Абдулла Қаҳҳор: Қалб бўлмаган ерда санъат йўқ!

АДАБИЁТ ПОСБОНИ ЭДИ

Устод Абдулла Қаҳҳор 1940 йили Саид Аҳмаднинг “Тортиқ” номли дастлабки ҳикоялар тўпламига бағишланган тақризида шундай деб ёзганди: “Ёзувчининг вазифаси яхши асарлар ёзиш, халқ дилининг таржимони бўлиш билангина чекланмайди, унинг вазифасига адабиётни ҳар қандай бало-қазодан қўриқлаш, адабиётнинг сергак, жасур посбони бўлиш ҳам киради”. Абдулла Қаҳҳорнинг ўзи ана шу сўзларига умри бўйи амал қилиб яшади. Сўз санъаткорининг айтган сўзи билан қилган иши бир бўлиши лозимлиги ва бунга амалда риоя этиш мумкинлигининг ёрқин намунасини кўрсатди. Абдулла Қаҳҳор ўтган аср 50-йиллари охири – 60-йиллари ўзбек адабиётининг чин маънодаги посбони, ғамхўр боғбони бўлди. Буни авлодлар яхши билади!
Устод адиб, айниқса, ёш қаламкашларнинг доно маслаҳатгўйи, қаттиққўл ва меҳрибон мураббий эди. Бугун фаол ижод қилаётган ёзувчию шоирларнинг аксарияти Абдулла Қаҳҳордан маҳорат борасида таълим олганлар. Устоз сўз санъаткорининг бой адабий мероси, адабий ўгитлари ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамияти, қадрини сақлаб келмоқда.
Ижоднинг рангин оламига кириб келаётган бугунги ёш қаламкашлар Абдулла Қаҳҳор адабий хазинасидан ҳали узоқ вақт баҳраманд бўлаверадилар.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 17 сентябрдаги сонидан.

Ижоднинг боши – ёзувчининг мувозанатдан чиқиши, конкрет асар эса шунинг ифодасидир.


Агар ёзувчининг ахлоқ кодекси тузиладиган бўлса, мен ҳалоллик билан шижоатни биринчи модда қилиб қўяр эдим, чунки ёзувчининг бошқа ҳамма хислатлари унинг қай даражада ҳалол, нақадар шижоатли эканига боғлиқ.
Адабий асар ёзиш учун, ҳеч шубҳасиз, талант керак, лекин ёзилган нарсани ўчириш, китобхонга зарур гапларнигина қолдириш учун талантнинг ўзи кифоя қилмайди, инсоф ҳам керак.


Шундай ёзувчилар бор: умрининг биринчи ярмида ном чиқаради. У номини боқади. Умрининг иккинчи ярмида номи уни боқади. Адабиётда бундай бўлмаслиги керак. Катта ёзувчини катта ёзувчи, ёш ёзувчини ёш ёзувчи, деб тўғри айтавериш керак.


Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди.


Иллатларга қарши курашар эканмиз, бир томондан, иллатни баҳона қилиб ҳаётимизни қоралашга уринадиган кишиларга йўл бермаслигимиз, аввалда димиқиб қолган ва энди очиқ ҳавода хурсандлигидан ўйноқлаб «полизни бузадиган» кишиларни танқид қилишимиз, иккинчи томондан, иллатларга қарши курашда бизга халал берадиган кишиларга зарба беришимиз керак…


Классикларда ҳам, халқ адабиётида ҳам одатан йигитлар яхши кўрган қизларини мақташар эди: кўзинг ундоқ, ўзинг бундоқ дейишар эди, ҳозирги кўп ашулаларда қизлар ўзларини мақташади: у ёғим бундоқ, бу ёғим бундоқ дейишади.
«Эй шоир, ташаббус эркакдан бўлиши керак, булбулнинг ҳам эркаги сайрайди-ку!» дейдиган одам йўқ.


Кўпгина ҳунармандлар қариганда суйган ҳунаридан маҳрум бўлади: улоқчи от чополмайди, сурнайчи яхши пуфлолмайди, ўйинчи оёғини кўтаролмай қолади. Ёзувчи дутор ёки винога ўхшайди — эскирган сайин очилади, қуввати ошади.


Эсон-омон олтмишга кирганимга хурсандман. Бу тўғрида бирдан-бир хурсанд бўладиган жойим бор: ёзувчиликда қирқ йиллик тажриба орттирдим. Бу тажриба умримнинг қолган қисмини самарали ўтказишимда менга жуда қўл келади.


Минг кетмон уришга, тоғни қўпориб ташлашга қодир одам бир кетмон уриб қўйиб керилмайди, ўзини елпимайди, таҳсин ва офарин кутмайди. Бир кетмон уриб, таҳсин ва офарин умидида атрофга қараган одам шу билан иккинчи кетмонни уришга ожизлигини кўрсатади.


Одам ўзининг гуноҳини бошқа бировнинг гуноҳи билан ювмоқчи бўлиши чакки, чунки гуноҳни гуноҳ билан ҳеч қачон юва олмайди.


Ёзувчи ёшлигида ёшлигига риоя талаб қилса талантига шира тушади, эрта қарийди, кейин қарилигига риоя талаб қилади-ю, умумадабиёт газини кўрганда қунишади, инқиллайди…


Ёзувчи адабиётга икки хил киради: биринчи асари билан тутаб, биринчи асари билан яшнаб киради.


Тутаб кирган ёзувчи узоқ тутайди, кўнгилдан чиқариб эмас, қориндан чиқариб асар ёзади, ёзувчилик умрининг охиригача тутайди, ҳеч қачон ёруғлик чиқариб, ҳеч кимнинг диққатини жалб қилмайди. Ёзувчиликка чўғдай яшнаб кирган ёзувчи асардан асарга яшнай беради (қорнидан чиқариб эмас, кўнглининг розига айланган нарсалар ҳақида ёниб асар ёза беради), бундай ёзувчилар биринчи асари биланоқ адабиёт муҳибининг диққатини жалб қилади. Ниҳоят, охирида абадий сўнмас ўтга айланади. Мен адабиёт муҳибиман. Шунинг учун адабиётга яшнаб кирган ёшларни кўриб, қувониб кетаман, қувончимни ўша ёшнинг ўзига миннатдорлик изҳор қилиб айтаман. Бу яшнаган чўғни елпиш демакдир…


Адабиётда умр бўйи тутаб юрган ёзувчилар ҳеч қачон ўз маҳалласи доирасидан ташқарига чиқмайди, лекин ўзини классик ҳисоблайди. Шунинг учун буларни маҳалла классиклари деб аташ мумкин.


Танқид адабиётимизга катта адабиёт чўққисидан қарамаётир. Маҳаллий классиклар пайдо бўлаётипти. Бу классиклар асарлари рус тилига таржима қилинмаслигидан манфаатдор.
Ғалати-ғалати “назария”лар ўзи кўкариб, ўзи қуриб ётипти. Бир вақтлар ижобий қаҳрамонсиз асар бўлиши мумкин эмас деган “назария” чиққан эди, ҳозир комедияда ижобий қаҳрамон шарт деган “назария” ўрмалаб юрипти. Бунақа ҳодисалар билан ҳеч кимнинг иши йўқ.
Танқидчиларимиз иттифоқ доирасига чиққани уринмаётипти, “шу ернинг ўзи тинч” дейишади.
Аруз соҳасида тайинли бир гап йўқ, аруз ҳозирги поэзиямизнинг асосий йўлларидан бўла оладими? Аруз кўпинча формализмга хизмат қилаётипти-ку!


Болалигимда бир картина кўрган эдим. Бош ролни Чарли Чаплин ўйнаган эди, шекилли. Қаҳрамон ношуд, нотавон – ҳеч ишга ярамайди. Ниҳоят, бир қариндоши уни ўт ўчириш командасига ишга олади.
– Бу ерда нима иш қиламан? – деб сўрайди қаҳрамон.
– Мана бу шланг,– дейишади унга,– қаерда ўт ё тутунни кўриб қолсанг, дод солиб сув сепаверасан.
Қаҳрамон шу ишга ярайди, лекин унинг олдида на чироқ ёқиб бўлади, на папирос чекиб – дод солиб сув сепаверади.
Фаросатда шунга тенг келадиган танқидчидан худо сақласин!


Ёзувчини ҳеч қачон ҳеч ким кўтармайди. Яхши ёзувчини яхши асарлар кўтаради, яхши ёзувчи кўтарилиб кетганини ҳатто ўзи ҳам билмай қолади.


Микроб қанчалик хавфли бўлса, уни шунчалик катта қилиб кўрсатадиган микроскоп керак. Сатира ўтига учраган киши виждони бўлса одамларнинг юзига қаролмайди, виждонли бўлмаса оҚзидан кўпик сочиб, ёзувчининг кетидан болта кўтариб югуради.


Адабий асар ёзиш учун, ҳеч шубҳасиз, талант керак, лекин ёзилган нарсани ўчириш, китобхонга зарур гапларнигина қолдириш учун талантнинг ўзигина кифоя қилмайди, инсоф ҳам керак.


Болалар ёзувчиси, шубҳасиз, талантли, билимли педагог бўлииш керак, лекин буларнинг устига ўзи одамохун бўлмаса, қадри бир пул.


Заруратсиз, ички дардсиз, эҳтироссиз ёзилган асар ўлик бўлади. Бундоқ асарга ҳеч қанақа ғоя, муҳим мавзу жон кирита олмайди.


Адабиётга ўғри мушукдай туйнукдан тушадиган одамлар ҳам бўлади. Булар адабиётни ҳунардан касбга, яъни сабаби тирикчиликка айлантириб олишади. Бунақа одамлар қадим замонда ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор, эҳтимол, бундан кейин ҳам бўлса.


Ҳаёт магнит – ўзига тортади, ёзувчи шу магнитни ўзига юқтира олсагина китобхонни ўзига торта олади.


Бошқа ишга ярамай адабиётда танқидчилик қилиб кун кўриб юрган танқидчи қўрқоқ қоровулдай ҳар шарпадан чўчиб шақилдоқ чалаверади.


Асар қовоқари чаққандай семиз…


Семиз китобнинг юраги яхши тепмайди…


Хомсемиз асар устидан асфалт қиладиган машина ўтказиш керак.


Ёзувчиликнинг бошқа ҳунарлардан фарқи – ёзувчи ўзини ўзи операция қилади: ёзганини қисқартириб ташлай олади.


Бунга ўхшаган ёзувчининг олдидан илҳом париси паранжи ёпиниб ўтади…


Бу китобингиздан сиз адабиёт фонди берган пулга яраша ҳаётни ўрганганингиз шундоқ кўриниб турибди…


Ҳа, ўқидим, лекин ҳазм қилиб бўлмайдиган асар экан. Палағда тухумга мурч сепиб берган билан уни еб бўлмайди-ку?!


Асар агар катта адабиётга кирмаса асар эмас. Бордию бўйнидан бойлаб олиб кирилса, у оёқости бўлади.


Ёзувчининг маҳорати шундаки, бутун баҳорни атиги чигитдек келадиган ғўза ичига қамаб бера билади…


Муҳаббат дутор, эҳтиёт қилиб тутмасанг, тоб ташлайди.


Бошқа ишга ярамай адабиётда танқидчилик қилиб кун кўриб юрган танқидчи қўрқоқ қоровулдай, ҳар шарпадан чўчиб шақилдоқ чалаверади.


Бу одам ёзувчилик меҳнатини фақат ёзишдан иборат деб ўйлайди.


Адабиёт атомдан кучли, лекин унинг кучини ўтин ёришга сарф қилиш керак эмас.


Адабиёт – ҳунар, уни касбга айлантириб олган ёзувчи олмага тушган қуртдан фарқ қилмайди.


Гап қанча яхши бўлса, у шунча қисқа бўлади.


Кўп сўз ёлғоннинг юзини пардалаш учун керак. Ҳақиқат шундай жононки, пардоз унинг ҳуснини бузади.


Ғунча гулдан ҳам гўзалроқ. Чунки унинг бағрида икки ҳаёт – ўз ҳаёти ва яна гул ҳаёти бор.


Шундай танқидчилар ҳам борки, бир ёзувчининг бир асарини танқид қилиб қўяди-да, кейин шу авторнинг янги асарини кутади. У тўғрида “яхши гап айтиб, аввалгисини ювмоқчи” бўлади.


Талант учун энг хавфли шира “офарин”чиликдир.


Туйғусиз, илҳомсиз ёзилган асар чангланмаган гулга ўхшайди – мева тугмайди.


Қалб бўлмаган ерда санъат йўқ!

Абдулла Қаҳҳор қайдларини сайт муаллифи саралади.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.