Ўтмаган кунлар

Ўзбек Миллий академик драма театрида “Ўткан кунлар” романи асосида спектакл қўйилаётганмиш. Ундан бир парча томоша қилиб, очиғи, кайфиятим тушиб, асабийлашдим. Айбга буюрмайсиз, бугунги артистларни фақат Отабек ва Кумушгина эмас, Юсуфбек ҳожию Ўзбекойим, Қутидору Офтобойим қиёфасида ҳам тасаввур қила олмаяпман, ҳеч тасаввур қилолмаяпман. Афсуски, бу мулоҳазаларим билан деярли ҳеч нарса ўзгармайди. Саҳналаримизда шаддодликни шиор қилган акстрисалар сунъийдан-сунъий қилиб “Сиз ўшами?” дея сузилиб тураверади…
Бу гаплар телевизорда “Ўткан кунлар” спектакли репетициясидан бир лавҳани кўргандан кейин хаёлимдан ўтган, аммо тўйдан олдин ноғора чалмай туришни маъқул топгандим. Яқинда спектаклни бошдан-охир томоша қилиб юқоридаги фикрларимга деярли ўзгариш кирита олмайдиган ҳолатга гувоҳ бўлдим.
Ҳазми осон асарларга ўрганган бугунги томошабинни “ушлаб” туриш учун гўё асарнинг энг “қитиқли” ўринлари “узиб-узиб” олингандек. Юсуфбек ҳожи, Отабек, Мирзакарим қутидор каби қаҳрамонларнинг асар моҳиятини очишга йўналтирувчи тагдор гаплари эса ўз-ўзидан “тушиб” қолган… Ўз ролини ёниб-куйиб ижро этган актёрларни учратмаганимни айтмасам ҳам тушуниб тургандирсиз.
Томошабинлар орасида ёшлар кўп эди. Назаримда, романни ўқимаган ёшларда саҳна асарини томоша қилиб, “Ўткан кунлар” фақат Отабек ва Кумуш муҳаббатига бағишланган экан, деган нотўғри тасаввур туғилиши мумкин.
3 соатча давом этган икки пардали спектаклдан сўнг муҳокама бўлиб ўтди. Унда кўпроқ саҳна декорацияси, костюмлар, яъни ташқи жиҳатларга эътибор қаратилди. Аввало, муҳокамада сўз олганлар таъкидлаганидек, шундай катта ишга қўл урган ижодий жамоани табриклаш керак. Ростдан ҳам, бу катта меҳнат! Аммо миллий романчилигимизнинг шоҳ асари ҳисобланган “Ўткан кунлар” кўпроқ маиший мавзудаги томошага айланиб қолишини оқлаб бўлмаса керак… Театрга тушган ҳамроҳларимнинг хулосаси шунга яқин бўлди: “Миллий театр маиший мавзудаги яна бир спектакл билан “бойибди”, шекилли”.
“Ҳа, “Ўткан кунлар” ўтиб бўлибди-да” деган шаккок хаёлларга ҳам бериласан киши бундай пайтлари. Фақат “романтик саҳна”ларни кутиб турган томошабинларни кузатиб, у муҳаббат қаёқда-ю, бу ҳаваслар қаерда, деб ўйлайсан яна… Шундан кейин ҳам асарнинг ижтимоий юки ҳақида гапириб бўладими!
Ҳозирча асосий ролларни ижро этган актёрлар маҳорати, умуман, янги саҳна асари муҳокамасига берилмай турай. Орамизда спектаклни томоша қилганлар бор. Яхшиси, улардан сўз эшитамиз…

Беҳзод

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 494

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *