Ўткир Ҳошимов. Қалбнинг оппоқ дафтари & Озод Шарафиддинов. Эл ардоқлаган адиб

Қалбнинг оппоқ дафтари

Ривоят қиладилар: кунлардан бирида султон Ҳусайн Бойқаро шикорга – овга чиқишни ихтиёр этди. Унга ҳазрат Алишер Навоий ҳамроҳ бўлди. Шикордан қайтар эканлар, бир қишлоқдан ўтдилар. Кўча четида турган олти-етти ёшлардаги болакай салом берди. Султон Ҳусайн қўлини кўксига қўйиб, алик олди-ю, ўтиб кетаверди. Алишер Навоий эса болани кўриб отини тўхтатди. Пастга тушиб бола билан қўшқўллаб кўришди. Кейин тағин отига миниб, йўлида давом этди. Навоийнинг бу иши шаҳаншоҳни ҳайрон қолдирди.
– Мавлоно, – деди у Навоийга юзланиб, – сиз салтанатнинг вазири бўлсангиз, бунинг устига жаҳонга таниқли шоир бўлсангиз, наинки гўдак бир болага шунчалар мурувват кўрсатурсиз?!
– Олампаноҳ, – деди Навоий жилмайиб. – Гап болада эрмас. Гап шундаки, бир вақтлар шу боланинг бобоси меним саводимни чиқазган эрди. Мен устозимнинг етти пушти олдида ҳамиша қарздордурмен…
Бу воқеа чиндан ҳам бўлганми-йўқми, номаълум. Бироқ Навоийдек зукко инсондан худди шундай ҳаракатни кутиш ҳеч кимни ажаблантирмайди. Умуман, ҳамма халқлар ҳамма замонларда ўқитувчини буюк инсон ҳисоблаган. Ўзбеклар ҳурмат қилган кишисини, илмли одамларни устоз, домла деб иззатини жойига қўяди. Озарбайжонлар муаллим деб эҳтиром кўрсатади. Тожиклар устод дейди. Руслар учун «учитель» деган сўз жуда кенг маънони англатади. Бироқ бу сўзларнинг ҳаммасини ягона маъно – катта ҳурмат маъноси бирлаштириб туради.
Ўқитувчиларнинг моддий ва маънавий таъминоти кейинги йилларда бир қадар яхшиланди. Бу борада яна кўп хайрли ишлар қилинмоқда. Шунга қарамай айрим одамларнинг ўқитувчилик касбига муносабати мени кўп ўйлантиради. Бугунги кунда ўқитувчининг обрўси қай даражада?
Эсимда, ўшанда ёш бола эдим. Бироқ аниқ ёдимда бор: эллигинчи йилларда ғалати қоида бор эди. Бировнинг қизига ўқитувчидан совчи келса, ота–онаси деярли иккиланмасдан рози бўларди. Ҳозир ўқитувчидан қизига совчи келса, энсаси қотадиган ота-оналар оз эмас. Лекин, «бели бақувват» одамдан совчи келса, деярли иккиланишмайди. Илгарилар давранинг энг тўрида ўқитувчи ўтирарди. Ҳозир… Билмадим, ҳар қалай ҳамма давранинг тўрида ҳам ўқитувчи ўтиравермайди. Яқинда «бойвачча» йигитлар даврасига кириб қолдим. Хўп замонавий кийинган, кўринишидан зиёлинамо, тилла тиш қўйган йигит ғалати латифа айтиб берди. Бир одамнинг боласи ўлгудек шўх экан. Бунинг устига нуқул «икки» оларкан. Бироқ дадаси бадавлат киши экан. Бир куни ўқитувчи унинг уйига ҳасрат қилиб келибди. Шундоқ-шундоқ, болангизнинг хулқи ёмон, ўқишнинг мазаси йўқ, бу кетишида одам бўлиши қийин, дебди. Отаси ўйлаб ўтирмасдан қўл силтабди. Барибир уйда ҳам бекор юради–да, мактабга қатнаб турсин, жа-а-а бўлмаса, маълим-паълим бўлар, дебди. Даврадагилар хахолаб кулишди. Мен зил кетиб ўтирардим. Эҳтимол, бу шунчаки хушчақчақ латифадир. Лекин унинг тагида жуда мудҳиш маъно бор. Наҳотки ўқитувчи деган касбнинг қадри шунчалик пасайиб кетган бўлса?! Бунинг учун ким айбдор, нима айбдор! Ахир биз мактабда ўқиганимизда ўқитувчига фақат болаларнинг эмас, ота-оналарнинг эҳтироми ҳам ғоят кучли эди-ку. Қишлокдами, шаҳардами, энг табаррук касб ўқитувчилик касби саналарди-ку.
Биринчи марта мактабга борганим эсимдан чиқмайди. Биринчи куни дарсга кирдим-у, эртасига бормай қўя қолдим. Ўқитувчимиз чиройлимас экан. Бурнини эплай олмайдиган мендек жибилажибоннинг ўқитувчи чиройли-чиройли эмаслиги билан неча пуллик иши борлигини ҳамон тушунолмайман. Лекин ўқитувчи опа ёқмади, вассалом! Уйга келиб, иккинчи марта мактабга бормаслигимни «тантана билан» эълон қилдим. Дадам бунақа оби дийдаларни эшитса аяб ўтирмасди. Уч кундан кейин яна мактабга зипиллаб қолдим. Аммо ўқитувчимни барибир яхши кўролмасдим. Кейин қизамиқ тошиб ётиб қолдим. Шунда қизиқ воқеа бўлди. Худди ўша ўзимга ёқмаган ўқитувчи опа мени кўргани келди. Анчагача бошимни силаб ўтирди. Ўша кундан бошлаб опам мен учун дунёдаги энг чиройли одам бўлиб қолди…
Хўш, ҳозир педагоглар орасида шундай ўқитувчилар йўқми? Бор! Оз эмас. Қишлоқда ишлайдиган Асқар Жўраев деган физик дўстим бор! (Дарвоқе, бу йигит шоир Султон Жўранинг жияни бўлади.) Ҳар гал шу дўстим билан суҳбатлашганимда, унинг илм доираси нақадар кенглигига қойил қоламан. Эйнштейннинг нисбийлик назариясини менга шу йигит тушунтириб берган. Майли, бу-ку, ўзининг соҳаси. Бироқ у адабиётни жонидан яхши кўради. Бундан ташқари уйида диннинг келиб чиқишию йўналишларидан тортиб, Америка миллиардерлари ҳаёти тасвирланган китобларгача – ҳаммаси бор. Бу йигит билан қайси соҳада гаплашманг, бемалол фикрлашади.
Яқинда бундан роса йигирма йил илгари мактабни битирган йигитлар бир пиёла чой устида суҳбатлашдилар. Суҳбатга мени ҳам таклиф қилишди. Улар орасида агроном билан механизатор ҳам, медик олим билан география фанлари номзоди ҳам, шоир ҳам бор эди. Ҳам–малари болалик йилларини эслаб чувиллашар, ўзлари ҳам ёш болага айланиб қолишганди. Уларнинг шу ҳолатини томоша қилишнинг ўзи завқли эди. Шу пайт хонага қорачадан келган, гавдали киши кириб келди. Ёшлар гурр этиб ўринларидан туришди. Меҳмонни қучоқлаб кетишди. Бу – уларнинг собиқ домласи эди. Йигитлар бирдан мулойим тортиб қолишди. Йўқ, улар ўртасида самимий суҳбат узилмади. Бироқ ўқитувчининг салобати босгани учун ҳурматини жойига қўйиб ўтиришарди.
Кўриниб турибдики, ҳурматга лойиқ муаллимлар ҳам, устозини ҳурмат қиладиган шогирдлар ҳам кўп. Бироқ, барибир, кейинги йилларда ўқитувчи деган унвоннинг олий даражаси айрим кишилар назарида ўзгарганлиги ҳам рад этиб бўлмайдиган гап. Хўш, бунинг сабаби нима? Назаримда, бунинг ўқитувчига боғлиқ бўлган субъектив сабаблари ҳам, боғлиқ бўлмаган объектив сабаблари ҳам бор.
Келинг, энг аввал ўқитувчининг ўзига боғлиқ бўлган томонларини олайлик. Бундан йигирма-ўттиз йил илгари шаҳарда ҳам, айниқса, қишлоқда ўқитувчи даражасидаги илмли одамлар кам эди. Ўқитувчи билган нарсани, педагог ўқиган китобларни кўпчилик билмас, кўпчилик ўқимаган бўларди. Энди шаҳарда ҳам, қишлоқда ҳам барча илмли. Ҳар бир қишлоқда икки-уч нафардан олим бор. Мана шу илм тараққиёти олдида ўқитувчи ярқ этиб ажралиб кўринмайдиган бўлиб қолди. Кечаги шогирд бугун ўқитувчининг ўзидан кўра кўпроқ илмга эга. Хўш, бундай вазиятда педагог нима қилиши керак? Бундай ҳолатда у фақат бир йўл билан ўз мавқеини сақлаб қолиши мумкин. У фақат конспект тузиш билан овора бўлмасдан, ўз устида мунтазам ишлаб бориши керак. Ҳолбуки, ўқитувчилар орасида ўз фанини наридан-бери билиб олиб, дарсга кириб-чиқиб юрадиган педагоглар оз эмас. Ҳафтада фалон соат дарси бўлса, шуни ўтиб фалон сўм ойлигини олса бўлди. Бошқа нарса билан иши йўқ. Бундай вазиятда педагог албатта бошқалардан ажралиб туролмайди-да! У фақат ўқитувчи бўлибгина қолмасдан, зиёлиларнинг йўлбошчиси бўлиши керак-ку!
Кейинги пайтларда матбуотда ўқитувчининг кийиниш маданияти ҳақида кўп гаплар бўлди. Бу масалага фақат бир томонлама қараш, менимча, тўғри эмас. Яъни, педагог албатта қордек оппоқ ёқали кўйлак, қирраси чиқариб дазмолланган шим кийиб юриши, галстук тақиши шарт, дейишади. Шаҳар ўқитувчиси учун бу шартлар мос келади. Бироқ қишлоқ ўқитувчисининг аҳволи анча мушкулроқ. Чунки у болалар билан қўшилиб далага чиқади. Уйида молига, томорқасида экинига қараши керак. Демак, у хоҳлайдими-хоҳламайдими қишлоқ ўқувчисининг кўзига эски кўйлак, дазмолланмаган шим, чанг босган этикда кўриниши мумкин. Негаки, қишлоқда ҳамма нарса ҳамманинг кўз ўнгида бўлади. Бироқ бу гап ўқитувчи мактабга исқирт кийиниб борсин деган маънони мутлақо англатмайди. У мактабда, йиғилишларда, тўй-маъракаларда ниҳоятда зукколиги билангина эмас, ташқи маданияти билан ҳам ажралиб туриши керак. Бу борада фақат болаларгина эмас, ҳамқишлоқлари ҳам ундан ўрнак олиши лозим. Бу, шубҳасиз, ўқитувчининг ўзига боғлиқ бўлган масала. Албатта, педагог деҳқончилик қилса (айниқса, қишлоқ жойда) экин-тикин қилса, бунинг ҳеч бир ёмон жойи йўқ.
Ниҳоят, ўқитувчининг ўзига боғлиқ бўлган ва ҳамманинг олдида унинг обрўсини уч пул қиладиган яна бир жиддий масала бор. Афсус, минг афсуслар бўлсинки, педагоглар орасида боланинг илмига эмас, унинг ота-онаси тутган мавқеига қараб баҳо қўядиганлари бор. Фалончихон фалончи амалдорнинг тантиқ қизчалари бўлгани учун «уч»мас, «тўрт» қўйилса, фалончижоннинг отаси «ўз баҳоси»га финский этик олиб бергани учун «уч» ўрнига «беш» қўйилса, буни нима деб баҳолаб бўлади? Педагог бу билан ўз обрўсини шамолга совурса, майли. Бунга лойиқ одам эканки, шундай қилибди. Лекин бу ерда бошқа, ниҳоятда жиддий масала бор. Дунёда икки тоифа одамлар энг сезгир бўлади. Бири – ижодкорлар, бири – болалар. Худди ўша амалдорнинг «уч» ўрнига «тўрт» олган қизчаси билан бир партада ўтирган дугонаси ҳеч нимани пайқамайди, деб ўйлайсизми? Худди ўша «фойдали» одамнинг ўғилчаси билан бир партада ўтирган ўртоғи ҳеч нимани кўрмайди, деб ўйлайсизми? Биласизми, бу қандай оқибатга олиб келади? Буни кўрган болалар фақат ўқитувчидан ҳафсаласи пир бўлиб қолмайди. Фақат илмдан совиб қолмайди. Буни кўрган болалар умуман ҳаётга бошқача муносабатда бўлишни ўрганади. Чайқов бозорида гўшт билан чайқовчилик қилиш, телпак билан чайқовчилик қилиш – бор гап. Бироқ маънавият билан чайқовчилик қилишни жиноятнинг қайси даражасига киритиш керак? Ахир бу энг оғир жиноят-ку. Наҳотки болаларга маънавиятни ўргатадиган педагог шунчалик пасткашлик қилса? Биз хоҳлаймизми-йўқми, педагоглар орасида шундай шахслар йўқ эмас.
Энди ўқитувчи деган шарафли номнинг қадри пасайишига олиб келган баъзи объектив сабаблар ҳақида – педагогнинг ўзига боғлиқ бўлмаган сабаблар тўғрисида гаплашиб олсак. Мана ўша сабаблар. Аввало шуни айтиш керакки, ҳар кимда яхши яшашга интилиш бўлиши табиий. Бироқ бу интилиш чегарадан чиқиб кетса, «фойдаси кам» касб эгаларига, жумладан, ўқитувчига ҳам ҳурмат пасаяди. Бундай кишилар одамни кимдан қандай фойда келишига қараб баҳолашади. Ўқитувчи бировга, айтайлик, қимматбаҳо дублёнкани «шапкасиз» олиб беришни эплолмайди. Бу унинг вазифасига кирмайди ҳам. Бировнинг квартира олишига кўмак беролмайди. Бировнинг тилла тишини навбатсиз қўйиб беролмайди ва ҳоказо ва ҳоказо. Ҳамма нарсани ўзига келадиган фойда билан ўлчайдиган одамлар эса ўқитувчи ҳақида бояги айтилган латифага ўхшаш гапларни тўқиб юришади. Улар учун ўқитувчи – ўқитувчи. Шундан бошқа ҳеч ким эмас. Бироқ бундай одамлар битта энг муҳим нарсани эсдан чиқаришади. Энг яхши дублёнкани нари борса ўн йил кийиш мумкин. Энг яхши квартирани охир-оқибат навбат билан олса бўлади. Энг яхши тилла тиш овқат чайнаш учун, нари борса оғизни ялтиратиш учун керак. Бироқ ўқитувчининг вазифасини буларнинг бирортаси билан солиштириб бўлмайди. Негаки у моддий бойлик яратмайди. Унинг меҳнати бугун ёки эртага кўринмаслиги мумкин. Бироқ бизнинг боламиз йигирма йилдан кейин ким бўлиши худди мана шу касб эгаси – педагогга боғлиқ. Агар педагог ёмон дарс берса, ёмон сабоқ берса, бунинг аччиқ мевасини ўқитувчидан кўра кўпроқ ўзимиз «маза қилиб» сймиз. Ана ўшанда дод-войнинг фойдаси кам бўлади. Одамлар ўртасидаги мешчанлик муносабатлари, мол-дунёга ҳирс қўйиш катталардан кўра болаларга кескинроқ таъсир қилади. Бир мисол. Яқинда бир ўқитувчи ўртоғим ҳасрат қилиб қолди. Уйида катта жанжал бўпти. У, ҳатто оиласи билан ажрашишга ҳам тайёр. Ҳамма гап тўққизинчи синфда ўқийдиган қизидан бошланган. Қизчанинг синфдош дугонаси бор экан. Дўстимнинг қизи дугонасининг уйига тез-тез чиқиб юрган. Бир куни дадасига очиқдан-очиқ «баёнот» берган. «Мен ўнинчи синфни битиришни хоҳламайман. Минг яхши ўқиганим билан барибир бадавлат бўлолмаймиз. Ана, ўртоғимнинг ҳовлисида фонтангача бор. Дадаси базада ишлайди. Ўртоғимга дублёнка оберибди». Эҳтимол, яна бечора савдо ходими рўкач қилиняптими, деган савол туғилар. Ростини айтишим керак. Савдо ходимларида ҳеч қандай хусуматим йўқ. Улар орасида жуда яхши дўстларим, ўз вазифасини жуда ҳалол бажарадиган йигит-қизлар кўп. Мен уларни чин дилдан ҳурмат қиламан. Бироқ наридан-бери ўрта маълумот олган айрим юлғичнинг ҳовлисида «фонтан отилиб турса», қўша-қўша машинаси бўлса, бу атрофидаги одамларга таъсир қилиши мумкин. Ўқитувчи дўстимнинг қизи ҳали ёш. Бироқ дўстимнинг айтишига қараганда, қизчада, бундай кайфият уйғонишига кўп жиҳатдан онаси сабабчи бўлган. Хотин топиш-тутишнинг мазаси йўқлигини айтиб ҳар куни эрини «эговлаган». Албатта, ҳар ким ўз вазифасини бажаради. Ўқитувчи болаларга ҳам илм, ҳам таълим беради. Бинокор иморат қуради. Врач беморни даволайди ва ҳоказо. Лекин касбини даромад манбаига айлантирадиган шахслар йўқ эмас. «Дефицит» деган бало бор. Шу бало бор экан, айрим юлғичларнинг ошиғи олчи бўлаверади. Кўпинча «дефицит» сунъий равишда йўқ жойдан бор қилинади.
Шубҳасиз, ҳар бир касб ўзича шарафли. Ҳар ҳунарнинг ўз фалсафаси бор. Педагоглик касбининг фалсафаси ҳаммадан кўра мураккаброқ. Мурғак боланинг оппоқ қалб дафтарига инсонийлик деган сўзни ёзиш ҳуқуқи фақат ўқитувчига берилган. Айтайлик, деҳқон ерга нобоп уруғ сочса бир йил ҳосилсиз қолади. Агар педагог боланинг қалбига нобоп уруғ сочса-чи? Бу нарса бир умрлик фожиага олиб келмайдими? Бу фожиа бир кишининг эмас, кўпларнинг фожиасига айланмайдими? Ҳаётда ҳамма нарса бир-бири билан боғлиқ-ку. Шу боисдан мен бошқа биронта касбни ўқитувчилик ҳунари билан тенглаштира олмайман.
Яна бир муаммо. Ёзда бир қишлокда тўйда бўлдим. (Келинг, манзилини айтмай қўя қолайлик.) Тўйни район ижроия қўмитасининг раиси очди. Келин билан куёвни табриклади. Кейин тўсатдан пойгакроқда ўтирган мактаб директорига кўзи тушиб қолди-ю, қўлида микрофон билан мурожаат қилди:
– Ия, домлажон, сиз ҳам шу ердамисиз? Кеча болаларни чопиққа нега кам олиб чиқдингиз?
Ростини айтсам, товонимдаги жоним ҳиқилдоғимга келди. Аввало бу райисполкомнинг мажлиси эмас, тўй. Бунақа гапнинг ўрни йўқ. Қолаверса, мактаб директори колхознинг раиси ҳам, бригадири ҳам, агрономи ҳам эмас. Райижроком раисининг мактаб директорига, болаларни нега чопиққа олиб чиқмадинг, деб тергашига нима ҳаққи бор?
Баъзан ҳайрон қоламан. Нари борса ўрта маълумотга эга бўлган колхоз бригадири мактаб директорини ёқасидан олгудек бўлади. Бунда педагогнинг обрўси қаёққа кетади? Ахир худди ўша раис, худди ўша бригадирнинг болалари хам мактабда ўқийди-ку. Худди ўша педагог унга дарс беради, таълим беради-ку. Ахир ўша тўйда ўша директорнинг қўлида ўқийдиган йигит-қизлар хизмат қилиб юрган эди-ку. Модомики ижроком раиси район раҳбарларидан бири экан, педагог обрўсини тушириш эмас, аксияча, кўпчилик ўртасида осмон қадар кўтариши керак эди.
Кейинги йилларда тағин бир масалани жуда кўп ўйлайман. Қайси мактабга борманг, юз процент ўзлаштириш учун ҳаракат қилиб ётибмиз, дейишади. Кўп яхши интилиш. Бизда илм олиш бепул. Давлат ҳар бир ўқувчи учун маблағ сафлайди. Бинобарин, боланинг синфдан-синфга кўчмай қолиши моддий жиҳатдан ҳам, маънавий жиҳатдан ҳам зарар. Бироқ, ҳатто шу соҳада ҳам режани ўйлаш ўзини оқлармикин. Кейинги пайтларда ўқув программалари мураккаблашиб кетди. Очиғини айтсам, юқори синфда ўқийдиган ўғил-қизларимнинг математика масалаларини ечишга баъзан ёрдам берай дейман-у, уялиб қоламан: ақлим етмайди. Шундай экан, синфда ўқийдаган ўттиз бола орасида, айтайлик, бир-икки ўқувчи ўзининг табиий қобилиятига қараб у ёки бу фанни ўзлаштира олмаслиги мумкинми? Хўш, шундай болани сунъий равишда синфдан-синфга кўчириш қандай бўларкин? Менимча, бунинг иккита зарарли томони бор. Биринчидан, ҳозирги аср – фан асри, техника асри. Мактабни битирадиган бола қаерда, ким бўлиб ишлашидан қатъи назар, илмли бўлишга мажбур. Чаласаводлик билан қўлга киритилган аттестатни етуклик аттестати деб бўлмайди. Иккинчидан (менимча, энг муҳими ҳам шу бўлса керак), ўқитувчи ўқувчига сунъий равишда «икки» ўрнига «уч» қўйди дейлик. Бу нарса ўқитувчининг оёқ-қўлини боғлаб ўқувчига топшириш деган гап эмасми? Боланинг ўқисам ҳам, ўқимасам ҳам домла барибир «уч» қўяди деган фикр онгига ўрнашдими, оқибатт хунук бўлади. Бундан ташқари, худди ўша бола билан бир партада ўтирадиган бошқа ўқувчида шундай фикр уйғонмайди, деб ким кафолат бера олади? Фалончи ўкимаса ҳам «уч» олади, мен ўқисам ҳам «уч» оламан, деб ўйлаган боланинг илмга, мактабга, умуман ҳаётга муносабати қандай бўлади? Ахир ўқитувчи фақат илмли одамни эмас, умуман, инсонни тарбиялайди-ку. Бу ҳолда педагогнинг тарбиячилик хусусияти қаерда қолади?
Менимча, мактабларни таъмирлаш борасида ҳам баъзи ноқулай ҳолатлар бор. Ҳар йили ёз келиши билан мактабларнинг ўқитувчилари ота-оналарга оҳак, бўёқ, ойна «солиқ»лари солиб қолишади. Жуда бўлмаса, ҳашар билан мактабни таъмирлашга қарашиш керак. Албатта, юқори синф ўқувчилари ўз мактабида ҳашар қилса, бунинг ҳеч қандай ёмон жойи йўқ. Бироқ қурилиш материаллари етишмаслиги муаммосини бир ёқлик қилиш керак. Негаки, педагогнинг ота-онага «материал»дан ёрдам беришни сўраб мурожаат қилишининг ўзи ҳам унинг обрўсига путур етказади.
Назаримда, педагогика фанлари илмий-текшириш институти зиммасида ҳам ўқитиш методикасини такомиллаштириш борасида қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Ҳали бу масала ҳам маромига етган, деб бўлмайди.
Республикамизда рус тилини ўрганишга жиддий эътибор бериляпти. Бироқ ўзбек тили, ўзбек адабиётини ўрганиш борасида қилинаётган ишлар етарлими? Ўзбек адабиёти қай даражада ўқитилаётганлиги муҳокама қилинадими? Билмадим. Қизиқ. Нима учун ўзбек ўқувчиси рус тили, адабиётини билиши керак-да, рус ўқувчиси ўзбек тили, адабиётини билмаслиги керак? Улар Навоий хазинасидан, Ғафур Ғулом мулкидан, Ойбек ижодидан оригиналда баҳраманд бўлса, қандай яхши! Бунинг устига, кейинги йилларда юқори синфларда ўзбек тили ва адабиёти дарслари камайган. Ўрнига рус адабиёти ва рус тили дарслари киритилган. Буёғини тушунолмай қолдим.
Ниҳоят яна бир масала – олий ўқув юртларига талабаларни қабул қилиш масаласи. Биз хоҳлаймизми-йўқми, барибир, илмли, истеъдодли болалар бу ёқда қолиб, ўртачароқларни институт курсисига ўтқизиб қўйиш учраб турибди, бунинг «йўллари» кўп… Олий ўқув юртларида институт домласига ўз боласини ўзи ишлаётган ўқув юртига олиб киришнинг яхшигина имкони бор. Эҳтимол, бу бир жиҳатдан тўғридир. (Шу ерда ишлагандан кейин битта боласини ўқишга олиб кирмаса қандоқ гап, деган савол туғилиши мумкин.) Бироқ талабалар орасида унинг ўғли ёки қизидан талантлироқ, илмлироқ бола учраса-чи? Олий ўқув юртларига ин қуриб олган ашаддий порахўр «домлалар» ҳақида гапни чуқурлаштириб ўтиришдан-ку, умуман, маъно йўқ… Бу – «тузалмас» дард!
Мен мактабда саводимни чиқарган, тарбия берган, университетда илм сирларини ўргатган домлаларимга ҳамиша чуқур таъзимдаман. Умуман, ўқитувчи деган номни буюк эҳтиром билан тилга оламан. Балки шунинг учун ҳам баъзан фикрларни кескинроқ айтгандирман. Узр сўраб, яна бир кескин гап айтай: ўқитувчини, умуман, зиёлиларни хор қилган жамият, охир-оқибат ўзи хор бўлади!
Модомики гапни ҳазрат Навоийдан бошлаган эканмиз, яна шу улуғ зотнинг сўзлари билан якунлай қоламиз:
Ҳақ йўлинда ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин минг ганж ила.
Азиятлар чекиб бизга илм берган, бундан кейин болаларимизга илм берадиган, бинобарин, яна ўн-йигирма йилдан кейинги авлодни бугун шакллантираётган ўқитувчи деган инсонга ҳамиша чуқур таъзимда бўлайлик.

1981
Ўткир ҲОШИМОВ

Эл ардоқлаган адиб

Фарғона водийсидаги сафарларимиздан бирида йўлимиз айланиб, Яйпанга бориб қолдик. Ўша пайтнинг таомилига биноан салом-алик қилиш мақсадида аввал райкомга кирдик. Бизни райком котиби Алижон Пайғомов кутиб олди. Мен бу кишини кўрмасдан олдин номини икки-уч эшитган эдим, у киши тўғрисида «истеъдодли раҳбар, тажрибаси катта, ишнинг кўзини билади», деган маънодаги мақолалар ўқиган эдим. Аммо кўрганим, ҳамма эшитганимдан ортиқ бўлиб чиқди. Бу одам ташқи қиёфасига қараганда райком котибидан кўра бутун умри еру кетмон билан иноқликда ўтган асл деҳқонча табиати яққол сезилиб турарди. У туманнинг туриш-турмуши ҳақида, эртанги куни тўғрисида батафсил гапириб берди, гап орасида “қишлоққа раҳбарликни нутқлар ва мажлислар орқали эмас, амалий намуналар кўрсатиб қилиш керак”, деди ва бизни райком ҳовлисига таклиф қилди. Ҳовлида эса унинг ўзи ясатган иссиқхона бор экан — ҳали эрта баҳор бўлишига қарамасдан, иссиқхонада бодринг ва помидорлар пишиб ётибди, ҳар хил кўкатлар яшнаб турибди, гуллар очилган. Иссиқхонанинг бир бурчаги полизга ажратилган экан. У ерда ҳандалаклар кўзни ўйнатади.
– Қани, меҳмонлар, ҳандалакдан ўз қўлларинг билан узиб олинглар. Гашти бошқача бўлади, – деб таклиф қилди Алижон ака.
Ўшанда мен бу одамнинг тадбиркорлигига қойил қолган эдим. Бироқ, ростини айтсам, яна бир нарса мени кўпроқ лол қолдирди ва шу туфайли мен Алижон акани бир умр ҳурмат қиладиган бўлдим. Райком биносини айланиб юриб, бир неча жойда деворга илиб қўйилган мурожаатномага ўхшаш бир нарсага кўзим тушди. Улардан бирини ўқий бошладим. Каттагина оқ қоғозга анча йирик ҳарфлар билан босилган, чиройли рамкага солинган мурожаатнома аслида Ўткир Ҳошимовнинг «Қалбнинг оппоқ дафтари» деган мақоласи экан. Мақола чиққанига беш-олти ой ўтган бўлса-да, унинг теварагидаги гап-сўзлар ҳали тўхтамаган, кўпчиликда мақола уйғотган ҳаяжон ҳали босилганича йўқ эди. Публицистик мақоланинг плакат тарзида тарғиб қилинишини биринчи кўришим. Менинг бир оз ажабланганимни кўриб, Алижон ака изоҳ бергандай бўлди:
– Ўткиржоннинг мақоласида ҳозирги куннинг ўзак масаласи кўтарилган. Биз «пахта-пахта» деб юриб, халқнинг маънавиятини унутиб қўйибмиз. Бугунги кунда мактаб жуда оғир, жуда ночор аҳволда, ўқитувчи эса ҳаддан ташқари қадрсизланган. Бугунги жамиятимизда ўқитувчидан пастроқ турадиган бошқа табақа йўқ. Ҳатто хўжалик бригадири ҳам унга хўжайин, унга истаган буйруғини беради. Йўқ, бу аҳволга ортиқ чидаб бўлмайди, агар биз истиқболни ўйласак, Ўзбекистоннинг эртасини ўйласак, минг йиллик маданиятимизнинг йўқолиб кетиши истамасак, ўқитувчининг обрўйини қайта тикламоғимиз лозим.
Алижон ака «лекция ўқиб юборганига» бир оз хижолат чекди шекилли, гапдан тўхтаб қолди. Аслида, у ҳаяжонга тушган ва гапирган сари ҳаяжони кучайиб борарди. Бир оз сукут қилиб, ҳаяжонини босиб олди-да, гапини якунлади:
– Мен мақолани ўқигач, уни минг нусхада бостириб, ҳамма мактабларда, ҳамма маҳаллаларда, ҳамма чойхоналарда, маданият клубларида, идораларда илиб қўйишни буюрдим. Бу мақолани ўқимаган, унда кўтарилган гаплардан бехабар бирон одам қолмаслиги керак. Туман кўламида ўқитувчиларнинг кенгашларида унинг муҳокамалари бўлди. Ўқитувчиларимиз ҳам роса тўлиб юришган экан, ҳамма дардларини тўкиб солишди.
Кейинчалик туманда кезиб юриб, ўқитувчилар ва бошқа зиёлилар билан учрашдик. Бундай учрашувларда, албатта, ўша мақола қайта-қайта тилга тушарди. Қўйинг-чи, Алижон Пайғомовнинг гаплари тўғри экани тўла тасдиқланди. Ўшанда Ўткир ижодининг яна бир қирраси кўз ўнгимда бутунлай янгича намоён бўлган эди.O'tkir Hoshimov
Ўткир Ҳошимов 60-йилларданоқ публицистика соҳасида кучини синай бошлаган. Аммо, очиғини айтганда, унинг бу соҳадаги муваффақиятлари кўпайган сари, тобора менинг хавотирим ошиб, уни ички бир безовталик билан кузата бордим. Эсингизда бўлса керак, саксонинчи йилларда Ўзбекистон телевидениеси «Баҳс» деган номда туркум кўрсатувлар уюштирган эди. Уларни Ўткир Ҳошимов олиб борарди. Қисқа муддатда кўрсатувнинг шуҳрати кенг ёйилди. Одамлар кўрсатув кунини интиқиб кутадиган, ҳамма ишларини йиғиштириб, уни томоша қиладиган бўлиб қолишди. «Баҳс»да кўтарилган масалалар ҳақида студияга мактублар ёғилиб кетди. Бунинг сабаби бор эди, албатта. Ўша кезларда оммавий ахборот воситаларида коммунистик мафкуранинг ҳокимлиги зўр эди, жиндай қуюшқондан чиқадиган гап учун катта маҳкамага чақириб, телевидение мутасаддиларининг таъзири берилар, улар ўз навбатида қўллари остидаги ходимларни така-така қилишарди. Ортиқча ғалвага кимнинг ҳам тоқати бор, дейсиз. Ундан кўра, оч қорним, тинч қулоғим, деган гапга амал қилган маъқул. Ўткир олиб борган «Баҳс» кўрсатувида эса борган сари рост гаплар, «қалтис» гаплар кўпроқ гапирила бошлади. Шунинг учун бўлса керак, гўзал кунларнинг бирида «Баҳс» кўрсатуви белгиланган фурсатда эфирга чиқмади. Шу-шу кўрсатув сувга ургандек йўқ бўлди-кетди. На миллионлаб томошабинларга, на кўрсатув мутасаддисига бунинг сабаби тушунтирилди. Ҳозирга қадар вилоятлар ва туманлардаги учрашувларда «Баҳс» нега тўхтаб қолди?» деган савол, албатта, ўртага тушади. Бу биргина мисол, холос. Публицистикага қўл урадиган одам мана шундай ошкора ва хуфёна зарбалар ҳамда зарбачаларга тайёр турмоғи лозим.
Ўткирда жасорат ҳам, бардош ҳам бор экан. У танлаган йўлидан қайтмади ва «Оқ камалак», «Товус гўштини еб бўладими?», «Муқаддас қасамни бузганлар», «Қобиллик ва қодирлик» каби жуда ўткир, ғоят ҳаётий ва фойдали мақолаларини ёзди. Шўро даврининг сўнгги йилларида Ўткир Ҳошимов публицистикаси янги босқичга кўтарилди. Биз унинг мақолаларида ижтимоий руҳ тобора чуқурлашиб бораётганини кўрамиз. Ўткир илгари тилга олиш мумкин бўлмаган мавзуларга қўл ураркан, ҳаётий воқеалар, реал фактларни далил сифатида келтиради ва жуда муҳим умумлашмалар чиқаради. Масалан, у ўзбек деҳқонининг ҳаётини тасвирлар экан, пахта яккаҳокимлиги бутун халқни гадо қилганини айтади. Бир килограмм пахтадан ўн хиллаб маҳсулот чиқарилгани ва бу маҳсулотлардан кўплаб даромад қилингани ҳолда минг хил азоб ичида шу пахтани етиштирган деҳқоннинг меҳнати сариқ чақага баҳоланишини афсусу надоматлар билан ёзади. Пахтанинг нархи каби жузъий масаладан ижтимоий адолат масаласи келиб чиқади. Гарчи мақолада ўзбек деҳқоннинг ўта шафқатсиз эксплуатация остида эзилиб ётгани очиқ айтилмаган бўлса-да, китобхоннинг ўзи мустақил равишда шундай хулосага келади.
«Авлодларга нима деймиз?» деган мақола ҳам яна пахтакор меҳнати ҳақида нақл қилади. Бироқ бу гал бу масала табиатни асраш масаласи билан бирга қўйилади. Бизнинг ўйламай иш юритишимиз, мутлақо масъулиятсизлигимиз табиатни қон-қора қақшатаётганини кўпгина ҳаётий мисолларда очади.
«Бир-биримизни асрайлик» деган мақола, биринчи қарашда, жузъийроқ масалага – ёзувчиларнинг ўзаро муносабатларига бағишлангандек кўринади. Аслида эса бу мақола ҳам жуда чуқур гуманистик пафосга эга – унда инсоннинг кўнгил шишаси бениҳоя нозик экан, ўринсиз койиш, ножўя бир гап билан, тўқимтабиатлик билан унга ўнгланилмас шикаст етказиб қўйиш мумкинлиги айтилади.
«Мантиқ қани?» номли мақола ҳам жуда муҳим ижтимоий қимматга эга бўлди. Унда ҳам адибнинг теран кузатишлари кўп. У «социалистик турмуш тарзи» деб кўкрагимизга уриб, ҳаммага мақтаниб юрганимиз ҳаётнинг ғайриинсоний моҳиятини, том маънода «тескари ҳаёт» эканини кўрсатган. Коммунистик партиянинг «доно» раҳбарлиги остида барпо этилган ҳаётимизнинг энг муҳим қонунияти шундаки, унда иккиюзламачилик принципи ҳукмрон – қоғозда ёзилган ёхуд оғизда айтилган гап ҳеч қачон амалдаги ишга тўғри келмайди, «социалистик жамиятда ҳамма нарса инсон учун, инсондан улуғ бойлик йўқ», деб эълон қилинади, амалда эса, ҳамма нарса инсонни хуноб қилиш, таҳқирлаш, қадрсизлантириш сари йўналтирилган бўлади.
“Қўрқув салтанати» деган мақола ҳам «Мантиқ қани?» билан мантиқан боғланиб кетади. Бу мақола С-Я 928 рақамли собиқ «сиёсий маҳбус», «собиқ халқ душмани», Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад билан суҳбат бўлиб, унда Сталин зулми билан яратилган салтанатнинг даҳшатлари очиб берилган. Бу салтанатга «инсон ҳуқуқи» деган нарса бутунлай ёт, унда қўрқув ҳукмрон, бу салтанатнинг энг ардоқли «қадрият» – хушомад, тилёғламалик, чақув, буқаламунлик. Бу жамиятда имонини сотиб, хиёнат йўлига кирганларгина, виждонининг овозини бўғиб, муҳитга мослашганларгина «бахтиёр» бўлиши мумкин.
Адибнинг жасорати нечоғлик кучайиб бораётганини тасаввур қилмоқ учун унинг яна бир мақоласини кўриб ўтиш керак. Бу – «Дўстлик ҳурматдан бошланади» деган мақола. Маълумки, бизнинг ташвиқотимиз етмиш йил мобайнида халқлар дўстлиги ҳақида гапириб келди. Албатта, халқлар дўстлиги муҳим ва зарур. Дарҳақиқат, шўролар даврида халқларнинг ўзаро дўстлиги борасида анча-мунча реал ютуқларга эришдик. Бироқ шу билан бирга дўстликни янада мустаҳкамлашга халақит берган омиллар ҳам кўп эди. Айниқса, халқларни «улуғ оға»га ва «кичик ука»га ажратиш ҳаётда кўп ҳолларда ёмон оқибатларга олиб келди. Ҳукмрон мафкурамиз эса бунга ўхшаш масалаларни қаламга олиш бир ёқда турсин, хаёлга келтиришга ҳам рухсат бермас эди. Ўткир мазкур мақолада чинакам байналминалчи мавқеида туради, халқлар ўртасидаги чинакам қардошликни улуғлайди, дўстлик ғояларини тасдиқлайди ва айни чоқда, бир миллатни бошқа бир миллат томонидан пастга урилишини қоралайди, катта миллатларда учраб турадиган, уларнинг айрим вакилларининг суяк-суягига сингиб кетган улуғ давлат-чилик шовинизмини кескин фош қилади. Энг муҳими шундаки, Ўткир шовинизмнинг олий минбарлардан айтиладиган ваъзларда ёхуд салобатли китоблардагина эмас, балки жуда оддий нарсаларда ҳам, биринчи қарашда арзимасдек кўринадиган ишларда ҳам намоён бўлишини аниқ ҳаётий мисолларда кўрсатиб берган. Жумладан, у «Клуб служебного собакаводства» деб аталган ва Москвада 1979 йилда чоп этилган китобдаги И.Духновский деган кимсанинг «Итларга қандай лақаб қўйиш керак?» деган мақоласига мурожаат қилади. Бу итшунос «зот» итларга Акбар, Алишер, Анвар, Араб, Арман, Асқар, Ботир, Бек, Жўра, Комила, Лола, Мухтор, Наим, Нодир, Наргис, Нодира, Умар, Падар, Рафиқ, Садир, Султон, Тоҳир, Тоир, Ҳайдар, Ҳасан, Шайх, Амир, Майна каби номлар қўйишни тавсия этади. Мақола муаллифи бундай тавсиялар И.Духновскийнинг саводсизлиги ёхуд фаросатсизлигининг оқибати эмас, балки бошқа халқларга менсимай қараш, уларни ошкора камситиш оқибати эканини ёзади ва бошқа шунга ўхшаш «саводсизликлар», «нодонликлар» билан бирикиб (уларнинг мисоллари мақолада анча-мунча келтирилган), пухта ўйланилган бир сиёсатга айланиб кетганини исбот қилади.
Кўринадики, Ўткир Ҳошимовнинг публицистикаси ҳам бадиий асарлари каби жуда катта қимматга эга – улар энг долзарб, энг ҳаётий муаммолар ҳақида баҳс юритиб, миллатнинг фикрини очади ва миллий психологиямизнинг шаклланишига ҳисса қўшади. Миллий ифтихор туйғуси йўқ халқ ҳеч қачон аҳил бўлолмайди, бинобарин, аҳил бўлмаган халқ ҳар хил тажовузкор кучлар қаршисида ожиз қолаверади.

Озод ШАРАФИДДИНОВ

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 992

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *