Ўз ҳолига қўйинг Ўзбекистонни!

Ким юртимиздаги муаммою камчиликлардан сўз очса, танқид қилса, дарров уни “халқ душмани”га чиқариб қўйиш тўғри эмас, албатта. Лекин ўша танқидий гаплар қандай ниятда айтиляпти: холис, юртимиз ривожи, халқимиз фаровонлиги йўлидами ёки шунчаки Ўзбекистонни ёмонотлиқ қилиш, бошқаларда Ватанимиз ҳақида салбий тасаввур ҳосил этиш, ғаламисларни гижгижлаш учунми? Сир эмас, кейинги пайтлари жаҳон сиёсий саҳни, ахборот майдонида Ватанимиз Ўзбекистон шаънини ерга уриш, обрўсизлантириш илинжида иғво тарқатаётган, бу чиркин мақсад йўлида ҳар ҳунарга тушаётганлар жуда кўпайиб кетди. Айниқса, мамлакатимизнинг биринчи Президенти вафотидан сўнг улар янада тубанлашди. Бундайлар мавжуд тузум, марҳум раҳбарга нафрат фонида бутун миллатга тош отяпти, билиб-билмай жафокаш халқимизни ҳақорат қилишгача боряпти. Ёшлар онгини заҳарлаш, мурғак қалбларни ўз элига нафрат ҳисси билан қаратишга уриняпти. Пихини ёрган бошқа ёвузлар эса панада пайт пойлаб турибди. Баъзи мунофиқлар ўзини гўё Ўзбекистон манфаати учун ҳаракат қилаётгандек кўрсатади-ю, аслида нияти бошқа. Яна, шундай “бетараф”лар тоифаси ҳам борки, улар фитнакорлар ва иғво гапларни оғир олиб, эҳтиросга берилаётган юртдошларимизни ўзича мазах қилишдан бошқага ярамайди. Қолган гапларни ўзингиз яхши билсангиз керак…
Юрт ишқи, Ватан муҳаббати – ҳар қалбнинг ўзигагина тегишли, ҳеч ким дахл қила олмайдиган туйғу. Аммо бузғунчи тўда шунга ҳам дахл қилмоқчи бўляпти!Uzbekistan
Шу Ватан – гўзал Ўзбекистон бор фазилатлари, ютуқларию муаммолари билан бизники, барчамизники. Шундай экан, юртимиз равнақи, халқимиз тинч-тотувлигига рахна солмоқчи бўлган кучлар қаршисида жим қараб турмайлик. Уларга баландпарвоз гаплар ё ҳақоратомуз сўзлар билан эмас (аслида, бундайлар яхши гапнинг тенги бўлмаса ҳам), рад этиб бўлмайдиган аргументлар асосида муносиб жавоб берайлик.
Яна, ҳадеб ўзимизни мақтайверишни, лаганбардорлик, маддоҳликни бас қилайлик. Жамиятимиздаги иллатларга қарши курашда бирлашайлик. Шундай синовли дамларда ҳаддан ортиқ эҳтиросга берилмай, тушкунликка тушмай, бир-биримизга тиргак бўлайлик.
Ўтган кунлар таъсирида мана бу бадиҳа-шеър ёзилди-ю, эълон қилишга шошмай тургандим. Ҳозир эса таъсири бўлар деган ниятда жойлаяпман. Юрт ҳимоясига, ҳеч бўлмаса, шундай сўзларимиз билан оз-моз ҳисса қўша олсак, шунинг ўзи катта бахт!

Ўлим ҳақ – ажратмас шоҳу гадони,
Бўйин сундик, Ҳақнинг иродаси – шу.
…Бирдан шовқин босиб кетди дунёни,
Яна қутқу солди асли пуч орзу.

Битта катак қурмай жар солган қанча,
Лол қилиб турганда кимлар жаҳонни.
Эй, олисда туриб кекирган ғалча,
Сен қайдан биласан Ўзбекистонни?

Ҳақрост, ҳар тўкиснинг бордир нуқсони,
Илло, бу очунда мукаммал халқ йўқ.
Ўзингча ўлчайсан дину дунёни,
Ўзингча ўйлайсан – бу юртда Ҳақ йўқ.

Озод инсон дейсан тағин отингни,
Сўзинг гувоҳ – ичинг тўла иллатга.
Марҳумлар эшитмас энди додингни,
Нега тош отасан ахир миллатга?

Эй, сиз, эй худпараст “эрк жарчилари”,
Эй, сиз – кўз-кўз қилган сохта виждонни.
Мунофиқ тўданинг айғоқчилари,
Ўз ҳолига қўйинг Ўзбекистонни!

Жим туринг! Тинч ўтсин улкан таъзия,
Элга қўйиб беринг улуғ мотамни.
Оқламас на дин, на демократия
Ўтганлар гўрини титган одамни…

Ватанни талашни бас қилинг сиз ҳам,
Кўзларин ёғ босган ҳалқумзодалар.
Бир бор халқ дардини ҳис қилинг сиз ҳам,
Орамизда юрган аламзадалар.

Ножоиз санолар, бу ҳамдномалар…
Пуч сўз Ҳақ қошида ҳурматсиз бўлур.
Сайрашни бас қилинг, маҳмадоналар,
Фарзанди маддоҳ юрт қудратсиз бўлур.

Бошсиз қолган халқ деб кўз тиккан кўпдир,
Ё Раб, шу миллатни Ўзинг қўллагин.
Оғир бу йўлларда ичиккан кўпдир –
Карвонга муносиб сарбон йўллагин.

Ватандош, эрк берманг беҳуда сўзга,
Юрт учун аямай яшайлик жонни.
Болам деб жовдираб турганда бизга,
Онадай асрайлик Ўзбекистонни!

2016 йил 7 – 8 сентябр

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 2 518

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *