Орзуни асранг!


“Битта сўкиб қўй, яхшилаб сўкиб қўйгин”.
“Кўзингни ўяман, де. Кўзингни ўйволаман, дегин”.
“Ўласан, де. Ўлдираман, деб айт”.
Энди тили чиқаётган болага шундай ўргатамиз. Мана биз бераётган “тарбия”!
Бундай “тарбия” топаётганлар эртага кўпчилик олдида сўккандан баттар ҳолга солса, ишончимиз кўзларини ўйиб олса, тириклай ўлдириб турса, ҳаммасини бировга тўнкаб тураверамиз. Камига ошкора нолиймиз: “Ё Худойим, Сенга нима ёмонлик қилувдим!”


Кузатишимча, кўпчилик оилаларда ойлаб ўзаро салом-алик бўлмас экан. Яъники, янги кун бақир-чақир билан бошланиб, апил-тапил нонуштадан кейин ҳамма ўз ишига киришиб кетар, фақат узоқроқ жойга бориб-келингандагина саломлашиш “эсга тушиб” қоларкан.
Фарзандларингизга саломлашиш, муомала одоби, хусусан, эрта тонгдан оила аъзоларига салом бериб юзланишни ўргатинг ва бунда ўзингиз намуна бўлинг.


Фарзандларга уйда, жамоат жойларида ўзини қандай тутиш, муомала, таомланиш ва кийиниш одобини ўргатинг:
таомга катталардан олдин қўл узатмаслик;
овқатланишни “Бисмиллаҳ” билан бошлаб, ўнг қўл билан тановул қилиш;
пуфлаб ичмаслик;
чапиллатиб емаслик;
сувни ўтирган ҳолда ичиш;
ҳожатдан сўнг қўлни яхшилаб ювиш;
таомланишдан олдин ва кейин қўл ювиш, оғизни чайиш;
эснаганда оғизни (чап қўл орқаси билан) тўсиш;
дуч келган жойга туфламаслик, бурун қоқмаслик;
телефонда бақириб гаплашмаслик;
ҳамманинг олдида кекирмаслик, бурун ковлайвермаслик, қашинавермаслик;
баданга ёпиштириб, очиқ-сочиқ кийинмаслик… Яна давом этиш мумкин.
Бу билан уларни чиройли тарбия этган ва суннатга мувофиқ иш тутган бўласиз, иншааллоҳ.
Юқоридагиларнинг тескариси бўлган ҳолларга кўп дуч келяпмиз. Буларни билиш учун жуда ўқимишли, маданиятли бўлиш шарт эмас. Билганларимизни бир-биримизга ўргатиб, эслатиб турайлик.


“Болам машҳур артист бўлса. Концертларида биринчи қаторга ўтиргизиб, менга атаб қўшиқлар айтса, ҳамманинг ҳаваси келса…”
Илоё, умрингиз зиёда бўлиб, фарзандларингиз камолини кўриш насиб этсин. Фақат илтимос, бундан-да яхшироқ, чиройлироқ орзу қилинг, азиз ота-оналар!


Кўрадигани фақат мусофирлик, қўнимсизлик, сурункали ёлғизлик – руҳий азоблар бўлса, меҳрингиз тафти масофаларни ёриб ўтишга ожиз эса, илтимос, фарзандингизни иш ё ўқиш учун узоққа юборманг. Бола бечорани синдириб қўясиз.
Агар олисда ҳам унга оила бағридагидек гўзал муҳит яратиб бера олган бўлсангиз, бу энди бошқа гап.


Илму ижод одамига қийин. У кўпчилик учун жуда жўн кўринган “ёзув-чизув” ё “ножиддий” (аслида ўта оғир!) илмий-ижодий ишлардан ҳам аввал оддий хўжалик юмушларини уддалаши керак. Масалан, электротехник бирор сатр қоралаш тугул, ўз исмини ҳам тўғри ёзолмаса, ҳеч ким ҳеч нарса демайди, аммо баъзи жиҳозларни созлай олмаслик йигит киши учун уят! Қўлига игна олмаган, қозон бошига яқинлашмаган қизнинг “оламшумул” истеъдоди ҳам оддий кундалик ҳаётда ип эшолмай қолиши, қизгинани хижолатга қўйиши бор гап.
Ҳазил ўз йўлига. Тўғри гап шуки, фарзандларни ўз вақтида кундалик юмушлар, уй ишларига жалб қилинг, уларга ҳунар ўргатинг. Кейин “Ўғлингиз бунча нозик?”, “Қизингиз қўшиқ айтиб, рақс тушишдан бошқа ишни ҳам биладими?” қабилидаги шамаъли гапларни бошқалардан эшитиб, жиғибийрон бўлмайсиз.


Янги фарзанд кўрган ёш оила вакиллари чақалоққа исм қўйиш учун маслаҳат сўрашди. Таклиф қилинган номлар орасида “Солиҳа” ҳам бор эди. “Эски исмлар-ку, янгиларидан йўқми?” дейишди ёқинқирамаган оҳангда. Қизиқ, янги меҳмонга яхши ният билан солиҳа, хушхулқ бўлсин, дея шундай маънодаги исм қўйилса, бунинг нимаси ёмон? Йўқ, бизга тузукроқ маъноси бўлмаса ҳам, ҳаммани ҳайратда қолдирадиган, жаранглаб турадиган алламбало номлар керак. Бирор маънони англатмаса ҳам майли, ажралиб турса, бошқаларникига ўхшамаса бўлди – шундайми!
Баъзан номи ўзига номуносиб кишилар гўзал исмларни ер билан битта қилиб юргани ҳам бор гап-ку, бу энди бошқа мавзу.
Исм тақдирдан нишона экани, албатта, фарзандга чиройли, энг муҳими, эртага унинг ўзи ҳам уялиб қолмайдиган ном қўйиш кераклигини биламиз. Лекин ўзимизга ўхшаб орзуларимиз, фарзанд келажаги билан боғлиқ ниятларимиз ҳам ўта дунёвийлашиб, моддийлашиб, майдалашиб кетганини тан олмаймиз.
Ҳа-я, одатда буларни майда гап деб ўйлаймиз ва катта хато қиламиз.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Бу_ҳам_муҳим

Беҳзод

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.