Шу довондан у ёғи – жаннат…

Отангиз ҳаётми? Онангиз соғ-омонми?
Тасдиқ жавобингиз бўлса, бахтли экансиз.

Она кўнгли тилсимлар тилсими экан-да. Бунинг сирини оналарнинг ўзлари ҳам билмаса керак. Барча оналар қатори Аямнинг суврату сийратида ана ўша сирли моҳият яширин.

“Ўртоқларимнинг оналари ҳам келди. Улар орасида энг чиройлиси Сиз экансиз”. Бир пайтлар укамнинг болалик хаёллари билан айтган ушбу сўзларига Аям шунчаки кулиб қўя қолган, “Ҳамманинг онаси ўзига яхши-да” дегандай бўлганди. Мен эса аллақачон Аямни бошқалар билан солиштирмай қўйганман…

Болаликка туташ ўсмирликнинг беғубор пайтлари, бирор хислатим ёқиб тушса, баъзи дуогўй кексалар суйиб “Онанг сени қайси юлдуз остида туққан?” дея эркаларди. У пайтлари бу сўзларнинг тагмаъносини тушуниш қаёқда, мени мақтаяпти, деб юраверганмиз. Бир куни Аямга шу гапни айтганимда қувончдан чақнаган кўзларида юлдуз-юлдуз ёш милтиллаганини ҳали-ҳали эслайман. Аслида, бу менга эмас, онамга айтилган таҳсин эди.

Нокамтарликка йўйманг, ундан кейин ҳам ўзимча Аямга қанча-қанча оналарнинг олқишу мақтовларини олиб бордим. Ўшанда бу мен учун оддий, ҳа, жуда оддий ҳол эди. Баъзан “Оналар жуда таъсирчан бўлади-да” қабилидаги ўй-хаёллар ўтарди мурғак дилимдан. Бугун англаяпманки, Она кўнглини ҳали-бери тушунмас эканмиз.

Дилбандининг ҳар бир қадамини юрак ҳовучлаб кузатаётган муштипар Она қиёфасини қайси санъаткор мукаммал ярата олар экан-а! Бир қарашда бу ҳолни ҳар ким ўз волидаси мисолида сувратлантира олиши мумкиндек. Аммо қани ўша олий саодатга эришган фарзанди аржуманд?..

Онамга, оналарга бағишланган шеърларим кўп. Ҳатто бир тўпламим “Онамнинг кўнглига кетамиз” деб номланган. Бироқ улар Аямнинг бир тола сочига тенг келадими-йўқми, билмайман. Шуни назарда тутибми, ёзгандим: “Умрим арзимайди дардларингизга…”

Баъзи шовқинчилар ҳатто она меҳрини бозорга солмоқчи бўлаётганини, “Онажо-о-оним” дея йиғламсираб хиргойи қилиб, монолог-“ҳасратнома”лар қистираётганини кузатиб, бизнинг она ҳақидаги шеърий битикларимиз ҳам кимларгадир эриш туюлмасмикан, деб ўйлаб қоламан.

“Худо берган ўғлим!” дея алқаб қўярди отам. Дадам ҳақида ўйласам, доим шу ҳолат кўз ўнгимда гавдаланади. Кўпинча бағрига олиб, эркалаб айтиладиган бу сўзлар елкамга катта масъулият, бурч юклаганини, мана, бугун яхшироқ ҳис қиляпман.

Аслида, ҳаётда илк устозим отам экан. Дадамни таниган-билганлар мени кўпроқ у кишига ўхшатади. Баъзилар “Онангизга ўхшар экансиз” дейди. Қошу кўзда ўхшашлик бўлса бордир, аммо мен ҳали уларга ўхшай олмадим – отамдай босиқ, мулоҳазакор, Аям айтмоқчи, бир сирда турадиган…, онамдай сабр-бардошли, хокисор ва меҳрибон… бўлолмадим. Яшириб нима қиламан, баъзан буни хоҳламадим ҳам.

Қанча оталарни кўрдим – номи “ота” эди, холос, шундай оналарни учратдим – бола туққани учунгина “она”. Яна шунақа арзандаларга ҳам рўбарў келдимки…

Ҳа, қандай тотли бўлса, шунча масъулиятли экан оталик, қанча гўзал, ёқимли бўлса, шунча “даҳшатли” экан оналик!

Ғўрлик-да, билиб-билмай азизларимга кўп озор бериб қўйдим ва шу туфайли озорлар чекдим…

Ота-онам мен ҳақимда тилидан бол томиб гапиргани рост. Аммо… уларга муносиб фарзанд бўла оляпманми?.. Шундай оғир ўй-саволлар эзади дилни…

Баъзан ўйлаб қоламан: “Яхшиям, ота-онам сўз аҳлидан эмас, хайриятки, улар бир сўз дардида жон олиб-жон бериш азобидан узоқроқда… Бўлмаса, бадбинроқ кайфиятдаги шеърларимни ўқиб, “Нималар деяпсан ўзи?”, “Шунақа шоирлик керакми сенга?” дея мени сўзжодудан қутқармоқчи бўлишарди”.

Аниқ биламан, уларга шеърларимдан ҳам кўра бахтли бўлишим муҳимроқ. Шоир бўлмасам ҳам майли – яхши одам бўлсам, бахтим бутунлиги кифоя. Шу боис шоирликни ҳам саодатга айлантириш, яқинларим юзларини ёруғ қилиш йўлида ҳалакман…

“Сўзбоши” чўзилиб кетди-а? Аксарияти Сизга таниш ушбу шеърларни ҳавола этар эканман, истардимки, ҳаётда энг азиз кишиларим – соддадил ва меҳрибон ота-онамни кўп-кўп дуо қилиб қўйсангиз. Илойим, камолимизни сўраб туну кун илтижо қилаётган азизларимизнинг умри нурга тўлсин. Диллардаги эзгу ниятлар афзали билан ижобат бўлсин. Сизу бизга қалби салим, солиҳ фарзандлар насиб этсин. Ҳаммамизни икки дунё яхшилигига эриштирсин.

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

БАХТ МАНЗИЛИ

Отам бизни мендан бахтли бўлсин, деди,
Онам бизни умри нурга тўлсин, деди.

Йўлимизда кунларини қурбон қилиб,
Ойга чиқдик елкаларин нарвон қилиб.

Ғамларини кўзларига қамаб қўйди,
Юраклари кемтик эди, ямаб қўйди.

Юзимизга шамол тегмай катта бўлдик,
Бошимизни ерга эгмай катта бўлдик.

Қайғулари олам экан, олам экан,
Оламлардан кенгроқ олам отам экан.

Қорлар ёғса, қучоғига қочиб бордик,
Сочларига оқ чечаклар сочиб бордик.

Кўнглингизнинг дарёларин кўп қуритдик,
Она, Сизни меҳнат эмас, биз қаритдик.

Ёнингизда не талашдик – ғавғо қилдик,
Эвазига фақат дардлар совға қилдик.

Умрингизни ўғирладик, ёшлик қурсин,
Худо Сизга кўпроқ қилиб қайтиб берсин…

2006

ЁМОНИ ЙЎҚ ЖОЙГА КЕТАМИЗ

Бу дунё – руҳимнинг азоби,
Эзгулик – умримнинг савоби.
Қўй, энди йиғлама, кўнгилжон,
Бор ахир барчасин ҳисоби,
Қўлни бер, пок жойга кетамиз,
Ёмони йўқ жойга кетамиз.

Кўзларим қадалган самога,
Ташнаман бир ҳовуч зиёга.
Чарчадим заҳарли сўзлардан,
Юр, энди ғийбату иғвога –
Макони йўқ жойга кетамиз,
Ёмони йўқ жойга кетамиз.

Чопамиз Қуёшнинг изидан,
Ўпамиз гулларнинг юзидан.
Қизариб бир ширин туйғулар
Топамиз лоланинг кўзидан.
Армони йўқ жойга кетамиз,
Ёмони йўқ жойга кетамиз.

Кўзимни севинч ҳам ёшласин,
Қўлимни омад ҳам ушласин.
Тишларнинг изи бор кўксимда,
Энди Бахт лабимни тишласин.
Зиёни йўқ жойга кетамиз,
Ёмони йўқ жойга кетамиз.

“Йилт” этган зиёга зор кўнглим,
Биз истар дунёлар бор, кўнглим.
Муниса Онамнинг кўнгли бўш,
У бизни кутяпти, юр, кўнглим,
Ёмони кўп жойда нетамиз?
Онамнинг кўнглига кетамиз,
Онамнинг кўнглига кетамиз!

2001

ЗИЁРАТ

Фаришталар кўнглимни нурга ўраб қўйдилар,
Осонгина уйғондим қушлар азон айтганда.
Мени қутлаб дарахтлар оппоқ либос кийдилар,
Кўкка учган ҳисларим мужда олиб қайтганда.

Иссиққина бағримда эриб кетди ушбу тун,
Қарамасам, юлдузлар нега қовоқ солгайлар?
Капалак қанотида йўлга отландим бугун,
Мени кўҳна саройда гуллар кутиб олгайлар.

Тошдан қаттиқ бошимни ёролмади тош кунлар,
Йиқилсам ҳам, тўзсам ҳам манзилимга етяпман.
Йўлларимдан қочинглар, ҳой, меҳри йўқ мошинлар,
Мен Онамнинг олдига – зиёратга кетяпман!

Сафаримда сарғаймай, яшнаб борай қошига,
Кипригимга етмасдан тўкилмоқда чанг йиллар.
Эргаштириб тоғларни бошлаб борай қошига,
Онасининг пойида подшоҳ бўлгай ўғиллар…

2007

БУЮКЛИК

Она, сизни китоб қиламан
Ёки ўзим китоб бўламан.

2006

ОТАМЛАШУВ

Бу дунё – ғалвали уй, дейсиз,
Ҳар жонда минг ташвиш, ўй, дейсиз,
Ўзимга сиғмайман, сиз ҳар гал
Кўп гапирмай, чойдан қуй, дейсиз.

Мен озиб-ёзиб бир боргандим,
Озурда кўнглимни ёргандим,
Йиғламай йиғлашни ўргандим,
Тишингни тишингга қўй, дейсиз.

Кўзимда дунёча ёш бўлса,
Кўксимда бир уюм тош бўлса,
Наҳотки белбоғим бўш бўлса?
Ҳар нени ҳикматга йўй, дейсиз.

Кечалар бахтимни туш кўриб,
Биргина бошимни қўш кўриб,
Катта бўлганимни хуш кўриб,
Қачон яна элга тўй дейсиз?

2007

ОНАМ ЁЗОЛМАГАН ШЕЪР

Сочларимда оқ гуллар,
Кел, уларни тер, болам.
Йўлингга муштоқ йўллар,
Болам бўлиб бер, болам.

Кўксимга ой беркитдим,
Юлдузларга чой тутдим.
Отангдан ҳам кўп кутдим,
Бахтим бўлиб бер, болам.

Титраган созингни қўй,
Бўғиқ овозингни қўй.
Қалам-қоғозингни қўй,
Ўғлим бўлиб бер, болам.

Йўл учун туққанмидим,
Гул учун туққанмидим,
Пул учун туққанмидим,
Борим бўлиб бер, болам.

Қалдирғоч синглинг беҳол,
Қанотидан хатни ол.
Ишинг кўпдир, эҳтимол,
Келмай қўявер, болам…

2006

ҚАЙТИШ

Қандай тоза, қандай оқ эдим,
От чопардим Қуёшни ушлаб.
Бу ерларга Бахт излаб келдим,
Унда Онам – бахтимни ташлаб.

Учиб кетди ранго-ранг йиллар
Баргдай заиф қилиб ҳолимни.
Ортга қайтмас бу қайсар йиллар
Қайга олиб борар жонимни?

Тоғу тошни куйлатиб чунон,
Қайнар эдим булоқлар билан.
Олисларда юрибман сарсон
Хира тортган чироқлар билан.

Гуллар кутди бағрин қон қилиб,
Дил олдида қолдим уятга.
Бир бахтиёр капалак бўлиб
Учгим келар ўша жаннатга.

Чақмоқлари бошимни ёрса…
Омонат бир ўгай жойдаман.
Осмон мени қўйиб юборса,
Ёмғир бўлиб сизга қайтаман.

Хушхабарни етказсин бехос,
Дарахтларга бериб қўйдим хат.
Шу довондан ўтиб олсам, бас,
Шу довондан у ёғи – жаннат…

2007

ЭНГ АЧЧИҚ БАҲОНА

Қорин тинч қўймайди – нон топиш керак,
Ташвишлар судрайди мени ҳар томон.
Ўзини унутди бечора Юрак,
Яшашга вақт қайда, Онажон?!

2004


Кўчалар кўнглимга ўхшайди,
Бағрига сокинлик сиғмаган.
Кечалар синглимга ўхшайди –
Ҳолимга ачиниб йиғлаган.

Манзилга элтади автобус,
Мен қаён бораман – билмадим.
Кўксимни йиртади бир номус,
Наҳот шу темирча бўлмадим?!

Кунларим тўкилиб боради,
Кечаги вақт – писта пўчоғи.
Кўксимда поездлар юради,
Юрагим – бекатлар ўчоғи.

Хаёлнинг охири қаерда,
Осмондан нималар тилайман?
Онамнинг бағри қон у ерда,
Мен бунда музқаймоқ ялайман…

2003


Наҳот дийдам шунчалар қаттиқ,
Бешафқатсан, Ҳаёт, бешафқат.
Ҳеч кимим йўқ ўзимдан ортиқ,
Онам учун тополмайман Вақт.

Наҳот дийдам шунчалар қаттиқ,
Бешафқатсан, Ҳаёт, бешафқат.
Ҳеч кимим йўқ ўзимдан ортиқ,
Онам учун тополмайман Вақт.

2003

АЙБНОМА

Беҳзод Фазлиддинга айтиб қўйинглар,
Бу тун ҳам ухламай чиқди отаси.
Узун бўлиб кетди, тилин қийинглар,
Онаси кўксида ғамлар шодаси.

Қишлар келиб бўлди, у гап тузгунча,
Бир бор ҳовлисида қор кураб берсин.
Бировга ёқай деб гуллар узгунча,
Бориб онасининг дардини терсин.

Кейин гуллайверсин, кўкарсин, майли,
Отанинг дуоси бошлагай тахтга.
Нега толейидан йўллари айри,
Онасиз ҳам бориш мумкинми Бахтга?!

Ишига ишқ қўйган қандай фарзандки,
Лоақал кўнглини очиб кетмайди.
Дарвоқе, у кишим шунчалар бандки,
Ўзидан бошқага вақти етмайди…

2007

ТАСКИН

Она, гарчи ҳамон ўзимга зорман,
Кўзингизга кирсам, юрагимдан кенг.
Ташқарида пойлаб турибди Армон,
Ўғлим ҳали-бери чиқмас экан, денг.

Ҳар қадамда чоҳга тортиши мумкин,
Оёғим остида ухлайди кулфат.
Сабрим кўйлагини йиртиши мумкин,
Кичкина ғамларга бўлмайман улфат.

Кўксимга Нур кириб турса, бўлди-да,
Қувиб етолмагай Вақт деган бир ўқ.
Анча ёшман кекса дардлар олдида,
Ҳали севишга ҳам улгурганим йўқ.

Она, қанотларим дардимдай оғир,
Қушдай бу уйқумни оромга йўйинг.
Бахт кутиб туришни билмайди, ахир,
Қуёш уйғонмасдан уйғотиб қўйинг…

2006

ЭРТАГА

Ҳали сен бормисан, йўқми – билмайман,
Билганим – гуноҳим бўйимдан баланд.
Нега оғулардан ҳазар қилмайман,
Бу қашшоқ кўзларим нелар билан банд?

Бой берилган йиллар мени олмас тан,
Нажот сўраб қанча лаҳзалар ўлди.
Ўзимни ўзимга кўрсатолмасдан,
Соядай йўқолиб кетмасам бўлди.

Адоқсиз хатолар – ёнимдаги жар,
Қулаб кетсам, қайтиб Ҳаётга чиқмам.
Ўзим ўйлагандай ҳалол бўлса гар,
Нега томоғимга тиқилар луқмам?!

Шу безовта Руҳим бергайми кўмак,
Тундай ғамлар мени домига тортди.
Истаб–истамасдан айб қилдим, демак,
Нуқсонларинг яна биттага ортди.

О, ҳали ўзи йўқ жажжи меҳмоним,
Ҳозирдан тузоқ бор изчаларингга.
Кечмишимдан жонинг оғриса, Жоним,
Мен қандай қарайман кўзчаларингга?

Эҳтимол, тумандай тарқалар шубҳам,
Сен ҳам кўникарсан бу кўҳна ғамга.
Болам, ҳаётимдан нолиб ўтсанг ҳам,
Фақат тил теккиза кўрма Отамга!..

2006

ЎҒИЛ

Дада, далангизга дард сочиб келдим,
Яна машаққату заҳматлар Сизга.
Белингиз оғриди, мен қочиб келдим,
Қачон олиб бердим раҳматлар Сизга?

Ая, соғинчингиз сочи оқарди,
Бормадим – кўпайиб кетди тўйларим.
Шу ёшимда фақат севиш ёқарди,
Сиздан кўра кўпроқ уни ўйладим.

Бошдан нима ўтди – билдирганим йўқ,
Кимдир тўкаверди нур изларимга.
Ўзимни-ку хафа қилдирганим йўқ,
Озор бериб қўйдим азизларимга.

Майсалар, парёстиқ бўлинг, бош қўйса,
Чинорлар, Отамнинг ёнида юринг.
Боласини ўйлаб юраги куйса,
Аччиққина қилиб чой дамлаб беринг.

Бу ташвишлар билан бўлмайди қариб,
Мени кутиш учун келган оламга.
Қўллари толмасин челак кўтариб,
Булутлар, сув ташиб туринг Онамга.

Дада, дардингизга бошман, биламан,
Ая, тушларингиз бир кун келар ўнг.
Ҳали юзингизни ёруғ қиламан,
Одамшоир бўлиб борганимдан сўнг.

2008

ЁЛҒОН

Илож йўқ, бошқа бир йўли йўқ,
Рост гапни ичимда асрайман.
Кўнглимнинг кўнглини қилиб тўқ,
Сен буюк бахши, деб алдайман.

Кўчаси чанг қилди эгнимни,
Шу гаплар, оҳ, менинг тенгимми!
Умримга доғ сочган севгимни
Ҳаётим нақши, деб алдайман.

Ўзимга тинмай чоҳ қазарман,
Сал қолса, ақлимдан озарман,
Шу экан аввалу азалдан
Дунёнинг иши, деб алдайман.

“Аҳволинг тузукми, той болам,
Шоирим – орзуга бой болам”.
Дардимни билмайсиз, жон онам –
Ҳаммаси яхши, деб алдайман.

2009


Онангнинг эгнига камзул бўлмаса –
Ҳар дайди шамолдан асраб тургани,
Отангнинг қўлига омбур бўлмаса –
Ёғочлардан нобоп мих суғургани,

Синглингга сарупо, сеп йиғилганда
Фойдаси тегмаса чит кўйлакчалик,
Ташвишлар укангга зўрлик қилганда,
Ҳимоя этмаса бир билакчалик,

Лаббай, деб келмаса ғовларни ёриб,
Мунаввар тонгларга йўргак бўлмаса,
Ғанимнинг кўзини ўймаса бориб,
Эгилган элингга тиргак бўлмаса…

Шу шеърни тўқимай турганинг яхши,
Ҳар сатри қонингдан ўтмагунича,
Шу шеърни ўқимай турганинг яхши,
Тоғ бўлиб жонингда ўсмагунича…

2009


Онамнинг онаси ўтди, водариғ,
Боладай ичикар шўрлик ҳар куни.
Оҳ, билмай қолибман, сезмай қолибман
Онам ҳам мендай бир бола эканин.

2010


Гул каби сочилди мен гул тутганлар,
Менга кўз тикканлар ўйларимда йўқ.
Мен юзга гардини тавоф этганлар
Кўнглимнинг кўксига санчиб кетди ўқ.
Гул каби сочилди мен гул тутганлар.

Изимга зорларни зор этдим баттар –
Кўксимдан музларни аритмадилар.
Ҳеч қўрқмай умримни ҳадя этганлар
Бир бор тушларига арзитмадилар.
Изимга зорларни зор этдим баттар.

Ким эдим?.. Нимага айландим бугун?
Саробга интилган дунёпарастман.
Қўл етмас юлдузман бировлар учун,
Севгимнинг қошида хасча эмасман.
Ким эдим?.. Нимага айландим бугун?

2009


Армонқизнинг кўзи баттар сузуклашди,
Шеърим ўқиб кимнинг ҳоли тузуклашди?
Қалам тутиб қўлим фақат нозиклашди –
Уйда ўтин ёрганларим яхши эди.

Дил безиллар бу бемаврид шамоллардан,
Саволлардан қочиб бўлмас, саволлардан,
Чарчадим-ай оғир-оғир хаёллардан –
Кетмон чопиб ҳорганларим яхши эди.

Ўйлайверсанг ўйдунёнинг ўйи битмас,
Қўли узун ташвишларнинг тўйи битмас,
Унда бобом бошлаб кетган уйи битмас –
Қишлоқда лой қорганларим яхши эди.

Тутам умрим тўлиб борар туманларга,
Ёмонларга ўлим йўқми, ёмонларга,
Ўзим билан борса келмас томонларга,
Худо ҳаққи, борганларим яхши эди…

2011

МУСОФИР

Шеърларимнинг сочлари оппоқ,
Ўйчан сўзлар юзида ажин.
Боққин ахир, Онажон, бир боқ,
Ўғлинг нега бунчалар ғамгин?!

Балки, жуда эрта улғайди
Юрагимда гуллаб ётган дард.
Кўзларимда тунлар ухлайди,
Ҳалқа-ҳалқа ёшларимни арт.

Кечагина подшодай эдим,
Атрофимда минглар парвона.
Баридан воз кечиб мен энди
Бир сўққабош далли-девона.

Кун қариди, совиди чойинг,
Пахта гулли пиёланг маъюс.
Йиғмай менга тўшаган жойинг,
Дарвозадан ҳатлаб ўтди Куз.

Не кўйларга солмади Орзу…
Ногоҳ учиб борсам қошингга.
Оғушингга гўдакдай ол-у,
Меҳрлар бер мен бебошингга.

Ҳали жуда ёшсан, чироғим,
Армон сени йўқламайди, де.
Эркалаб айт: Ўйинқароғим,
Ўғил бола йиғламайди, де…

Дунё ҳақда ортиқ билгим йўқ,
Ҳар не дедим, барчаси – бекор.
Шоҳ бўлгим йўқ, шоир бўлгим йўқ,
Бугун фақат боланг бўлгим бор.

2010

ОЧИЛМАГАН МАКТУБ

Ҳаммасини кўриб, билиб турибсиз –
Чидаб бўлмайдиган феъл-атворим йўқ.
Сал елкамни қисиб ўтсам, тийиқсиз –
Кесаклар бирлашиб дўқ уради, дўқ.

Мендан нима кетди – қўлимдан келар
Замонсоз юзларга нур сўраб яшаш.
Ҳар махлуқ устимдан кулмоқчи бўлар,
Баъзан оғир ботар Одамга ўхшаш.

Омад ҳам беғараз йўқламас, ёҳу,
Билиб туриб атай бой бердим нақдни.
Керагидан кўпроқ имкон берди-ю,
Ҳеч раво кўрмади энг зарур Бахтни.

Ўзимга ўзимни обдон талатиб,
Томошаталаблар ўйин кутдилар.
Аҳёнда бир қошиқ асал ялатиб,
Ортидан косалаб оғу тутдилар.

Билмайман, не сабаб омондир бошим,
Нега тарс ёрилиб кетмайди юрак?
Кўзимда тош каби қотади ёшим,
Дардимни ололмай сўзлар жонсарак.

Биласиз, бурнимнинг учида жаҳлим,
Ҳеч эплай олмадим ишонтиришни.
Тушунгим келади, етмайди ақлим,
Сиз ҳам талаб қилманг тушунтиришни!

2009


Ҳали дунё нурдай пок эди,
Боғлар яшил, осмон ложувард.
Қуёш ерга яқинроқ эди,
Ой юзида кўринмасди гард.

Тебранарди майсалар сокин,
Кўкдан ёғиб майин наволар.
Борлиқ узра Бахт эди ҳоким,
Жонга ҳузур тоза ҳаволар!..

Сезмай қолдим, қалб қандай қотди,
Қачон армон ёзолди куртак?
Тушларим ҳам ўзгариб кетди,
Энди бари олис бир эртак.

Қани кунлар – менга аталган,
Лойларгами ё ботиб қўйдим?
Ҳар заррадан чирой ахтарган
Кўзларимни йўқотиб қўйдим…

2010


Отамнинг гапини бўлдим бехосдан,
Онамнинг кўзига қараб қўйдим тик…
Шунданми, сўзларим қолмиш ихлосдан,
Шунданми, бахтимнинг бошлари эгик.

Бидирлаб акамга гап бермай ўсдим,
(Мендан олдин бунёд жигар эди у.)
Нордай иниларим йўлини тўсдим,
Синглимнинг кўнглини ололмадим, ув!

Тағин шу ҳолимда ўзимга мастман,
Афсус, афсуслардан фойда йўқ. Афсус…
Ҳануз шоир бўлиб шоир эмасман,
Одам бўлиб одам эмасман ҳануз.

Энди кимга не наф доду арзлардан,
Қаҳратонда қолган қушдай қақшайман.
Узилиб кетмасми бўйним қарзлардан,
Шунча гуноҳ билан қандай яшайман?!

2014


(Болалик хаёллари)

Кир ювишдан бўшамас онам,
Бор умрини яша(й)ди шундай,
Тоғорага дардини айтар –
Тушунмайди ғамсуймас олам.

Битиб кетган зираксиз қулоқ,
(Топилмади йўқолган сирға…)
Тоза кирлар илинар симга,
Қуёшбобо қуритар узоқ.

Ногоҳ эсиб шаббода – енгил,
Бир ғалаён бошланар қўрда.
Отам қурган қўлбола дорда
Ҳилпирайди тозарган кўнгил…

2015

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

“Сен қачон гуллайсан”, “Кутмаган кунларим, кутган кунларим” китобларидан.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *