“Қўшиқ учун шеър ёзасизми?”

Ўзини санъаткор санаб юрган бугунги кўпгина хонандалар, айниқса, ёш ижрочилар ижодга, сўзга масъулият билан ёндашиб, шеър ва оҳанг уйғунлигига жиддий эътибор қаратганларида, сўз юкини ҳис қилишга уринганларида эди, енгил-елпи хиргойилар, асаббузар бачкана “қўшиқ”лар бу қадар урчиб кетмасмиди…

Яхши қўшиқ яратмоқ учун, албатта, ҳофизлик истеъдоди билан бирга, профессионал шоирлар билан ишлаш, доимий мутолаа, китобга, адабиётга меҳр зарур.

Менга хонандалар ҳамкорликда ишлаш таклифи билан мурожаат қилиб туришади. Уларга баъзи талабларимни – буюртма асосида ёзмаслигим, китобларимдан маъқул келган шеърларни қўшиқ қилиш мумкинлиги, фақат бирор жойини ўзгартиришга зарурат сезилса, маслаҳатлашиш кераклигини айтаман. Аслида, бу талаб ҳам эмас, сўз ва ижод масъулиятини ҳис қилишга ундашдир. Шу шартга кўнган баъзи хонандалар билан ишлаб кўрдим. Ҳатто бири тайёрлаган қўшиқни кўпчиликка эълон қилмасдан олдин бориб эшитиб келдим… Лекин аксариятининг сўзга муносабатидан ҳафсалам пир бўлган!

Юзаки қараганда, ғалати туюлади: ахир шеърингни қўшиқ қилаётганига хурсанд бўлмайсанми? Йўқ, яна бир бор йўқ. Назаримда, бугунги ёш ижодкорларнинг катта камчиликларидан бири шеърининг қўшиқ бўлгани, янада аниқроқ айтганда, оммалашгани билан фахрланиши, яхши шеърга қўйиладиган талабга шу мезон билан ёндашаётганидир. Оддийроқ қилиб айтса, шеъринг қанча кўп қўшиқ бўлса, сен шунча яхши шоирсан! Шундайми? Бадиий ижод моҳиятини тушунган зукко кишилар ҳозир бу гапга мийиғида кулиб тургани аниқ.

Эшигидан ҳайдаса, тешигидан кириб “юлдуз”ларга “шеър” тутаётган, майда манфаатлар йўлида ҳар мақомга йўрғалаётган юзсиз сўзфурушлар бугун шоир деган муқаддас ном қадрини тушириб юборди. Натижада хонандаларда, оддий халқда “Шоир шунақа бўлади” деган тушунча пайдо бўлгани рост. Омади чопган, пул қутуртирган “супер”лар эса ўзига “хос шоир” тайинлаб, йўталигача “шеър” қилдирадиган бўлди…

Шу маънода бугунги кўплаб хонандалар ва сўзфурушлардан яхшигина гинам бор. Бу ўринда улуғ шоирлар номидан гапираётгандек туюлсам, маъзур тутасиз. Нима демоқчиман? Агар хонандалар мумтоз мақом касб этган беназир шеъриятимиз, ҳеч бўлмаса, ХХ аср назмининг гўзал намуналаридан дурустроқ хабардор бўлганларида, ўзини ҳам, сўзни, бизни ҳам бунчалик қийнамасдан, сермазмун ва дилтортар қўшиқлар яратарди-ку! Чўлпон, Ойбек, Миртемир, Усмон Носир… ва ҳатто Рауф Парфи ижодида гўзал қўшиқларга асос бўлгулик, сатрларидан латиф наволар таралиб турган лирик дурдоналар қанчадан-қанча!..

Тўғри, умрбоқий асарлар яратиш кўпинча катта санъаткорларга ҳам насиб этмайдиган неъмат. Аммо ўзини ҳурмат қилган, санъатни севган, мухлисларни қадрлаган ижодкор имкон қадар умри узун асарлар яратишга ҳаракат қилади. Бугун аксарият қўшиқчилар учун ўлмас асарлар эмас, ўткинчи машҳурлик, сунъийдан-сунъий ялтироқ юлдузлик ҳаммасидан устунга ўхшайди. Қўлидан келса, осмонга уй қуриб олмайдими, лекин бундайлар кўпчилик, айниқса, ёшлар маънавиятига жиддий салбий таъсир кўрсатаётгани хавотирга солади кишини.

Яхшилаб ўйлаб қарасам, нуқул танқид қилиш ёки ўзингни четда тутиш билан иш битмас, аксинча, аҳволни яхшилаш учун имкон қадар ҳаракат қилавериш керак экан. “Тушларингдан чиқиб келдим” китоби ана шу ниятда, сўз ва санъатимизнинг куюнчак мухлислари таклиф-истакларига кўра дунёга келди. Китобга Ватан, табиат, ота-она, ёшлик, бахт ва севги-муҳаббат мавзусидаги шеъру бадиҳаларимиз жамланди. Айримларининг бадиий савиясидан хижолат чекаётган эсам-да, уларни ҳам мумтоз лаҳзаларнинг қиёмига етмаган шеърлавҳалари сифатида қабул этгайсиз.

“Тушларингдан чиқиб келдим” нафақат шеърият мухлислари, балки кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган бўлиб, турли тадбирлар, тарғибот дастурлари ва қўшиқлар учун ҳам керакли манба бўлади, деб ўйлаймиз. Улардан байрам тадбирлари, тўй-тантаналарда муаллифлик ҳуқуқини бузмаган ҳолда, қўшиқлар учун муаллиф билан бамаслаҳат фойдаланиш мумкин.

Маъқул бўлса, бош устига. Камчиликларига эса узр!

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.