Раҳмон Қўчқор. Ўжар ҳақиқатлар

Кўпчилигимиз адабиёт тарихининг шонли саҳифаларидан жой олган ижодкорлар қисматига маълумотларни ҳиссиз-туйғусиз тилга олишга ўрганиб қолганмиз: фалон йил фалончилар томонидан Насимийнинг тириклай териси шилинган, Машраб дорга осилган, қатлиом даврида Қодирий, Чўлпон, Фитрат сингари не-не ижодкорлар отиб ўлдирилган ва ҳоказо. Ҳолбуки, улар одам ўлдиргани, бировнинг мол-мулкини талагани, недир ахлоқсизлик қилгани учун эмас, фикри учун, ҳақ каломни сўйлагани, адолатни талаб қилгани, бир сўз билан айтганда, чинакам инсон бўлгани учун маҳв этилган.

Албатта, уларнинг-да сизу биздек жони ширин, қони иссиқ бўлган. Уларга ҳам оғриқ, азоб, жон талвасаси каби ҳислар бегона эмас эди. Тана азобинигина эмас, инсоний хўрлик, нафсониятга тегиниш, ғурур топталишини улар кучлироқ ҳис қилган, оғирроқ олган. Шу маънода, қишнинг аёзли кечаси – 31 декабрь куни бола-чақаси чирқиллатилиб, қўлига кишан солиниб номаълум манзил томон олиб кетилган Қодирийнинг винтовка ўқи бош чаноғини ёриб чиқиб кетгунга қадар тортган азобларининг мингдан бирини ҳис қиламизми? Бир вақтда нашрдан чиққан романлари учун касбдоши мукофот билан сийланиб, ўзи эса миллатини асл дардларидан воқиф этгани боис ит азобига дучор этилган Чўлпоннинг қатл олди қайтаргани муқаддас калимани, қонталаш кўнглидан ўтган сўнгги нидони қалбдан ҳис қилмасак, ким деган одам бўламиз?! Ёки “Не деб сўзлаганкан боқиб биз сари, / Бетимсол Ойбекнинг ҳорғин кўзлари?!”
Биз-чи?

Қўлимизга, кишан не, игнанинг учидеккина зирапча кирса ёки озиқ тишимиз кечаси ногоҳ зириллаб қолса, қай кўйларга тушамиз! Бир кунгина оч-наҳор юришу ўн даража совуқда икки соатгина кўчада қолишнинг азоби-чи?! Туппа-тузук даромад бериб турган амалдан, бошқаларнинг кўзини куйдираётган обрў-эътибордан айрилиб қолиш аламини-ку айтмай қўя қолайлик…

Ана шу қиёслар асносида ҳақпарвар, миллатпарвар, инсонпарвар ижодкор бўлиш оддий – ҳаммадан кутиладиган, “илгида қалами бор”ки кишининг қўлидан келадиган иш эмаслиги маълум бўлади. Барчамиз мана шу ўжар ҳақиқатга таяниб ўзимизга назар солсак, баҳо берсак, бизнингча, адолатга заха етмас эди.

Ўзбекнинг жувонмард шоири Шавкат Раҳмон умри охирроғида битган бир шеърида “Ахир кимман ўзим, мангуликка сал / Агар қиёсласак, Шавкат Раҳмон ким?” деган боқий саволни берганди. Назаримда, ўзи, ҳаёти ва ижодига шу тарзда ёндаша оладиган, қисмат тарозисига шу талабнинг зил-замбил тошини қўйиб асар ёзган шахслардангина мангуликка дахлдор битикларни кутса бўлади. Бўлмаса, ҳаммаси – замондошлар олқиши ҳам, катта-кичик мукофотлар ҳам, давр ижодшуносларининг ҳавойи баҳо ва эътирофи ҳам ўткинчи – қақроқ қумга сингган сув сингаридир.
Бу боқий саволга етиб келиш учун ҳам, не тонгки, Яратгангина юқтирадиган бир имдод зарур: туғма истеъдод. Бўлмаса, зўр бериб ўқиш-ўрганиш, талантларга ошно тутиниш, бировнинг сўзига янги либос кийдириб энг баланд саҳнага-да олиб чиқиш билан иш битмаган, битмайди ҳам. Мен шоир Беҳзод Фазлиддин манзумаларида кўнглимдаги нотинч фикр-туйғуларга ҳамоҳанг мисралар топдим.

Беҳзод Фазлиддинда:
Дод солгинг келади ёлғон чўзилса.
Бозорга айланса назму нафосат.
Кечаги бокира сўзлар бузилса…
Томошабин бўлса аҳли фаросат!

Солланиб бозорга отланар сўзлар…

Яқин ўтган кунларнинг аччиқ тажрибаси шундан далолат бердики, истеъдоднинг даражаси тўғрисида башорат қилган Йоҳанн Гёте барибир ҳақ экан. Бу закий зот “Қобилиятнинг юқориси – истеъдод, истеъдоднинг юқориси – даҳолик”, деганди. Дарҳақиқат, нафис санъатнинг барча соҳаларида яратилган ва яратилаётган асарларга назар солсак, улар мана шу ўзаро фарқли даражалар берган самара эканига гувоҳ бўламиз. Жумладан, биз “истеъдод” деб суюнган баъзи қаламкашларда, нари борса, шеъру ҳикоя битишга қобилият бор экан, холос. Шунданми, уларнинг аксарияти хашаки шоирлик, нўноқ ёзувчиликдан нарига ўтмади. Ачинарлиси – кўпчилиги шахс сифатида шаклланмади: бошқалар етовидан чиқолмайдиган, шу етовга етишмоқнинг ўзини-да ҳаёт мўлжали деб биладиган майда одамлар мақомини ўзига раво кўрди. Абдулла Қаҳҳор топиб айтганидек, уларнинг бирини амал-эътибор, бошқасини хотин-халаж, яна бирини ўз ҳаётини тартибли қура билмаслик, бир қисмини бўлса маишат ва ичкилик хароб қилди. Ана шу қутқуларга бирваракайига мубтало бўлганлари қанча. Аслида, бу ҳолга ҳайрон қолиш ҳам, асабийлашиш ҳам ўринсиз. Чунки боя эслаганимиз – истеъдодни, айниқса, даҳоликни Худонинг ўзи юқтирмагач, бандасидан ўпкалаб ўтиришга не ҳожат?! Айтишади-ку, “дарёдан дарёни талаб айлагил…” деб.

Беҳзод Фазлиддинда:
Шу чиркин матоҳга борми учмаган?
Барининг онгига ғубор сачраган.
Бойликни кир қоғоз билан ўлчаган
Тўдага тескари боқишни ўргат.

Бу йўлда юзини йўқотган кўпдир,
Илдизу изини йўқотган кўпдир.
Энг керак сўзини йўқотган кўпдир,
Аларнинг сафидан чиқишни ўргат.

Тўғри, инсон зотига хос бўлмиш унча-мунча ҳис, туйғу, кечинма ва ўйни шеърий йўсинда, оҳорли бадиий безакка буркаб ифодалаш ҳам шоирлик, ижодкорлик саналади. Одамларнинг, оддий кетмончи не, анча-мунча жойда ўқиб битиргани тўғрисида жилд-жилд ҳужжати бор кишининг ҳам тўртта сўзни бир-бирига тўғри улаб гапириши даргумон бўлиб қолган бугунги кунда меҳрибон она ҳақида, бепарво ёр тўғрисида, бепоён юрт мавзуида ёқимлигина шеър тўқиб бериш чакана ишми? Кўпчилик “ижодкор халқи” айни жабҳада кўрсатаётган фаоллиги учун ҳам недир эътибор ва эътирофдан умидвор бўлиб тепаларга кўз тикадики, уларнинг бу аянчли ҳолига боқиб, беихтиёр Рауф Парфининг қаттиқ қимтилган лаблари, терс қараган нафратли нигоҳи ёдга келаверади. Биз эса бу ҳол таассуротидан осонгина қутулиш йўлини топиб олганмиз: “Ҳаммаси ўткинчи, вақтинчалик томошалар…”

Лекин “ўткинчи”, “вақтинчалик” деб жиддий эътибор бермаётганимиз бу ҳол мунтазамлик касб этса, кундаликкина эмас, йиллик, ўн йиллик турғун аҳволга айланса, қанча кўп сув шимса шунча яхшироқ қотадиган “бетон муҳит”га дўнса-чи? Ижоднинг, ижодкорнинг, асарнинг қадру қиммати шу ҳол, шу муҳитга асосланиб ўлчанадиган, баҳоланадиган бўлса-чи? Салгина жиддий эстетик талаб билан ёндашилса тит-пити чиқиб кетадиган тушунчаю диди ва шуларга таяниб “яратган” “эъжод”лари билан ижодий уюшмалар рўйхатига тиркалиб олган кимсалар даражаси умумадабиётнинг, бадиий ижоднинг ҳам мезони бўлиб қолса-чи? Мана шу – ичию таши силлиқ-сийдом кишилар тўпланган издиҳом давр адабий муҳитини, уларнинг тўйтепадан нарини илғамайдиган нигоҳи миллат эстетик идеалини белгиласа-чи?

Миллат эстетик идеали эса чиройли ибора, олифта тушунча эмас. У – ниҳоятда жиддий эътибор, мушоҳада ва масъулият талаб қиладиган қадрият. Уни тасаввурда тиклаш учун, масалан, Навоий жисму жонидаги шижоатни, унинг бадиий тафаккур ҳамласидан, дунё мутафаккирлари сари йўналган панжасидан атрофга таралган ҳайбатни, қувватни ҳис қилишимиз керак. Ёхуд XIX аср рус, француз, инглиз адабиёти, ХХ аср Лотин Америкаси, япон ижодкорлари интилган ва эришган марраларни кўз олдимизга келтирсак, бизнинг бугунги аҳволимиз – турган ўрнимиз ва яқинлашиб бораётган манзилларимизнинг асл ҳоли дурустроқ илғанса, ажаб эмас…
Ахир бундан қирқ йиллар илгари (ўзидан аввалги авлоднинг бутун куч-қудратини ҳис қилгани ҳолда) дадил ва самимий тарзда “Энди савол сизга, Абдулла Ориф, / Менга айтадиган гапингиз йўқми?!” (Усмон Азим) дея ҳайқира олгани учун ҳам йирик бир адабий авлод майдонга чиққани, у халқининг нафақат эстетик, балки келажак тақдири билан боғлиқ идеалларни ҳам олға сургани, охир-оқибат, шу асрий орзуларнинг бир қисмига эришилгани – ҳақиқат-ку!

Хўш, бугунги сон-саноқсиз ижодкорнинг, каттадир-кичикдир адабий авлоднинг шундай идеаллари борми? Идеаллар бўлиши лозимлиги, уларсиз барча тоат-ибодат чикора экани тўғрисида тушунчанинг ўзи мавжудми? Агар бўлса, ўша буюк идеални олға суришга, дадил ҳимоя қилишга қувват, матонат ва шижоат етарлими?

Менинг тушунишимча, Худо бирор одамни недир қобилиятсиз, демакки, недир вазифасиз яратган эмас, яратмайди ҳам. Шу маънода, халқ ичида юрадиган, “одам кўпайсинга яратиб қўйган” қабилидаги бир оз шаккокона гап ҳам, аслида, мана шу ҳақиқатни англамасликдан, инсоний ожизликдан (ўша – “чиқит”га чиқарилаётган одамни тўғри йўлга сололмаслик ожизлиги!) бошқа нарса эмас. Афсуски, кўпчилигимиз, минг турли омиллар сабаб, бизга – зоҳиримиз ва ботинимизга не қобилият, имконият, вазифа ато этилганини билмай, англамай умрни совурамиз, ғанимат вақтни увол қиламиз. Бу минг турли омиллар ичида биз кўриб-кўрмайдиган ақлий ва руҳий танбаллик; нафсий ва шаҳвоний қутқулар; ота-она, қариндош-уруғ орзу-ҳавасию талаб ва эҳтиёжи; тушиб қоладиганимиз – олтин балиқчаникидан фарқ қилмайдиган – ижтимоий, сиёсий ва мафкуравий муҳит; мақсадга эришишнинг енгил йўлларида чалғиш ва бошқа объектив ҳамда субъектив омиллар бўлиши мумкин.

Натижада одамларнинг аксари ўзи яйраб, яратиб-яшнатиб юриши мумкин бўлган соҳалар қолиб, ўзини ҳам, соҳани ҳам, бошқаларни ҳам абгор ҳолга келтирадиган юмуш ва амалларга даъво қилиб ўтиб кетади. Содда қилиб айтганда, табиатида миришкор боғбон бўлиш қуввати яширинган киши ўттиз йилдан буён ўзини прокурорман, деб алдаб юрган бўлса, қанчадан-қанча беморлар дардига малҳам топа оладиган ҳакимнинг умри молхона қоровуллигига сарф этилмоқда. Охир-пировардида бўлса, яна ўша аҳвол: бу дунёга буюк вазифаларни адо этмоқ учун юборилган инсондек қудрат эгаси бераётган самара чўғи, салмоғи ҳаминқадарлигича қоляпти.

Беҳзод Фазлиддинда:
Бу қандай шажардир туб томон ўсган,
Ҳар куртак кўзини ғофиллик тўсган.
Бир уйғоқ сўз айтсанг нафаси қисган –
Элатга уйғониш учун қудрат бер.

Буюкларин бир-бир ташлайди ўрга,
Сафсата сотганни бошлайди тўрга,
Борини бой бермиш данғир-дунғурга,
Ўзинг бу саҳнага бошқа суврат бер.

Шу маънода, талъатига ижодкорлик, бадиий яратувчилик юқтирилган кишилардан талаб қилинадиган масъулият ва жавобгарлик сизу бизникидан ўн чандон, юз чандон каттароқдир, десак хато бўлмас. Агар уларнинг ҳам ҳафсаласи пир бўлиб, “менга нима, ғовлаб кетмайдими” деган кайфият юзага келса, миллий адабиётимиз ва унга тақдирдош бутун маданиятимиз соҳалари инқирозга юз тутиши мумкин. Зеро, бизга катта-кичик замондош бўлмиш қаламкашлар қилиб юрган ишларни, ёза солиб эълон қилаётган битикларни, йиғинларда айтаётган гап-сўзлари, даъвою дастакларини сукут-ла кузатиш, уларнинг кўпчилиги юқорида эсланган жиддий талабларга умуман дош беролмаслигига жим қараб туриш – келажакка хиёнатдир. Чунки уларнинг шеъру достон, сценарий ва роман деб эълон қилаётганлари тонналаб қоғоз исрофигагина эмас, миллий эстетик диднинг қашшоқлашуви, ёш авлоднинг адабиёт, бадиий ижод хусусидаги тушунча ва қарашлари жўнлашуви, ўтмаслашуви, бир сўз билан айтганда, ўзбек адабиётининг шу вақтгача эришган ютуқлари унутилиб, эгалланган марралар қўлдан бой берилишига сабаб бўлиши тайин. Бинобарин, бундай қўймижоз кишилардан боя айтганимиз – миллий эстетик идеални белгилайдиган ижодий ҳамлаларни, юксак манзиллар сари шитоб интилувни кутиб бўлмаслиги аниқ. Бу ҳолни Альберт Эйнштейн отлиғ шумгина донишманд истеҳзо ила бундай ифодалаган: “Подада энг намунали қўй бўлиш учун, энг аввало, қўй бўлиш керак…”

Дарҳақиқат, мана бу жиддий саволни ўзимизга бериб кўрайлик: подадаги қўй мавқеи билан, шу мавқега мос даража ва дид билан бутун бир халқни-ку айтмайлик, бир гуруҳ одамни-да недир нурли манзилларга даъват этиш, бошлаш мумкинми? Ҳар қанча намунали бўлмасин, қўймижоз кимсалардан нени кутиб, нимани умид қилиб бўлади?

Беҳзод Фазлиддиндан:
Бу дунё асли бир кўнгилзор эди,
Кўнгилни кўнгилдан кечирмаганлар!
Наҳотки сизда ҳам кўнгил бор эди,
Кўнглимнинг кўзини очирмаганлар?!

Шунинг учун ҳам биз жамият, миллат ва келажак чинакам ижодкор шахсдан катта, жуда катта нарсалар кутишга ҳақдор эканини эслатмоқдамиз. Бу – “жуда катта нарса” деган тушунча эса ўз доирасига, жумладан, қуйидагиларни қамрайди.

Абадий муаммоларнинг ҳозирга қадар яратилган мумтоз мерос ичида учрамаган янги талқинларини кашф этиш.

Сизу биз хоҳлаймизми-йўқми, ўткинчи, майда муаммолар доим бўлади, жамики инсон боласини ўзининг тубсиз домига тортиб хор ва абгор қилади. Ижодкор, мана шу муваққат, маиший муаммолар панжасидан ёқасини бўшата олса, руҳини қутқара билса, абадий муаммолар истиқболига чиқиш, улар билан юзма-юз келишдек олий бахтга мушарраф бўлади. Уларга рўпара келиш имкони эса ҳаммага ҳам берилган эмас. Яратган ижодкор инсонга истеъдод билан бирга ўша муаммолар кўламига чиқиб бориш қудратини ҳам ато қилади. Шу маънода, абадий муаммолар хусусида ўйлаш, улар юзасидан баҳс очиш – азал ва абад борасида кечадиган улуғ машваратга қўшилиш, то қиёмат қадар давом этадиган руҳоний мунозарада иштирок этиш деганидир.

Афкор (фикрловчи) оммага ўша абадий муаммолар ечимини бериш эмас (чунки бандасида бундай имкон йўқ!), балки уларнинг нақадар мураккаблигини ҳозирга қадар ҳеч ким турмаган ракурсдан кўрсата олиш.

Гап шундаки, дунё адабиёти вакиллари яратган мумтоз асарларнинг бирортасида у ёхуд бу абадий муаммога тайёр ечим, мудом фойдаланса бўлаверадиган универсал йўл-йўриқ берилмаган, берилиши мумкин ҳам эмас. Ҳар қайси мумтоз асарни олинг: нажот йўлини эмас, нари борса, бу йўлнинг чеки ва чегараси йўқ экани тўғрисидаги мангу ҳақиқатга ишорани топасиз, холос. “Фарҳод ва Ширин” ҳам, “Фауст” ҳам, “Ўтган кунлар”у “Бегона” ҳам айни шу мангу ҳақиқатлар қаршисидаги мангу ожизликнинг мардона эътирофи бўлгани учун қимматлидир. Агар шундай бўлмаганида, Ҳазрат Навоий “Кўзни ўкуш саъй ила забт этгамен, / Етса кўнгил забтиға иш, нетгамен?” дея ўзини қийнамаган, Абдулла Тўқай эса “Дунёни поклайин деб, ўзим-да кирланиб битдим” деб таассуф этмаган бўларди.

Инсон аталмиш мавжудот руҳиятида кечадиган минг турли эврилиш, товланиш, букилиш, синиш ва сўниш ҳодисаларининг туб илдизлари сари мунтазам чуқурлашиб бориш.

Очиқ тан олмоғимиз керакки, ҳозирги миллий адабиётимизнинг бу борадаги муваффақиятлари билан кўп мақтана олмаймиз. Буни аниқроқ ҳис қилиш учун, ҳеч бўлмаса, яқин тарих намуналарини эсга олайлик: “Галатепага қайтиш” (М.М.Дўст), “Жавоб” (Э.Аъзам), “Кўнгил озодадир” (Х.Султонов), “Ойдинда юрган одамлар” (Т.Мурод) қиссалари, “Руҳлар исёни” (Э.Воҳидов), “Гаплашадиган вақтлар” (О.Матжон), “Изоҳсиз луғат” (А.Қутбиддин) достонлари, “Лолазор” (М.М.Дўст), “Отамдан қолган далалар” (Т.Мурод) романлари, унутилмас қанча-қанча шеър, ҳикоя матни аро жилва бериб турган инсоний руҳ товланишларини фақат адабий ҳодиса сифатида баҳолаш, тушуниш ва тушунтириш камлик қилади. Бу асарлар ХХ аср адоғида кузатилган сўнгги миллий уйғониш, ўзликни англаш, миллий юксалишни майдонга келтирган қудрат тимсоллари эдики, айнан шуларга нисбатан “атомдан кучли” деган сифатни қўллаш тўғри бўлади. Шундай экан, ҳар бир янги адабий авлод инсон руҳиятининг қай бир қоронғи пучмоғига ёруғлик туширмоғи, бугунги ўзбекнинг қалби аслида қандай алфозда экани, нега шундай экани, бу алфоз ижобий томонга ўзгариши учун нелар талаб этилиши борасида жиддий ўйга толмоғи керак:

Занжирлар узилса, кишанлар синса,
Ортиқ юкинмасанг шу эски тосга.
Ўзлигин йўқотган руҳга файз инса,
Умрингни буркасанг боқий ихлосга…

Яшасанг шу кўйи, яшасанг мудом,
Ҳаёт китобида зарҳал битикдай.
Ўлим-да мард бўлса, қилмаса ғирром,
Юрганга яраша юрсанг тирикдай…

Аввало миллат ва халқ, агар интеллектуал қувват куч берса, инсоният ўтмиши, бугунигагина эмас, балки келажак тақдирига дахлдор ўй ва ташвишлар, дард ва орзуларга одамлар эътиборини жалб этиш.

Бу эса замон ижодкоридан ўзига қўяётган талабни ўн чандон, юз чандон оширишни тақозо қилади. Зеро, майда маиший мавзулар, олди-қочди воқеалардан ҳосил қилинган сюжет, китобий мулоҳазаю қуруқ панд-насиҳатни мақсад этган битиклар адабиёт саналмаслигини ҳамма бирдек тан олиши вақти аллақачон келган. Дунё инсоншунослиги, инсон руҳиятининг бадиий тадқиқи кириб бораётган, кўтарилиб юксалаётган манзилларга қарасак, кўзимиз тиниб кетиши турган гап. Шу нуқтаи назардан, биз ўзимизни юпатаётган ютуқлар саноғи аслида ўзни алдашдан бошқа нарса эмаслиги тобора ойдинлашмоқда. Бу – халқимизнинг бугунги интеллектуал, илмий ва бадиий-эстетик салоҳияти аслида қай ҳолда эканидан дарак берувчи кўпдан-кўп “асар”лар мисолида, афсуски, очиқ намоён бўляпти. Шундай экан, бу ҳолдан биринчи навбатда ижод аҳли кўпроқ ва кучлироқ безов­талик ҳис қилиши, бошқаларни ҳам огоҳ этиши лозим:

Ташқарига чиқдим. Юрагим – қўлда.
(Бутун бир кўчани ёритарми шам!..)
Бўлиши мумкин-ку худди шу йўлда
Умрида ёруғлик кўрмаган одам…

Ижодкор шахсдан кутиладиган вазифа, ҳаракат ва интилиш бошқаларникидан минг чандон каттароқ эканини доимий янгидан идрок этиб туриш, бундан толиққан он эса “тахта-ўқловни йиғиштириб” бош­қа ишга уннаш учун ўзида куч ва виждон топиш.
Бу масалада, очиғи, “ўзбекчилик”нинг жамики емирувчи таъсиридан қутулиб, кимнинг аслида ким, ёзгани нима эканини исбот-далил билан ошкора айтиш, шу аснода ҳар қандай ошнолик, гуруҳбозлик, сохта иззат-нафсдан воз кечиш, воқеликка тик қараш талаб этилади. Зеро, бугун гап кимнингдир шахсий манфаати, таги пуч обрў-эътибори, эгаси танимаган иззат-нафси устида эмас, бир пайтлар инсоният адабиёти, эстетик тафаккури, бадиий юксалишига ҳал қилувчи қувват бера олган миллатнинг эртанги тақдири, умумжаҳон йиғинида унга ажратиладиган жой, миллий маданий мавқе хусусида бормоқда. Бу масалага бефарқ қараган халқни, миллатни, шу миллат вакилиман, дея бош кўтариб юрган инсонни яқин ва узоқ келажакда нималар кутишини тасаввур қилиш унчалар қийин эмас. Шундай экан, мақоламиз бошида эслаганимиз, жувонмард руҳи олдида ҳаммамиз қарздор Абдулла Қодирий армони такрорланмасин десак, “тарихимизнинг энг кир ва қора кунлари” яна қайтарилмаслигини истасак, адабиёт иши бугун шахсий иш эмас, миллий иш, миллий вазифа ва масъулият эканини англайлик, бир-биримизга қўлдан келганча англатайлик.

“Тафаккур” журнали, 2018 йил 2-сон.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.