Оддий инсоний туйғудан… озон қатламига қадар

Ёзувчи ва филолог олим Хуршид ДЎСТМУҲАММАД билан суҳбат

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Фанлар академияси аъзолари, етакчи фан намояндалари билан учрашувида миллий академиямиз фаолияти билан боғлиқ  ютуқлар қатори бир талай камчиликлар ҳам тилга олинди. Бутун дунёда академиялар фан соҳасида ҳукуматга маслаҳатчи, муҳим илмий изланишларга йўлбошчи, жамиятда фанни оммалаштириш, фуқаролар дунёқарашини ўстиришга масъул саналади. Академия аъзоларидан, илғор зиёлилар ўлароқ, жамиятда ўзига яраша мавқеи, айтар сўзи бўлиши ҳам талаб қилинади. Фан ва таълим соҳасидаги муаммоларни баралла айтиш, уларга жамоатчилик эътиборини қаратиш ҳам академия­нинг бурчи, менимча. Шу нуқтаи назардан, бугунги академиямизнинг фан соҳасидаги ҳукумат сиёсатида қанчалик ўрни бор? Бу ташкилот ўз номига чиндан-да муносибми? Нега кўп академикларимизни эл танимайди, уларни матбуот ёки телевидениеда кам кўрамиз? Илгариги Фанлар академияси билан ҳозиргиси ўртасида қандай фарқ бор? Бу соҳада биз қандай камчиликларга йўл қўйдикки, академиямиз шу аҳволга келиб қолди? Вазиятни ўнглаш учун нима қилиш керак, сизнингча?
– 2016 йилнинг 30 декабрида Президент Шавкат Мирзиёев миллий илм-фанимиз фахрийлари бўлмиш академиклар ва атоқли фан арбоблари билан учрашди, давра суҳбати қурди. Ватанимиз мустақиллигининг дастлабки чорак асрида бундай мулоқот илк бор ташкил этилгани учун ҳам уни фавқулодда ажойиб воқеа десак янглишмаймиз.
Учрашувда “миллий академиямиз фаолияти билан боғлиқ ютуқлар қатори бир талай камчиликлар ҳам тилга олинди” деган жумла бор саволингизда. Шахсан мен учрашувни телеэкран орқали кузатиб, Фанлар академияси фаолиятидаги ютуқлар ҳақида сўз борганини пайқамадим, лекин талай камчиликлар тилга олингани ҳаққирост. Академия ва унинг тизимидаги институтларда, мавжуд қийинчиликларга қарамай, баҳолиқудрат илмий тадқиқот ишлари олиб борилганини инкор этиш инсофдан бўлмас, лекин умумлаштириб дангал айтсак, академия ўтган чорак аср мобайнида таназзул даврини бошдан кечирди. Қулоққа оғир эшитилади бу сўз, бироқ начора, айтай десангиз – тилингиз, айтмай десангиз – дилингиз куяди. Оқибати эса жамоатчиликка кундай равшан – академия таркибидаги илмий тадқиқот институтлари олий ўқув юртларига улашиб берила бошлади. Лўнда айтганда, 70 йилдан буён фаолият юритиб келаётган илмий тадқиқот марказларининг баҳридан ўтишга киришилди. Нега? Нима учун? Не сабабдан?
Бу каби саволларга жавоб изламадик, бундай “ислоҳот”нинг оқибати учун жондан кечиб қайғурмадик. Кўча-кўйда “Эҳ, аттанг! Фанлар академияси йўқ давлат ҳам бўладими?!” қабилидаги ивир-шивирлар айтилгандир, лекин “Ҳой халойиқ, ҳой илмий жамоат, бу қандай гап? Кимдан чиқди бу маслаҳат,  академиямизни асраб қолиш чораларини топайлик!” дея бонг урмадик. Ваҳоланки, бонг уришга арзирли воқеа, ҳолат эди.
Фанлар академиясининг жамиятда тутган ўрни, аҳамиятини уч-тўрт оғиз сўз билан тугал баён этиш қийин. Табиий, Фанлар академиясига қарашли илмий муассасаларда муайян йўналишлар бўйича фундаментал изланишлар олиб борилади, тадқиқотлар яратилади, кашфиётлар қилинади. Юқори малакали олимлар сулоласи айни шу даргоҳларда етишиб чиқади. Фанлар академияси мамлакатнинг, таъбир жоиз кўрилса, ақл маркази саналади. Унинг жамият ҳаётида тутган ўрнини инсоннинг ақли-шуурига қиёслаш мумкин.
Муболағага йўйманг, академия мамлакатда олиб борилаётган барча ислоҳотлар, қабул қилинаётган қарорлар учун илмий-назарий жиҳатдан масъул. Бугун жамият ҳаётида, қайси бир соҳада камчилик, янглишмовчилик юз бердими, билингки, бу ишга илм, олим аралашмаган, назариячи билан амалиётчи бош қўшмаган. Истаганча такрорлашдан чарчамайлик: илм-фан, илмий муассаса жамиятда юз бераётган бирон бир (!) жараёндан ўзини четда ёки ўзини ундан холи тутишга ҳаққи йўқ. У – жамиятнинг, халқнинг бош мияси, ақли, тафаккури ахир!Хуршид Дўстмуҳаммад
Фундаментал фанлар, одатда, узоқ ва яқин истиқболдаги лойиҳаларга доир тадқиқотлар ўтказади, шуниси билан улар сиёсатдан, одат ва анъаналардан, ҳукмрон қарашлардан бирмунча олдинда юради, бироқ бу улар бугун ва бугуннинг ташвишлари билан шуғулланмайди дегани эмас.  Жамият миқёсида олиб борилаётган ишларнинг нечоғли тўғри-нотўғрилиги, ўринли-ўринсизлигини илмий нуқтаи назардан баҳоловчи маслаҳатчи ҳам, масъул ҳам, йўл кўрсатувчи ҳам – академия. Чунки академиянинг бош қуроли – илм-фан! Ақл, интеллект!
“Илмийлик” деганда маълум бир масала юзасидан тизимли-системали мулоҳаза, мушоҳада юритиш тушунилади. Тажрибалар, фаразлар, тасодифлар, ҳатто бой берилган имкониятлар бўлиши ҳам мумкин, бунингсиз илм-фан ривожланмайди, аммо-лекин асосан олганда, академик илм-фаннинг ўзак-ўзагини пухта ўйланган, тажриба-синовлардан келиб чиқувчи хулосалар, таклифлар, тавсиялар ташкил этади.
Ҳамонки Фанлар академияси мамлакатда кечаётган барча жараёнлар учун масъул экан, нега энди у ўз “томорқа”сидаги сурункали парокандалик борасида сукут сақламоғи керак? Ўз тақдирига ўзи бепарво-лоқайд бўлмоғи керак? Такрор таъкидлайдиган бўлсак, академия тақдирига қўл силташ мамлакатнинг, жамиятнинг, халқимизнинг – тарихнинг буюк инъоми бўлмиш мустақилликнинг тақдирига қўл силташ билан баробар!
Академия аъзолари, умуман, олимлар жамиятнинг энг сара зиёлилари ҳисобланади. Зиёлилар эса ҳар қандай жамиятнинг ўзагини, умуртқасини ташкил этади.  Зиёли қатлами шаклланмаган халқ тўлақонли халқ эмас.
Ердан 20-25 километр баландликда ҳосил бўладиган озон қатлами Қуёшнинг зарарли нурларини ўзига ютиб иҳота вазифасини ўтайди, у она заминимизга офтоб ҳароратининг ҳаёт учун фойдали қисминигина ўтказади. Ҳар бир халқнинг зиёлилари ўз юрти, ўз жамияти осмонидаги озон қатлами кабидир. Озон қатламидаги “туйнук”лар дунё олимларини нечоғли ташвишга солаётган бўлса, миллий тафаккуримиз осмонидаги “қора бўшлиқ”лар ҳам жамиятимизда зиёлилар сўзининг (олиму уламо, ёзувчию журналистларни қўшиб ҳисоблаганда) заифлашиб кетганидан далолатдир, бу ҳол соғлом ақл-идрок эгаларида ташвиш-хавотир туғдирмаслиги асло мумкин эмас.
Олий аттестация комиссияси 2012 йилда бошлаган ислоҳотлари дунёнинг ҳеч бир диёрида учрамаса керак. Илмий даража олиш тартиби, низоми ва шартларига қарийб ҳар ойда ўзгартириш, янгилашлар қўшилди. Илмга чанқоқ ёш йигит-қизлар у ёқда турсин, кўпни кўрган устозлар ҳам гангиб қолди. Ислоҳот – ислоҳот учун тусини олди. Оқибатда илмий тадқиқот ишлари пароканда бўлди, илмий салоҳият жаҳон мезонлари тугул, ўзимиз эришган даражалардан-да пасайиб кетди. Академия шундай вазиятда нима каромат кўрсатди?
Шўролар даври республикамиз Фанлар академиясида қусурлар бўлса бўлгандир, лекин унда ҳаракатдаги жараён бор эди. Салобат, нуфуз баланд эди. Кимё, физика, математика, кибернетика, геология, астрономия, сейсмология, иқтисод йўналишидаги илмий текшириш институтларини оласизми, тарих, фалсафа ва ҳуқуқ, тил ва адабиёт, шарқшунослик сингари институтларни оласизми, уларнинг ҳар бири улкан илмий изланишлар “мамлакат”ига қиёс этгулик мавқега эга эди. Хизмат тақозосига кўра (бир неча йил академия муассислигидаги “Фан ва турмуш” журнали таҳририятида фаолият юритганимдан фахрланаман) ўз даврининг улкан фан дарғалари билан яқиндан танишиш, суҳбатлашиш насиб этган – Обид Содиқов, Ёлқин Тўрақулов, Саъди Сирожиддинов, Восил Қобулов, Иброҳим Ҳамробоев, Собир Юнусов, Содиқ Азимов, Обид Акрамхўжаев, Ҳамдам Усмонов, Абдуманнон Раҳимжонов, Иззат Султон, Матёқуб Қўшжонов, Мирҳожи Асқаров, Раҳим Бекжонов, шунингдек, қанчадан-қанча мухбир-аъзолар, фан докторлари… Ҳар бир академик алоҳида бир дунё, шахмат лаҳжасида айтганда, залворли фигура эди. Академикнинг салобати босарди, ҳузурига кириб борганда ёки қўққис рўпара келганда, тасаввур қилайлик, у қандайдир ғаройиб аура – зирҳ билан муҳофазалангандек туюларди. Фалончи академик билан кўришдим, суҳбатлашдим, мақоласини журналга тайёрладим, деб фахрланардик. Журналхонлар фалончи академик билан суҳбатлашибсиз-а, деб ҳавас қилишарди биз мухбирларга.
“Фан ва турмуш” журналимизнинг бош муҳаррири, таниқли олим Ёлқин Тўрақулов таҳририят ходимларидан фундаментал изланишлар ҳақида кўпроқ ёзиш, шу орқали фан янгиликларини оммалаштиришни маслаҳат берарди. Бу йўсинда мақола ёзганда эса муайян фан дарғасига мурожаат қилишга тўғри келарди. Яъни олимнинг номи, фаолияти, кашфиётлари, қолаверса, у раҳбарлигидаги илмий жамоа, иқтидорли ёш тадқиқотчилар тилга олинарди. Фан ютуқлари оммалаштириларди. Агар журналимиз ҳар ойда 500 минг ва ундан ортиқроқ нусхада тарқалганини, журналда чоп этилган ҳар бир мақола юзасидан ўнлаб-юзлаб хат-хабар оқиб келганини, муштарийлардан олинадиган бирорта савол-мурожаат жавобсиз қолдирилмаганини назарда тутсак, маърифатга чанқоқлик нечоғли кучли бўлганини, яъни ИЛМИЙ МУҲИТнинг кўлами ва жўшқинлигини  осонгина тасаввур қилиш мумкин.
Бир жиҳатга эътибор берайлик, ўшанда олий даражадаги илмий дунё билан ўқувчилик, талабалик давридан илм-фанга ҳавасманд омма ўртасидаги оралиқ масофа у қадар узоқ эмасди. Халқ ўз олимини – АКАДЕМИГИни танирди, ҳурмат қиларди, уни ўзи учун ибрат деб биларди. Биз яқин ўтган йилларда ана шу илмий муҳитни барча афзалликларига қўшиб-чатиб бой бериб қўйдик: академия тизими молиявий буҳронга учради, узлуксиз илмий изланишлар занжири парчаланди, мавжуд илмий салоҳиятнинг аста-секинлик билан тугаб боришига йўл қўйилди, илмий авлодлар ворисийлиги чок-чокидан сўкилди, илм-фан унинг заҳматкашларига қўшиб обрўсизлантирилди…
Ҳайратланарли жойи шундаки, халқнинг илм-фанга бўлган азалий муҳаббати, садоқати оғир синовлардан омон ўтди. Илмий жамоатчилигимиздаги бугунги инқироз кечаги билиб-билмай қў­йилган янглиш қадамлар оқибати эканлиги аён бўлди-қолди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ишни ҳаёт бўлган илм-фан намояндаларига эътибор кўрсатишдан бошлагани таҳсинга сазовор. Илм-фан, аниқроқ айтганда, академия фаолияти давлат эътиборидан четда қолиши мумкин эмас.
Илм-фан маънавий, молиявий мадад тўғри йўлга қўйилгандагина юқори самара беради. Фан соҳаларида кадрлар узвийлиги-давомийлиги алоҳида аҳамиятга эга. Илмий-тадқиқот муассасаларини замонавий мезонларга мувофиқ жиҳозлаш улкан сарфиётларни тақозо этади. Ўзбекистон Фанлар академияси, умуман, мамлакатимиз фан намояндалари дунёнинг тараққий этган нуфузли илмий марказлари билан эмин-эркин мулоқотга, ҳамкорликка киришишлари зарур. Фан – аввало, назария, назарияга эътиборсизлик, беписандлик эса жаҳолатдан ўзга нарса эмас. Назария бугун оқсадими, унутмайлик, эртага амалиётда оқсаш юз бериши муқаррар. “Олимнинг ўлими – оламнинг ўлими” деган муборак ҳикмат халқимиз энг суйган ва ардоқлайдиган шиорга айланмоғи лозим. Зеро, илмнинг қоқилгани – жамиятнинг, миллий тафаккурнинг қоқилгани демакдир. “Илмий тажриба халқнинг ҳам маънавий, ҳам амалий ўзлигини англашдир” деганида машҳур олмон файласуфи Освальд Шпенглер юз карра ҳақ эди.
– Маърифат улашиш академиянинг муҳим вазифаси экани рост. Шу билан бирга соғлом матбуотсиз ҳам бу вазифа тўкис адо этилмаса керак. Сўз ва матбуот эркинлигини алоҳида қадрият сифатида ардоқлаймиз-у, серандиша шарқона одобимизни рўкач қилиб, уни кўпинча четлаб ўтишга уринамиз. Назаримда, дангал тан олиш лозим – сўз ва матбуот эркинлиги чинакам қадриятга айланмас экан, на коррупцияга қарши самарали кураша биламиз ва на қонун устуворлигини таъминлай оламиз. Бироқ ушбу қадриятнинг назарий ва амалий жиҳатдан муаммолари борлигини ҳам қайд этмай илож йўқ. Чунончи, у бошқа қадриятлар, дейлик, шахсий дахлсизлик ҳуқуқи билан баъзан терс келиб қолади. Диний эътиқод ва муқаддасотлар билан ҳам гоҳо уйғун келавермайди. (Масалан, диний нақллардан фойдаланиб асар битган ва бунда умумқабул қилинган талқинлардан жиндак четга чиққан ёзувчи бирор диний радикал ўқига нишон бўлиши ҳеч гап эмас.) Ахир кимдир бир қадриятни устун билса, бошқаси ўзга қадриятни муҳим ҳисоблайди. Ҳақиқатни айтишга қанчалик масъул бўлсак, ёлғонни айтмасликка ҳам шунчалик масъулмиз. Ҳақиқат йўлидаги тўсиқларни бартараф этмоққа чоғланар эканмиз, бирйўла ёлғон йўлидаги тўсиқларни ҳам олиб ташламасмиканмиз, деб хавотирга тушамиз. Бу жараённи қонунан тартибга солиш эса нақадар мураккаб. Таъбир жоиз бўлса, мудом зарарлар ичидан зарарсизроғини саралашга, ёмонни энг ёмондан асрашга мажбурмиз. Сиз кўп йиллар матбуот соҳасида фаолият юритган журналист, бу соҳада талай илмий ишлар ҳам қилган олим сифатида мазкур масала назарий жиҳатдан узил-кесил ечилган деб ўйлайсизми? Умуман, уни ҳал этиш мумкинми ўзи? Сўз ва матбуот эркинлигини бошқа қадриятларга зарар етказмай ҳимоя қила оламизми?
– Жамият ҳаётидаги бир қатор муаммоларни санар экансиз, ўзингиз сезмаган ҳолда уларнинг барини матбуотга боғлаяпсиз. Ва тўғри қиляпсиз. Замонавий маданий жамият матбуотсиз яшай олмайди, матбуот жамиятнинг яшовчанлигини таъмин этиш, тараққий эттириш, фаровон ва айниқса адолатли ҳаёт бунёд этишда сув ва ҳаводек муҳим воситадир. Раҳматли биринчи президентимиз Ислом Каримов кўп таъкидлаган сўзни эслайлик – одамлар ҳамма нарсага чидайди, лекин адолатсизликка чидай олмайди! Савол туғилади: қандай матбуот адолатни тиклашга кўмак бера олади? Шу қадар бемисл вазифаларни адо этишга бел боғлаган матбуотнинг бирламчи вазифаси нимадан иборат бўлмоғи керак?
Умумлаштириб айтганда, матбуотнинг бурчи ва асосий вазифаси уч ўқтомирда мужассам: халқни мамлакатда ва дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан зудлик билан, холисона ва мумкин қадар батафсил бохабар қилиш. (Халқни эзгу амалларга ундаш, саводхон қилиш, маърифатини ошириш, тараққиётга тўсқинлик қилувчи иллатларни фош этиш, кенг омма ўртасида жамоатчилик фик­рини шакллантириш сингари бошқа-бошқа вазифалари ҳам шу жумладан.) Хўш, савол туғилади: миллий матбуот “Туркистон чор Русияси томонидан забт этилиб, мустамлака ҳолига тушган” даврдан (1920 йилда Чўлпон шундай таснифлаган) то ҳозирга қадар қайси йилларда мазкур вазифаларни эмин-эркин бажариш имконига эга бўлди?
ХХ асрнинг биринчи чорагида пайдар-пай таъсис этилган газит-журналларнинг фидойи ижодкорлари чор маъмурияти тақдим этган “эркин”ликлардан илҳомланиб, матбуотнинг жамият аҳлига кўрсатажак таъсирига астойдил ишонган.  Бу ишонч Октябрь тўнтаришидан кейинги жадидлар даврида ҳам давом этган (биргина Абдулла Қодирийнинг 1916-26 йилларда журналистика соҳасида олиб борган жўшқин фаолияти том маънодаги матбуот қандай бўлмоғи керак, деган саволга жонли мисол ва жавоб бўла олади). Ўшандан кейин миллий матбуот ва журналистика… ХХ аср 80-йиллари ўрталарига келибгина  ўзининг асл бурчи ва асосий вазифаларини адо этиш билан машғул бўла олди. Миллий матбуот кимнингдир хоҳиш-иродаси, қайсидир ғоя ёки мафкура эгаларининг буйруқ-кўрсатмаси эмас – ўз стихиясининг, халқнинг, кенг омманинг эҳтиёжи йўлида хизмат қилишга ўтди. Ана энди салкам бир ярим асрлик тарихида, нари борса, 10-12 йилгина ўз ҳолича эмин-эркин яшаган, енгил нафас олган матбуот ва унинг “солдат”ларидан жаҳоннинг  илғор демократик мамлакатлари матбуоти мезонларида фаолият юритишни талаб қилиш нечоғли адолатдан бўлади?!
Шу ўринда ҳар қандай истибдоду қатағон шароитида ҳам миллий журналистика ижтимоий адолат учун кураш йўлларини излагани, топгани ва шу орқали чинакам ижодий жасорат намуналарини кўрсатганидан фахрланамиз ҳам. Яхлит олганда эса…
Жамиятда шахснинг, зиёли қатламнинг ўрни ҳақида куюнчаклик билан савол қотмоқдамиз. Маданий жамиятда йирик шахслар кенг омма кўз ўнгида туғилади, вояга етади – ибрат, намуна тимсолига айланади. Бундай ишларда матбуот ўзига хос кўзгуга айланади. ШАХСлари билан матбуот саҳифаларида фахрланмайдиган, уларни миллат кўрки, миллий-маънавий бойлиги сифатида эъзозламайдиган жамият етук ва мустаҳкам бўлолмайди. ШАХСларга, чинакам ЗИЁЛИларга бой давлатгина бадавлатдир, деган машҳур ҳикматнинг амалиётдаги ифодаси  матбуотда кўринмаса қаерда кўринади?!
Ватанимиз истиқлолга эришгач, жамиятнинг барча соҳаларида бошланган ислоҳотлар миллий журналистикамиз қиёфасини, йўналишини жаҳон журналистикасида қиёси кам учрайдиган ўзига хос ва ўзига мос янги ўзанга солиб юборди, чамамда. Матбуотимизнинг анъанавий мақсад-маслаги ўзгарди, унда ҳаёт реаллиги эмас, матбуот реаллиги устунлик қила бошлади. Мавжуд воқеликдан кўра ҳали-вери рўёбга чиқмаган, орзу осмонидан замин сатҳига тушиб улгурмаган ютуқларни олқишлашга суяги йўқ шоввоз журналистлар авлоди шаклланди. Ижобий ахборотга зўр берилди, таҳлил, танқид, таклиф-мулоҳаза кун тартибидан тушиб қола бошлади. Жаҳон журналистикасида оммалашган журналист текшируви бирйўла иккита қонунимизда мустаҳкамлаб қўйилгани ҳолда амалда барҳам топди. Бундай йўл тутилишига халқаро муносабатларнинг қалтислашуви, ички ва ташқи муаммоларнинг кескинлашуви, мустақилликни мустаҳкамлаш, жамиятда барқарорликни сақлаш эҳтиёжи ва ҳоказолар рўкач қилиб кўрсатилиши мумкин, лекин сабаблар ўз йўлига, уларнинг қандайлигидан қатъи назар, факт шуки, матбуотимиз зиммасидаги табиий миссияни адо этишдан кўра вазият тақозосига мослаштирилди. Ваҳоланки, ўзбек миллий матбуоти ва журналистлари олдидаги вазифалар тизма тоғ бўлиб  ястаниб ётган эди.
Президентимиз Шавкат Миромоновичнинг сайловолди ва сайловдан кейинги маърузаларида таъкидлаб ўтилган беҳисоб муаммолар йиғилиб қолганига қарамай матбуотимиз, журналистикамиз уларни ўз вақтида кенг жамоатчилик эътиборига, муҳокамасига қўя олмади.
– Жамиятимиздаги икки йирик соҳа – илм-фан ва матбуотдаги муаммоларга, гарчи мухтасар бўлса-да, тўхталдингиз. Ҳар иккала ҳолатда ҳам, кечирасиз-у, муаммонинг илдизи бир нарсага – зиёли, аниқроғи, зиёлинамо юртдошларимиз орасида кенг ёйилган ва аслида ахлоқсизлик бўлган бир иллатга – “аччиқ ҳақиқат”дан қўрқиш ва айни чоқда, “ширин ёлғон”ни қарсаклар билан қаршилаш “одат”ига бориб тақалмоқда. Нима учундир ҳақиқатни доим қоғозга ўраб гапиришни тавсия қиламиз. Аслида, тоталитар давлат ва жамиятларга хос бўлган бу “санъат” қўрқув асорати ўлароқ вужудга келган. Бизнинг ҳам “муҳташам” тоталитар ўтмишимиз бор, унинг онгимизга муҳрланган излари ҳамон ўчмаган. Қизиғи, шароит ўзгарса-да, бу “санъат” давом этмоқда. Уни эгаллаганлар “маданиятли” дея олқишланади ҳам. Қачон “ширин ёлғон”ларимиздан бетимиз қизариб, “аччиқ ҳақиқат”ларимиз билан фахрланадиган бўламиз? Ҳақиқатнинг юзига упа-элик суртмай, қандай бўлса шундай айтиб қўяқолиш қачон фазилатга айланади?
– Жаҳон журналистикасида саволларнинг бу қабилда кўндаланг қўйилиши “колючие вопросы” дея таърифланади. Ҳечқиси йўқ, жамиятимиз ҳар бир соҳа эгаси ўзини ўзи айни “тиконли саволлар” билан  ўққа тутадиган паллани бошдан кечирмоқда.
Инсон табиатидаги ҳеч бир туйғу бехосият-беҳикмат эмас, уларнинг барчаси қандайдир вазифани адо этади.  Жумладан, қўрқув – инсон табиатидаги энг мураккаб, энг сирли туйғулардан бири.
Тирик жон борки, қўрқув бор. Чунки тирик жоннинг бирламчи мақсади – қандай бўлмасин жонни сақлаш. Бадандаги оғриқ қайсидир касалликнинг даракчиси бўлганидек, қўрқув – жонга хавф туғилишидан бохабар этувчи сигналдир. Жон талвасаси – жисмоний-биологик қўрқув, бу – алоҳида мавзу. Лекин қўрқувнинг тури-хили шу қадар кўпки, уни заргарона фарқламай туриб у ҳақда ҳукм-хулоса чиқариш тўғри бўлмайди.
Машҳур даниялик мутафаккир Сёрен Кьеркегор (1813-55) инсондаги қўрқув туйғусини махсус ўрганган. Ва мулоҳазаларини Одам Ато билан Момо Ҳаввога Парвардигор эълон этган илк тақиқдан бошлаган. Бироқ башарият падари ва волидаси тақиққа қулоқ осмадилар, оқибатда гуноҳга ботдилар.  Шу тариқа биринчи гуноҳ, биринчи гуноҳкор ва шу гуноҳ эвазига ҳукм этилган жазо орқали биринчи қўрқув уруғи қадалди инсон қалбига. Бошқа диний эътиқодларни қўятурайлик-да, Қуръони каримга мурожаат қилайлик. “Бақара” сурасининг 6-оятида “қўрқитиш-қўрқитмаслик” ибораси келади. Навбатдаги оятларда гуноҳкорлар учун “улкан азоб”, “аламли азоб” борлиги ваъда қилинади. Шу тариқа Оллоҳ таолодан қўрқишнинг улкан фазилат экани, нариги дунё азобларидан қўрқиш имоннинг салмоғини белгилаб бериши бот-бот такрорланади. Илоҳий каломга тил теккизишдан эҳтиётланамиз, албатта (қўрқамиз ҳам!), илло, мулоҳаза тариқасида айтадиган бўлсак, фикри ожизимизча, улкан ва аламли азоблардан қўрқув туйғуси диний эътиқодимизнинг ўзак ақидаларидан бири сифатида қон-қонимизга сингиб кетган. Яъни жисмоний-биологик қўрқувга эътиқодий қўрқув қўшилган. Бу ёқда ижтимоий, маиший қўрқувлар “қучоқ очиб” кутиб турибди одамни.
Кьеркегор айбсизлик туйғусини алоҳида тадқиқ қилган. Унинг фикрича, ҳар бир одамда ўзини айбсиз ҳисоблашга бўлган иштиёқ кучли кечади. Оила аъзолари олдида, ҳамкасблари, раҳбарият, ёр-биродарлари, қолаверса халқ, миллат, ватан ва ҳоказолар олдида айби бўлмаслигини жуда-жуда истайди киши. Қизиғи, ушбу истак кучайгани сайин у қўрқувга айлана боради. Айбли бўлиб қолишдан, бошқаларга айбдор кўринишдан қўрқиш… Бир мисол келтирайлик: тўрт-бешта болакай кўчада тўп қувалашаётиб бехосдан дераза ойнасини синдириб қўяди. Уй эгаси югуриб чиқади ва ўзига жавдираб, мўлтираб қараб турган болалар орасидан “айбдор”ни топади. Айбдорнинг аҳволи-ку маълум, аммо қолган болалар ўз айбсизлигидан шу қадар енгил тортадики!..
Бу – жўн гап эмас, балки ҳар қандай одамни умр бўйи таъқиб этадиган, ҳаётнинг жуда кўп вазиятларида тасдиғини топадиган руҳий ҳолат. Ўзини айбсиз ҳис этиш туйғуси, чунончи, кенг омма олдида фариштадек пок қиёфасига доғ тушишидан хавотир куча­йиб боргани сайин қўрқувнинг кўлагаси қуюқлашади. Агар бундай одам ихтиёрида ҳукмронлик, куч-қудрат чексиз бўлса, худо урди деяверинг – у ўзини бирон лаҳза тарк этмайдиган қўрқувидан қутулиш учун кўз кўриб-қулоқ эшитмаган ёлғонларни ўйлаб топади, келажакда асқатиб қолар деган умидда айбсиз эканини исботлайдиган “тарихий” ҳужжатлар яратади, бу сингари ёлғонлар (ёлғонлигини ўзи билади-да!) зимистон қалбини ёритолмай қолган чоқларда эса таҳдид, таъқибга зўр беради. Жуда оддий тилда айт­ганда, вос-вос касаллигига йўлиқади, вужудию шуури ваҳимали хаёллар харобазорига айланади, унга даво топиш қаёқда дейсиз?!
Кўряпсизми, ёлғон, қўрқув ва мустабидлик бир-бирига бамисоли қондошу жондош оға-ини. Кечирасиз-у, бундай бедаво дардга йўлиққан одамнинг бетига қараб туриб ёлғончисан, лўттибозсан, беномуссан дея рўй-рост айтишни ҳеч бир соғлом ақл эгаси ўзига раво кўрмайди. Ундан кўра “Шунга зормисан, олақол” деган маънода ўша ёлғонларини олқишлаб қўяқолади.
Унутмайлик, ёлғонга ғоятда ноёб бир “фазилат” ато этилган, у – узоққа бормай ўзини ўзи фош этиш, эл-юрт кўз ўнгида шарманда бўлиш “фазилат”и. Шундай экан, ёлғонга чалинаётган қарсакларни ўша ёлғон учун мукофот эмас, балки ёлғон узоққа бормай, ҳадемай фош бўлишидан дарак берувчи пайғом, деб қабул қилинмоғи тўғри.
Кези келганда айтай, бир неча йил бурун чоп этилган “Куза…” номли қиссам айни шу руҳий ҳолатни очиб бериш нияти ила туғилган эди. Қиссада кўзда тутилган мақсадлардан бири – ҳар бир инсон ўз умри мобайнида ҳам кузатувчи, ҳам кузатилувчи мақомида бўлишини тасвирлаш бўлган. Асар ўқувчини саволга тутади: сиз кўпроқ КУЗАтувчимисиз ёхуд КУЗАтилувчи? Текширувчимисиз ёки текширилувчи? (Айбловчимисиз ёки айбланувчи ва ҳоказо.)
Кузатилувчининг (текширилувчининг) ичида ё англанган, ё англанмаган қўрқув, хавотир бўлмай иложи йўқ. Бу – ҳозиргина тилга олинган айбсизлик туйғусининг айнан ўзгинаси.
Энди қўрқоқлик ва маданиятлилик ҳақида. Бир киши билан бир неча йил мобайнида мунтазам мулоқотда бўлишга тўғри келди. Ниҳоятда хушбичим, басавлат. Ёши ўтиб қолганига қарамай қиличдай. Ўзига шу қадар оро берадики, азбаройи никоҳ оқшомига отланган куёв болани эслатади. Муомала ҳам шунга яраша – ғоятда хушфеъл, латиф. Болаликда Усмон Носир, Амин Умарий билан қувалашиб ўсган. Аянчли қисмати ҳам машҳур шоир дўстиникига ўхшаш – 18 йил умри қамоқда, сургунда ўтган. Ўша инсоннинг феъл-атвори, юриш-туриши, гап-сўзлари таъсирида “Маданиятли киши” номли ҳикояни ёзгандим. Гап шундаки, қаҳрамоним ҳеч кимсага товушини кўтармайди, ҳатто чумолига ҳам тик қарамайди, ҳеч қаерда зинҳор ўз сўзини айтмайди, бошқалар нима деса маъқуллайди, маъқуллаб туриб ҳам вужудини лиммо-лим тўлдирган қўрқувдан халос бўлолмайди. Ва аянчли жойи шундаки, шуларнинг барини маданиятлилик пардаси ортига яширади.
Охирати обод бўлсин, ўша танишимнинг феъл-атворидан мутаассир бўлиб юрган кезларимда буюк Достоевскийнинг “Хилватдан мактублар”идаги қуйидаги гапни ўқиб қолдим: “Бизнинг даврда ҳар қандай батартиб одам қўрқоқ ва мутеъ бўлмоғи керак, аслида ҳам шундай. Унинг оддий нормал ҳолати – шу”.
Бу ўринда аҳволнинг нозиклиги қўрқоқлик билан маданиятлилик ўртасидаги деворнинг ғоят юпқалигида.
Бундай қиёс келтираётган бўлсам-да, шахсан мен маданиятга тил теккизиш, унинг устидан кулиш тарафдори эмасман. Инсоният бу ёруғ очунга келиб орттирган бебаҳо бойлиги ҳам маданият. Дид, фаросат, назокат ва нафосат. Ёлғоннинг бетига қараб туриб – ёлғон, ёмоннинг кўзига ўқрайиб – ёмон деб ўзимизда шаклланган маданият, лутф, дид-фаросату назокатнинг ҳақоратланишини, булғанишини ҳам унутмайлик. Бу – қўрқоқлик эмас. Рост гапни айтиш жасорат саналишининг ўзи аслида уят, иснод. Чунки нотўғри қилинаётган ишнинг нотўғрилигини, ёлғоннинг ёлғонлигини очиқ-ошкора айтиш… тўғри гап тўғри ва холис қабул қилинмайдиган, боз устига, шафқатсиз жазоланадиган, таъқиб этиладиган муҳитдагина жасорат саналади (аксаран ақлсизликка йўйилади). Мен зинҳор жамият, эл-юрт манфаати кўндаланг турган жойда қўрқоқликни, ҳақиқатни очиқ-ошкора айтишдан қочишни оқламоқчи, хаспўшламоқчи эмасман. Аксинча, ҳар қандай танқидий мулоҳазани маданият билан, мулойимлик билан ҳам изҳор этиш йўлини топиш мумкин деб ҳисоблайман. Афсуслар бўлсинки, бизда ёши улуғлар – ўзидан кичиклардан, эркаклар – аёллардан, ота-оналар – фарзандлардан, раҳбарлар – ўз қўли остидагилардан, бадавлатлар – ночорлардан, димоғдорлар – камсуқумлардан кўра ўзини ақллироқ, ростгўйроқ, устунроқ сезади. Улар аслида устун эмаслигини сезмайдилар ёки сезмасликка оладилар, илло дунёга ўт кетса кетадики, ўзларининг ноҳақ эканини тан олмайдилар.
Муаммонинг энг нозик жойи – жамиятда (ҳар қандай жамоада) энг қуйидан тортиб то олий мақомга қадар очиқ-ошкора фикр-мулоҳаза билдириш ва унга тоқат қила билиш муҳитини, маданиятини шакллантиришда. Ушбу маданият шакллантирилмас экан, порлоқ келажакни барпо этиш орзулигича қолаверади.
– Жамоанинг бизникига ўхшаш шахсга босими кучли жамиятларда одамлар керагидан ортиқ серандиша бўлади. Элдан бурун гапириб, таъна-дашномга қолиш кимга керак дейсиз? Кимдир биринчи бўлиб журъат билан гапиришини кутамиз. Шундагина ҳақиқат овозидан мудроқ омма уйғонадию барча ўша ҳақиқатни баралла айта бошлайди. Мудроқликни бузган одамга эса “провокатор” деган тамға босилади. Ижобий маънодаги “провокатор”лик биз учун балки керакдир? Нега доим давлат раҳбари ташаббускор бўлиши керак?
– Бизнинг шароитда матбуот саҳифаларида бу мавзу муҳокама қилинганини мен эслолмайман. Сабаби битта – мулоҳазалар давлат раҳбари шахсига бориб тақалади. Шарқ мамлакатларида, жумладан, ватанимиз ҳудудларида юрт эгалари шаънига танқидий мулоҳаза айтиш азалу абад олқишланмаган. Амалдор олдида неки банда бор, оми ҳисобланган. Ундан мутеълик, сомеълик талаб қилинган, холос. Амир Темурдек соҳибқирон авлодлари орасида бўлган биродаркушликларни эслайлик, ўсмирларнинг биргина нигоҳи – оёқ олиши ўзгаргани замон боши танидан жудо этилган. Мирзо Улуғбекдек қиёси йўқ мутафаккир жияни Абубакр (янглишмасам, 20 ёшли) ҳавасга ёзган  тўрт мисра туюқ мазмунини тушуниб-тушунмай уни қатл эттирган.
Бир иқтибоснинг ўрни келиб қолди: “Тарихдан маълумки, – деб ёзади тарихчи олим Қаҳрамон Ражабов, – ҳокимият тепасига келган ҳар қандай ҳукмдор ўз мавқеини сақлаб қолиш учун ўзига рақиб ҳисобланган барча сиёсий кучларни маҳв этишга интилади. Бу йўлда у ҳатто ўзининг яқин қариндош-уруғлари… дўстлари ва васийларини ҳам аяб ўтирмайди. Бу – ҳокимиятнинг азалий темир қонуни. Ким бу қонунга амал қилмаса, унинг ўзини нобуд қилишган… Ҳозир ҳам бу соҳадаги аҳвол деярли ўша ҳолатда сақланиб турибди”.
Хирадманд улдурким, ялғон демас,
Аммо борча чин ҳам дегулик эмас.
“Маҳбуб ул-қулуб”да келадиган бу доно ҳикмат “Садди Искандарий”да ҳазрат Навоий иниси Дарвешалига қилган насиҳатда давом этади. Валинеъматнинг ҳукмини фарз бил, агар шубҳанг бўлса арз қил, лекин:
Вале арзида асра шарти адаб
Ки, тарки адаб баҳра берур тааб.
Ёдингда тут, дейди Навоий ва насиҳатига қуйидагича илова қилади:
Манга сўз ёзардек анга ёзмағил,
Нишотинг биносин тубин қозмағил.
Икки достондан келтирилган олти мисрада кўҳна Шарқ тарихининг ўта нозик нуқтаси – шоҳ ва фуқаро ўртасидаги мулоқот одоби мезонлари мужассам дейишимиз мумкин. Мазкур мезонларга риоя қилмаслик ўз бахт-иқбол биноси тубини қазишга тенг кўрилган.
“Нега доим давлат раҳбари ташаббускор бўлиши керак?” деган савол жиддий мулоҳазага ундайди. Шаклланган миллий ва маҳаллий менталитетимизда давлат ва давлат раҳбарига алоҳида эҳтиром кўрсатилади. Ана шу эҳтиром, кези келганда, давлат ва давлат раҳбарини тенг кўришга айланиб кетади. Бир қарашда бунинг зиёни йўқдек гўё, лекин алоҳида ҳолатларда қаердадир ёки кимдадир туғилган ташаббус давлат раҳбари ва давлатга нисбатан хурматсизлик, ўзбошимчалик, билағонлик дея талқин этилади. Қарабсизки, серандишалик шахсий ташаббусдан зўр чиқади.
Ана шундай нозик ҳолатларда матбуотнинг сеҳрли ва қудратли имконияти қўл келади. Мазкур миссияни адо эта олса – чин матбуот, адо эта олмаса – сонидан, ададидан қатъи назар, бундай миллат “ғазетасиз миллат тилсиздир” (Абдулла Авлоний таърифи) дейилмоққа лойиқдир.
1990 йили “Ёшлик” журнали “Ўзбекистон мустақил бўла оладими?” деган савол билан мурожаат этди. Мухтасаргина жавобимда қуйидаги мулоҳаза бор эди: “Жумҳуриятимиздаги ҳозирги вазиятда кишиларда ботиний мустақиллик сари қадам ташлаш йўлида яна бир хавф сезилмоқда. Бу шахс ва ҳокимият ўртасидаги муносабатларда кўринмоқда.
Жумҳурият Президенти, ҳукумати кейинги пайтларда амалга ошираётган – халқ фаровонлигини яхшилашга қаратилган – тадбирларнинг нечоғли таҳсинга лойиқлигини эътироф этган ҳолда шуни ҳам унутмаслик керакки, ўтказилаётган тадбирлар Президент ёки ҳукумат фаолиятини халқ назарида илоҳийлаштириб юбормаслиги лозим. Бунга йўл қўйиш, биринчидан, воқеаларни ҳали теран идрок этолмайдиган фуқаролар орасида сиғиниш касаллигини уйғотса, иккинчидан, одамлар қалбида ўзимиз истаётган мустақиллик туйғусини яна бўғишга олиб келади. Бошқача айтганда, “сен ҳозирги марказдан (Москва назарда тутилган эди) бошқаришдаги адолатсизликлардан холисан, эркинсан, бу ёғига сен бизлар туфайли мустақилсан, ўзимизга бўйсунавер” деган мазмун келиб чиқадики, бу ҳам тўлақонли эркка олиб бормайди” (9-сон).
Президент Шавкат Мирзиёев пойтахт сайловчилари билан учрашувдаги маърузасида (2016 йил 24 ноябрь) жамиятда ўзаро ишонч муҳити яратилишининг аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Назаримда, халқимиз ҳаётининг ҳар бир жабҳаси учун ғоятда долзарб муаммони ўртага қўйди раҳбаримиз. Америкалик машҳур олим Френсис Фукуяма жамиятнинг мустаҳкамлиги, барқарорлиги учун ишонч муҳити ҳар қандай молиявий тараққиётдан-да муҳимроқ ва зарурроқ, деган ғояни илгари сурар экан, иморатнинг пишиқ-пухталигига цемент, жамиятнинг жипслигига эса ишонч муҳити билан эришиш мумкин деб ҳисоблайди.
Замон замзамалари шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларга тинимсиз ўзгаришлар киритмоқда, бундай янгиланишлар яқин келажакда нечоғли жадаллашиб кетиши ва қанақанги фавқулодда жараёнларни келтириб чиқаришини келажак кўрсатади, албатта. Аммо бизнинг мамлакатимиз шиддатли эври­лишлар синовидан эсон-омон ўтажагига ишонамиз.
– Халққа буни ўқи, унисини ўқима, буни кўр, унисини кўрма, деб кўрсатма бериб бўлмайди. Ахборотга тўсиқ қўйиш ҳам ахборот тарқатувчи, ҳам уни қабул қилувчи ҳуқуқини бузади. Шундай экан, оммани ахборот қандай пайдо бўлиши, қандай қайта ишланиши ва қандай тарқатилиши, ахборот манипуляцияси ва унинг техникасидан хабардор қилиш, бошқача айтганда, медиасаводхонлигини ошириш жуда муҳим. Миллий ОАВмиз тарқатаётган ҳар бир ахборот тўғри-ю, хорижники ҳаммаси ғаразли, деган қарашдан халос бўлишимиз, ҳар бир ахборотга индивидуал ёндашишимиз лозим. Ҳатто энг холис журналисту муҳаррирнинг ҳам ўз мафкураси, стереотип­лари бўлади. Табиийки, улар ахборот мазмунига таъсир этмай қолмайди. Баъзи давлатлар тажрибасини қўллаб, балки мактаб таълим дастурига ахборотни қандай таҳлил қилишни ўргатувчи медиасаводхонлик предметини киритиш ва шу асно “ёвуз кучларнинг ахборот хуружи” ҳақидаги умумий гаплардан воз кечиш керакдир балки. Шу ҳақда ҳам фикрингизни билмоқчи эдик…
– Ёзув пайдо бўлган замонларда уни ҳар кимга ўргатавериш хавфли ҳисобланган. Ўқотар қуролларни дуч келган одамга ишониб бўлмаганидек, ёзув ҳам хатарли қуроллар қаторига қўйилган. “Айтилган сўз – отилган ўқ” каби нақллар ўша замонлардан қолгандек, назаримда. Шўро даврининг саводсизликни тугатиш кампаниясини катта ёшдагилар эслайди. Ёши бир жойга бориб қолган бобо-момоларнинг қўлига қоғоз-қалам тутқазиб ҳарф ҳижжалаштирилган, фалон қишлоқ ё шаҳарда ҳарф танимайдиган саводсизлар қолмади, дея ҳисоботлар берилган.
Энди эса кенг оммани дуч келган нарсани ўқийвермасликка ўргатиш муаммо бўлмоқда. Ўқиш деганда ахборот олиш назарда тутилади. Бу ёруғ дунё – бохабарники. Бунга эришмоқ учун эса ўқимоқ керак. “Ахборот хуружи”, “оммавий маданият” деганлари шу қадар хатарли экан, уларга қарши кураш маркази ҳар бир инсоннинг ботинида, шуурида бўлмоғи, шаклланмоғи керак. Энг оддий ва жўн ахборот моҳиятида, ҳатто шунчаки қизиқиш-қизиқтиришда ҳам манипуляция унсури бор-да! Нима бўлган тақдирда ҳам медиатаълим зарур, фақат у ниҳоятда чуқур ўйланган, самарадор бўлмоғи керак, акс ҳолда қош қўяман деб кўз чиқариш ҳеч гап эмас.
Ахборот майдонлари ҳарбий полигонлардан-да хавфли бўлиб бораётган замонда махсус ахборот хуружлари уюштирилиши бор гап. Бу борада четдан, аллақайси мавҳум хориждан душман қидиравергандан кўра кишиларимизнинг маънавий ботинини мус­таҳкамлаш чораларини излаган маъқул. Нормал барқарор турмуш тарзи йўлга қўйилгани сайин маънавият, савия, дид, садоқат туйғулари миллатпарварлик, ватанпарварлик туйғулари-ла туташади ва орзу қилинаётган самараларга эришилади, албатта.
– Республикамиз Президентининг аҳоли орасида китобхонликни тарғиб қилиш, унинг ривожланиши учун зарур шарт-шароит яратиш юзасидан махсус фармойиши эълон қилинди. Жамиятимизда китобхонлик даражаси пастлиги ҳақида гапирилса, бунинг уч сабаби тилга олинади: китобнинг қимматлигию вилоят-туманларга керагича етиб бормаётгани; ўқишли китоб­ларнинг озлиги, ёзилмаётгани; аҳолининг интернет ва ТВ билан вақт ўтказаётгани. Биринчи ва иккинчи сабабни (тўғрироғи, баҳонани) янги китоб дўконларини очиш, электрон китобларни оммалаштириш, муаллифларни моддий-маънавий рағбатлантириш, чет тиллардан таржималарни кўпайтириш орқали бирмунча бартараф қилиш мумкин. Аммо учинчи сабаб қаршисида ҳукумат чора-тадбирлари… ожиз. Менимча, китобхонликка эмас, умуман ўқишга рағбат лозим. Ўқиш эса газета-журналлардан тортиб интернетни ҳам қамраб олади. Ўқиш, билим олишга эҳтиёж бўлмаса, тарғиботнинг ўзи билан бунга эришиш имконсиз. Бошқа томондан, одамлар тарғиботсиз ҳам кино кўради, мусиқа эшитади, футболга ишқибозлик қилади. “Инсон – табиатан билимга иштиёқманд”, дейди Арасту. Агар Арасту ҳақ бўлса, билим олишнинг энг муҳим воситаси – китоб ўқиш ташқи туртки ёки моддий эҳтиёжларсиз ҳам кино ва мусиқа каби оммавий бўлиши лозим эди. Ўқиш, билим олишга эҳтиёж шунчалик сунъиймики, қўлловга муҳтож бўлса? Китобхонлик билим олишнинг сермашаққат йўли бўлгани учун ҳам оммавийлигини йўқотиб, ўрнини бошқа воситалар эгаллаётгандир, балки?
– Давлат раҳбарининг халқни, кенг оммани китобхонликка даъват этаётгани ҳар жиҳатдан таҳсинга сазовор. Қани эди, китобхонлик халқимизнинг энг фахрли фазилатларидан бирига айланса, ўзбеклар жуда китобхон халқ-да, деган сифат билан ном қозонсак!
Китоб ўқимаган куни уйқуси келмайдиганлар қанчалик кўп бўлса, умрида қўлига китоб олмаганлар (ҳатто ўқувчилик, талабалик йилларида ҳам!) ундан оз эмас. Чунки, аслида, китобхонлик мутлақо ихтиёрий ҳодиса.
Китобхонлик, мутолаа маданияти – кўп қиррали масала. Оммавий китобхонлик алоҳида бир дунё. Кенг оммани китобсевар қавмга айлантириш ғоятда серзавқ ва жиддий муаммо. Лекин, кези келганда мутолаанинг хос йўналиши – профессионал китобхонлик хусусидаги айрим мулоҳазаларни ўртоқлашайлик.
“Профессионал китобхонлик” деганда ҳар бир соҳа эгасининг ўз соҳасига доир адабиётлар дунёсидан атрофлича ва мукаммал бохабарлиги назарда тутилмоқда. Бугунги ўзбек мутахассиси ўз касб-корига доир дунёдаги мавжуд ахборотдан максимал даражада бохабар бўлмоқлигини талаб этмоқда замон. Аниқ фанлар борасида изоҳга ҳожат йўқдир, аммо-лекин ижтимоий-сиёсий, тарихий, маънавий-маърифий фанлар йўналишида жаҳон миқёсида фикрлайдиган, дунёга татигулик қарашларини илгари сура биладиган йирик мутахассисларга бўлган эҳтиёж кун сайин орта бориши муқаррар. Мулоқотга киришилаётган узоқ-яқин давлатлар тарихи, тизими, сиёсати, маданиятини чуқур ўрганган мутахассисларга эҳтиёж кўпайгандан кўпаяверади. Ўзбекистон аллақачон мустақил субъект сифатида дунё саҳнасига чиқиб улгурди, энди ҳар қандай катта-кичик давлат билан тенгма-тенг муносабат, мулоқот ва ҳамкорликка киришар эканмиз, бу жабҳани залворли олимларимиз, сиёсатчиларимиз ва ҳоказо мутахассисларимиз иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бундай юксак мавқенинг пойдевори эса профессионал мутолаа, профессионал  китобхонликдир.
Ҳар қандай фикр-мулоҳаза давр ва шу кун нуқтаи назаридан нечоғли долзарблиги билан аҳамиятлидир. Ватанимизда мустақилликнинг чорак асри мобайнида катта ўзгаришлар, янгиланишлар юз берди. Ўзига хос ўтиш даврини бошдан кечирдик. Аслида ҳар қандай даврни ўтиш даври дейиш мумкин. Лекин халқ, миллат, фан-маданият турмуш фаровонлиги барқарор изга тушган мустаҳкам жамиятда қарор топади.
2017 йилдан халқимиз навбатдаги  ўтиш даврига қадам ташлади. Ўтиш даври Юксалиш даврига айланмоғи учун эса муаммонинг катта-кичиги йўқ, зеро инсон табиатидаги энг оддий, кўз илғамас туйғулардан тортиб то мутолаа маданиятигача, жамиятнинг озон қатлами бўлмиш зиёлилар фаоллигини оширишдан тортиб миллий матбуотни жамиятнинг том маънодаги фидойисига айлантиришгача барча-барчаси ғоят долзарб ва муҳим вазифа бўлиб қолаверади.

Хуршид ЙЎЛДОШЕВ суҳбатлашди.
“Тафаккур” журнали, 2017 йил 2-сон.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 405

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *