Бу қор биринчи ё охиргисимас…

ҚОРШЕЪР

Осмон бодроқ тўкди кун бўйи –
Борлиқ қўйни тўла оппоқ дур.
Табиатнинг бу кумуш тўйи
Бўғотларга улашар ҳузур.

Кўпни кўрган оғочлар яна
Елкасига олар бор юкни.
Ҳали давом этар тантана –
Асраш керак ҳар нозикликни

Кекса мўри зерикмас чекиб,
Лек ҳавони қилмас бемаза.
Изғириннинг қалами тегиб
Гулзор бўлиб кетди дераза.

Оққуш бўлиб қанот ёзайлик!..
Хаёлларнинг йўқдир поёни.
Ташқарига шошар гўзаллик
Шарфга ўраб олиб ҳаёни.

Поклик чулғаб борар ҳар ерни,
Оқлик инар далаю боққа.
Аёзкотиб энг дилбар шеърни
Доғ юқтирмай кўчирар оққа…

2008 

shu kecha ertagin tugatmasa qor*** 

Шу кеча эртагин тугатмаса қор,
Сен совуқ қотмасанг – уйга кирмасак,
Оқ, оппоқдан бўлак рангни билмасак,
Майлига, кечикса кечиксин баҳор.

Эртани ўйлама, чўчима сира,
Айни дам йиқилиб тушмасанг бўлди,
Қўлимдан маҳкамроқ ушласанг бўлди,
Ҳар босган изимиз – биллур хотира.

Кумуш осмон гулдай сочар меҳрини,
Оҳиста чекиниб тун пардалари,
Юзингда порласа ой парчалари,
Қорлар ўчиролмас севгим муҳрини.

2008 

ҚОРХАТ

Субҳоналлоҳ, оппоқ нур ёғар кўкдан,
Лаҳзада ўзгарар мезон куйлари.
Оқ яктак кийгач ҳам оғочлар ўктам,
Борлиққа ярашиб турар бўйлари.

Аста гулга дўнар шаффоф томчилар,
Севгимиздай нафис, меҳримиздай пок.
Гўё Орзу сари йўллар очилар,
Олдга бошлар ҳассос илоҳий идрок.

Ҳикматлар ўқиймиз оппоқ дунёдан,
Бахтли саҳфаларни очиб бирма-бир.
Сўзлар ярми кумуш, ярми тиллодан,
Олам тўла маъно, олам тўла сир.

Бу қор биринчи ё охиргисимас,
Биздан олдин, биздан кейин ҳам бордир.
Хотималар абас, ҳижронлар абас,
Ҳали ҳаётимиз биринчи қордир.

Шукрона илмини ўргансин юрак,
Ёмғирига шукур, қорига шукур.
Менинг қорхатим ҳам шу эзгу тилак:
Борига барака, барига шукур!

2011

*** 

Оққа буркаётир заминни само,
Биллурланиб борар заъфарон олам.
Саранжом оқсочга ўхшайди шамол,
Кумуш тангаларни сочар хотиржам.

Раҳмат парчалари ёғиб дамодам,
Қаён борсам, аста ортимдан чопди.
Гўё фаришталар тушиб самодан,
Бошимни силади, юзимдан ўпди.

Йўқ, ҳозир бошқаси келмас қўлимдан,
Тўйиб тикиламан етиб васлига.
Беҳисоб мўъжиза ўнгу сўлимда,
Беқарор бу қалб ҳам қайтган аслига.

Йиғиштириб қўйиб ҳамма нарсани,
Ўйладим, ўйларим ёруғлик бўлди.
Лаҳзага бехато улаб лаҳзани,
Сўраганим оқлик – улуғлик бўлди.

Воажаб, ҳаммаси кийинмиш бирдай,
Ёш-қари уйларнинг бошида оқ бўрк.
Мени ҳайратларга тўйдирмоқчидай,
Кўзимга мўъжиза тўкаверди кўк…

2011 

АЁЗ

Аччиқ совуқ, жимирлар этинг,
(Кўпни кўпга қўшмас забунлик.)
Қотиб қолар бир зум саботинг,
Жондан ўтиб кетгач юпунлик.

Олислардан келгандинг оқиб,
Яшамоқчи эдинг одамдай.
Жовдирайсан офтобга боқиб
Бевақт гулга кирган бодомдай.

Омонатни омон еткарсанг,
Икки дунё ёруғдир юзинг.
Тўқсонини шуйтиб ўткарсанг,
Қандай бўлар аямажузи?

Ёдга тушар шамдай ҳаётинг,
Лақиллашни бас қилгинг келар.
Ё сандалда қўр бўлгинг ёки
Тарновларда осилгинг келар…

2011

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 927

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *