“Отойининг туғилган йили”

Машрабнинг оти нега Машраб? Ким билади? Энг олдинда домланинг оғзидан кўз узмай, иложи бўлса унинг томоқ қирганини ҳам дафтарга ҳафсала билан ёзиб олишга шайланиб ўтирадиган Бўстон билади! У биргина шу саволга “Онасининг қорнида йиғлагани учун”, дея жавоб бердию имтиҳондан ўтди-кетди.

Башарти курсдошларни танлаш ҳуқуқи берилганда мен Бўстон билан ўқишдан қатъиян бош тортган бўлардим. У билан бирга ўқиётганимни ўйлаб доим уялиб кетаман, келажакда ҳам эсимга тушса, ўзимни кечирмасам, номус қилсам керак. Қачон қараманг, телевизордаги “Қизлар давраси”да ишшайиб ўтиради. Гоҳида конфет шимиб ёзган шеърларини ўқиб берса, гоҳо ҳеч нарса қилмайди – шунчаки, ўзини кўрсатиш учун чиқади. Биламан, келажакда бир кун менинг омадим юришмайроқ қолганини эшитса, у албатта: “Ҳа, уми, бошдан ҳам аҳмоқ эди”, дейди эслагиси ҳам келмай, бурнини жийириб. Бордию Худо ёрлақаб тузукроқ одам бўлиб кетсам, у: “Бирга ўқиганмиз, бошдан ҳам зўр эди”, дейиши турган гап. “Бўстон, Худо ҳаққи, айт, сени қандай она туққан ўзи? –дейман баъзан ичимда нафратланиб ва негадир у осонгина жавоб топиб, истаган имтиҳондан ўтиб кетиши мумкин бўлган саволларни ёғдира бошлайман: – Машрабнинг оти нега Машраб? Отойи нечанчи йилда туғилган? Дурбекнинг қандай романлари бор? Саккокий нечта драма ёзган? Лутфий нега юз йил эмас, тўқсон тўққиз йил умр кўрган?..”

Олдимда даста-даста китоб, дарслик; теварагимда – бири илм учун яшаётган, бири яшаш учун илм олаётган кимсалар; ташқарида эса ҳаёт аталмиш беқиёс мўъжиза: чарақлаган қуёш, тип-тиниқ осмон, топ-тоза ҳаво, кўзни қамаштирувчи атлас кўйлаклар – барно қизлар, ўйноқи фавворалар, хушнағма қушлар… Уларни айнан ҳозиргидек намойишда кўриш менга ҳеч қачон насиб этмайди. Улар ҳаёт отлиғ мўъжизага айланганча учқур хаёллару шўх шамолларга, автобусу трамвайларга қўшилиб аёвсиз ўтиб бормоқда. Ҳеч қачон қайтариб бўлмайди! Атрофимдаги, чидам билан ҳарфларга термилган кўйи ғафлатда умр ўтказаётган кимсаларни чўчитиб, сескантириб, “Тўхтанг!” дея бақиргим келади…

Эркин Аъзам

“Отойининг туғилган йили” қиссасидан.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *