Кун шеъри: Қодирий ва ҳозирги ёшлар

Ҳозирги ёшларда
покизалик бор,
тирик қалбларига диёнат эга,
гўё пок табиат ёмон кўзлардан
асраб қўйганларин шуларга берган.Qodiriy2
Агар тирик бўлса, бир четда турмай,
ҳозирги ёшларга сардор бўларди,
гоҳ кўкдан ёғилган,
гоҳ ердан чиққан
туҳмату балога қалқон бўларди.
Ҳозирги ёшлар ҳам турармиди жим,
йиғиштириб қўйиб шахсий ҳасратин,
ўз нафси йўлида ҳар нега қодир
ювуқсиз каслардан уни асрарди.
Синдириб ташларди
унинг бўғзига
ўрлаган қўлларни биттама-битта,
бор овози билан полончилармас,
халқнинг боласиман деган йигитлар.
Қодирий ўйланар юксак-юксакда,
пайқамай вақтнинг тўсу тўсларин,
пойига қўяди қўллари титраб
қариган гулларин
содиқ дўстлари…
Аммо у юксалган улуғвор тошдай,
кўрмас дўстларининг йиғинларини.
Эшитмас жомларнинг жаранглари-ла
оташин алёру йиғиларини.
Билмадим,
дўстларин танирмиди у,
пойига барини ҳайдаб келди вақт…
Бас, эй, Қодирийнинг пойидагилар,
у дўстлар овозин эшитар фақат.
Вақт келиб,
қариса ҳозирги ёшлар,
тўла узмоқ учун умрлик қарзин:
вой, дўстим, жигарим,
биродарим деб
Қодирий пойида йиғласа арзир.
Шунда бир сесканиб,
чин дўстларига
ўзининг мозийдек қучоғин очиб,
юксакдан эгилар,
минг бор эгилар,
тупроққа теккунча нуроний боши.
Шавкат РАҲМОН
Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin
 
 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *