Шунча ютқизиққа кўз юмиб бўлмас…


Ортиқ жимиб бўлмас, йўқ, жимиб бўлмас,
Шунча ютқизиққа кўз юмиб бўлмас,
Ахир ғам ортидан ғам шимиб бўлмас,
Ё Ҳақ, Ҳақ сўраган қалбга нусрат бер.

Бу қандай шажардур, туб томон ўсган,
Ҳар куртак кўзини ғофиллик тўсган,
Бир уйғоқ сўз айтсанг нафаси қисган –
Элатга уйғониш учун қудрат бер.

Буюкларин бир-бир ташлайди ўрга,
Сафсата сотганни бошлайди тўрга,
Борини бой бермиш данғир-дунғурга,
Ўзинг бу саҳнага ўзга суврат бер.

Битмас яраларим буткул биткаргин,
Кўнглимдан ўтганин элга ўткаргин,
Мени қавмим билан бирга қутқаргин,
Пешонамга бошқа ёруғ қисмат бер.

2010


Раҳматингми, заҳматингми бу –
Адо қилдим ўзимни ўзим.
Не-не қалбга йўл кўрсатди-ю,
Ўз-ўзимга ўтмади сўзим.

Чеклаб-чеклаб чарчадим ўзни,
Равон йўлдан юрмадим атай.
Менга бергин ўшал бир Сўзни,
Дунёдан кенг Дунё яратай.

2010

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

“Кутмаган кунларим, кутган кунларим” китобидан.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.