Омон Матжон. “Кўрдим, Шукур Бурҳон…”

Кўрдим, Шукур Бурҳон “Ҳамза”дан чиқиб,
аста пиёдалаб кетди бир куни.
Бир ён гавжум кўча, бир ён расталар,
оломон…
Кўпчилик билмади уни.

Репетиция ўтган. Мана, у борар
чарчоқ, тунд…
Парвосиз ҳаракат аро,
Ҳозиргина улуғ шоҳ Эдип эди,
энди фуқародан баттар фуқаро.

Устоз! Замонларнинг дўниш макрини
кўчада гримсиз кўрсатишми бу?!
Кеча йиғлаб сизга талпинган жонлар
бугун танимасдан ўтарлар, ёҳу!

Тирсаклар, қоринлар, кўкрак, елкалар,
Сизни туртиб-суртиб шошар ўзича.
Томоша бўлганин сезмаслар, ё Раб,
Шундай буюк актёр юзи-кўзича.

Калтабин “илмкаш” бу салт юришни
“Даҳо халқ ичра!” деб жўшиши мумкин.
Кўрмаски, даҳога йўл бермас ҳеч ким,
базўр бормоқда у, қисилиб, мункиб.

Халқ эмиш, кабобпаз, ана, “Келинг!” дер,
кўзидек гезариб сихда чандири.
Лунжқизил сомсапаз пиёз қоради,
уятдан қизариб, чатнаб тандири.

Халқми шу, бировнинг ҳақини гизлаб,
беш-ўнни юлишни пойлаб турганлар?
Халқми шу, нуроний сиймолар қолиб,
сохта сумбатларни сийлаб турганлар?

Халқми шу, хаёлу орзуларини
ўзидан баландроқ тиклолмаганлар?
Халқми шу, халқининг номидан сўзлаб,
мингдан бир ваъдасин оқлолмаганлар?

Халқ улким, ўзининг пешонасида
юлдузлар борини сезса, қувонса!
Халқ улким, ғурури бўлса ўзида,
асилга ишонса, сохтадан тонса!

Бу шеърни кўрсангиз балки койирсиз:
“Одамни қўй-да, деб, ҳоли-жонига…”
Билдим, сиз пиёда, тинч етмоқчисиз
Ҳув мағрур ҳайкаллар хиёбонига!

Унгача анча йўл бор-да, устозим,
бу ур-сурда юрманг саланг-бўш бўлиб!
Грим билан чиқинг, гулдираб чиқинг,
ҳеч бўлмаса, ўша Ялангтўш бўлиб!

1982

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *