Пабло Неруда: Нечун хизмат қилар шеъримиз бизнинг?..

ФЕДЕРИКО ГАРСИА ЛОРКА УЧУН ҚАСИДА

Агар бўм-бўш, ёлғиз уйда даҳшатдан йиғлай билсайдим,
Кўзларимни ўйиб ютиб ташласам эдим агар,
Мен буни сенинг овозинг ҳаққи – мотамсаро пўртаҳол ҳаққи қилган бўлурдим.
Жигарингдан фарёд мисол оққан
шеъринг ҳаққи қилган бўлурдим.
Зеро, сенинг учун, сенинг шаънингга
Касалхона деворларини ҳаворангга бўярлар,
Мактаблар қурилар, соҳилнинг ўрамлари,
Темирқанот чиқарган ярадор фаришталар,
Зар тангалар билан қопланур қўшилаяпкан балиқлар
Ва кирпилар фалакка парвоз қилур бегумон.
Сен учун қора парда тутган тикувчилик устахоналари
Тўлар қон ва суваракка.
Сен учун қизил белбоғлар боғлаб ошиқлар
ўпиб ўлдирадир маъшуқаларин,
Ва оққа беланиб ясанажаклар.
Сен шафтолиранг нафосатга ўралиб учаётган чоқ,
Бўрон совурган гурунч кулгуси-ла кулар экансан,
Борлиғингча титрар экансан қўшиқ айтиш олдидан,
Сесканиб кетар лаблар, қонтомирлар, бармоқлар,
қовоқлар.
Мен сен учун ўлишга тайёрман
Мен қонранг кўл учун тайёрман ўлимга,
Сен хазон мавзеида макон тутган кўл учун.
Йиқилган от ва қонга беланган худо билан баробар
Ўлишга тайёрман мозорлар ҳаққи.
Улар
тунда чўктирилган қўнғироқлар ичинда
Ўзларининг сувлари ва қабрлари билан оқарлар,
Худди кўл ва қон дарёси сингари,
Дарёлар ярали аскарга тўлган бир касалхона,
Дафъатан ўлим қабртошлари билан
Оқизиб кетяпкан дарё.Pablo Neruda
Мен ўлишга тайёрман, фақат сени руҳимда кўрсам,
Йиғлаб турган чоғинг,
Боқиб турганингда чўкаяпкан хочларга,
Ўликлар дарёсига қараб йиғлардинг бетин,
Бетин йиғлар эдинг жароҳатли юрагинг билан,
Йиғи билан йиғлардинг қобоғинг тўлар эди,
Кўзёшларга, кўзёшларга, кўзёшларга.
Агар мен тун ичра ёлғизликда адашганимда
Унутилиш, ғира-шира ва тутунларни
Қаторлар ва кораблар устидан
Чангютгич қора гирдоб каби йиғолсам эдим,
Мен буларнинг барчасин қилардим
Сен – шохлаяпкан дарахт учун.
Ичингда шовуллаган
Олтин сув учун,
Сенга туннинг сирларин айтган
Суягингни чирмаган чирмовиқ учун.
Бўғзингдаги алҳонни қачон олиб ўтишинг
Пиёзнинг зах ҳиди сингган шаҳарлар пойлар.
Шаҳват ортилган сукут сақлаган кемалар таъқиблар сени.

Яшил қалдирғочлар ин қўяр сочларингга,
Ундан ғайри, чиғаноқлар, ҳафталар,
Ўрама елканлар ва олча дарахти
Ҳаракатга тушар пайдо бўлганида
Сенинг ўн беш кўзлик рангпар қиёфанг,
Ва жизғанак қон рангли оғзинг.
Агар мен маъмурий биноларни
қурум билан тўлдира олганимда,
Ва ўкириб соатларни ота билсам эдим тахтлардан
Мен буни қилардим қандай қилиб сенинг уйингда
Ёрилган лаблар-ла ёз фаслини кўрмакка;
Маҳкумлар кийимида пайдо бўлган мардумни,
Ва ғамгин буюкликка тўлган заминни,
Ва ўлик омоч ҳамда лолақизғалдоқни,
Ва чавандоз ҳамда гўрковни,
Қонли тупроқ харитасини,
Ва кул билан қопланган ғаввосни,
Ортидан пичоқлар санчилган
Қизларни эргаштириб кетаяпкан, юзига ниқоб тортган
қотилни кўрмоқ учун.
Пайдо бўлур илдизлар, касалхоналар, қонтомирлар,
Булоқлар ва қудуқлар,
Ўргимчаклар орасида ёлғиз сарбоз жон узаяпкан
Тўшакни судраб келмакда бу тун.
Нафрат ва тиканлардан иборат
атиргул пайдо бўлур.
Сарғайган бандаргоҳ бўлур намоён.
Пайдо бўлур шамолли кун ва болакайлар.
Пайдо бўлурман мен ҳам ва Оливейро ва Нора,
Висенте Алессандре, Делиа.
Моруна Малва, Марина, Мариа – Луиса ва Лорка,
Ла Рубиа, Рафаэл Угарте,
Котапос, Рафаэл Алберти,
Карлос, Бебе, Моноло Алтолагирре,
Молинари,
Росалес, Конгамендес
ва мен номин унутган бошқа-бошқалар.
Кел, мен сенга юкинай, навқирон йигит,
Парвона янглиғ уфоқ ва тоза вужуд,
Доимо озод бўлмиш қора чақмоқ сингари,
Бугун қояларда ҳеч кимса йўқ, кел, суҳбатлашайлик,
Кел, анчайин ўзимиз ҳақда.
Шабнам учун бўлмаса агар,
Нечун хизмат қилар бизнинг шеъримиз?
Нечун хизмат қилар шеъримиз бизнинг,
Бизга кескин ханжар қадаган шу тун учун бўлмаса,
Шу кун учун бўлмаса.
Ёки шу ғуборли тонг учун бўлмаса агар,
Азобланган инсон қалбининг ўлимга тап-тайёр
буржи учун бўлмаса.
Айниқса, тунда
Осмонда юлдузлар чуғурлашаркан,
Қашшоқ хоналарнинг
Деразаси остидан оқадиган қора дарёда уларнинг бари.
Уларнинг уйида кимдир ўлган ёки эҳтимол
Улар ишидан айрилган идорасида,
Касалхонада,
Шахтада,
Ҳаммаёқда яраланган одамлар,
Ҳаммаёқда умид ва йиғи,
Ҳозирча юлдузлар сузишар чексиз дарёда,
Деразалар йиғи
Ва остоналар ҳам йиғидан тўзган,
Йиғи тўлқин каби улар қамчинлар лунгисини.
Йиғи сингиб кетган чойшаб ва ёстиқларга,
Федерико!
Сен дунёни кўрмакдасан, кўряпсан кўчаларни,
Сиркали, тўзонли бекатда хайрлашувни,
Ҳамма ерда савол бергувчи одамларнинг тўдаси бордир,
Жавоб йўқдир уларга,
Бор аламли, қаҳрли, қонли басир,
Ва кўзёш ҳамда тикан дарахти,
Ва ҳасад орқалаган ёвуз қароқчи.
Ҳаёт шундай Федерико, ва булар менинг
Сенга ғариб орқадошлик туҳфалари(м)дир,
Жасур, дардкаш бир марднинг илтифоти,
Сен-ку ўз ҳаётингда кўп нарсага етишдинг,
Кўп нарсага ҳали кўп етишгайсен давомат.

ҚОРА ЎРМОН. АДАШДИМ…
Қора ўрмон, адашдим, кесиб олдим бир новда
Қуршаган лабларимга унинг шивирин тутдим.
Бу, эҳтимол, селларнинг, парчаланган жомларнинг
Ёки яра юракнинг инграган овозидир.

Нимадир йироқлардан етиб келар дафъатан.
Ул – теран яширинмиш, тупроқ остида қолмиш –
Намхуш кўр ойдинда сочилган барглар аро
Бир вақт хазон сипоҳи кўмиб кетган ҳайқириқ.

Ўрмон маҳв этолмади, лабларимда уйғонди,
Ёнғоқ дарахт новдаси бўғиқ ва сокин куйлар.
Новданинг титрак бўйи қуюлади онгимга.

Гўё мени топмишдир унут бўлган илдизлар,
Олис болалигим-ла қўлдан учган Ватаним,
Мени ҳушдан аюрди новданинг хуш бўйлари…

Рауф Парфи таржималари

neruda***
Ўсимлик, шароб ёки тошнинг оти – Матильда,
не туғилган, неки мавжуд – у барининг отидир.
Бу исмнинг шуъласидан тонглар ёришар ногоҳ,
бу исм парвозидан турунжлар ёлқинланар.

Бу исмда кемалар сузиб юрар бемалол,
йўл кўрсатар денгизнинг ложувард чироқлари.
Бу исмнинг ҳарфлари – сувнинг нуқра оқими,
қақраган юрагимнинг чанқоғини босади.

Мен чирмовуқ остидан излаган ушбу исм
гўёки Боғи Эрам, ё жаннатга элтувчи
ер ости йўлагининг сеҳрли туйнугидир.

Қайноқ бўсаларингга кўмиб ташлагин мени,
жонимга қада, майли, тунги нигоҳларингни,
фақат исмингда юзиб, ухлашга изн бергин.

***
Севгим, бўсагача бўлган йўл узоқ,
сафарда йўлчини қийнар ёлғизлик.
Ёмғирда ивийди сарсон поездлар,
Талтарга энмади то ҳануз баҳор.

Лекин биз биргамиз, о, муҳаббатим,
илдизлардан тортиб кийимларгача,
куз каби, сув каби ва сонлар каби
биргамиз бегона, айридан кўра.

Қанча қум, қанча тош, қанча шағални
дарё Бароага оқизиб кетди,
қанчалаб миллатлар, қанча поездлар

инсоният билан, чиннигул билан
зуваласи битта севишган, севган
ошиқ-маъшуқларни айириб қўйди.

***
Бинафшадай тикандан тож кийган золим севги,
эҳтирослар зўридан ҳурпайиб олган бута,
ғазаб оти яғринин яра қилган ғам тиғи,
нечун, қай йўллар билан юрагимга йўл солдинг?

Менинг барги резонлар тўзган сўқмоқларимга
нечун ташлаб юбординг ҳасратларинг ўтини?
Ким у сенинг йўлингни менинг қошимга бурган,
ким у кулбам кўрсатган, гулми, тошми, тутунми?

Ваҳим тунни қўрқувлар босиб келар бегумон,
шафақ қадаҳларини майга тўлдиргани рост
ва рост кўкдан қуёшнинг жизғанак куйдиргани.

Севги эса, севгижон бўлди менга парвона,
бағримни тилка қилди найзалари, тикони,
куйдиргижон оташи юрагимга йўл солди.

***
Бирга кетайлик, дедим, токи ҳеч ким сезмасин,
менинг ғуссали жуссам не дарддан тўлғонишин.
На қўшиқ, на чиннигул насиб этмади, дилда
ҳимоясиз севгининг теран оғриқлари бор.

Бирга кетайлик, дея эландим мен такроран,
лабларимда қонаган ойга парво қилмаслар.
Қон сатҳи кўтарилар, бирор кимнинг иши йўқ,
юлдузлар тиконини эсла, майли, муҳаббат.

Бирга кетайлик, деса қўнғироқдай овозинг
майшиша очилгандай ташқари тошиб чиқар
азоблар, муҳаббатлар, нафратлар – бари-бари

банди бўлган қоронғи ертўласидан шитоб,
оташнинг унут бўлган  таъмини туяр лаблар,
тош ҳам, қон ҳам ва гуллар ҳам мени куйдирди қайта.

***
Ўр тошга тўқинар тўлқин зарбаси,
оламлар ёришар – потрар атиргул! -
Кўкимтир шўр томчи ва ғўр узумга
дўнади денгизнинг дунёқараши.

Эриб гул бўлади магнолиялар,
фусункор дайдишлар, гуллаган ўлим,
фанодан бақога мангу қайтишлар,
туйилган тузларнинг эврилишлари.

Ҳимоят этгумиз сукутимизни,
муҳаббатим, денгиз қийрата бошлар
завқининг ҳайкал ва минорларини.

Эҳтимол, шунданми, нам ва қумлардан
иборат кўз илмас ҳужайраларда
қувғиндан асраймиз назокатни биз.

***
Ишқ судраб келадир ҳасрат тўрини
ва балиқлар сокин живирин.
Уларга боқмагин — ҳеч бир жароҳат
бизни айрилиққа этолмас дучор.

Кўзларинг айблимас кўзёшлар учун,
қўлларинг санчмади бу ханжарни, йўқ,
оёғинг бу йўлни изламаганди
дилга аччиқ шароб қуйилар бу чоқ.

Сермавж муҳаббатнинг саркаш тўлқини
бизни ирғитдию харсанглар томон
бир нав ундан қорди зуваламизни.

Бир ғаму ғуссага этди гирифтор,
бир фалакдан нур сочди бизга,
хаста баҳор билан сийлади бизни.

***
Муҳаббатим, энди уйга қайтамиз.
Балки чирмовуқлар етгандир томга,
сенинг тўшагингга сен ётмай туриб,
ёзги чошгоҳ кириб ухлаб ётгандир.

Дунёни кездилар дайди бўсалар:
Ҳаястон — сершира асал томчиси,
Сарандиб — ям-яшил кабутаргинам,
Янтсизи кун ва тун оралиғидир.

Денгиз шовқинини енгамиз энди,
қайтамиз бир жуфт кўр қушчалар каби
олис уясига баҳоримизнинг.

Ахийри, ишқнинг ҳам парвози тугар:
тошлоқ қирғоқларга қайтди умримиз,
бизнинг ўпичлар ҳам уйга қайтдилар.

***
Чакалазор, адашдиму кесиб олдим бир шохни,
унинг сокин шивирларин лабларимга тутдим мен.
Бу эҳтимол, йиғлоқи бир жаланинг шовуридир,
ёки синган қўнғироқнинг, ё яра дил ноласи.

Ногаҳонда йироқлардан бир нимарса чалинар,
теран-теран яширинган, тупроқ остида қолган,
намхуш ойлоқ шомлар аро, тўзғин хазонлар аро
унини куз аллақачон ўчирган бир сас-садо.

Чакалакзор уйқусидан лаблар тегиб уйғонган
ёнғоқ шохи бўғриқиб, жим куйлаб юборди бехос
ва ул шохнинг дайди иси шууримга урилди,

гўё мени излаб келмиш унут бўлган илдизлар,
менинг олис болаликда йўқотган ҳур ватаним.
Ёнғоқ шохин бўйларидан маст бўлиб тонг қотдим мен.

***
Кўзларинг ёнмаса, шамсу қамарим,
ё кунранг, ё кулранг бўлмаса улар,
гар ҳаво бўлмаса тасарруфингда,
агар сен каҳрабо ҳафта бўлмасанг,

агарки бўлмасанг заъфарон лаҳза,
ё куз печак тўлиб ўрмалаган он,
агарки осмонга ой унлар сепиб,
ёпган нон бўлмасанг, хушбўй, жиззали,

Суйгилим, мен сени севмасман асло.
Лаҳза, қум, ёмғирнинг хушбўй дарахти
менинг мавжудлигим учун яралган.

Кўзларим илғаган бор нимарсани,
гулим, сенинг билан бирга қучарман.
Неки бовужуддир, сенда мужассам.

***
Мушк-анбарлар ошён қуриб ёйилган,
Намхуш қанотларин ҳорғин силкитиб
қишдан омон чиққан қушлар сайр этган
ўша тентак дара ёдингда бор-ку.

Эсларсан Момо-Ер инъомларини:
бу димоқ ёрар бўй, бу заррин тупроқ,
бефаҳм илдизлар, кўм-кўк майсалар,
жодули тиғи бу тиканакларнинг.

Эсларсан — кўпикда қолган тош каби -
зулумотдан, сукунатдан ва сувдан
олиб келтирганинг дарахт шохасин.

Бари ғайриоддий, бари одатий,
бировлар кутмаган  жойга кетурмиз,
кутган нарсамизни топурмиз излаб.

***
Севмайман, севаман. Англагин, шундай.
Ҳаёт севмаслик ҳам, севмоқ ҳам демак.
Сўз бу сукунатнинг қанотларидир,
ўт қадрин совуқсиз англамоқ мушкул.

Севаман мен фақат севмоқлик учун,
эришмоқлик учун қайтадан эркка,
ўгирмаслик учун муҳаббатдан юз, -
мана, нечун сени севмам ҳеч қачон.

Севмайман, севаман, гўё қўлимда
тутиб тургандайман бахтнинг калитин
ва дил бир балони сезаётгандай.

Севмоқ-чун кўрарман қўшалоқ умр:
астойдил севаман севмаган дамлар,
севаётган чоғлар чиндан севаман.

P.Neruda bookМУШУККА ҚАСИДА

Ҳайвонлар даставвал норасо бўлган,
ёки думи узундан-узун,
ёки боши кичикдан-кичик.
Ғам ейишиб бироқ кун-бакун
яратдилар ажиб бир ҳолат:
чиройли бўлдилар жуда ва жуда,
қашқалари ярашиб,
учадиган бўлдилар улар.
Мушук эса
ва фақат мушук! -
мағрур ва мукаммал келди дунёга,
нозланиб юрар,
билиб босар ҳар бир қадамин.

Балиқ ё қуш бўлмоқни исташи мумкин одам,
қанот чиқаришни истар, масалан, илон,
шерликни исташи мумкиндир ит ҳам,
шоирликни — муҳандис.
Қалдирғоч бўлишга интилар пашша,
пашшага тақлидни ёқтирар шоир,
мушук-чи, у мушук бўлгиси келар,
ҳар қандайин мушук мушукдир фақат,
ҳа, мушукдир мўйловидан думига қадар,
сергакликдан илдам каламушгача,
тундан то ёнгувчи кўзлари қадар
у мушукдир.

Дунёси кўрмаган бундайин ҳолни,
бўлмагандир бундай расолик
нафақат Ой, гулда ҳам ҳатто,
бошдан-оёқ мушукдир ул.
У нуқрадай, қуёш сингари
бус-бутундир ва мукаммалдир.
Мулойим жуссасининг
пахмоқ кўринишлари
кема бурнидаги суратга ўхшар,
сап-сариқ кўзлар
фақат тирқиш бўлиб кўринар,
тун унга ташлайди ўз тангаларин.

О, давлатсиз митти бир ҳоқон,
беватан жаҳонгир,
жажжи арслон,
томлар осмонининг султони
ёмғирли куларда ишқ шамолларин
чорлагувчисан,
икки жуфт келишган оёқларингни
бир-бир босиб юрарсан ерда,
ишонмайгина
ҳар нарсани ҳидлаб кўрарсан.
Бунда ҳамма нарса ифлос, нотоза
мушукнинг топ-тоза оёқлари-чун.

О, сен эмин хонаки йиртқич,
туннинг такаббур сарқити,
эринчоқ, чаққонсан ҳам бегонасан,
юнгинг,
тирноқларинг қадар мушуксан.
Махфий полицияси тураржойларнинг,
йўқолган бахмалнинг қолдиғи,
жумбоқ йўқ, албатта, қилиқларингда,
эҳтимол, сен унча сирли эмассан,
сени ҳамма билар — сен,
махлуқсан, унчалик сирли бўлмаган,
балки бунга ҳамма ишонар
ва санар ўзини
хўжайини, эгасиман деб,
дўстиман деб мушук зотининг,
қариндоши, шогирдиман деб…

Мен эсам – йўқ.
Мен бунинг остига чекмасман қўлим.
Мен мушукни билмайман.

Биламан ҳаммасин — ҳаёт, денгизни,
беадад шаҳарлар, архипелаглар,
ботаникани,
ғужбаргларнинг қуёшга йўлин,
дунёнинг алдоқчи эҳтиросларин,
тимсоҳнинг ғалати кийим-бошини,
зангор атавизмин руҳонийларнинг
ҳамда ўт ўчиргич зотин сахийлигини,
бироқ мен мушукни англаб етмадим,
унинг лоқайдлиги узра тойинар ақлим,
товланади кўзлари унинг.

Фахриёр таржималари

Pablo Neruda 1Пабло НЕРУДА (1904–1973, асл исм-шарифи Нефтали Рикардо Рейес Басуальто) — Чили шоири, дипломат. Сантьяго университида таълим олган. Чили Сенатининг аъзоси ва дипломат сифатида кўп мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистон (Тошкент)да ҳам бўлган. Нобель мукофоти лауреати (1971).
«Ўлмайдиган одамнинг хатарли қадами» (1926) тўпламида шеърнинг анъанавий ўлчамлари ва кофияларидан воз кечиб, ички кечинмаларни сюрреализмга яқин тил ва образлар билан ифодалаган. «Яшаш жойи – Ер» (1933, 2 жилд), «Юракдаги Испания» тўпламларига кирган асарларида инсоният озодлиги учун кураш ғоялари акс этган. Неруда 1941–44-йиллар марксизм билан қизиқади, Чили коммунистик партиясига аъзо бўлади. Шу йилларда Чили президентини «АҚШ қўғирчоғи» деб ҳақорат қилганлиқда айбланиб, ҳукумат томонидан таъқиб остига олинади. Неруда Мексикага кетади ва у ерда 340 шеърдан иборат монументал асари «Умумжаҳон қўшиғи» (1950)ни ёзади. Асарда Лотин Америкасининг ўтмиши ва бугуни марксистик нуқтаи назардан талқин этилган. Китоб Чилида тақиқланган, коммунистлар уни яширин тарқатишга уринганлар. Неруданинг 1950–60-йиллар ижоди шоир фикр доирасининг кенгайганидан, поэтик маҳоратининг янада такомиллашганидан далолат беради: «Севги ҳақида 100 сонет», «Чили тошлари» (1960), «Диний маросим қўшиқлари» (1961), «Қиёмат» (1963) шеърий тўпламлари, «Қора орол мемориали» автобиографик достони (1964) ва бошқалар.

Маълумот “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”дан

Ижтимоий тармоқларда:
Фейсбук: facebook.com/behzodfazliddin.uz/
Твиттер: twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграм: @Behzod_Fazliddin
YouTube: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 1 391

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *