Ўйнамасман, Ёлғон ноғора чалса…

ОДАМЛАР НИМА ДЕРКИН?

Қўлдан кетмиш ихтиёр,
Бу дунёда ким эркин?
Қарғиш урган бир гап бор:
“Одамлар нима деркин?”

Онам ўшандан қўрқар,
Отам ухлолмай чиқар,
Менинг кўнглимни сиқар:
“Одамлар нима деркин?”

Гап-сўзларга йўқ мажол,
Юролмайман бемалол,
Йўлим тўсар бир савол:
“Одамлар нима деркин?”

Андуҳлардан дил тилим,
Боққа кетдик, юр, Гулим.
Жовдирайди севгилим:
“Одамлар нима деркин?”

Қўшним тўй деб тўймайди,
Янги кий, деб қўймайди,
Ўзгармасам бўлмайди,
Одамлар нима деркин?

Камбағални бой қилган,
Қўлларини лой қилган,
Ҳолимизни вой қилган –
“Одамлар нима деркин?”

2008

ҲУКМДАН СЎНГ

Нима бўлса бўлди – ўзимдан кўргум,
Кўнглимнинг этагин ушладим-кетдим.
Токайгача санғиб ортидан юргум –
Майда орзуларни ташладим-кетдим.

Ишонарли эртак айтмади тунлар,
Аждарларнинг куни битмаган бўлса,
Қайдан уйқу келсин, ҳамон ботирлар
Мурод-мақсадига етмаган бўлса?

Ичимга ёмғирлар ёққани-ёққан,
Ўйнамасман, Ёлғон ноғора чалса.
Кошки, мен чеккага чиққаним билан
Дунёнинг айвони кенгайиб қолса…

2008

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.