Сизни яхши кўраман, Она!

Ўсмирликдан буён энг яқинларимдан узоқдаман. Жуғрофий масофани назарда тутяпман, албатта. Неча йилки, ўз уйимга меҳмондай бориб-келаман.
Талабалик йиллари бунинг гашти бўлакча эди. Йўл бўйи ичим қизиб, юрагим ҳапқиради. Бутун вужудим билан – бошдан-охир Соғинч тўла Кўнгилга айланаман. Тили бўлса, шу тоза туйғулар сўзласин ўша латиф лаҳзалардан! Эҳ, бу йўллар орасида қанча ёруғ хотиралар, неча-неча умрга татигулик орзу-армонлар бор!..
Қайтишда ҳали Тошкентга етмасдан соғиниб қолаверадиганим – қадрдон қишлоқ қиёфаси кўз ўнгимдан кетмайди. Кейинги йиллари бу қўмсаш анча ҳовуридан тушган бўлса-да, ҳар сафар отауй бағрига худди жаннатга кетаётгандек ошиқаман. Бир пайтлар буни сўзга кўчиришга урингандим:
Шу довондан ўтиб олсам, бас,
Шу довондан у ёғи – жаннат…

Оила даврасида борган сари кўнглимда ажиб бир хотиржамлик туяётирман. Ота-она зиёрати кўнгил уйини янада ёриштириб, фоний дунё ташвишлари ғубори остида хира тортган қадрдон туйғуларни қўр олдиряпти. Ҳа, яшаётган бўлсам, шу азиз инсонлар борлиги учун ҳам яшаб юрибман…
Меҳрибонларимга бағишланган қанча шеърларим бор. Уларда ота-она шаънини улуғлашдан ҳам кўра ноқобилроқ фарзанд афсусу армонлари, олислаб бораётган орзулар устунга ўхшайди…
4 февраль – Онамнинг туғилган куни. Таваллуд санаси туғилганлик ҳақидаги ҳужжатда нотўғри ёзилгани учун Аям: “Туғилган кунимдан ҳеч ичим чиқмайди”, – дейди. Аммо биз учун ҳар йилнинг ушбу санасида волидамизни табриклаш одатга айланган. Доим шу куни ҳамма нарсани йиғиштириб, Аям яхши кўрган алвон атиргуллар атрига кўмилиб уйга учиб бормоқчи бўламан, аммо… “Онам ёзолмаган шеър”ни эслайсиз-а:
Ишинг кўпдир, эҳтимол,
Келмай қўявер, болам…

Кошки, бу дунёнинг ташвиши битса! Аям эса қайтаришни қўймайди: “Келмай қўявер, бу ерлар совуқ…”
Мана, бугун ҳам шу гап. Телефонтабрикдан менинг ичим чиқмайди. “Ўзингиз келсангиз бўларди-да, бир айланиб кетардингиз”, – дейман томоғимга нимадир тиқилгандек бўлиб.
Яқинда Аям синглим баҳона “кўпроқ туриш шарти билан” яна бу ерга йўқлаб келди-ю, уч кун ўтмай “Кетаман”га тушиб қолди. Бу ҳолат сизга ҳам бегона бўлмаса керак. Онанинг кўнглини тушуниб бўлармиди!
Ҳайтовур, омадим кулиб, икки-уч бор аямнинг туғилган кунида оила даврасида бўлдим. Ўша кунларни ҳали-ҳануз энтикиб эслайман. Аслида, туғилган кун у қадар муҳим сана эмас, кимнидир йўқлаш, дил сўзларингни айтиб олиш учун бир баҳонаю сабаб, холос. Лекин, ҳеч бўлмаса, шу куни яқинларимизга янада кўпроқ эътибор қаратсак…
Аям бу сафар ҳам узоқ дуо қилди, камолимизни тилади ва ҳар галгидек охирида “кўп қатори” дейишни унутмади. Ҳа, кўпнинг қаторида соғ-саломат, тинч-омон бўлайлик.
Мендан ота-она ҳақидаги шеърларимни кўп сўрашади. Очиғи, сархуш давралардаги “Юракни эзадиганидан бўлсин!” қабилидаги луқмалар шоирларга ҳам қаратилишини, “Онажо-о-оним!..” дея йиғламсираб шеър ўқишни хушламайман. Атай “нозик жой”идан тутиб эътибор қозонмоқчи ҳам эмасман. Бироқ сўзларим кўнглингизга йўл топиб, эзгу инсоний туйғуларга ошно этаётган бўлса, бундан беҳад мамнунман. Ахир шунинг учун ҳам ёзамиз-да!
Фақат илтимос: ота-онам ҳақига кўп-кўп дуо қилинг. Барча эзгу сўзлар, энг яхши тилагу олқишлар, аввало, шу азизларимга бўлсин.
Яна бир илтимос. Агар кўпдан буён олисдаги яқинларингизни йўқламаган бўлсангиз, улар билан боғланинг. Ҳозирнинг ўзидаёқ!

ТАСКИН

Она, гарчи ҳамон ўзимга зорман,
Кўзингизга кирсам, юрагимдан кенг.
Ташқарида пойлаб турибди Армон,
Ўғлим ҳали-бери чиқмас экан, денг.

Ҳар қадамда чоҳга тортиши мумкин,
Оёғим остида ухлайди кулфат.
Сабрим кўйлагини йиртиши мумкин,
Кичкина ғамларга бўлмайман улфат.

Кўксимга Нур кириб турса, бўлди-да,
Қувиб етолмагай Вақт деган бир ўқ.
Анча ёшман кекса дардлар олдида,
Ҳали севишга ҳам улгурганим йўқ.

Она, қанотларим дардимдай оғир,
Қушдай бу уйқумни оромга йўйинг.
Бахт кутиб туришни билмайди ахир,
Қуёш уйғонмасдан уйғотиб қўйинг…

2006

БАХТ МАНЗИЛИ

Отам бизни мендан бахтли бўлсин, деди,
Онам бизни умри нурга тўлсин, деди.

Йўлимизда кунларини қурбон қилиб,
Ойга чиқдик елкаларин нарвон қилиб.

Ғамларини кўзларига қамаб қўйди,
Юраклари кемтик эди, ямаб қўйди.

Юзимизга шамол тегмай катта бўлдик,
Бошимизни ерга эгмай катта бўлдик.

Қайғулари олам экан, олам экан,
Оламлардан кенгроқ олам отам экан.

Қорлар ёғса, қучоғига қочиб бордик,
Сочларига оқ учқунлар сочиб бордик.

Кўнглингизнинг дарёларин кўп қуритдик,
Она, Сизни меҳнат эмас, биз қаритдик.

Ёнингизда не талашдик – ғавғо қилдик,
Эвазига фақат дардлар совға қилдик.

Умрингизни ўғирладик, ёшлик қурсин,
Худо Сизга кўпроқ қилиб қайтиб берсин…

2006

ОНАМ ЁЗОЛМАГАН ШЕЪР

Сочларимда оқ гуллар,
Кел, уларни тер, болам.
Йўлингга муштоқ йўллар,
Болам бўлиб бер, болам.

Кўксимга Ой беркитдим,
Юлдузларга чой тутдим.
Отангдан ҳам кўп кутдим,
Бахтим бўлиб бер, болам.

Титраган созингни қўй,
Бўғиқ овозингни қўй.
Қалам-қоғозингни қўй,
Ўғлим бўлиб бер, болам.

Йўл учун туққанмидим,
Гул учун туққанмидим,
Пул учун туққанмидим,
Борим бўлиб бер, болам.

Қалдирғоч синглинг беҳол,
Қанотидан хатни ол.
Ишинг кўпдир, эҳтимол,
Келмай қўявер, болам…

2006

АЙБНОМА

Беҳзод Фазлиддинга айтиб қўйинглар,
Бу тун ҳам ухламай чиқди отаси.
Узун бўлиб кетди, тилин қийинглар,
Онаси кўксида ғамлар шодаси.

Қишлар келиб бўлди, у гап тузгунча,
Бир бор ҳовлисида қор кураб берсин.
Бировга ёқай деб гуллар узгунча,
Бориб онасининг дардини терсин.

Кейин гуллайверсин, кўкарсин, майли,
Отанинг дуоси бошлагай тахтга.
Нега толеидан йўллари айри,
Онасиз ҳам бориш мумкинми Бахтга?!

Ишига ишқ қўйган қандай фарзандки,
Лоақал кўнглини очиб кетмайди.
Дарвоқе, у кишим шунчалар бандки,
Ўзидан бошқага вақти етмайди…

2007

ҚАЙТИШ

Қандай тоза, қандай оқ эдим,
От чопардим Қуёшни ушлаб.
Бу ерларга Бахт излаб келдим,
Унда Онам – бахтимни ташлаб.

Учиб кетди ранго-ранг йиллар
Баргдай заиф қилиб ҳолимни.
Ортга қайтмас бу қайсар йиллар
Қайга олиб борар жонимни?

Тоғу тошни куйлатиб чунон,
Қайнар эдим булоқлар билан.
Олисларда юрибман сарсон
Хира тортган чироқлар билан.

Гуллар кутди бағрин қон қилиб,
Дил олдида қолдим уятга.
Бир бахтиёр капалак бўлиб
Учгим келар ўша жаннатга.

Чақмоқлари бошимни ёрса…
Омонат бир ўгай жойдаман.
Осмон мени қўйиб юборса,
Ёмғир бўлиб сизга қайтаман.

Хушхабарни етказсин бехос,
Дарахтларга бериб қўйдим хат.
Шу довондан ўтиб олсам, бас,
Шу довондан у ёғи – жаннат!

2008

ЗИЁРАТ

Фаришталар кўнглимни нурга ўраб қўйдилар,
Осонгина уйғондим қушлар азон айтганда.
Мени қутлаб дарахтлар оппоқ либос кийдилар,
Кўкка учган ҳисларим мужда олиб қайтганда.

Иссиққина бағримда эриб кетди ушбу тун,
Қарамасам, юлдузлар нега қовоқ солгайлар?
Капалак қанотида йўлга отландим бугун,
Мени кўҳна саройда гуллар кутиб олгайлар.

Тошдан қаттиқ бошимни ёролмади тош кунлар,
Йиқилсам ҳам, тўзсам ҳам манзилимга етяпман.
Йўлларимдан қочинглар, ҳой, меҳри йўқ мошинлар,
Мен Онамнинг олдига – зиёратга кетяпман!

Сафаримда сарғаймай, яшнаб борай қошига,
Кипригимга етмасдан тўкилмоқда чанг йиллар.
Эргаштириб тоғларни бошлаб борай қошига,
Онасининг пойида подшоҳ бўлгай ўғиллар…

2007

ЎҒИЛ

Дада, далангизга дард сочиб келдим,
Яна машаққату заҳматлар Сизга.
Белингиз оғриди, мен қочиб келдим,
Қачон олиб бердим раҳматлар Сизга?

Ая, соғинчингиз сочи оқарди,
Бормадим – кўпайиб кетди тўйларим.
Шу ёшимда фақат севиш ёқарди,
Сиздан кўра кўпроқ уни ўйладим.

Бошдан нима ўтди – билдирганим йўқ,
Кимдир тўкаверди нур изларимга.
Ўзимни-ку хафа қилдирганим йўқ,
Озор бериб қўйдим азизларимга.

Майсалар, парёстиқ бўлинг, бош қўйса,
Чинорлар, Отамнинг ёнида юринг.
Боласини ўйлаб юраги куйса,
Аччиққина қилиб чой дамлаб беринг.

Бу ташвишлар билан бўлмайди қариб,
Мени кутиш учун келган оламга.
Қўллари толмасин челак кўтариб,
Булутлар, сув ташиб туринг Онамга.

Дада, дардингизга бошман, биламан,
Ая, тушларингиз бир кун келар ўнг.
Ҳали юзингизни ёруғ қиламан,
Одамшоир бўлиб борганимдан сўнг.

2008

МУСОФИР

Ҳисларимнинг сочлари оппоқ,
Ўйчан сўзлар юзида ажин.
Боққин ахир, Онажон, бир боқ,
Ўғлинг нега бунчалар ғамгин?!

Балки, жуда эрта улғайди
Юрагимда гуллаб ётган дард.
Кўзларимда тунлар ухлайди,
Ҳалқа-ҳалқа ёшларимни арт.

Кечагина подшодай эдим,
Атрофимда ҳурлар парвона.
Баридан воз кечиб мен энди
Бир сўққабош далли-девона.

Кун қариди, совиди чойинг,
Пахта гулли пиёланг маъюс.
Йиғмай менга тўшаган жойинг,
Дарвозадан ҳатлаб ўтди Куз.

Не кўйларга солмади Орзу…
Ногоҳ учиб борсам қошингга.
Оғушингга гўдакдай ол-у,
Меҳрлар бер мен бебошингга.

Ҳали жуда ёшсан, чироғим,
Армон сени йўқламайди, де.
Эркалаб айт: Ўйинқароғим,
Ўғил бола йиғламайди, де…

Дунё ҳақда ортиқ билгим йўқ,
Ҳар не дедим, барчаси – бекор.
Шоҳ бўлгим йўқ, шоир бўлгим йўқ,
Бугун фақат боланг бўлгим бор.

2010


Дўст-ёрнинг юзида малол бор гоҳи,
Кўзида таънали савол бор гоҳи,
Қай марднинг тамаъдан холи нигоҳи –
Бир Отам, биргина Онамдан бўлак?

Кўчамдан беғараз ўтмайди ҳеч ким,
Меҳр кўрмай меҳр тутмайди ҳеч ким,
Бекордан-бекорга кутмайди ҳеч ким –
Бир Отам, биргина Онамдан бўлак.

Жонлари ҳалакдир, сал қовоқ уйсам,
Адолар бўлгайдир, заррача куйсам,
Ким бошим силайди пойига қўйсам,
Бир Отам, биргина Онамдан бўлак?

Ўзимнинг ўзимга келмайди раҳмим,
Шу оддий ҳикматга етмайди фаҳмим:
Аввал – Сен, бошқаси суймайди, Раббим,
Бир Отам, биргина Онамдан бўлак.

2010

ЭНГ АЧЧИҚ БАҲОНА

Қорин тинч қўймайди – нон топиш керак,
Ташвишлар судрайди мени ҳар томон.
Ўзини унутди бечора Юрак,
Яшашга вақт қайда, Онажон!..

2004


Армонқизнинг кўзи баттар сузуклашди,
Шеърим ўқиб кимнинг ҳоли тузуклашди?
Қалам тутиб қўлим фақат нозиклашди –
Уйда ўтин ёрганларим яхши эди.

Дил безиллар бу бемаврид шамоллардан,
Саволлардан қочиб бўлмас, саволлардан,
Чарчадим-ай оғир-оғир хаёллардан –
Кетмон чопиб ҳорганларим яхши эди.

Ўйлайверсанг ўйдунёнинг ўйи битмас,
Қўли узун ташвишларнинг тўйи битмас,
Унда бобом бошлаб кетган уйи битмас –
Қишлоқда лой қорганларим яхши эди.

Тутам умрим тўлиб борар туманларга,
Ёмонларга ўлим йўқми, ёмонларга,
Ўзим билан борса келмас томонларга,
Худо ҳаққи, борганларим яхши эди…

2011


Онамнинг онаси ўтди, водариғ,
Боладай ичикар шўрлик ҳар куни.
Оҳ, билмай қолибман, сезмай қолибман
Онам ҳам мендай бир болалигини.

2010

ОТА-ОНА ОРЗУСИ

Умр мисоли бир ўқ –
Учса, қайтмас, тасаддуқ,
Ўзингдан қолар гап йўқ,
Уйлан, болам, уйлангин.

Қадамингда қут бўлсин,
Ғамларинг унут бўлсин,
Ярим бахтинг бут бўлсин,
Уйлан, болам, уйлангин.

Омонат ҳар иссиқ жон,
Бир яхшига бир ёмон,
Ёлғизнинг ёри – шайтон,
Уйлан, болам, уйлангин.

Кўзинг қувончга тўлсин,
Сўзинг ишончга дўнсин,
Бошингга давлат қўнсин,
Уйлан, болам, уйлангин.

Шошилгин – айни фурсат,
Давом этсин зўр суннат,
Кўпайсин мўмин уммат –
Уйлан, болам, уйлангин.

2016


Отамнинг гапини бўлдим бехосдан,
Онамнинг кўзига қараб қўйдим тик…
Шунданми, сўзларим қолмиш ихлосдан,
Шунданми, бахтимнинг бошлари эгик.

Бидирлаб акамга гап бермай ўсдим,
(Мендан олдин бунёд жигар эди у.)
Нордай иниларим йўлини тўсдим,
Синглимнинг кўнглини ололмадим, ув!

Тағин шу ҳолимда ўзимга мастман,
Афсус, афсуслардан фойда йўқ. Афсус…
Ҳануз шоир бўлиб шоир эмасман,
Одам бўлиб одам эмасман ҳануз.

Энди кимга не наф доду арзлардан,
Қаҳратонда қолган қушдай қақшайман.
Узилиб кетмасми бўйним қарзлардан,
Шунча гуноҳ билан қандай яшайман?!

2014


(Болалик хаёллари)

Кир ювишдан бўшамас онам,
Шу ташвишда ўтарми куни,
Тоғорага айтар дардини –
Тушунмайди ғамсуймас олам.

Битиб кетган зираксиз қулоқ,
(Топилмади йўқолган сирға…)
Тоза кирлар илинар симга,
Қуёшбобо қуритар узоқ.

[Эрмакталаб арзанда кўнглим
Жигар тусаб қолар шу тобда;
Куйиб кетди онам офтобда –
Қоврилади – ўчоқбоши дим.]

Ногоҳ эсиб шаббода – енгил,
Бир ғалаён бошланар қўрда.
Отам қурган қўлбола дорда
Ҳилпирайди тозарган кўнгил…

2015


Бошингизга Қуёш тож бўлсин, Ота,
Умрим қўлингизда ёруғ юлдуздир.
Баландроқ кўтаринг – чарақлаб кетай,
Мени ўртаётган чўнг азоб – Сўздир.

Кўнглимда адашдим, ақлимда шошдим,
Дунё биёбонми тентирайдиган?
Жисмимда қайнадим, руҳимда тошдим,
Ҳеч вақо қолмади интиладиган.

Она, аллангизни айтинг қайтадан,
Навоси севгимга севгилар қўшсин.
Ишончлар уйғонсин, ёнсин жону тан,
Муҳаббат қудрати қонимда жўшсин.

Ахир бошидаёқ юзни терс бурдим,
Бу кўча арзимас гангиб кетгани.
Дарё-дарё бўлди чашмаи зардим,
Денгиз йўқ, бағрига сингиб кетгани.

Ой билан аҳд-паймон қилдим ойдинда,
Бағримни суғордим кўз ёшим билан.
Ақлли деворлар турар олдинда,
Қаёққа бораман бир бошим билан?

Илдизларим, мени маҳкамроқ тутинг,
Учиш пайти келса, ўзим айтаман.
Фақат сиз тоқатда мендан-да ўтинг,
Дунёни уйғотар сўзим айтаман.

2009

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Шеърлар “Онамнинг кўнглига кетамиз”, “Сен қачон гуллайсан”, “Кутмаган кунларим, кутган кунларим”, “Тушларингдан чиқиб келдим” китобларидан.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.