Ўғирланган изҳор

“Инсон ёши улғайгани, мушоҳада дунёси кенгайгани сари Ватан ҳақидаги фикрлари ойдинлашиб, қарашлари тиниқлашиб борар экан. Болаликда мен учун туғилиб ўсган юрт Ватан ҳисобланса, ўқувчилик йиллари табиат, оила, маҳалла, мактабни ҳам Ватан деб қабул қилдим. Ҳозир эса…”
Шошма, бунча таниш бўлмаса бу сўзлар. Қаерда эшитгандим ёки ўқигандим? Ие, ахир, бу биродаримизнинг гаплари-ку! Радиода эшитгандим, чоғи. Айни пайтда эса мен буларни деярли сўзма-сўз бошқа “муаллиф”дан эшитиб турибман. Қизиқ, телевизор орқали Ватан ҳақида жўшиб изҳори дил қилаётган “қаҳрамон” журналист экан. Яна таниш сўзлар. Бўлди, ҳаммасини тушундим…
Кейин қолган “иш”ларни ижодкор танишимдан сўраб билиб олдим. Маълум бўлишича, у ватанпарварлик ҳақида ўша журналистга интервью берган, бугун эса бу фикрлар бошқаники бўлиб турибди. Аслида, юқоридаги иқтибосда деярли ҳеч қандай янги фикр йўқ, шоҳ сатрлар ҳам эмас. Аммо…
“Наҳотки унинг Ватан ҳақидаги ўз сўзлари бўлмаса! Наҳот юртга меҳрини ўз фикрлари билан изҳор қила олмаса. Шунисига ҳайрон қоляпман”, – дея баттар куюнди танишим.
Тўғриси, ўзим ҳам ўйланиб қолдим. Ҳаттоки мактаб ўқувчисининг ҳам эл-юрт ҳақида ўз қарашлари, айтар сўзи бор… Тағин журналист-а. Таниш биродаримнинг кейинги сўзлари янада ўйлатиб қўйди: “Ўзига ҳеч нарса демадим. Нима учундир, қайта-қайта қўнғироқ қиляпти, жавоб бермаяпман. Ватанпарварлик ҳақида бошқа гапиргим йўқ…”

Беҳзод

05.17.2011

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *