“Онамнинг кўнглига кетамиз” (2003) тўпламидан шеърлар

Behzod Fazliddin. Onamning ko'ngliga ketamizҲАЁТ БЎСАҒАСИДА

Ёш эканман, йўлларингизда
Тикан тўлиб ётса, билмаган.
Қуш эканман қўлларингизда –
Патларини итлар юлмаган.

Парвоналар бўлдингиз бунча,
Жонингиздан ортиқ эдимми?
Ёки йиллаб кутилган ғунча –
Яратгандан тортиқ эдимми?!

Ўн тўққизга тўлаяпман-у,
Бағрингизни йўқлаётирман.
Юзингизда кулаяпман-у,
Кўзингизда йиғлаётирман.

Дунё асли бир меҳмонхона,
Жон бекорга қақшамайди-да.
Эркалайди энди ким, Она,
Тақдир Сизга ўхшамайди-да!

2002 йил 11 октябр

СИЗНИ ЯХШИ КЎРАМАН

Юрагингиз қуёшдан катта,
Юлдузларга ватан – кўзингиз.
Иккимизнинг жонимиз битта,
Менинг ўзим – Сизнинг Ўзингиз.
Мен Сиз билан Бахтга бораман,
Она, Сизни яхши кўраман!

Қошларимиз ўхшаб кетади,
Кўзингизда кулиб турибман.
«О, у кунлар қачон қайтади!»
Қўмсаяпсиз, билиб турибман.
Ҳамон Сизга дўстдай юраман,
Опа, Сизни яхши кўраман!

Бугун сенда баҳорни кўрдим,
Юлдузларга термиласан жим.
Хуш дамларга яна юз бурдим,
Сен баҳорга ўхшайсан, синглим.
Ол, кўкламни сенга бераман,
Синглим, сени яхши кўраман!

Капалакли кўйлагингизга
Тегмай туриб, титрайди қўлим.
Тўймаяпман бўйларингизга,
Сиз, барибир, бошқасиз, Гулим.
Лабингизда шабнам бўламан,
Гулим, Сизни яхши кўраман!

Яшнаяпман меҳрингиз билан,
Вужудимга ифорлар сочиб.
Яшаяпман муҳаббат деган –
Чечакларга кўксимни очиб.
Мен юраги осмон боламан,
Ҳаммангизни яхши кўраман,
Ҳаммангизни яхши кўраман!

2003 йил 4 март

***
Ҳаёт – тушунмаган фалсафам менинг,
Умр – кундаликка ўхшаган дафтар.
Дунё – кипригимда қотиб қолган мунг,
Ажал – руҳ кўкида ёввойи каптар.

Осмон – оламларга сиғмас вужудим,
Қуёш – ёниб турган юрагим менинг.
Иймон – икки олам аро бор-будим,
Бардош – ерга тегмас курагим менинг.

Шеърим – нафасимнинг тиргаги – ҳаво,
Қалам – оқ қоғозда титраган кўнглим.
Адолат – сувлари қуримас дарё,
Ҳақиқат – юраги қонаган синглим.

Орзу – осмонларга сиғмаган оққуш,
Армон – орзуларнинг синган қаноти,
Бахт – мен кўролмаган гўзал-гўзал туш,
Дард – шоир одамнинг яна бир оти.

Шодлик – тор кулбамнинг эрка меҳмони,
Алам – юрагимни забт этган мезбон.
Поклик – умримнинг гоҳ ожиз томони,
Шуҳрат – томиримда оқолмаган қон.

Ҳижрон – орамизни бузган ёсуман,
Севги – мен рангини англолмаган гул,
Рашк – ишқим кўкини қоплаган туман,
Висол – мен бошини тополмаган йўл.

2000

НЕГА?

Борлигингиз ўзи бахт эмасмиди,
Бахт сўраб осмонга қанча ялиндим.
Сизсиз Бахт ҳам мени йўқ билмасмиди,
Сизга дарддан бўлак нима илиндим?

Эрта армон менга бўлмасми лаҳад,
Совқотиб кетяпман, дунё – музхона.
Оҳ, билмайман, нега мен Сизни фақат
Кўнглим йиғлаганда эслайман, Она?!

2002 йил 25 сентябр

МЕН СЕНДАН ХАФАМАН, СЎНГГИ ҚЎНҒИРОҚ!

Бадиҳа

Фироқ иси келар кўз ёшларимдан,
Яна вужудимни босмоқда титроқ.
Ажралгим келмайди синфдошларимдан,
Мен сендан хафаман, сўнгги қўнғироқ.

Дўстлар дийдорига тўёлганим йўқ,
Бахт ҳиссин яхшироқ туёлганим йўқ,
Кимгадир севаман деёлганим йўқ,
Мен сендан хафаман, сўнгги қўнғироқ.

Устозлар бағридан кетгим келмайди,
Айрилиқ қўшиғин айтгим келмайди,
Соғинч дунёсига қайтгим келмайди,
Мен сендан хафаман, сўнгги қўнғироқ.

Жонимни танимдан узиб олгудай,
Ана, чалинишга турибсан-ку шай,
Қара, йиғлаяпман бугун уялмай,
Мен сендан хафаман, сўнгги қўнғироқ.

Бир оз чалинмай тур, сенга гапим бор,
Ҳар қадамда бизни этиб тур ҳушёр,
Ҳаёт йўлларида бўлсанг бизга ёр,
Мен сендан розиман, сўнгги қўнғироқ!

2001 йил, май

ЁМОНИ ЙЎҚ ЖОЙГА КЕТАМИЗ

Бу дунё – руҳимнинг азоби,
Эзгулик – умримнинг савоби.
Қўй, энди йиғлама, кўнгилжон,
Бор, ахир, барчасин ҳисоби,
Қўлни бер, пок жойга кетамиз,
Ёмони йўқ жойга кетамиз.

Кўзларим қадалган самога,
Ташнаман бир ҳовуч зиёга.
Чарчадим заҳарли сўзлардан,
Юр, энди ғийбату иғвога –
Макони йўқ жойга кетамиз,
Ёмони йўқ жойга кетамиз.

Чопамиз Қуёшнинг изидан,
Ўпамиз гулларнинг юзидан.
Қизариб бир ширин туйғулар
Топамиз лоланинг кўзидан.
Армони йўқ жойга кетамиз,
Ёмони йўқ жойга кетамиз.

Кўзимни севинч ҳам ёшласин,
Қўлимни омад ҳам ушласин.
Тишларнинг изи бор кўксимда,
Энди Бахт лабимни тишласин.
Зиёни йўқ жойга кетамиз,
Ёмони йўқ жойга кетамиз.

«Йилт» этган зиёга зор кўнглим,
Биз истар дунёлар бор, кўнглим.
Муниса Онамнинг кўнгли бўш,
У бизни кутяпти, юр, кўнглим,
Ёмони кўп жойда нетамиз?
Онамнинг кўнглига кетамиз,
Онамнинг кўнглига кетамиз!

2001

МЕН ШОИР БЎЛДИММИ?!

Мен шоир бўлдимми, шоирим – Тангрим?
Ўзимнинг устимдан кулгим келади.
Гоҳида гапимга қовушмай гапим,
Битта сўз дардида ўлгим келади.

Мен шоир бўлдимми?!

Тилимни булбулга ўптирганинг рост,
Кўксимда дулдуллар чоптирганинг рост.
Буни ким билади ўзимдан ўзга,
Қани менда журъат, қани эҳтирос?

Мен шоир бўлдимми?!

Мисралар олифта, байтларим қуруқ,
Ҳозирча кўксим бўш, юрагим дудуқ,
Мен ўзим ёнмасам, эл қандай ёнсин?
Сўзимда оташ йўқ, сўзимда ўт йўқ.

Мен шоир бўлдимми?!

Менга чўғлари кўп кўз бер, Худойим,
Куннинг суқлари кўп юз бер, Худойим.
Ўзинг ҳамма сўзни айтиб бўлгансан,
Берсанг, ўқлари кўп сўз бер, Худойим!

Мен шоир бўлдимми?!

2003 йил 11 март

КЎЗИНГИЗНИ БЕРИБ ТУРИНГ

Ёлғизгинам, фариштага тенгликкинам,
Жон риштасин жонингизга боғлаб олай.
Иккимизнинг дардимиз бир, мунгликкинам,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.

Мен бошимни урмаган бир тош қолмади,
Ростин айтсам, юрагимда дош қолмади,
Қуриб қолган кўзларимда ёш қолмади,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.

Узун-узун армонларим чиқиб кетсин,
Зардобларим кўзёш бўлиб оқиб кетсин,
Қалбимга бир қизғалдоқлар боқиб кетсин,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.

Мен шабнамман, ғуборларга қўнолмайман,
Ё гул бўлиб тош юракда унолмайман,
Кўнолмайман, бу дардларга кўнолмайман,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.

Қузғунларнинг қилиғидан зорим келди,
Тоғ қалбимга нафрат деган сорим келди,
Ўзим бўлиб йиғлолмайман, орим келди,
Келинг, Сизнинг кўзингизда йиғлаб олай,
Жон риштасин жонингизга боғлаб олай…

2001

СЕВГИ

Гар сени ўйласам, бу жоним куяди,
Номингни сўйласам, забоним куяди.
Соғиниб-соғиниб йўл олсам сен томон
Танамга ўт сочиб товоним куяди,
Севги.

Қалбимни ўтларда ёққаним сенмисан,
Кўзимдан дард бўлиб оққаним сенмисан?
Ногаҳон суқланиб қўл чўзсам қўлингга,
Сесканиб илондай чаққаним сенмисан,
Севги?

Менмас, сен бағрингни тиғласанг, қанийди,
Жонингни ўтларда доғласанг, қанийди.
Пойингда йиғлаган мажнунинг ўзимман,
Сен менинг пойимда йиғласанг, қанийди,
Севги!

Мен сени кўзимда сақласам, не бўлар,
Жонимни жонингга михласам, не бўлар.
Қизғаниб чарчадим ҳаммадан, энди бир
Кўксингга бош қўйиб ухласам, не бўлар,
Севги?!

Қочмагин, ортингдан чопаман, барибир,
Бир куни кўнглингни топаман, барибир.
Ўшанда ойларнинг юзига рашк сочиб,
Титраган лабингдан ўпаман, барибир,
Севги!
Cевги!!
Севги!!!

2000

***
Ой суйган юзларга малолман,
Шеър суйган қизларга хаёлман.
Қўлимни қўйворма, баҳорим,
Уволман, кузларга уволман.

Шеърларим – кўнглимнинг юзи-ку,
Муҳаббат – руҳимнинг сўзи-ку.
Бўйнимга дор эмас хатолар,
Бегуноҳ Раббимнинг ўзи-ку!

Очилиб кетаман бир куни,
Сочилиб кетаман бир куни.
Жонимни топ-тоза юз билан
Тангримга тутаман бир куни.

2001

ЎН САККИЗ ЁШ РОЗЛАРИ

Лолажон, унутма менинг номимни,
Мен кўҳна дунёни этяпман сайр.
Кўтариб кетяпти йиллар жонимни,
Болалик, кўзингдан кетяпман, хайр.

Ана, учиб кетди менинг умримдан,
Ўн саккизта турна – ўн саккиз азоб.
Балки, ҳисобимга ёзилди бирдан
Ўн саккизта гуноҳ, ўн саккиз савоб.

Қалбимнинг ўн саккиз ери ям–яшил,
Баҳор ўн саккиз бор менга юз бурди.
Лабимнинг ўн саккиз ери қип-қизил,
Лола ўн саккиз бор лабимни кўрди.

Жонимни қоғозга едиравердим,
Айтмоқ истайвердим тирик сўзимни.
Ўн саккиз йил аро қидиравердим,
Зора, ўн саккизда топсам ўзимни…

2001 йил 20 сентябр

КЎЗЛАРИМ

Кўзларим –
Меҳрнинг макони,
Нур сочар чиқсангиз йўлимдан.
Гарчи йўқ эса-да забони,
Ҳолимдан сўйлайди, ҳолимдан.

Кўзларим –
Ишонган дўстларим,
Сиз билан пинҳона сўйлашган.
Етказиб Сизга дил сўзларим,
Ҳаётбахш ёғдулар улашган.

Кўзларим –
Ашаддий душманим,
Ошкора айлайди розимни,
Гўёки оғзи бўш бир ғаним,
Шивирлар қалбдаги сўзимни.

Кўзларим –
Муҳаббат дунёси,
Бир куни олади бағрига.
Тополмай Сиз унинг қиёсин,
Сўнг чўкиб кетасиз қаърига.
Кўзларим…

2001  

МЕНСИЗЛИК

Юлдузлари ичикиб қолди,
Маҳзун энди Ойсиз осмоним.
Сенсизликка кўникиб бўлдим,
Қандай экан менсизлик, жоним?!

Ана, кўзим кўзингдан ўтди –
Қўй, яширма титроқларингни.
Хато қилдинг, ўзингдан ўтди –
Тишлаяпсан бармоқларингни.

Энди нурга бегона юзинг,
Қуёшингнинг ранглари қани?
Сиғмаяпсан ўзингга ўзинг,
Ҳаётингнинг тонглари қани?

Кечаларинг ўзингдай ғариб,
Армонларинг осмондан катта.
Юрагингга термилиб туриб,
Йиғлаяпсан биринчи марта.

Ухлаб қолган кунларинг ҳаққи,
Менинг ўрним бошқа – бўлакман.
Йиғлаб қолган тунларинг ҳаққи,
Мен, барибир, сенга керакман!

2003 йил 25 март

ЧИН СЕВИШ

Кўнглимни кимларга бермадим,
Топганим гард бўлди, дард бўлди.
Мен суйиб рўшнолик кўрмадим,
Севилиб енгганлар мард бўлди.

Бахт ваъда айлади хобларим,
Туш кўрдим ойларнинг қизини.
Соғиниб яшади лабларим
Турланган гулларнинг юзини.

Гулларга энг гўзал ранг – вафо,
Бас, рангсиз гулларни севмайман!
Истарим – илоҳий бир зиё,
Ўзгага кўнглимни бермайман.

Чин севмоқ – покланмоқ эмасми?
Мен суйиб покланиб бораман.
Севмаса севмасин бандаси,
Кўнглимни Оллоҳга бераман,
Кўнглимни Оллоҳга бераман!

2002 йил, июл

***
Мен – ҳаёт боғида омонат япроқ,
Тўкилиб кетаман эрта, индин ё.
Бир куни мен сенга қайтаман, Тупроқ,
Бир куни мен сенга кетаман, Само.

Тангрим азал сени яратмиш суюк,
Қошингда заррача эмасман, зотан,
Шу қадар мангусан, шу қадар буюк,
Минг битта умримга арзийсан, Ватан!

Дунё нима ўзи – савдо бозори,
Яшасам бўларди дўст қилиб танни.
Худо урмасмиди, етиб озори,
Ҳаётдан пастроққа қўйсам Ватанни?!

Ўтиб қўймасмиди Отам баҳримдан,
Тўлиб кетмасмиди олам ноламга?
Қонлар оқмасмиди бу тош бағримдан,
Ватан қолдирмасам магар боламга?!

Йўқ, бундай яшашга кўнолмайди жон,
Сени танимаслик – Руҳимга иснод.
Сен деб яшамасам, борлигим ёлғон,
Сен бор, у дунёю бу дунём обод.

Менинг забоним – гул, қўлларим – сабо,
Сенга бўй таратмай сўлмайман, Ватан.
Ҳали кўп яшайман, аввали Худо,
Бахтингни кўрмасдан ўлмайман, Ватан!

2002 йил 21 август

ЭЪТИРОФ

Осмонларга учмоқ истасам,
Елкамдаги қанотим – тилим.
Дунёларни қучмоқ истасам,
Менинг учқур Ғиротим – тилим.

Мен булбулга ҳавас қилибман,
Сенсиз нўноқ қарға эканман.
Мен дулдулга ҳавас қилибман,
Сенсиз чўлоқ йўрға эканман.

Гарчи содда шеърлар тўқидим,
Гарчи сўзга айладим ихлос.
Мен ўзимни ўзим чўқидим,
Сени яхши билмаслигим рост.

Меники шу яланғоч сўзлар,
Ночор буни замонга йўйдим.
Қаён боқмай, шундай оч сўзлар,
Наҳот, сени унутиб қўйдим?

Забонимни тилиб кетдими
Ўзга боғнинг барг – ниналари?
Навоийда қолиб кетдими
Сўз мулкининг ганжиналари?

Хорижий тил – жаҳонга кўприк,
Пайти келса, бу ҳам бир иқбол.
Ўз тилингда сўз кетганда лек,
Дудуқланиб турсанг бу не ҳол?!

Юрагимни тешади ўқлар,
Сенсиз менинг эртам куларми?
Она тилим, мендай дудуқлар
Ўғилликка ярай оларми?

Бас, дардингни олмасдан туриб,
Ўзга тилни уқмайман, тилим,
Сени яхши билмасдан туриб,
Хорижга ҳам чиқмайман, тилим!

2002 йил, октябр

ХУДО БЕРГАН ЎҒЛИМ

Куйсам, мендан кўпроқ куяди отам,
Қувонсам, бахт тожин кияди отам,
Суйса ҳам бир ширин суяди отам:
“Худо берган ўғлим, худодод ўғлим!”

Юрагини титиб топгани – дуо,
Тотли забонидан ўпгани – дуо,
Қалбимга нур қилиб сепгани – дуо:
“Худо берган ўғлим, худодод ўғлим!”

Офтоб, бунча ҳавас қилавермасанг,
Юлдуз, мунча бағринг тилавермасанг,
Ёки суймайдими шундай деб отанг:
“Худо берган ўғлим, худодод ўғлим!”

Шу зот ҳаётимга беради маъно,
Тилимдан бол томиб, ёғади дуо,
Ҳар бир ота суйсин ўғлин, илоё:
“Худо берган ўғлим, худодод ўғлим!”

2001 йил 27 август

ОТЕЛЛО

Мен севишни сендан ўргансаммикин?
Йўқ, қотил демайман, тилим бормайди.
Не қилса ҳам, ўзбек Дездемонасин
Бўғишга, барибир, қўлим бормайди.

Тақдиринг – рашкимга сабоқ бир гулхан,
Куйдириб юборсин юҳоларимни.
Бадном қилмасидан янчиб ташлайман
Ичимда қутурган яголаримни.

2002 йил 27 сентябр

ҚЎШИҚ

Мен ҳаётни сийлов дебман,
Синов экан, синов экан.
Тангрим менга ишқ деб берган
Олов экан, олов экан.

Умримдан ҳам узун-узун
Армонларим, армонларим.
Ўзимдан ҳам маҳзун-маҳзун
Осмонларим, осмонларим.

Энди қачон ёндиради
Кўзларимнинг ёниқлари?
Юрагимни синдиради
Пешонамнинг синиқлари.

Дардларимни кўзимга қул
Ёшлар айтсин, ёшлар айтсин.
Бошим тегиб ёрилган ул
Тошлар айтсин, тошлар айтсин.

Мен бир қўшиқ куйлар бўлсам,
Кўнгил – ҳофиз, вужуд – машшоқ.
Ишқ ҳақида сўйлар бўлсам,
Ўзим ожиз, сўзим қашшоқ.

Дил, ўзингни ўтларга от,
Уйғон энди, уйғон энди.
Меним учун Ишқсиз ҳаёт
Ёлғон энди, ёлғон энди.

Майли, жоним азоб сўрсин,
Қилгин адо, қилгин адо.
Ўлар бўлсам, ишқ ўлдирсин,
Ишқ бер, Худо! Ишқ бер, Худо!

 2002 йил 12 сентябр

КИМГА АТАЛГАНМАН?

Руҳим – осмонники, танам – ерники,
Қайсидир маконга боғланган кўнглим.
Жоним – армонники, қоним – шеърники,
Кимга атагансан ўзимни, Тангрим?

Гулларнинг иши йўқ вужудим билан,
Фақат сўзларимга шайдо бир зумча.
Ўзи, кимникиман бор-будим билан?
Кимга аталганман бутунлигимча?

2003 йил 2 май

***
Кўксим оғриқлари кучайиб кетди,
Ғамлар томиримни кесиб боради.
Буюк орзуларим кичрайиб кетди,
Армоннинг бўйлари ўсиб боради.

Бир бора дардимни олмайди вужуд,
Дунёга тиз чўкиб толмайди вужуд,
Барибир, яшашни билмайди вужуд,
Руҳимнинг йўлини тўсиб боради.

Ҳаёт бир шафқатсиз ёвга ўхшайди,
Бировнинг ўрнига биров яшайди,
Гуноҳ қилган мен-у, болам қақшайди,
Умримни туманлар босиб боради.

Юрагим оч, ўзи, нелар ейман мен?
Наҳотки, нур тушмас нохуш жойман мен?
Эртага Мезонга нима дейман мен?
Бўш қўллар тилимни қисиб боради…

2003 йил 8 май

***
Мен қуруқ кетишдан қанча қўрқаман,
Чап кўксим бир дунё қон-ку, Азроил.
Не учун мен сендан бунча қўрқаман,
Сўрар нарсанг битта жон-ку, Азроил.

Мўминлик – тақдирга тан бермоқ асли,
Бус-бутун иймонга ён бермоқ асли,
Қўлингда мардлардек жон бермоқ асли
Эзгу бир шараф-ку, шон-ку, Азроил.

Дунёсида Худо урганлар қанча,
Ўзига сиғиниб юрганлар қанча,
Жон олгудай бўлиб турганлар қанча,
Бунга маъмур фақат сен-ку, Азроил.

Юрагим қарғанинг тилида эмас,
Тилагим дунёнинг йўлида эмас,
Тақдирим банданинг қўлида эмас,
Бу азалдан маълум, чин-ку, Азроил.

Қуёши йўқ бўлса, осмон не ўзи,
Қошимда бу майда армон не ўзи,
Бандаси тўқиган фармон не ўзи,
Раббимиз энг одил Хон-ку, Азроил!

2003 йил 11 май

***
Юрак, битта шеър туғиб бер, болам бўлсин,
Доялари қўлим бўлсин, қалам бўлсин.
Ҳисларингни эрмак қилган тошчаларга
Икки дунё етиб-ортар алам бўлсин.

Жонимга жон жонлар аро эриб кетай,
Дардларини, гардларини териб кетай.
Кейин шеърсиз туролмасин, туролмасин,
Мен дунёга шеър дардини бериб кетай.

2002 йил 8 сентябр

***
Барибир, Вужуднинг билгани – ғирром,
Кўнгилга солганинг чиндир, Худойим.
Бошқа дунёларнинг оташи ҳаром,
Мени бу дунёда ёндир, Худойим.

Ёнмоқ истаяпман оловларингда,
Раббимо, кўксимга чўғ отиб юбор.
Тобланиб олайин синовларингда,
Уйғонгим келяпти, уйғотиб юбор!

2003 йил 3 май

***
Кўксим тўла оғриқ, бўғзим тўла оҳ,
Менинг ўзим – армон, ҳар сўзим – армон.
Энди жим яшамоқ умримга гуноҳ,
Ҳозир мен ёрилиб кетаман, Осмон!

Жоним – азобларга чўмилган япроқ,
Умрим – зулматларда адашган зиё.
Сен мендан юз чандон бахтлисан, Тупроқ,
Мен Сендан юз чандон бахтлиман, Дунё.

Юрак эслатади ваъдаларимни,
Ялов бўлмоқчийдим, ўт бўлмоқчийдим.
Тақдирга тўнкамай зардаларимни
Ўзим бахт қизига юрт бўлмоқчийдим.

Сен берган имконлар беради далда,
Ҳали умидим кўп ғиротларимдан.
Синиб қолмайдими изғиринларда,
Қўрқиб кетаяпман қанотларимдан…

Булбуллар жўр бўлиб мени қутлайди
Санъатингдан олган санъатларимга.
Ҳали овозимдан дунё титрайди,
Худойим, инсоф бер журъатларимга!

2002 йил 24 август

***
Юролмайман, оёғимда лойларим кўп,
Кучукчалар тишлаб олган жойларим кўп.
Осмонларга даъвогарлар бисёр экан,
Чап кўксимда чиқмай ётган ойларим кўп.

Юрагимни кемиради минг битта ўй,
Наҳот, энди ялпизларим сочмайди бўй?!
Мен бандангнинг қўлларига ишонмайман,
Тангрим, энди Ўзинг мени турғизиб қўй!

2003 йил 2 март

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 954

Один комментарий на ““Онамнинг кўнглига кетамиз” (2003) тўпламидан шеърлар

  1. 14.04.2017 at 10:02

    Assalomu alaykum, Behzod aka, yaxshimisiz?
    She’rlaringizda sehr bor…

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *