Рабиндранатҳ Тҳакур. Кутубхоналарнинг фойдаси

Улуғ асарлар, улуғ адабиёт яратиш учун буюк истеъдод, буюк қалб, буюк мақсад керак. Рабиндранатҳ Тҳакур ана шундай гениал инсон эди. У “Маҳабҳорат”, “Рамаяна”, “Панчатантра” сингари ўлмас асарлар яратган, кўпасрлик жуда қадимий тарихга эга бўлган Ҳиндистон адабиётида янги порлоқ саҳифа очди. Бангол адабиётида, умуман, ҳинд адабиётида янги даврни асослаб берди.R.Thakur
Тҳакур инсонпарвар адиб, шоир, носир, драматург, композитор, рассом, файласуф, жамоат арбоби, мураббий, маърифатпарвар сифатида халқ орасида катта ҳурмат-эътибор қозонди. У 1913 йили Осиё ёзувчиларидан биринчи бўлиб халқаро Нобель мукофоти билан тақдирланди.
Рабиндранатҳ Тҳакур ижоди Ҳиндистон адабиётида бутун бир даврни ташкил этади. Адиб ўзидан жуда бой адабий мерос – кўплаб шеърий тўпламлар, романлар, қиссалар, ҳикоялар, пьесалар, ранг-баранг публицистик асарлар, адабиётшунослик, тилшунослик, фалсафа, дин, педагогикага доир китоблар қолдирди. Тҳакур ижоди бутун дунёда кенг шуҳрат топди. Унинг “Халқ қалби” шеъри Ҳиндистон Республикасининг, “Менинг олтин Банголиям” қўшиғи Бангладеш Халқ Республикасининг давлат гимни бўлиб қолди.
Буюк ҳинд адибининг ижоди билан ўзбек халқи ХХ аср аввалларидан яхши таниш. Она тилимизда Тҳакурнинг 8 жилддан иборат асарлари нашр этилган.
Қуйида адибнинг бир асаридан парча эълон қилинаётир.

Очкўзлик – инсониятнинг асосий ички душманларидан биридир. Одам тўплаш ва жамғаришга берилиб кетар экан, сон кетидан қувиб, йиғишдан мақсад нималигини унутиб қўйишга мойил бўлади. У ўз сейфини тўлдириш учун пул тўплайдими ёки ўз мазҳабига аъзоларни сафарбар этадими, барибир, йиғиш-тўплаш васвасаси уни беихтиёр гирдобига тортиб кетади ва даҳшатли даражада пировард-мақсадни кўз олдидан тўсиб қўяди: одам сон ҳақиқат мезони бўлолмаслигини унутади.
Кўпчилик кутубхоналар ана шу тўплаш касалига гирифтор бўлган. Уларда сақланаётган китобларнинг тўртдан уч қисмидан фойдаланилмайди. Оқибатда ошиқчаси баъзан бир бурчакка қалаб қўйилади, фақат камроқ, сараланган қисмидан ҳақиқатда фойдаланилади. Ўзаро гап-сўзларда жуда бой кимсани “катта одам” деб атайдилар. Анжуманда мабодо бирор миллионер пайдо бўлиб қолса, ҳамма унга иззат-ҳурматини намойиш этиш учун бир-биридан ўзишга ҳаракат қилади. Ваҳоланки, бундай иззат-икром аслида мазкур шахснинг ўзига эмас, балки унинг бойлигига қаратилгандир. Худди шу сингари кутубхоналарнинг аҳамияти ҳам одатда унда сақланаётган жилдларнинг сони билан белгиланади. Ҳар бир кутубхонага фахрланиш учун чинакам  ҳуқуқ берадиган жиҳат – китоблардан фойдаланишнинг қулайлиги масаласига эса етарлича аҳамият берилмайди.
Тилимизнинг сўз бойлиги икки хазинада: луғатларда ва адабиётимизда қамралган. Маълум бўлган барча сўзларни батафсил луғатларда бирлаштириш фойдалидир. Албатта, уларнинг нисбатан оз қисмигина ҳақиқатда фойдаланишга яроқлидир. Бадиий асарларда жамланган сўз бойлиги – доимий ишлатиладиган жонли сўзлар хийла оз; аммо тан олиш керакки, шу маънода адабиётнинг нисбий қиммати луғатларникидан юқоридир.
Кутубхоналар хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. Кутубхона китоб фондининг кенг тўплаш мақсадларига хизмат қиладиган қисми, албатта, муайян қимматдан маҳрум эмас. Бироқ кутубхонанинг аҳамияти унинг доимий ва ҳар томонлама фойдаланишга мўлжалланган қисмининг аҳамиятига кўра белгиланади.
Одатда ўртамиёна кутубхоначи китобларнинг кўпроқ қисмидан мумкин қадар кенгроқ фойдаланиш йўллари тўғрисида камдан-кам ўйлайди ва қайғуради. Чунки жамоатчилик фикрига китобларнинг мўл-кўллигини дастак қилиб таъсир этиш анча осонроқдир.
Кутубхонадан ҳар тарафлама фойдаланишни йўлга қўйиш учун унинг фонди системали равишда аниқланиб бориши зарур. Акс ҳолда, оддий китобхон ўзига керакли китобни қийинчилик билан топади; кутубхона ғоят обод-у, бироқ алоқа воситалари билан етарли таъминланмаган шаҳарнинг аҳволига тушиб қолади. Аниқ мақсад билан кутубхонага келган китобхон пухта қидиришлар натижасидагина тўғри йўлни топиши мумкин, холос. Аммо кутубхонанинг бу борада ўз зиммасидан масъулиятни соқит этишга ҳаққи йўқ. Негаки, кутубхона китобларга эга экан, у ана шу китобларни, агар улар ўқишга арзиса, китобхонлар ўқиши учун барча чора-тадбирларни кўриши керак. Бунда кутубхонанинг ўқувчиларни сусткашлик билан кутиб ўтириши етарли эмас, кутубхонанинг таклифи фаол бўлиши даркор. Санскрит мақолида шундай дейилади: “Нимаики фойдаланилмаса – қадрини йўқотади”.
Одатда кутубхона китобхонни қарши олар экан, унга шундай дейди: “Мана менинг каталогим, келиб танлайверинг”. Бироқ одатдаги каталогда муқаддима ҳам, таклифнома ҳам йўқ, ундан меҳмондўстлик руҳини ҳам топмайсиз. Китобхонни фақат ўзи таклиф этишга ҳадди сиғадиган базмга чорлашга интиладиган кутубхонагина меҳмоннавоз деб аталишга лойиқдир. Фонднинг кўлами эмас, балки меҳмондўстлик даражаси кутубхонани йирик муассасага айлантиради.
Кутубхонага фақат китобхонларгина таъсир кўрсатади, деб ўйлаш тўғри бўлмайди. Худди шунингдек, кутубхона ҳам китобхонларга таъсир кўрсатади.
Шуни ёдда сақлаган ҳолда, биз айни замонда кутубхоначининг иши нақадар муҳим эканини ҳам эътиборда тутамиз. Унинг меҳнати адабиётларни харид қилиш, таснифлаш ва сақлаш билан чегараланмайди. Бошқача айтганда, адабиётларни кўпайтириш ва уларни мазмунига қараб ажратиш билан кутубхоначининг вазифаси тугамайди: у ўз китобларини яхши билиши керак. Агар кутубхона ҳаддан зиёд катта бўлса, бутун китоб фондини яхши билиш кутубхоначи учун имкондан ташқари бўлиб қолади. Шунинг учун, менинг фикримча, катта кутубхона фақат хазина сифатида хизмат қилиши мумкин; фақат кичкина кутубхонагина “емакхона” вазифасини ўтай олади: у ердан эҳтиёжни қондирадиган озуқа ва лаззатли “таом”ни ҳамиша топиш мумкин. Менинг тасаввуримда бундай кичкина кутубхона ўзида барча масалалар бўйича фақат танланган китобларнигина жамлайди. Бирорта ҳам китоб сонни кўпайтириш учун сотиб олинмаслиги, ҳар бир китоб ўз қадрига биноан баҳоланиши керак. Кутубхоначи ўз ишига бутун қалби билан берилган одам бўлиши лозим. У хаёлпараст, жавонларни тўлдириб ташлаш ҳирси қаттиқ асир этган кимса бўлмаслиги даркор. У адабиётларни онгли равишда саралай олиши зарур. Кутубхонада унинг ўз меҳмонларига ҳузур бағишлай олиши учун етарли даражадагина китоблар сақланиши лозим. Кутубхоначи яхши мезбоннинг барча фазилатларига эга бўлиши, бироқ зинҳор-базинҳор омборчининг хислатларига эга бўлмаслиги керак…

Рус тилидан Маҳмуд Саъдий таржимаси.
«Маърифат» газетасидан.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 387

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *