Отангизга раҳмат дейишганми?

Эски дафтардан

Фарзанд ҳаётида Ота шахсининг беқиёс даражадаги ўрни ҳар доим кўзга ташланади. «Дадасига ўхшайди», «Отасига тортибди» каби гаплар баъзан ҳавас, гоҳо хушланмайгина айтилиши бор гап. «Кимнинг боласисан?» саволига жавоб ҳам Ота номи бўлади. Ҳар бир ўғил-қиз ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ Шахс ҳақида ким қандай фикрда?
Истаймизми, йўқми, падаримизга хос жиҳатлар ўзимизга ҳам «кўчиб» ўтади. Юриш-туришимиздан тортиб гапириш оҳангимизгача отадан «мерос» бўлиши мумкин. Ички ва ташқи қиёфамизда айрим қирралари билан ўша инсон намоён бўлаверади. Падари бузрукворимиздан фақат гўзал, яхши фазилатлар юққан бўлса, қанийди… Аксинча бўлса-чи?
«Отам шунақа эди», «Дадамдан қолган одат», «Қонда бор-да» қабилидаги энг аччиқ баҳоналар билан ўзни оқлаш мумкиндир. Аммо эртага фарзандларингиз ҳам шундай деб айтмаслигига, айбни худди ўзингиздай отаси(демак, сиз)га «ағдармаслиги»га ишонасизми? Шу тариқа гап «отадан болага», «боладан отага» алмашиниб келаверади.

Ота қандай бўлса…

Ёш ўғил-қиз ҳар доим отасининг маслаҳати, кўмагига эҳтиёж сезади. Гўдаклигиданоқ дадажонининг айтганларини қулоғига қуйиб, унга амал қилиб келганлар ўсмирлик пайтида ҳам, балоғат ёшига етганида ҳам ота йўл-йўриқлари билан иш тутадилар.
Ҳа, «боши иккита» бўлиш арафасида турган аксарият йигитлар уйланиш борасида ҳам ота раъйига қарайдилар. Ана шу пайтда падар ўғлига тўғри йўл кўрсатишга ҳаракат қилиши, бўлажак қизнинг насл-насабига қизиқиши табиий. Лекин айримларни фарзанди орзу-ҳавасларидан ҳам кўра келин бўлмишнинг аҳволи кўпроқ қизиқтирар экан. Шунданми, улар йигитни амалдор ёки жуда бой, ҳеч бўлмаганда, топар-тутари яхши бўлган кишиларнинг қизини «севдириш»га ҳаракат қиладилар. Яъни ота «той бола» «каттакон»нинг қизига уйланишини (ўғил севадими, севмайдими ёки истайдими, истамайдими – бунинг аҳамияти йўқ) ҳақиқатан ҳам хоҳлайди. Боз устига, ўғлига буни очиқ айтади ҳам.
Бу Ота номига ярашармикан? Бундан ташқари, ўғил билан ўша қиз, икки оиланинг ўртасидаги тафовут-чи? Шундай қистовлар билан уйланган йигит эртага қандай ота бўлиши номаълум. Балки, у билан яшаб ҳам кета олмасдан, тез орада ажрашар?
Гўё кулиб қўяверса бўладиган ҳолат. Аммо ҳақиқий Ота қандай қилиб ўз фарзанди – бўлажак отага бундай дейиши мумкин? Эҳтимол, нима қилиб бўлмасин, бойнинг қизига уйланишни ўғлига шарт қилиб қўйганлар ҳам бордир?
«Ота қандай бўлса, боласи ҳам шундай бўлади, – дейди бир ота. – Фақат муҳитгина уни ўзгартириши мумкин. Бойнинг қизини ўғлига келин сифатида «тавсия» қилаётган оталарни мен тушуна олмайман. Демак, оиладаги муҳит ҳам шундай.»
«Фарзандга нима яхшию нима ёмон эканлигини ўргатиб бориш отасининг бурч-вазифаси. Уйланиш борасида ҳам у йигитга тўғри йўлни кўрсата олиши керак», – дейди яна бир ота.

Отасиз ота

Ота-онасининг соғ-саломат эканлиги ҳар бир фарзанд учун бахт. Ахир, уни йўлга солиб турувчи, суянса тоғ бўла олгувчилар бор. Бундан ортиқ яна нима керак?
Ҳар нарсанинг қадрини у йўқлигида билганимиздек, Ота ўрни ҳам ўтганида билинади. Эътибор берган бўлсангиз, ёшлигидаёқ отасидан айрилиб қолган кўпгина кишилар «бошқачароқ» ота бўлишади. Падари меҳридан эрта жудо бўлганлари учунми, уларда бу улуғ зотга ҳурмат, меҳр-муҳаббат ўзгачадай. Имкон қадар ота номига яхши сўзлар айтишга, эзгу амаллар билан руҳини шод этишга ҳаракат қилишади. Фарзандларига тўғри йўл кўрсатиб, уларни солиҳ инсонлар қилиб тарбиялашга, қисқаси, яхши Ота бўлишга интиладилар. Шубҳасиз, бунинг учун ўзларини ҳам тарбиялаб борадилар. Чунки ўзида йўқ хислатни боладан талаб қилиш ярамайди.
«Болалик пайтимизданоқ падаримиздан ажралгандик, – дейди ёши 40 дан ўтган суҳбатдошим Шукур ака. – Оғир касалликка чалингандилар. Ота меҳр-муҳаббатига тўймаганмиз. Мактабдаги тенгдошларим ўз оталари ҳақида тўлиб-тошиб гапиришганида кўнглим оғрирди. Ўша пайтдаёқ «уйланиб, фарзанд кўрсам, болаларимга меҳрибон, ғамхўр ота бўламан, уларни яхши инсонлар қилиб тарбиялайман» деб чин дилдан ният қилгандим. Насиб қилган экан, ота бўлдим. Фарзандларимга тўғри тарбия беришга, уларни ҳалол луқма билан ўстиришга бор кучим ва имкониятим билан ҳаракат қилдим. Улар ҳам юзимни ерга қаратишмади. Кичкина ўғлим худди бобосига – дадам раҳматлига ўхшайди. Ўғил-қизларимга бирор маслаҳат беришдан олдин доим отамни эслайман. Уларнинг руҳи мен билан бирга болаларимни тарбиялаётгандек….»
Аксарият отасиз оталарга ҳар доим катта масъулият юкланади. Шундайку-я, лекин отаси тирик бўлган оталар масъулияти ҳам уларникидан «енгил» бўлмаслиги керак-ку!

Бобосининг боласи

Болалигимизда бобомизни отамиздан ҳам кўпроқ яхши кўрганимизни инкор эта олмаймиз. Чунки баъзан шўхлик қилсак, отамиз уришса, бобомиз ёнимизни оларди, бозорга борса, бизга деб чўнтагига ширинликлар солиб келарди. Отамиз ишга кетганида ёки ишдан чарчаб келиб, ўзи билан ўзи бўлиб қолганида бобомиз бизга эртак айтиб берарди, уй-рўзғор юмушларига ўргатарди…
Мактабда ўқиган пайтларимизда синфдошимиз Жавлон катталарга ўхшаб салмоқли гапиришлари, хатти-ҳаракатлари билан ўқувчию ўқитувчиларининг эътиборини тортганди. Ўша дамларда ҳали анча ғўр бўлсак-да, у улғайиб қолгандек эди. Назаримизда, Жавлон жуда ақлли, ортиқча гап-сўзга хуши йўқ эди. Тўғриси, баъзан бу ғашимизни келтирарди. «Чолларга ўхшамасанг-чи» деб ўзига ҳам айтардик.
Болалар орасида бирор келишмовчилик бўлса, деярли ҳар доим буни ўша «чолбола» ҳал қиларди. Ёш бўлишига қарамай, унинг қўлидан деярли ҳамма иш келарди. Синфдошлар бирор ерда йиғилмоқчи бўлсак ҳам Жавлон билан бамаслаҳат иш тутардик. Унинг дарслардаги иштироки ўз йўлига, аммо ҳаётга бўлган муносабати оддий мактаб ўқувчисиникидан катта фарқ қиларди.
Ўз ўрнида у биз – «кичик дўстлари»га ҳам йўл кўрсата оларди. Тўй-маъракаларда ўзини қандай тутиш кераклигини кўпчилик синфдошлар Жавлондан ўрганганди…
Бунинг сабабини кейинроқ тушуниб етдим. Улар бобо ва бувиси билан бирга яшашган. Синфдошим, асосан, бобосининг тарбиясини олган. Кичиклигиданоқ унга эргашиб, хизматини қилиб юрган. Биз билган хислат ва одатлари ўша бобосидан ўтган.
Синфдошимга ўхшаган «катта» болаларни кўп кўрдим. Суриштириб билсам, улар ҳам бобо тарбиясини кўрган экан…
«Бобосининг боласи» бўлганлар кўп жиҳатдан тенгдошларидан илгарилаб кетгани кузатилган ҳолат. Уларга кейинчалик ҳаёт йўлларида бу нарса, албатта, ёрдам беради.
Демак, оталик билан боболикнинг ўртасидаги фарқ ҳам катта. Бугун ўз фарзанди тарбиясини бутунлай отасига «топшириб» қўйганлар ҳам бор. Нима бўлса, «бобонгдан сўра», «бобонгга бор» деб боласини ўзидан узоқлаштираётган кишиларни қандай тушуниш мумкин?

Йиғилишда оталар… йўқ!

Таълим тарбия жараёнида оталарнинг ўрни алоҳида. Боласининг ўқишига қизиқмаган, мактабдаги ҳаёти билан танишмаган оталарни тушуниш қийин.
«Кундалигимни фақат онам текширади.»
«Отам синф раҳбаримизни танимайди.»
«Дадам билан жуда оз гаплашганман.»
Бу каби гаплар кўпчиликка нотаниш эмас. Наҳотки, оталар ўз фарзандларига шунча «бегона» бўлсалар? Уларда ўзини оқлаш учун баҳона ҳам тайёр: «Ишим кўп», «Болани эркалатиб юбормаслик керак» ва шу каби гаплар.
…Мирза аканинг ўғли яна қовоқ-тумшуқ қилиб келди. «Нима бўлди?» — сўради у ҳар галгидек қўрслик билан. «Бу сафар ота-оналар йиғилишига ўзингиз борар экансиз. Ўқитувчимиз, даданг келмаса, сен ҳам келмай қўявер, деди». «Нима? – баттар жаҳли чиқди Мирза аканинг. – Ким ўзи ўқитувчинг?» Бола синф раҳбарининг номини айтди. «Қачон экан мажлиси?» – сўради ота. «Эртага, ўзингиз борасиз-а?» – қувониб кетди. Ўғли кўчага чиқар-чиқмас Мирза ака телефонини қўлига олди: «Жиян, эртага ўғилчанинг ўқишида йиғилиш бўлар экан. Ўтиб келарсан-а?»
Бу ҳеч қандай сценарий эмас. Бўлган ва бўладиган воқеа. Мактабда ўтказиладиган ота-оналар йиғилишида оталарнинг «кўринмай» қолаётгани янгилик эмас. Буни қандай қабул қилиш керак – масъулиятсизликми ёки «бош оғриқ»дан қочиш? Биз суҳбатлашган оталар бунга «арзирли» сабаб ҳам топиб беришди: «Йиғилишда «йиғ-йиғ»дан бошқа гап айтилмайди. Онаси боргани яхшироқ». Аслида ҳам шундайми? Фақат шу туфайли боришмайдими? Бизнингча, бу кўпроқ масъулиятни ҳис қилмаслик, шахсий ишларни ўз боласидан устун қўйишга ўхшаб кетяпти. Отада жавобгарлик ҳисси бўлмас экан, фарзанд қандай «тарбия» олаётгани маълум…

Оталар нима дейди?

Оталар сўзига бир қулоқ тутиб кўрайлик.
– Ота бўлиш бир қарашда осон. Уйланиб, Худо фарзанд берса, ота бўлдингиз-да, – деб гап бошлади Учтепа туманида истиқомат қилувчи нафақадор Муҳаммадсодиқ ҳожи ота. – Аммо фарзанд тарбияси жуда оғир иш. Бунинг учун, аввало, отанинг ўзи тарбияли бўлиши керак. Ўғил бола кўпроқ отасига тақлид қилиб яшайди. Падарининг турли хислатлари – ҳаракатлари, қадам олиб юриши, ахлоқий бутунлиги, ишчанлигию изланувчанлиги болада такрорланиши мумкин.
Боланинг жисмоний тарбияси маълум муддатда(10–22 ёш оралиғида) бўлади. Ақлий ривожланиш эса жисмоний ўсиш сингари бирданига юзага чиқмайди. Демак, маънавий тарбия бир умр давом этади. Ўғлининг ақлий ривожланишини ота кузатиб бориши шарт. Бу жуда оддий: мактабдаги ўртоқлари ким, ўқиш-ўзлаштириши қанақа, бўш вақтларини қандай ўтказяпти – шулар билан мунтазам қизиқиши, буларни ўрганиб бориши лозим. Ота боланинг ўзидан, амакиларидан ибратли жиҳатларни олаётганини билиши қандай яхши.
Амалда фарзанди билан маълум фанлар юзасидан савол-жавоб қилиш ҳам яхши натижа беради. Масалан: «Катта ўғлим билан доим ўтилган фанлар борасида суҳбат қилардим. У ҳозир компьютер бўйича мутахассис. Хорижий давлатларда дарсликлари чоп этилган. Ўғлимга, менга баҳоларинг керак эмас, дердим. Қандай фан, мавзулар ўтилгани, моҳиятини биладими-йўқми, шуни сўрардим. Жавобидан сўнг қўшимча маълумотлар берардим. Ниятим – унинг билими чала бўлиб қолмасин. Болада мантиқий фикрлашни шакллантириш оталарнинг ҳам вазифаси, ахир».
Ёш оталар билан ҳам суҳбатлашиб кўрдик. Нодир(24 ёш):
– Мактабни битиришим биланоқ уйланганман. Тўғриси, у пайтгача оталик мен учун ҳавас эди. Ҳақиқий масъулиятни ота бўлганимдан кейин тушуна бошладим. Унинг вазифаси, мен ўйлагандай, фақат оилани иқтисодий жиҳатдан таъминлаш эмас экан. Қандай рўзғор тутиш, бола тарбияси – барча-барчасини уддалаш осон бўлмаяпти. Ўғлимнинг тарбияси… Яхшиямки, ота-онам билан яшаймиз. Кўп томонлама улар ёрдам беришади. Ҳали ота бўлишга тайёр эмаслигимни ўшанда англаб етдим. Ёш дўстларимга уйланишдан аввал оталикка тайёр бўлиш кераклигини маслаҳат берган бўлардим…
Мақола сўнгида ҳам шу савол очиқ қолаяпти: отанинг вазифаси фақат «боқиш»ми? Умуман олганда, бу баҳсталаб мавзу. Фикрларимизни малол олмаган бўлсангиз, отангизга раҳмат!

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

«Маърифат» газетаси, 2007 йил, май.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin

https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://telegram.me/Behzod_Fazliddin
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 589

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *