Раҳимжон Раҳмат. Шоирлигимдан ийманаман

Мен ҳар доим, ҳамма жойда, ҳатто ўзимдан ҳам шоир эканлигимни яширишга интиламан. Чунки шоирлик инсоннинг қадр-қимматини оширадиган касб ёки ҳунар эмас, балки у баъзан-баъзан хуруж қилиб турадиган ғалати бир дарддир. Баъзилар: “Мен – заргарман!”, деб мақтанади. Лекин “Мен – шоирман!”, деб дангал айтишга ийманади одам. Чунки, биринчидан, илҳом келган пайти rahimjon rahmatбир кечада юзлаб мисра ёзган шоир, агар илҳом уни тарк этса, йиллар давомида ҳам тўрт қатор шеър ёзолмаслиги тайин. Иккинчидан эса, шоирман дейиш дардмандман, ичим тўла изтироб, деганга ўхшаб кетади. Шу боис, мен шоирман, деган гапни тилимга чиқаришдан эҳтиёт бўламан.
Ўз пайтида дунёнинг энг ақлли одами деб ҳисобланган Суқрот шеър санъати қонун-қоидаларини мукаммал ўрганиб ҳам бир мисра шеър ёзолмайди. Лекин яхши шеър ёзиш учун шеър санъати назариясини билиш унчалик шарт эмас. Машҳур шоирларимизнинг аксари шеър назарияси деган гапни эшитгунларича энг гўзал шеърларини битиб улгуришган. Аксинча, шеър тўқиш техникасини мукаммал билиб олган шоир руҳсиз шеърларни кўп ёзиб юбориши мумкин. Назаримда, шеър ёзиш руҳнинг ҳимоя механизмидир. Масалан, тананинг ҳимоя механизмини олиб кўрайлик. Жонланиб қолган касалликка қарши вужуд ҳароратни ошириб, патоген микрофлорани ўтиндек ёқа бошлайди. Шу тариқа у ўзини ўзи зарардан асраб қолади. Аслида илҳом ҳам киши иммун системасининг руҳиятдаги фаоллашувидир. Оллоҳ томонидан соғлигимизни сақлаш учун дастурланган иммун системаси кўнгилда жонланиб қолган дард “микроб”ларига қарши илҳом кўринишида кураш бошлайди. Ҳарорат танани, илҳом эса қалбни зарарлардан тозалайди.
Илҳом – руҳнинг иситмасидир. Илҳом парисини итдек бўйнидан боғлаб бўлмайди, у осмонда эркин учиб юрган қуш, кутилмаганда кўнгил боғингиздаги дарахт шохига қўниб, ажабтовур хониш қилиб қолади, кейин эса тўсатдан бир ёқларга учиб кетади. Сизнинг қушча қачон қайтиб келишини кутишдан бошқа иложингиз йўқ. Шу боис, шоирликни зинҳор ҳунар деб бўлмайди. Ҳунарим – шоирлик, деган кимсага асло ишона кўрманг.
Ўттиз йил давомида шеърий ижод билан банд бўлдим, деган шоирни тушунолмайман. Шоирлардан бири: “Мен илҳомни кутиб ўтирмайман. Ҳар куни шеър ёзаман”, деган эди. Албатта, шоир ҳар кеча шеър ёза олади. Лекин бу каби шеърлар қоғоз гулдан фарқ қилмаслиги мумкин. Одатда шоирлик истеъдоди инсонда умрининг охиригача сақланиб қолмайди. Гўзал шеърий истеъдод ҳам кутилмаганда севги каби келиб, ички оламингизнинг тўс-тўполонини чиқариб, сўнг сизни тарк этади. Айтмоқчиманки, шоирлик истеъдоди туғма бўлиши билан бирга, ўткинчи ҳамдир, яъни одам вақтинчалик шоирга айланади. Лекин сизни ташлаб кетган истеъдод орадан ўн йиллар ўтиб тўсатдан қайтиб қолиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Миртемирни олайлик. Шоир ижодининг дастлабки пайтлари гўзал лирик шеърлар битади, кейин узоқ вақт илҳомсиз ижод қилади, яъни коммунистик ғоя, социалистик қурилишлар ҳақида газета мақоласида ёзиладиган гапларни шеърга айлантиради. Умрининг охирроғида эса, унга кутилмаганда шоирлик истеъдоди қайтиб келади ва “Мен сени инжитмайман…” каби самимий сатрларни ёза бошлайди. Шоирнинг анчайин кексайган ёшда ёзган ишқий шеърларида ёш ошиқ йигитнинг қалбида бўладиган кучли, баҳор тошқинларига монанд севги туйғуларини пайқаш мумкин. Севги туйғусининг кучи ва тафти физиологик ёш билан боғлиқ, барибир… Нега Миртемир кексайганда физиологик ёшига тўғри келмайдиган ишқий сатрлар битишга киришди. Бунинг сабаби шуки, шоир ўша давр адабий муҳитида ҳоким бўлган ақидалар таъсирида самимий кўнгил кечинмаларини сатрларда изҳор этиш ўрнига, коммунистик буюртмани бажариш билан овора бўлган. У шундай қилишга мажбур эди. Йўқ эди бошқа йўл. Шундай бўлдики, шоир йигит ёшида кўнглидан кечган ишқий кечинмаларини кексайганида қоғозга тушириш имконига эга бўлди.
Очиқ деразадан ичкарига кирган мусичани чўчитиб юборсангиз, боёқиш ташқарига учиб чиқаман, деб ўзини дераза ойнасига уради ва озгина карахт бўлиб ерга қулайди. Кейин, бир оз ўнгланиб, очиқ деразани тополмай, яна боши билан ойнага урилади. Ёрдам беришингиз керак унга: аста тутиб, ташқарига учириб юборасиз. Кўнгилда пайдо бўлган шеърий туйғу ҳам шу мусичанинг деразага урилишига ўхшайди: уни ташқарига чиқариб юбормасликнинг сира иложи йўқ, ёрдам бериб, эркинликка қўйиб юбормасангиз, боёқиш қуш ўзини ўзи ҳалок этади. Демак, кўнгилда пайдо бўлган шеър эмин-эркин қоғозга тушмаса, ичингизда кетмас ғашлик пайдо бўлади. Одатда кўнгилдаги фикр тилимизга кўчгунича мингта чиғириқдан ўтади. Фрейд айтмоқчи, инсоннинг хатти-ҳаракати ва гап-сўзини “супер Мен” қаттиқ назорат қилиб туради. Яъни айтмоқчи бўлган гапингиз сўзга айланиб одамларнинг қулоғига етиб боргунича “Фикримнинг кейин ўзимга зиёни тегмайдими, яқин дўстимнинг дилини оғритмайдими, аллакимнинг ғазабини қўзғатмайдими” каби кўплаб чиғириқлардан мажбур ўтади. Илҳом келганида эса, “супер Мен” мисраларни назорат эта олмайди. Кўнгилдаги ўй-фикр, ҳис-туйғу бутунича шеърга кўчади, яъни илҳом келган пайти бир муддат ҳушёр ва эҳтиёткор ақл жунбушга келган кўнгилни назорат қилолмайди. Ҳақиқий шеър туғила бошлайди.
Баъзан ўйлаб қоламан: балки шоирлик ёшликка хос бир хислатдир. Ёш улғайгач, шоирлик қобилияти ҳам пасайиб бораверади, шекилли. Ҳар қандай шоирнинг кўпинча илк тўпламига киритилган, ижодининг бошланғич палласида ёзган шеърларини ўқувчи севиб ёд олади. Унинг ёш жиҳатдан улғайганда тўқиган шеърларини эса, кўпинча оддийгина ўқиб қўя қоламиз, ёд олмаймиз. Шоирнинг ёши улғайиб, ҳаёт тажрибаси кўпайиб, маҳорати ошиб боргани сайин истеъдодининг ўткир қирралари емирилиб бораверади. Ўзи гўзал шеър ёзиш учун ҳаёт тажрибаси, илм ўрганиб кучга тўлган ақл ва юксак шеърий маҳорат халал беради.
Инсониятнинг инжиган кўнглини юпатиш учун Худо айримларимизга шеър ёзиш қобилиятини ато этган. Ростдан ҳам шеър худди туш каби амалга ошмаган истагимиздан пайдо бўлади. Севаман деб шеър ёзган шоирнинг севгиси шеър билан бирга чиқиб кетган бўлади…

Жунун водийсиға мойил кўрармен жони зоримни,
Тилармен бир йўли бузмоқ бузулған рўзгоримни,

деган доҳиёна байтни ёзишни ҳаммамиз орзу қиламиз. Лекин шу байтлар замирида акс этган руҳий изтироб, иложсизлик ва машаққатга йўлиқишдан қўрқамиз, эй Худо, бундай ёмон кунга тушишдан ўзинг асра, деб ичимизда дуо ўқиб юрамиз. Чинакам илҳом дўзахда куйишга тенг азоб эканлигини биров билади, биров эса, бир умр билмай ўтади. Шоир бўлиб чинакам илҳом нима эканлигини билмай бу дунёдан ўтаётган шоирлар ҳам бордир, эҳтимол… Баъзи шоирларимизнинг кўпйиллик ижодий меҳнати жамланган ялтироқ китобидан бир мисра ҳам шеър тополмай ҳафсаламиз пир бўлади. Булар нима учун шунча йил давомида шеър ёзмай шеърий ижод билан шуғулланганликларини ўзлари сезмадимикан, деб ҳайронлар қоламан. Файласуф Киркегор шоирликка нисбатан шундай ўхшатиш ишлатади.
Қадимги Грецияда жиноятчиларни жазолаш учун ичи ғовак улкан мис ҳўкиз ясашган. Жиноятчини мис ҳўкиз ичига қамаб, тагидан ўт ёқишган. Мис қизиб, ичидаги жиноятчи жон ҳолатда бақиришни бошлайди. Мис ҳўкизнинг бурни шундай моҳирлик билан мослаштирилганки, ичкарида азоб чекиб бақираётган жиноятчининг овози ташқаридагиларга майин, дилтортар куй бўлиб эшитилган. Шоирлик ҳам шунга ўхшаш-да: кўнглингиздан дўзах азоби ўтади, сиз эса азобингизни мисраларга айлантирасиз ва ёзганларингиз ўқувчи кўнглига куй каби ором беради.
Изтироб руҳнинг зарарли хилти(токсин)дир. Бу каби хилтлар чиқариб ташланмаса, кишини бетоб қилиб қўяди. Худо инсонга ато этган энг ноёб қобилият шеър ёзишдир. Инсоният шеър ёзиш ва ўқиш воситасида руҳини покизалаб юради.
Шеър ёзиш ҳаётни соғинишдир асли.
Шеър ёзиш – ўз фожиангизга ўзингиз томондан берилган зарба.
Инсоният энг мушкул ва умидсиз вазиятлардан шеър ёзиш, ўқиш орқали чиқиб кетади. Нима учун ёридан айрилган ошиқ дардига малҳам сифатида шеърга ёпишади. Худди ярадор кийик баланд тоғлар орасидан мўмиё излагани каби, юрагини айрилиқ тиғи тиғлаган ошиқ шеър томон юзланади.
Нима учун умрида шеър ёзмаган ва шеър ўқишга қизиқмаган аёл, 35 ёшида умр йўлдошидан айрилиб қолгач, ярим кечаси уйқуси бузилиб ошхонасига чиқиб шеър ёзмоқчи бўлади.
Шеър инсоннинг руҳий дардига малҳамдир.
Худо шоирларни инсонларнинг дардига таскин бериш учун яратган. Ҳатто шеъриятни табобатнинг бир бўлими сифатида тақдим этгим келади.
Қадимдан шоирларни пайғамбарларга яқин кишилар, деб таъриф қилишади. Нега? Шоирда пайғамбарларга хос қандай хислат бор? Маълумки, Оллоҳнинг расуллари инсониятни охирзамон кутиб турганини очиқ далиллар билан огоҳ этишган. Шоирларда ҳам келажакни башорат қилиш уқуви бор. Дейлик, бугун ижод қилаётган шоирларнинг мисраларида акс этган кечинмаларидан 30 ёки 50 йилдан сўнг жамиятда, хусусан, кишилар руҳида содир бўлажак алоҳида бир ўзгаришлар тўғрисида маълумот топиш мумкин. Масалан, ўтган асрнинг 60-йиллари шоирлари, хусусан, Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов ижодида ватанимиз Ўзбекистон иттифоқ таркибидаги бир ўлка ўлароқ эмас, балки алоҳида, мустақил тушунча сифатида мадҳ этилди. Улар ижодида Ватан мустақиллиги туйғуси бўй кўрсатган эди. Сиёсий мафкура “рус халқи – улуғ оғамиз”, деб турган бир пайтда Эркин Воҳидовнинг:

Тарихингдир минг асрлар
Ичра пинҳон ўзбегим, –

дейиши ўша давр расмий тушунчаларига мухолиф тушунчадир.
“Ўзбегим” шеърида поэтик ифодасини топган шонли тарихимиз музей экспонатлари эмас эди. Айтмоқчимизки, 60-йиллардаёқ ўзбек халқи ватан мустақиллигини реал психик воқелик сифатида ҳис этган эди. Аввал ҳис, ортидан фикр, кейин эса ҳаракат юзага келади.
70–80-йиллар шоирлари ижодида эса индивудиализм бўй кўрсатди.
Мустақилликка эришиб, бозор муносабатларига ўтишимиз билан жамиятимизда жамоавий фикрлаш барҳам топиб, ҳар соҳада индивидуализм кўринди; шахс эрки, ҳақ-ҳуқуқлари масаласи олдинга чиқди; фикрлашда турфа хиллик пайдо бўлди, кишилар дунёқарашини асоратга соладиган сиёсий мафкура ҳокимлиги тугади.
Одам букилган мих ёки сопи синган пичоқни ҳам ташлаб юбормай, керак бўлиб қолар деб, бир четга яшириб қўяди. Лекин шоирликни касб қилиб олган шоирнинг суст, мазасиз ва ҳиссиз шеърлари жамланган китобини қўлга олиш тугул, ҳатто китоб жавонида туришига ҳам сабрингиз чидамайди: кўздан йўқотасиз. Шоирлик ростдан ҳам одамларнинг ғашига тегадиган ёмон одат, деб ўйлайсиз.
Кўпчилик шоирларнинг шеърларига уларнинг китобини қўлга олганингизда дуч келасиз. Камчилик шоирларнинг шеърлари эса, ўз ҳаётингизда бўлиб ўтган муҳим ҳодиса каби деярли ҳар куни хотирангизда жонланиб туради.
Йигирма ёшингизда ёд олинган шеърнинг туб маъносини ўттиз ёки қирқ ёшда англашингиз мумкин. Рауф Парфининг ушбу мисралари:

Эҳтимол, умримнинг ярми ўтгандир,
Эҳтимол, ярмига қолганман ботиб.

Йигирма ёшимда ёд олган эдим бу мисраларни. Қирқ ёшимда эса, кунлардан бир кун, улар хотирамда қайта жонланиб, кўнглимни жунбушга солди. Бунинг сабаби шуки, шеърда акс этган маъно шахсий ҳаётимда содир бўлгандир, балки. Масалан, севган ёридан айрилган ошиқ анчага довур реал ҳаётга қўшилишиб, аралашиб кетолмай, аччиқ хотиралар билан яшашга мажбур бўлади. Шоир айтмоқчи, умрининг “ярмига” ботиб қолади.
Ойбекнинг сатрлари:

Тушимда кўрдим сени,
Бирга олиб кет мени…

Ушбу мисраларда йигирма ёшли ошиқнинг самимий ва бир оз шикаста кўнгил кечинмалари ифодаланган. Ошиқ тушида севганини кўриб, “Бирга олиб кет мени…”, деяпти. Шу икки мисра шеърнинг маъноси эллик ёшдан ошганингиздан сўнг бутунлай ўзгача йўсинда ўзгариб кетади. Ўзи эллик ёшга етганингизда кўнгилда ғашлик, зерикиш ва чарчоқ ҳислари ўрнашади, кўплаб яқин инсонларингизни тупроққа бериб улгурасиз:

Менинг ер остида дўстларим кўпроқ…
(Абдулла Орипов)

Кунлардан бир кун тушингизга марҳум дўстингиз киради, қоронғиликдан чиқиб, юзингизга бир қарайди-ю, яна ортига қараб кетади, уйғониб кетасиз ва кутилмаганда хотирангизда ёнаётган оловдек икки мисра шеър уйғонади:

Тушимда кўрдим сени,
Бирга олиб кет мени…

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.