Қиш эртаги

Паға-паға қор эди,
Қиш ўчоғи тор эди.
Ўз уйимда ўз иним,
Тур, уйингга бор, деди.

Гангиб қолдим дафъатан,
Қор урар ҳар тарафдан.
Изғиринда қотмаган,
Карахт бўлдим бир гапдан.

Тинмас осмон элаги,
Ерни оққа белади.
Шундай оппоқ оламда
Зирқирайди юрагим.

Бўрон бошлар дийдиё,
Юпун қишлоқ зим-зиё.
Кўча томон – увуллар –
Бўримиди, итми ё.

Тутун пуркар мўрилар,
Аёздан ҳам зўр улар.
Энди ичимда гала –
Увуллайди бўрилар.

Паға-паға қор эди,
Қиш ўчоғи тор эди.
Ўз уйида бир одам
Ўз ўрнига зор эди…

2013

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.