Қадамингиз қутлуғ бўлсин!

“Кутиб олинг – сиз кутган сайт!” дея жар солмайман. Аммо ушбу сайт бунёд бўлишини кутганлар, хуш ниятли ҳар ишимизда хайрихоҳлар кўплигига ишонаман.
Тўғриси, ҳали шаклланиш жараёнидаги бу сайт тақдимотини бошқача кайфиятда кутгандим. Кейин билсам, аллақачон “сир” очилиб бўлган, баъзилар сайтга шарҳ қолдиришга ҳам улгурибди. Қисқаси, “тақдимот” ўз-ўзидан ўтиб кетибди. Насиб қилгани бўлади-да…
Ўтган куз ўрталарида глобал тармоқ юзини кўрган ушбу сайт ҳақида кўпчиликка эълон қилмай турганимнинг сабаби – материаллар билан бойитиш, дизайн масаласи ва бошқа техник жараёнлар борасида иш ҳозиргача битмаётибди. Қарасам, яна чўзилиб кетадиган. Ўҳҳў, режалаштирилган ишларни амалга ошириш учун ҳали йиллар керак бўларкан. Қўлимда турган материалларнинг ўндан бирини ҳам жойлай олмадим ҳали. Шундай бўлса-да, ҳозирча борига барака деб турамиз энди.
Аслида, сайт очиш нияти туғилганига анча бўлган, ҳар сафар “Шу керакми ўзи?” дея ўйланар, “Ўзимни, бошқаларни чалғитиб нима қиламан”, деган хаёлга ҳам борардим. Қолаверса, вақтимни қизғангандим. Ростдан ҳам, вақтнинг эгови экан бу иш. Кўп материалларни қайта-қайта, сўзма-сўз кўриб чиқишга тўғри келяпти. Бу ёқда бошқа муҳимроқ ишлар бор…
Хуллас, Сўз мухлисларининг қистови ҳам сабаб бўлиб .uz доменида яна бир веб-саҳифа бунёд бўлди. Сайт яхши ният билан – маънавий-маърифий оламимизни бойитиш, икки дунёмиз учун хайрли ишларга ундаш мақсадида ташкил этилди. (“Сайт ҳақида” бўлимига қаранг.) Бунда, албатта, сизларнинг кўмагингизга таянаман. Эслатиб ўтилганидек, бу шунчаки рекламсифат шахсий саҳифа эмас. Насиб қилса, глобал тармоқ орқали бугунги ҳаёт, маънавият ва маърифат, адабиёт, санъат, ижод фалсафаси, таълим-тарбия масалаларида фикрлашамиз, жамиятдаги оғриқли нуқталарга биргаликда ечим излаймиз. Ижод дунёсининг беназир кашфиётларига гувоҳ бўламиз…
Дастлаб сайтга умумийроқ бир ном қўймоқчи бўлдим. Аммо бу, барибир, шахсий веб-саҳифа бўлгани учун шу номда тўхталдик.
Сайтда имкон қадар барча аудитория қизиқишларини ҳисобга олиб, ўрта йўлни тутишга ҳаракат қилдик. Шу боис баъзи жўнроқ туюлган ёки “жиддийлашиб” кетган материалларни тўғри қабул қиласиз, деган умиддаман.
Ўрни келганда, айтиб ўтай. Бугун кўпчилик, айниқса, мутахассислар, интернетдаги маълумотларга шубҳа билан қарайди, имкони бўлса, текшириб, аслият билан солиштириб кўради ва тўғри қилади. Тармоқдаги кўплаб бадиий асарлар матни ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин. Саводхонлик даражаси ҳам ўзига яраша. Не бўлганда ҳам, имкон қадар мукаммал иш қилишга ўрганишимиз керак.
Тармоқда, албатта, бугуннинг донишмандлари – ўз йўли ва эътиқодида собит устоз адиб ва олимлар мактабидан олинган сабоқларни сизлар билан баҳоли қудрат баҳам кўрамиз. Насиб қилса, ҳали олдинда ажойиб лойиҳаларимиз бор.
Шу ўринда хориждаги ўзбек ижодкорларини ҳам ҳамкорликка чорлаб қоламан.
Сайтни яратишда яқиндан ёрдам берган биродарларимиз – Давронбек Тожиалиев ва Дилмурод Аҳмадалиевга миннатдорлик билдираман.
Фикр ва таклиф-мулоҳазаларингизни behzod-fazliddin@bk.ru электрон почтаси ёки қуйида кўрсатилган ижтимоий тармоқлардаги манзилимизга юборишингиз мумкин. Буёғига биргалашиб ишлаймиз.
Қадамингиз қутлуғ бўлсин!

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin

https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://telegram.me/Behzod_Fazliddin
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 568

4 комментариев на “Қадамингиз қутлуғ бўлсин!

  1. Jumagul-suvonova
    16.04.2014 at 08:02

    Tabriklayman! Ishlaringiz xayrli bo’lsin!..

  2. 17.04.2014 at 09:50

    Ha, mukammallik Ollohga hos. Inson ham Inson darajasiga yetishgunicha bir qancha bosqichlardan o’tadi. To’g'ri qarorni tanlaganizdan xursandman.

  3. Gulbahor Said G`ani
    19.04.2014 at 14:49

    Tabriklayman, zo`r ish bo`libdi!

  4. Башорат Отажонова
    17.04.2017 at 14:39

    Табриклайман! Аллоҳ бардавом қилсин!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *