Омон Мухтор ёди: Баҳром Рўзимуҳаммад. Садоқат

Дўстлик тўғрисида гап кетганида раҳматлик дадам қадимдан нақл келтириб, шундай дер эдилар: дўст уч хил бўлади. Биринчиси – нон дўсти. Яъни, мол-мулкинг, пулинг кўп бўлса сен билан дўстлашишга интиладилар. Икинчиси – жонон дўсти. Яъни чиройли бир хотининг бўлса, дийдор баҳона қилиб дўстлашадиганлар топилади. Зимдан аёлингни йўлдан уришга ҳаракат қиладиларки, сезмай ҳам қоласан. Учинчиси – жон дўсти. Бу садоқатли дўст дегани. Руҳий дўстинг. Бу турдаги дўстни ҳаётда учратмаслигинг ҳам мумкин…
Табиийки, ёшлик кезларимда бундай “пессимистик” гаплар менга ёқмаган, ғашимга теккан. Аммо кейинчалик дадам ҳақ эканига амин бўлдим. Чин дўст кам бўларкан, дея ўйларак, ўзим-чи, деб қўярдим ичимда. Ўзим кимга чин дўстлик қилганман?! Тўғри, бойликка интилмадим. Тўғри, ошноларимнинг аёлларига назар ташламадим. Бироқ, дўст сифатида кимга яхши кўриндим? Билмайман…
Тўққизинчи май куни Муҳаммад Ғаффор уйимга сим қоқиб, Омон ака оғир ётган экан. Гапиролмай ётибди, дедилар. Гапларига унчалик тушунмадим. Қизи русча сўзлади, деди.
Юрагим шув-в этди. Шундай беозор одам-а?.. Оқкўнгил, хокисор… Неча ёшда эди? Адашмасам, етмиш икки…
Кўнглим бузилди. Ҳукм – Оллоҳдан. Нима бўлишини Оллоҳдан ўзга билмайди. Қош қорайганда Ғаффор акага қўнғироқ қилдим. Эртаси куни тушликдан сўнг устозни кўргани боришга ваъдалашдик. Аммо…
Ўнинчи майда ҳеч кимга оғирлиги тушмаган бу улуғ инсоннинг кичрайибгина қолган жасадини сўнгги манзилга кузатдик. Устоз Рауф Парфи қабрига яқинроқ жойда биз учун яна бир зиёратгоҳ ясалди…
Омон МухторМен Омон Мухтор билан жуда яқин сирдош бўлганман, кўп суҳбатлашардик, деб айта олмайман. Бизларни дўстлаштирган инсон Мадамин Қўчқор эди. “Омон яхши юрибдими?” деб сўрарди ҳар гал Шовотга келганимда кўзлари ёниб. Сўнг қўшиб қўярди: “Зўр шоир ву. Зўр одам!”.
Дуч келганимда Мадамин аканинг саломини етказардим. Омон ака жилмаярди. Сўнг паст овозда у ҳақда гапира бошлар, “Мадамин яхши шоир-да…” қабилидаги сўзлар билан гапини якунларди.
Очиғини айтсам, ёши улуғ таниқли шоирлар орасида Омон Мухтордай самимий инсонни кўрмаганман. Ҳаттоки Рауф Парфи табиатида ҳам қитмирликка ўхшаган нимадир гоҳо “ялт” этиб кетарди.
Омон ака жиддий, ўзини паст тутадиган, камсуқум, камгап инсон эди, менинг назаримда. Ҳеч ўзгарганини пайқамаганман.
Бир куни “Шарқ юлдузи” журнали коридоридан ўтиб кетаётсам кабинети олдида қараб турган экан. Саломлашдим…
Ростини айтсам, Омон Мухторнинг ҳамма асарларини ўқимаганман. Туркум шеърларини, “Афлотун” романини ва яна уч-тўртта нарсасини мутолаа қилганман, холос. У модернист носир сифатида адабий доираларда тан олинган. Асарлари қандайдир бошқача. Аммо, бу адибни тенгқур ёзувчилар унчалик хуш кўришмаган. Хусусан, Шурур Холмирзаев.
Кабинети олдидан ўтиб кетганимдан сўнг Омон ака тўғрисида ўйладим. Хулоса чиқардимки, у биз билан суҳбатдош бўлмоқчи. Гоҳо тадбирларда кўришсак, Ғаффор ака, Омон Мухтор учаламиз кафега бориб суҳбат қурадиган бўлдик. Навоий ҳазратлари ҳаёти, шахсияти бобида гаплашганларимиз ёдимда.
Мадамин Қўчқор табиатан қувноқ, баъзан бир гапириб, ўн куладиган инсон бўлса-да, ички дунё масаласида Омон акага анча яқин эди. Бири машҳур шоир, носир… Иккинчисининг довруғи ўз туманидан нарига чиқмаган…
Бир суҳбатимизда Мадамин ака, чиройлироқ китоб чиқаринг. Тошкент нашриётида. Китобларингизни бировга кўрсатишга уяламан. Варақлари сап-сариқ. Ёзуви ўчиқ. Бир силкитсангиз ҳарфлар тўкилиб тушади, дедим. Мадамин ака гулдираб кулди. “Ай, бизара шуям бўлаваради” деди. Икки-уч бора таъкидлаганимдан сўнг хаёлга чўмиб қолди. “Болаларингизда пул кўп. Бир куёвингиз қурилишда бошлиқ …”. Бош чайқади. “Йўқ, ман булардан пул сўрамиймон!”.
Хуллас, 2011 йил ноябрида “Тунги боғ” номли шеърлар тўпламини тайёрлаб, нашрга тахт қилиб қўйдим. “Гонорарингизни бериб юбораман” деди уйга қўнғироқ қилиб. Рад этдим. “Мен ҳеч нарса қилганим йўқ, Мадамин ака! Иккита китобчангиздан шеър танладим, холос”. “Сиз меҳнат қилдингиз. Шеърларимни ўқидингиз. Танладингиз. Бу қийин иш ахир… Икки юз бериб юбораман”.
Ўзимни жуда ноқулай сездим. Чунки айрим нашриётлардан буюртма олардим. Уч юз, ҳаттоки беш юз саҳифалик баёзларни чоп этишга тахт этиб, корректураларини ўқирдим. Нашриёт раҳбарлари гоҳо ваъдасини бажармас, баъзан юз минг сўм қўлга кирарди. “Тунги боғ” олтмиш тўрт саҳифалик китобча. Бирон жойига таҳрир киритмаган бўлсам?!
“Проводникдан бериб юбордим. Муҳаммад иккингизга майда-чуйдалар ҳам…”. Мадамин ака Муҳаммад Ғаффорнинг “Чўмилаётган дарё”, “Қора табассум” номли китобларини ўқиб, унга ғойибона ихлос қўйганди. Телефонда кўп гаплашардилар. Ғаффор ака дадамнинг таъзиясига борганида, 2010 йилнинг декабрида танишдилар. Дўстлашдилар.
Мадамин ака билан охирги маротаба 2011 йил декабрининг охирларида телефон орқали гаплашдим. “Сўзбошини ўзим ёздим. Омон Мухтор ёзган сўзбошини топиб билмадим”. “Дим яхши! Сўзбошини сарлавҳаси на?”. “Боғини йўқотмаган шоир”. “Ўҳ! Зўр! Дим зўр!”. Омон Мухтор ҳис-ҳаяжонини унчалик сездирмас, ҳаяжонланса овози янада пасаяр, сал титрарди. Мадамин ака эса бунинг тескариси – қувонса болалардек қийқириб юборар, гулдираб кулар эди.
“Ёзувчи” газетасида Мадамин Қўчқор шеърлари ёритилган бўлиб, туркумга Омон Мухтор сўзбоши ёзган. Шу сўзбошини ҳеч қаердан топа олмадик. Сим қоқдим: “Янги йил арафасида, Худо хоҳласа, китобингиз етиб боради…” “Ўҳ!. Ман сиза ишонаман Бохром!”.
Китоб нашри сал кечикди. Ўнинчи январларда шоир дўстим Болтабой Бекматов сим қоқди. “Мадамин ака хафа бўлди. Оғир ётибди”. Бу гапни нашриёт раҳбарига етказдим. Босмахонага бориб нашрни тезлаштирдик. Китобча чиройлигина бўлиб чиқди. “Мадамин ака оғирлашди. Китобим етиб келса фалон коллежга тарқатинг. Гаплашиб қўйибман, деди. Васият қилиб ётибди”. “Менга Тошкентдагиларга икки юз донасини мут (бепул) тарқатинг деган. Ёдида бормикан?” “Айтди бу гапни. Китобларни тез юборинглар. Кўриб кетсин!”.
Типирчилаб қолдим. Ғаффор акага сим қоқдим. Хоразмлик шоир Ибройим Юсупов поездга билет олган экан. Ғаффор ака иккаламиз китобларни кўтариб, қора терга ботиб вокзал сари отландик. Қўл ҳайкал қошида пича нафас ростлаб ўтирсак, сигарет тутатиб Омон Мухтор келяпти! Худди биров: сен ҳам бор, дея хабар бергандек…
Чоғроққина кафега кирдик. Дўстининг китобини кўрсатдик. Муқовасига тикилди. “Чиройли!” деди. Варақларини очиб бағишлов шеърини кўрсатдим.

ТУНГИ ЧИРОЙ

Омон Мухторга

Ичайинми дейсан қақроқ, ташналаб
бир қошиқ сув билан тунги чиройни.
Сим-сиёҳ тун билан бир бўлиб, бунда
қорамон бағрига босибди ойни.

Яқинроқ бордим мен жозиб лавҳага
қорамон қошида қотиб қолдим донг –
ой баландда борар бепарво елиб
армон-ла шовуллаб ётар қорамон.

Омон ака енгилгина томоқ қириб қўйди… Мадамин аканинг шаънига яхши гаплар айтилди. “Қорамон – дарахт. Пайванд қилсалар гужумга айланади”. “Биламан”.
Кўп чекарди. Тикилсам Омон ака изоҳ бера кетди: “Ташламоқчи бўлдим. Сўнг ўйладим – энди фойдаси йўқ… Етмишдан ошдим. Яна неччи йил яшайман…” Сўнг иккаламизга қараб-қараб турди-да: “Ўзи етмиш – яхши ёш. Бўлади шу!” деди.
Хаёл сурдим. “Омон ака ниманидир сезяпти. Туш кўрганмикан? Йўқ, бу оддийгина тасодиф”.
Егуликдан сал тотинар, бир қултумгина ичарди. Оҳистагина, овози титраб гапирарди: “Нурмат Ражабов билан курсдош эдик. Бизларни шу Нурмат таништирган. Мадамин ўша вақтларда пединститутда ўқирди. Тўгарак машғулотига келганимизда таништирди. Мадаминнинг шеърлари “Шарқ юлдузи”да чиққан…”
“Пойтахтда яшаса тез таниларди”. “Мадаминнинг табиатида бундай нарса йўқ. Завқланиб ёзиб юраверади. Юртига кетишни хоҳлади. “Боғини йўқотмаган” деб тўғри ёзибсиз. Танилиш, танилмаслик – муҳим нарса эмас. Мен учрашувларда доим такрорлайман. Ким бўлибмиз, дейман. Хўп, ёзганларимиз кимгадир ёқади, кимгадир ёқмайди. Асосийси – ўзинг завқлансанг кифоя”.
Орага сўз қўшмаймиз. Негадир Омон аканинг гапиргиси келаётганди. У илкис умрнинг ўткинчи эканлигидан сўз очди: “Метрога тушсам истараси иссиққина йигит пешвоз чиқяпти. Худди минг йиллик қадрдонлардек қучоқлаб кўришди. Омон ака, мухлисингизман. Жумавойман, дейди. Ғалати-да! Китоб тайёрлаяпман, сўзбошини сиз ёзиб берасиз. Уйингиз қаерда, деди. Адресимни тушунтирдим. Ёнида аёл бор экан. Бу келинингиз. Қўлёзмани сизга… шу олиб келади, деди. Нега ўзи эмас?! Сезган экан. Қўлёзмасини келин олиб келди. Жумавой… ўтибди”.
Ҳа, Жумабой Матёқубов! Қувноқ шоир эди. “Хоразм ҳақиқати”да ишлаган. Ҳазил шеърлар ҳам ёзарди. Парчалари ёдимда :
Полвоннинг дўконин этиб бандиргоҳ,
Зарифий ҳам пайдо бўлиб қолар гоҳ,
Бошланиб кетади оҳо воҳу оҳо воҳ,
Ошиқ Эркин, Комил Аваз, Матназар.

Ҳазил тариқасида ёзилган шеърдан Матназар ака чинакамига хафа бўлган эди. Кўнглига келади, деб кейинчалик бу тўғрисида оғиз очмаганман.
Соат сўрадик. Омон ака: “Муҳаммаджон, Баҳромжон, бу ҳисобга кирмайди. Би-ир ўтирамиз. Харажати мендан!” деди. Хайрлашдик.
…Вокзал панжараси олдида одам тирбанд. Билетсизларни ичкарига киритишмаяпти. Аксига олиб, Ибройим ака ташқарига чиқмади. Қўл телефонига боғландик. Чиқишнинг иложи йўқ. Минг бир азобда ялиниб-ёлвориб, гоҳ ҳужжат кўрсатиб қўзғолаётган поездга етдик. Омонатни топширдик. Ибройим ака, йўлда ўқиб кетаман, деб бир дона китобни сўраб олди.
Поезд ҳаракатга тушди. Саккиз юз дона “Тунги боғ” Хоразм сари, Шовот сари елди. Жон талашаётган муаллифининг уйига етиб бориш учун!
Шу кеча ухлай олмадим. Эрталаб “Сирли таобат”га келсам телефон жиринглади. Гўшакни кўтардим. “Бохрам… Мадамин аканинг жони узилди…” Нафасим ичимга тушиб кетди. “Китобни кўриб билмадими?! “. “Тобут чиқарилишидан ярим соатча аввал опкелдилар…”. Йиғлаб юбордим. Бу ёғини сўрамадим. Кўра олмабди. Ярим соат давомида жонсиз шоир ва китоби ёнма-ён турган! “Медиа плюс”да чиққан шеърий туркумини ҳам кўрмади…
Китобларини дастхат ёзиб шеъриятни тушунадиган, қадрлайдиган одамларга тарқатдик. Эркин Самандар жуда мақтаб гапирди. Омон Мухтор ҳам. Дўстининг вафоти тўғрисида айтганимизда қиёфаси ғамгин тортди. Гапирмади, шекилли. Ҳар ҳолда нима дегани ёдимда йўқ.
Икки минг ўн иккинчи йил ёзида, адашмасам, июлда Мадамин ака етмиш беш ёшга тўлар эди. Шовотга бориб китоб тақдимотини ўтказишни ният қилгандик. Омон Мухторни ҳам олиб кетмоқчи эдик.Афсус…
Шовотда яшаётган қизим тўсатдан хасталаниб қолгани боис июлда юртга боришга тўғри келди. Мадамин аканинг уйига ҳам ўтдик. Кўп эсладик. Китобларини ҳали тарқатишмаган экан. Ўғли: Хотира кунида тақдимотини қилмоқчи эдилар. Аммо… пахта яганаси сабаб тадбир кузакка қолдирилди, деди. Эшитсак, ғўзалар ўт босгани туфайли Шовотда жуда қаттиқ гаплар бўлибди.
Ҳамма нарса аввалгидек. Туманда китобга дахлдор шов-шув йўқ ҳисоби. Шовот аввалгидек лоқайд, аввалгидек бепарво. “Сен қишлоққа Нобел мукофотини олиб келсанг ҳам ҳеч ким қизиқмайди. Булар курма сичқонга ўхшайдилар – рўзғори учун куранадилар, холос” деб хат ёзган эди раҳматлик дадам.
Кинотеатр олдида таксидан тушдим. Болтабой оға бизни уйига меҳмонга таклиф этган. Шоир Қадам Шодонов ҳам келади бу ерга. Яна Мадамин акани ўйладим. Кинотеатр ёнидан салмоқли одим ташлаб уйига кетарди. Почта биносида “Шовот истиқболи” таҳририяти жойлашганди. Шинамгина хонамизда адабиёт ҳақида, шеърият ҳақида ҳаяжонланиб гаплашардик. Гоҳо Мадамин ака “Шарқ юлдузи”ни вақтида етиб келмаётганидан нолинарди. (У “Шарқ юлдузи” журналини йиғиб боришни хуш кўрган).
Суҳбатга чанқоқ эди Мадамин ака.
“Ғалати…”, – деган Омон Мухтор. – Бир куни Тошкентдаман, қачон гаплашамиз, деб телефон қилди. Ишлаб ўтирибман. Соат иккиларда келаверинг, дедим. Ўн бирлар чамаси эшик тақиллади. Очсам … Мадамин. Хижолат тортиб: ичим қисиб кетди, жўра! Ҳеч чидаб билмадим, деб кулади”.Омон_Мухтор
Етмиш беш йиллиги ҳақида гаплашганимизда Мадамин ака: “Ман бундий нарсалара қизиқмиймон. Лекин силар галсангизлар зўр қилиб нишонлиймон. Муҳаммад галсин! Омон галар охир?!.” деган.
Кинотеатр ёнида тура-тура зерикиб, сигарет олиш учун дарахт тагига ўтдим. Қарасам таҳририятимизда фаррош бўлиб ишлаган Гулсара опа майда-чуйда сотиб ўтирибди. “Мадамин аканг ҳам… шундийн бўлди. Туврисини ойтқонда, илмли одам ади, лекин. Илмли ади! Ман билан гаплашар ади. Июлда Тошкентдан шеър ёзодўғин жўроларим галади. Кўринишим яхши бўлиши гарак.. Олтин тиш қўйдирсом бўломо?” даб маннан сўради. Нувчун сўродингиз, дасам, хотини ўлди, мунгга олтин тиш нага гарак акан, даб кулмасмаканлар, дади. Ҳов, қўйдироваринг, одомлар гулиб ўлмимилар, дадим. Тиш қўйдирвади бичора.Силарди кутган акандон?!.”
Мадамин ака аёли билан жуда иноқ эди. Опамнинг айтишича, унинг аёли математик экан. Опам: “Бечора Мадамин ҳоққинда кўп гапирарди. Мадамин ўлжак бўлиб юрибди. Йиқилиб қолади. Вуни ўрнина ман ўлсам яхши бўлар ади” деб айтарди. Айтгани галди” деди бир кун.
Икки дўст садоқати бу фано оламида шу зайлда якун топди. Омон Мухторнинг қабрга қўйилаётган оқ либос ичидаги муштдеккина жуссасига кўз ташлар эканман, Мадамин Қўчқорнинг бир учлиги эсимга тушди:

Яшадилар имконларича
кўзга ташланмаган даҳолар
туғилдилар ўлаётганда.

Мадамин Қўчқор ҳам, Омон Мухтор ҳам бу ёруғ дунёда камсуқимгина бўлиб яшаб ўтдилар. Улар жудаям сокин, беозор, сахий, дилкаш одам эдилар…
Улар кетдилар. Аммо, икки шоирнинг дўстликка садоқати борасида ҳали кўп гапирамиз. Ҳали кўп гапирадилар. Зотан, бу қадар қалин дўстлик кунимизда кам учрайдиган ноёб ҳодисадир.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 417

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *