Одил Икром. Шеър тақдири & Шеърлар

ШЕЪР ТАҚДИРИ

Шеър балосига қачон йўлиққанимни, ҳарчанд уринмай, эслай олмайман. Қишлоғимиздаги бир имонли отиндан яширинча сабоқ олиб юрган опам, қўли бўшади дегунча, араб имлосидаги қалин жилдли китобни очиб, азбаройи кўп эшитмоқдан менга деярли ёд бўлиб кетган «Бисмиллоҳ деб баён айлай, ҳикмат айтиб, толибларга дурри гуҳар сочдим мано…» деб бошланувчи «Ҳикмат»ни бурро-бурро қироат қилганда, бўғзимгача танчага тиқилиб эшитардим… Сайфуллохон акам эса жонли кутубхонанинг ўзгинаси эди. Юзлаб шеърларни акамнинг оғзидан жонҳолатда ёдлаб олганим эсимда. Қисматимдаги устоз аталмиш сийрат сиймоси яратилса, у, шубҳасиз, Акам қиёфасида намоён бўлган бўларди… Чунки, менинг назаримда, устоз деганлари – фақат, кўздаги ёшни артиб қўядиган дастгоҳ ёки «айтганимни қилгину қилганимни қилма» деб дағдаға қилиб, ҳар мақомга йўрғалайдиган чала мулла эмас. Устознинг, нафақат илми, балки, амали ҳам самимий эътиқод сабоғини бермас экан, шогирд ихтиёри шайтон қўлидадир. Устоз ўз хатоси билан ҳам ғафлатдан огоҳ этиб, «беайб»лик иддаосини қилмаган тақдирдагина – мантиқ доирасига гоҳ сиғиб, гоҳ сиғмаган тўғри фикр юзига қоракуя суртилмайди, рост сўз сазойи қилинмайди… Шогирдлик мақомининг меъёри густоҳлигу тавозе ўртасида эканлигини, тўғрисўзлик билан шаллақилик, назокат пардаси билан фикрсизлик ниқоби орасида ер билан осмонча фарқ борлигини эрта англадим… Бу – Акамга иқтидо эди…Odil Ikrom 1
Имомга иқтидо қилган ҳар обид қалбида, махфийми, жаҳрийми, ўз нияти бўлгани каби, «шеър гирдоби»га ташланган ҳар қандай Истеъдод, кашф этилган маълум Маъно қаърига ўз умиди билан бирга интилади ёки забт этилган маълум бир юксакликдаги Мавлога эргашади. Интиҳоси ноаён ушбу муҳлатда маълум маънолар қаъри қаърсиз, маълум юксакликлар чеки чексиз эканлиги аён бўлади… Иқтидодан Фанога қадар чўзилган олис, машаққатли, илоҳий ҳақиқатларни идрок қилиш йўлидаги гумроҳнинг энг содиқ ҳамроҳи Таҳаммулдир… Тоқат, Сабр, Чидам билан бирга тақлид босқичларидан ўтиб, «чаманга булбул назари» билан қарашга одатланган чинакам шоир – садою ингроқлар аралашиб кетган ғала-ғовурлар ичидан ўз овозини таниб, топа олишга қодир. Бу – услуб…
Услуб – қон. Ўз услубига эга шоир яратган Шеър – томирида «донор»нинг эмас, падар қони кезган зурёдга ўхшайди… Бир-бирига «анор доналаридай» ўхшаб кетадиган аксарият замонавий ижодкорларнинг асарларидан дабдабали исму шарифи олиб ташланса, унинг муаллифини ҳеч ким айтиб беролмайди. Мумтоз адабиётда махсус сабоқшунослик фанининг мавжудлиги – бежиз эмас. Ўрхун Памуқ айтгандай, «ўрмондаги дарахтлардан бирини шундай тасвирлагинки, ўрмон ёнидан ўтиб кетаётган йўловчи юз минглаб дарахтлар орасидан ўша сен тасвирлаган дарахтни адашмай топа олсин…»
Услуб – муҳр. Ижодкор ўзини қанчалик кўкка кўтармасин ёки ерга урмасин, ушбу муҳрнинг нечоғлик хиралиги ёки ёрқинлиги – фурсат чиғириғи, шеърхон диди, қолаверса, шоир виждонига ҳавола.
Услуб ҳақидаги фикримни тубандаги ҳикоя билан ёритмоқчиман:
Ўтмишда ўз услубига эга бўлмаган ўртамиёна, бироқ, сермаҳсул бир шоир ўтган экан. У туну кун тинмай ёзган шеърларини бир китоб ҳолига келтиришга келтирибди-ю, одамларга қандай қилиб ўқитиш ва шу баҳонада машҳур бўлиш йўлини тополмай анчагача боши қотибди. (У даврда босмахона бўлмаган). Ўйлаб-ўйлаб, охири устозининг ҳузурига келибди ва ундан маслаҳат сўрабди.
– Китобингни одамлар гавжум ердаги бирор дарахтга осиб қўйгин, – деб маслаҳат берибди устози.
– Бу китобдаги шеърларни мен ёзганлигимни одамлар қаердан аниқлайди? – сўрабди ҳарис кўзларини жовдиратиб шогирд.
– Ўша дарахтга, китобинг ёнига ўзингни ҳам осиб қўйиш керак! – жавоб берибди устози…
Ном қозониш илинжидаги ўша шоир ўз услубига эга бўлганда, балки, устози унга юқоридаги «фойдали» маслаҳатни бермаган бўлармиди…
Кейинги пайтларда модерн, яъни, замонавий шеърият хусусида баҳсу мунозараларнинг пайдо бўлиши – қувонарли. Оригиналликка интилишнинг ёмон томони йўқ. Аммо, ижодкор «оригиналликдан ўзини сал тиймаса, бора-бора унинг ижоди маскарадга айланади»(Коко Шанель). Иқтидорсизлигини модерн ниқобига чирмаб олганларнинг хархашаси – замонавийликнинг, фақат, зоҳирий кўринишини, шаклу шамойилини «чапдастлик» билан ўзлаштириш, яъни, маданий масхарабозликдан бошқа нарса эмас. Тоғ гиёҳларини тувакда ўстириб, парвариш қилиб, қанчалик маданийлаштирмайлик, улар учун беминнат Ватан саҳро бағри, тоғ чўққиси бўлиб қолаверади…
Шеърни тушуниш – махсус савод ёхуд алоҳида донишмандлик талаб қилмайди. Қолаверса, саводли ва саводсизнинг, деярли, фарқи йўқ. Ҳар икки тоифанинг ўз эътиқоди, фикри, қабул даражаси бор. Бири кўради, бири эшитади. Ўта саводли ва буткул бесаводлар маънавият учун бехатардир. Аммо, авомлар ва орифлар дини бўлмиш кўрмоқ ва эшитмоқ завқидан маҳрум яна бир тоифа борки, улар азалдан тарафкашлик касбини, ёлғон удумини, маломат, иддао қилиш одатини пухта эгаллаган бўлиб, эплаб отилмаган сопқондай ўзини ҳам, «пир»ларини ҳам шарманда қилади. Бу – чаласавод. Юракка қўл солиш ўрнига қалбга бурнини тиқадиган, хилватдаги офатнинг тимсоли бўлмиш аросат сиртмоғидаги бу зотларнинг кўлмак ичра «хас»га ёпишмоғи, таҳоратсиз адо этилган намозга менгзайди. Таъбир жоиз бўлса, саводсиз – бир коса тоза сув, саводли – бир коса ўткир заҳар, чаласавод эса сувга қўшилган заҳардир…
Денгизнинг қўшниси бўлмаганидек, шоирнинг ҳам юракдан ўзга ҳамроҳи, Сўздан ўзга жон олиб, жон берадиган дўсти, қадрдони йўқ. Сўз билан шоир орасидаги меҳр-оқибат бузилмаса, ижодкор «Сўз зуғумини ҳис этиб, Сўзга зуғум қилмаса»(Ш.Нуриддин), бир донишманд айтгандай, сўзни қабул қила оладиган юраги, юрак пешвоз олишга арзигулик сўзи бўлса, хушомадгўйлик, ҳасратзадалик, сохта мақтову ортиқча намойишкорликка, фикрий тиланчиликка куни қолмасди деб ўйлайман.
Шеъриятда «ақл ва тоқат қушлари»ни(Навоий) ҳуркитадиган шовқин-суронлар самимият кушандаларидир. Шеър заҳматига бўйни ёр бермаган, «бало истамоқда машаққат бор»лигини (Бобо Саммосий) ҳис этгиси келмаётган ёнимдагиларнинг Сўз ва Туйғуга санъаткорона муносабат бўлиши мумкин эмас деган ақидага канадай ёпишиб олганлиги ачинарли ва хавфлидир. Ваҳоланки, ақл ва юрак баҳсида фикр ва туйғулар мувозанатининг бузилмаслиги – шоирдан, фақат, тутқаноқ ҳолатини эмас, шеърга санъаткорона, сўзга заргарона, ҳушёр муносабатни талаб қилади, яъни, шеър – ақл жунуни эмас, жунун ақлидир. Шоирнинг жиннидан фарқи ҳам, «ақл йўлидаги девоналик»(Ҳижозий) ҳам, эҳтимол, шудир.
Ушбу китобга форс-тожик шеъриятидан қилинган таржималардан намуналар ҳам киритилди. Бир миллатнинг икки вакили бир-бирининг тилини тушуниши амри маҳол муҳитда таржима ҳақида гапириш эриш туюлса-да, мутаржимлик хусусидаги айрим фикрларимни тақдим этишни лозим топдим. Йўл-йўлакай кузатишлар жараёнида жумҳуриятимиз миқёсида айрим таржимонлар томонидан тожик шоирларининг ўзбек тилига ўгирилган ва нашр этилаётган таржималари, чиройли қилиб айтганда – расво. Ўлганнинг устига тепган, деганларидек, айрим таржимонлар фаолиятида асл нусхадаги тушунмаган ёки тушунишга нафаси етмаган мисра ё байтларни, мендан кетгунча қабилида, тушириб қолдириш ҳоллари учрамоқда… Бир асарни юзлаб киши таржима қилиши мумкин. Фақат, таржимон таъмагир бўлмаса, бу эзгу юмушлар яхши натижа беради. Акс ҳолда, бу – жиноят, халқни алдаш, ошкора қотилликдир. Fоят нозик ва оғир юмушни зиммасига олган таржимон, энг аввал, ўз тилини яхши билиши шарт. Ҳали ҳассос, ўлса ўлиги мену сиздан ортиқ таржимонлар етишиб чиқишига ишонганим, бўлажак таржимонлар биз йўл қўйган хатоларни такрорламаслигига умид қилганим учун бу гапларни айтаяпман…
Деярли, барча ижодкорлар битикларини ўз фарзанди деб билади. Бу, балки, тўғридир. Аммо, айримларнинг бу гапни тамшаниб, ҳуда-беҳудага бот-бот такрорлашдан чарчамаслиги, ўша «ардоқли фарзанди»нинг хулқсизлигини ҳар нечук ўринли дашномлардан жон-жаҳди билан ҳимоя қилган ҳолда умрини ўтказиб юбориши ачинарлидир. Ота-онадан тўрт мучаси соғ туғилган «фарзанд»лар – ўз йўлига. Бироқ, Нодирпур айтгандай, шеър тақдири – шафқатсиз. Ота-она мажруҳ туғилган ёхуд ноқис тийнатли, ёрдамга муҳтож «фарзанд»ини қанчалик ҳимоя қилмасин, уни тақдир ҳамласидан асраб қололмайди. Шеър шоирнинг фарзанди бўлса, шоир ўз шеърини истаганча суйиш, эъзозлаш, жуда нари борса, «мафтун» бўлиш ҳуқуқига эга, аммо, фарзанд тақдирини ота-она белгилаб беролмаганидек, шоир ҳам ўз шеърининг тақдирини ҳеч қачон ўзгартиролмайди…
Шоирга ўлимидан кейин чинакам ҳаёт бахш этадиган туйғу, авлиёлар таъбири билан айтганда, ўлим даҳшатидан эмас, «ўлимидан кейин бошига ёғиладиган фалокатлар»дан бехабар қолиш қўрқувидир. Бу қўрқув – ўлгандан кейин ўлмаслик мақсадида «ўлмасдан бурун ўлиш»га даъват бўлса, ажаб эмас. Ушбу даъватга бўйсунган шоирнинг жони баданидан, шунчаки, чиқиб кетмайди, балки, гиёҳдай ўзидан ўсиб чиқади…
Мен, хусусийлаштирилган минбарларда гапиришнинг имкони бўлмаган шеъру шоир ҳақидаги айрим баҳсталаб фикрларимни ўртага ташладим, холос. Ушбу китобдаги шеърлар ҳақида гапириш, уларни шарҳлаш, эътироф ё эътироз – менинг юмушим эмас. Зеро, ҳар қандай шеър, чумчуқдан қўрқмай, ерга умид билан сепилган тариққа ўхшайди. Уларнинг сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиш қўлимдан келмаса-да, сепган донларим бирор юрак еридан униб чиқмаса айбимга иқрор бўлишга, пучлиги ошкор бўлган уруғларни такрору такрор мажбурлаб ерга қадамасликка, атрофимга «гўяндалар»ни йиғиб, чиққан жондан умид, ўлган шеър бошида обидийда қилмай, Саъдийнинг ушбу ҳикматини қадру имконим даражасида англашга, ҳозирча, фаросатим, қурбим етади:
Мушк он аст, ки худ бибўяд,
На он, ки аттор бигўяд.
Таржимаси:
Мушкдир ул, ўзи таратгач хуш атр,
Мақтагай аттор агар, беҳудадир.

Одил Икром шеърларидан

* * *
Кўзларинг чўғига беролмасман дош,
Зорим етар, аммо, етмайди зўрим.
Агар одам бўлсам, қоларман бебош,
Агар ошиқ бўлсам, қурийди шўрим.

Кўзларинг чўғидан ёришар ғулув,
Кўзингда акс этар ёришган само.
Номаҳрам ўт билан ўйнашади сув,
Тирик тупроқ билан олишар ҳаво.

Кўзларинг чўғида елпинади тонг,
Олачипор тунлар судралар базўр.
Шундай ярақлайди тандан чиқса жон,
Шундай чарақлайди нурга тўлса гўр.Одил Икром

***
Қўлим очилмайди, ўлгунимча то
Сендан яширганим – ўша бир нарса.
Менинг бандалигим бўлгунча бажо,
Билмайсан.
Билмайсан, бу хаёл Искандарнинг ҳам
Қўлидан келмаган орзуси, ўйи.
Қўлимдан келади, ахир, азизам,
Қўлим очилганда – сочларинг бўйи.

Йўлим очилмайди, ўлгунимча то
Йўлимга сиғмаган битта қилдайсан.
Фолбинлар – ёлғончи, таъбирлар – хато,
Билмайсан.
Билмайсан, бир куни тумонат одам
Ортимдан эргашар шошиб-шошмасдан.
Йўлни мен бошлайман, ахир, азизам,
Йўлни мен бошлайман қадам босмасдан.

Кўзим очилмайди, бошқа одам у –
Кўзин катта-катта очиб жилмайган.
Мен сендан бир дунё яширдим мангу,
Билмайсан.
Билмайсан, сен – дунё кўрмаган одам,
У – ғамгин юракнинг ёстиқдошлари.
Кўзимда яшайди, ахир, азизам,
Кўзимда – кўзингнинг ёшлари…

ЯРИМ ТУН

Тун бўйи сиқтаган соғинчларим оч,
Кўкрагимга ботган кимнинг излари?
Нечун бунча совуқ лаънати қувонч,
Нечун бунча гўзал ғамнинг кўзлари?

Бир тоза юракда келар яшагим,
Қанча юракларга келтирдим малол.
Нечун ўзим билан ўзим яшадим,
Нечун ўзимдан ҳам ўлигим ҳалол?

Юрагим талпинар, соғинч роҳида
Кўкрагимни босиб ўтди кунларим.
Юраклар қонидан, юрак қонидан
Нечун кўнгил тўлар,
Нечун тун – ярим?..

***
Ўйласам юракни ваҳима босар,
Ўйлар жуда оғир, жуда ҳам оғир.
Кетсам, қисматимга қаро қор ёғар,
Қолсам, юрагимга ёғмоқда ёмғир.

На тўхтар, на йўлга бошлайди тана,
Руҳим ҳам негадир на шод, на ғамгин.
Қолсам, уволингга қоламан яна,
Кетсам, саволингда қоламан тағин.

Нечун олқаганча оҳ-зорларингни,
Маломат ёғилар билмасдан тиним?
Нечун мен суяман озорларингни,
Нечун мен суяман, суймайди жиним?..

Мени тушунмади бу ерда ҳеч ким,
Мен ҳам англамадим ҳеч кимни, аммо,
Қолсам, нечун шайтон ҳиринглайди жим,
Кетай десам, нечун йўл бермас Худо?..

Одил ИКРОМ 1960 йил 20 январда Тожикистоннинг Исфара тумани Кўлкент қишлоғида туғилган. «Уфқ дарахти» (1991), «Таҳажжуд» (2007), «Узлат» (2012), «Таҳаммул» (2012) каби шеърий китоблари нашр этилган. Муҳаммад Иқбол, Нақибхон Тўғрал, Фуруғ Фаррухзод, Нодир Нодирпур, Лойиқ, Фарзона, Сайидали Маъмур, Аҳмаджон Раҳматзод, Озарахш шеърларини, Заҳирий Самарқандийнинг «Хотинлар макри», Муҳаммад Субҳоннинг «Қора чироқ» насрий асарлари, Жалолиддин Румийнинг «Маънавий маснавий»и, Мирзо Абдулқодир Бедилнинг маснавийларини ўзбек тилига таржима қилган. 

Сайт муаллифидан: Бугун қўшни мамлакатлардаги ўзбек ижодкорлари ҳақида асосан интернет орқали биламиз. Тожикистонда яшаб-ижод этаётган шоир, таржимон Одил Икромни фейсбук, янаям аниқроғи, тармоқдаги сўзсуярлар ёрдамида танигандим. Бундан уч йиллар аввал (2014) у кишининг туғилган куни баҳона мана буларни ёзиб қўйгандим: Одил ака, Сизни менга фейсбукдошлар танитди-ю, аслида сўзларингизнинг ўзлари шахсиятингиз ҳақида хабар берган бўлдилар. Ҳозир ёзганларингиз ҳақида гапирмоқчи эмасман. Бундан ташқари, ҳали ижодингизни етарли даражада биламан, деб айта олмайман. Энг асосийси, менга сизнинг ортиқча қичқириқлардан холи, сокин, аммо ичи туғёнли сатрларингиз, улуғлар ижодий меросидан баҳрамандлик туйиб, бу насибадорлик завқини сўз муҳиблари билан баҳам кўраётганингиз, таржима ва бошқа амалий ишлар билан шеър маърифати, ҳикматга эш сўз қудрати ҳақида чиройли таассуротлар уйғотаётганингиз маъқул тушади. Бугун Адабиётни ибодат даражасига олиб чиқадиган эътиқоди бутун ижодкорлар жуда зарур. Кузатишимча, Сиз мана шу нурли йўлда собит қадамга ўхшайсиз…
Суҳбат ва қайдларингиз орқали ўзбек адабиёти учун нақадар жонкуярлик қилаётганингиз, ёш ижодкорларга ҳамиша эътибор қаратиб келаётганингизни ўқиб-кузатиб турибмиз. Ҳар не яхши хабар-битик бор, албатта, “лайк” босишни канда қилмайсиз. Буни ўзингиз айтган интернетга уқувсизликдан кўра дўстлар, айниқса, ёшларга хайрихоҳлик, кенглик деб тушунишга ижозат берасиз. Шундай пайтлари одам сал кенгроқ бўлгани ҳам яхши экан, деб ўйлаб қоламан. Аммо яна бир қарасам, у қадар “кенг”га ҳам ўхшамайсиз: ёлғон, юзсиклик, лағвга ўчлик ва бошқа иллатларга жуда “тор”лигингиз – тиш-тирноғингиз билан қарши турганингиз сўзларингиздан ҳам билинади. Назаримда, шоирлик шунчаки санъат, сўз ўйини ёки эркатойлик эмас, аввало, ростгўйлик, Ҳақ олдида жавобгарлик, бутун жабрдийда инсониятга ҳамдардлик эканини амалда кўрсатишга баҳоли қудрат ҳаракат қиляпсиз. Адабий-маданий алоқалар борган сари сусайиб кетаётган, катта-катта ижодкорлар ҳам сўз амал эканини унутиб қўяётган бир пайтда Сиздай кишиларнинг бундай тутуми кўнгилни кўтаради. “Маънавий маснавий” таржимасини бошлаб, катта ишга қўл урибсиз. Ўзингиз бу ҳақда камтарлик билан “Румийни англаш ибтидосидаман”, дейсиз. Улуғ мутафаккир дунёсига сафарингиз хайрли, бошқаларга ҳам юқумли бўлсин.
Буларни шошилинчда ёздим. Узуқ-юлуқроқлиги шундан. Туғилган кунингиз баҳона Сизга яхши тилаклар билдирмоқчийдим, аммо бир оз чалғиб кетдим, шекилли…
Умрингиз, ижодингиз файзу барокотга тўлиқ бўлсин. Сиз сув ичаётган дарёларни бутун умрингизга татирли қилсин. Бундан кейин ҳам ўзингиз айтган лаънати қувонч йўриғига мослашманг, гўзал инсоний дардларга ғарқ бўлиб яшанг. Икки дунёда кам бўлманг!

Биз ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin

https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://telegram.me/Behzod_Fazliddin
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 936

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *