Ўзгараверамиз, ўзгараверамиз…

Эски дафтардан1316601686_mik23_wallp-12

Довон оша келяпмиз. Ёшгина ҳайдовчи кўриниши, гап-сўзлари, ўзини тутишидан бамаънигина йигитга ўхшайди. Ҳамроҳлар ҳам шунга монанд, йўлда зерикишдан бўладиган ғийбатнамо гаплар йўқ. Ёқимли мусиқа руҳимни аллалаётгандай гўё…
Кўзим илинган экан, кимнингдир: «Тезроқ ўтмайсанми?», «Сен нимага шошиласан?» деган бақириғидан уйғониб кетдим. Қулоқларимга ишонмадим – бу бизнинг ҳайдовчи эди. Тирбанд бўлиб қолган йўлда, машиналар ўтишга навбат кутар, бунга сари «бамаънигина йигит» асабийлашиб, бақирарди. Бояги очиқ чеҳрадан асар ҳам қолмаган, кўзлари ғазаб билан боқарди. Дилим ғаш тортди…
Кўп кутмадик, бир муддатдан кейин машиналар ўз «ўзан»ига тушиб олди. Назаримда, йўл кенгайиб кетгандай эди. Шунда чап кўксимда бир нима ярқ этгандай бўлди, ярим юмуқ кўзларим очилиб кетди: ҳайдовчи қиёфасида ўзимни кўраётган эдим…
Имкон қадар ибодатларни адо этамиз, хайр-эҳсон қиламиз. Шу билан зиммамиздаги фарзларни чиройли тарзда бажараётгандай хотиржаммиз. Аммо… қутулишимиз керак бўлган иллатларимиз ҳали жуда кўп. Бирор мусибат етса, дарров нолишга тушамиз. Бесабрмиз, жиндай йўталдан шикоят қиламиз. Ота-онамиз, яқин кишиларимизга қўпол муносабатда бўламиз. Бу борада панд эшитсак: «Бандамиз-да, нима қилайлик?» деб қўямиз. Ўзгараверамиз, ўзгараверамиз…
Ваҳоланки, ҳар қандай ҳолат – қувончда ҳам, қайғуда ҳам биз учун синов бор. Афсус, ҳар лаҳзада синовда эканимизни, ҳар лаҳза синов эканини билиб туриб, билмагандаймиз.
Яхшиямки, улуғ Раббимиз сўнгги нафасгача тавба қилиш имконини берган. Истиғфор айтиб ёлғиз Ундангина сўрайлик: кичиккина мусибат қошида ўзимизни йўқотиб, бир лаҳзада мутлақо бошқа махлуққа айланиб қолишдан Ўзи асрасин.

Беҳзод

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 476

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *