Орипов, Ўктам Усмонов, Саъдулла Сиёев, Йўлдош Сулаймон, Шукур Холмирзаев каби ижодкорларга озми-кўпми йўл-йўриқ кўрсатганимдан хурсандман. Уларнинг ютуғи менинг ҳам бахтим.
Бир воқеани айтиб берай. Саксонинчи йиллар эди. Абдулла Орипов “Гулхан” журналида бош муҳаррир бўлиб ишларди. “Мана буни бир бола Бухородан юборибди, шуни кўриб, хулосангизни айтсангиз”, деб қўлимга бир қиссани тутқазди. Ўқисам, жуда маъқул нарса ёзибди болалар ҳаётидан. Асар ҳақида ярим қоғоз фикримни қораладим. “Муҳтарам муҳаррир, мен ёш ёзувчи укамизнинг асарини кўриб чиқиб, қаноатландим. Болалар адабиёти дегани шунақа бўлиши керак. Уни нашрга тавсия этаман. Биламан, журнал ихчам, агар жой масаласи муаммо бўладиган бўлса, менинг “Меҳр ва қаҳр” деган қиссам чиқаётган эди, шуни олиб қўйиб, ўрнига Валижоннинг асарини берсангиз. Меники шошилинч эмас, кейинроқ чиқар”, деб илтимос қилдим. Шундай қилиб, Вали Бобомуродовнинг биринчи қиссаси “Гулхан” журналида босилди. Одамлар менинг ишимни мардлик деб ёзишдиям. Бу ҳеч қанақа мардлик эмас, балки адолат эди.

— Ёшликда киши беғубор, анча-мунча содда ҳам бўлади. Шу боис баъзан воқеаларнинг сиртига қараб баҳо беради. Шунчаки одатлар ҳам тасаввурида фазилатдай туюлади. Ёши улуғлашган сари ёки баъзан аччиқ тажрибадан кейин аслни сохтадан фарқлай бошлайди… Айтинг-чи, сиз инсондаги кайси фазилатни кўпроқ қадрлайсиз? Нима учун?

— Ростгўйликни яхши кўраман. Ростгўйни қўллаш, вақтида тақдирлаш ҳам керак. Яхшиликни ҳамма ҳам қилавермайди. У гўзал тарбия, мардона юракнинг иши. Назаримда, ҳамма фазилатлар яхшиликни ният қилишдан, ниятни яхшилашдан туғилади. Каттани ҳурмат, кичикни иззат қилган, ота-онани, устозларни эъзозлаган кишига меҳрим баланд. Зеро, ҳурмат ҳам, иззат ҳам бир куни ўзига қайтади, қадрлаган киши қадр топади, эътиборли эътиборга сазовор бўлади.
Мен ёлғон гапирадиган одамни ёмон кўраман. Ёлғоннинг умри қисқа бўлади. Ёлғончининг иши унмайди, бир куни, муқаррар, юзи шувит, ўзи шармисор бўлиши тайин. Нафс бандаси бўлишдан Ўзи асрасин! Ўзини билағон ўйлаб, “ҳозир нима қилсам мумкин”, дея одоб-ахлоқимизга терс иш қиладиган, такаббур, худбин кимсалардан ҳам узоқ юраман.

— Ҳар бир даврнинг ўзига хос вазифаси бўлади. Масалан, ўйлашимча, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи тугаган жойдан “Кеча ва кундуз” бошланганга ўхшайди… Демоқчиманки, хар бир даврнинг муҳим нуқтасига истеъдодли адиб ўзига хос бир услуб ва қараш билан диққатни тортади…

— Бунинг учун ёзувчида шахсий жасорат, фавқулодда истеъдоддан ташқари шароит ва кўникма, даврни тез илгаш ҳам бўлиши керак. Мен ўзбек адабиётида Чўлпонлардан кейин пайдо бўлган ёрқин истеъдодларнинг бири Ойбек деб биламан, у бошда “ёш Чўлпон” деб ҳам ном қозонган.
Менинг назаримда, Ойбек домла “Қутлуғ қон” романини ўз иқтидори имкониятидан бир оз сиқилиброқ ёзгандай туюлади. Негаки, бу совет даврининг дастлабки нафасини акс эттиришга бағишланган биринчи йирик асар эди. Шундай бўлса ҳам, ўша давр насрининг юксак намунаси деб ҳисоблайман. Ойбек домла ҳазрати Навоий ҳақида роман бошлаб, биринчидан, давр мушкулотларидан халос бўлди. У ўн бешинчи аср муҳитида эркин қалам тебратди. Ойбек домла, Миркарим Осим сингари фидойи инсонлар оғир замонда ана шу йўл билан маънавиятимизга хизмат қилишган эди.

— Бугун ҳақида гапиришингизни истардим…

— Ҳозир Ойбегимиз йўқ, Ғафур Ғуломимиз йўқ, Қаҳҳоримиз йўқ, Миртемиримиз йўқ. Саид Аҳмад, Асқад Мухторлар ҳам йўқ. Одил ака, Пиримқул акалар кексайиб қолишди. Қани, ўшаларнинг ишларини давом эттирадиганлар борми? Потирлаб китоблар чиқяпти. Лекин уларнинг бадиий савияси қандай? Қайси нашриётга борсангиз, “Ҳомийингиз борми?” деб сўрашади. Китобнинг савиясини, миллат маънавиятига қай даражада хизмат қилишини ўйлаб кўрмаймиз.
Қодирий домла бир асарини ёзиш учун қайта-қайта Марғилонга борар, водийда ярим ойлаб қолиб кетар эди ёхуд отга миниб, далаларни кезар эди. Беҳудага Чўлпон “Қучоқ очиб халқ ичига борайлик”, демаган-да. Бугун шаҳардан чиқмасдан, китоб ўқиб китоб ёзадиганлар бор. Шунинг учун ҳам асарида ҳаётнинг ичига киролмайди, руҳиятда кечадиган ўзгаришларни билмайди-ҳис қилмайди-да, бачкана, зерикарли, олди-қочди бир нарсани тўқийди…
Қолаверса, давр ўзгарди, мустақил бўлдик, бозор иқтисодиёти палласида яшаяпмиз. Миллат олдидаги хизматларимиз ҳам ўзгарди. Сохталаштирилган тарих фош бўлди, имон-эътиқодимиз эркинликка чиқди. Асл қадриятларимиздан хабар топдик. Бундай шароитда кечагидек ёзиб бўладими? Шунга биз тайёрмизми? Мен, масалан, болаларга бирон-бир асар ёзадиган бўлсам, унинг руҳига киришим учун қанча вақт керак бўлади? Айниқса, кечаётган жараёнлар иллатми, фазилатлигини билиш учун ҳам маълум вақт ўтиши керакка ўхшайди…
Бу кузатувларим баҳонасида иккита фикрни айтишни истардим. Чиқаётган ҳар бир китоб савиясига нашриётлар ҳам масъул бўлсин. Фақат товар ёхуд ўзини кўз-кўз қилишни истаган китобларнинг нашрига йўл берилмасин. Бундай саёз асарлар маънавиятимизга лат етказади, китобнинг, адабиётнинг қадрини туширади. Иккинчи гапим: ҳақиқий истеъдод билан ёзилган асарларнинг муаллифлари ҳам бозор иқтисодиёти даврида бир оз ҳимояга олиниши керак.

— Суҳбатимиз бошида яқинда қўлимга яна бир янги китобим тегди, дедингиз, сир бўлмаса, кейинги китобингиз ҳақида билишни истар эдик…

— Раҳматли Саид Аҳмад аканинг хотира-эсселардан иборат “Топганларим ва йўқотганларим” деган китобини ўқиган бўлсангиз керак. Мени ҳам устозларнинг ҳаёти ва уларнинг ранг-баранг тақдирлари анчадан буён қизиқтириб келади. Бу мавзудаги китобларим аввал ҳам чиққан. Бу билан мақтанмоқчи эмасман. Фақат бир ҳақиқатни айтишни истардим.
Бундай ўйлаб қарасак, ўтган асрнинг бошида қизгин ва фаол ижод қилган Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий, Усмон Носир номларини, ижодларини бугун тез-тез тилга оламиз, аммо уларнинг шахсий ҳаёти, феъл-атворлари ҳақида кўп нарса бизга қоронғу. Йигирманчи, ўттиззинчи йилларда адабиётга кирган, улар билан ёнма-ён ижод қилган Ойбек домла, Ғафур Ғулом, Шайх ака, Миртемир акалар уларни билмаслиги мумкин эмасди… Чунки улар билан жуда яқин, дўст-биродар бўлишган, бироқ уларни тилга олишса, ўзлари ҳам қатагонга учрашидан чўчишган.
Йиллар ўтиб, яна бир авлод бизни тарк этди. Мен-ку тирикман. Ойбек акани кўрдим, Ғафур Ғулом билан бирга юрдим. Шайх аканинг таълимини олдим. Миртемир ака билан-ку, ота-бола бўлиб кетган эдик. Нима учун бу хотираларимни қораламаслигим керак? Бу хотираларни жамлаб, «Топдим-у, йўқотмадим» деб номладим. Бундай дейишимнинг маъноси шуки, мен уларни астойдил топдим, уларнинг руҳлари, миллатимизга қолдирган дурдона асарлари ҳамиша биз билан бирга. Уларни йўқотишга ҳаққим йўқ.

Вафо Файзуллоҳ суҳбатлашди

“Ҳидоят” журнали, 2009 йил 4-сон.

Ажойиб инсон, ёзувчи, таржимон Носир Фозилов 2018 йилнинг 13 январида оламдан ўтди. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 570

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *