Посбонлик бахти

Ўғил болага туғилиши биланоқ катта масъулият юкланади. Адашдим, чоғи. Орзуманд ота-она бўлажак паҳлавон учун ҳали у туғилмасдан улкан вазифалар «тайёрлаб» туради. Бир ёқда отанинг эркакларга хос ғурур-ҳаваси, бу ёқда оналик бахтидан масрур аёлнинг оппоқ орзу-умидлари… Уларни рўёбга чиқариш ҳали йиғлашдан бошқани билмайдиган шу бир сиқим чақалоқ зиммасида! Аммо унга ишонишади. Чунки у ўғил бола!9
Жажжи баҳодир Яратганнинг алла воситасидаги қудратидан куч олиб улғаяди. Волидаси юрак дардлари, эзгу ниятларини аллага улаб куйлайди, жўшиб кетса, эртагу достонлардан қўшиб айтади. Қайси онанинг Алпомиш кўргиси, қайси боланинг Алпомиш бўлгиси келмайди, ахир! «Наслимнинг давомчиси, той бола» суяди отаси. «Ҳимоячим қўш бўлди, устунларим кўпайди» ўргилади онаси. Шуйтиб катта бўлади ўғил бола!
Бир қаричлигидаёқ оиласига масъул сезади ўзини. Ҳимоячидай ҳис қилади. Аҳён-аҳёнда шунчаки ёқтиришини сезсин учун таниш қизчанинг сочини тортиб-тортиб қўйгани билан опа-синглисига қўшиб уни ҳам гулдан кўпроқ авайлаб-асрайди. Кимдир у билан муносабатда ҳаддидан ошса, «эркакчасига» гаплашиб қўйгиси келади. Кучи етадими-йўқми, барибир. Калтак еса ҳам, майли. Ҳимоя қила олса бўлди. Бадани ачишиб оғриса, чидайди. Аммо қиз зотининг «Ўл-е, қўрқдингми» дегандай қарашини кўтармайди, кўтара олмайди. Чунки у ўғил бола!
Мактабда ҳам орият, ғурур сабоғи давом этади. Бирор ўртоғи паст баҳо олса ёки ўқитувчидан танбеҳ эшитса, негадир у уялади. Беихтиёр юзи қизариб кетади. Ўзича билинар-билинмас ғўлдирайди: «Ўғил бола яхши ўқиши керак. Чунки у ўғил бола!»
Йиллар ўтиб олий ўқув юртига ўқишга киради. Ватан ҳимояси учун жисмоний-маънавий қувват йиғади.
Тунлари олисда дийдор соғинчи тинч қўймай беихтиёр кўзлари намланганини ҳеч кимга айтмайди. Билдирмайдиям. Укасига онаси, опа-синглиси, яна, бўлажак янгасидан кўз-қулоқ бўлиб туришини алоҳида тайинлайди.
Ҳозир у ўсиб-улғайган, кап-катта йигит. Зиммасидаги шарафли бурч ва масъулият янада ошган. Унга ишонганлар қанча. Ана энди бутун оиласи, юрти – Ватан ҳимоясига отланаётган аҳди қатъий ўғлоннинг шижоатини тасаввур қилаверинг…

Беҳзод

2011

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 751

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *