Раҳмат Файзий. Инсонийлик истеъдоди. Кундаликдаги қайдлардан

“Тонгда чинқириб чақалоқ дунёга келди. Унинг танглайини кўтариб, қулоғига азон айтаётган қария аста пичирлади: “Ризқли, насибали, ота-онали, меҳр-оқибатли бўлсин, сутига эга қилсин…”
…Бутун умри ва ижоди давомида инсоний меҳрни мадҳ этган, аввало, ўзлари ана шундай меҳрли, меҳрибон, меҳрпарвар инсон бўлган падари бузрукворимизнинг оилада фарзандларига бўлган меҳр-мурувватлари, оқибат, самимиятларидан бизда инсонга муҳаббат бошланган бўлса, ажабмас. Бизнинг қонимиз, жонимизни шунчалар туганмас поклик, ҳалоллик, инсоний муҳаббат билан сероб қилиб кетдиларки, токи руҳимиздаги бу покизалик фарзандларимизга ҳам ўтгувсидир.
Отамиз, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Раҳмат Файзийнинг кундалик дафтар тутиш одатлари бор эди. Қуйида шу ёндафтарларидан айрим қайдларни келтирмоқни истадик.Rahmat Fayziy

* * *
Шундай бисот орттирсангки (адабий бисот-да), кексайганингда титкилаб ўтириб, кўзинг қувонса, руҳинг яйраса, умринг беҳуда ўтмаганидан мамнун бўлсанг – шунинг ўзи яшартирса, қаритмаса керак.

* * *
Инсон ҳиссиётининг кучи масофани ҳам, вақтни ҳам ҳисобга олмайди.

* * *
Дунёда зар билан ҳам, зўр билан ҳам эришиб бўлмайдиган нарса бор – муҳаббат, бўса!

* * *
Инсон ҳамма нарсага кўника, мослаша олади. Унинг кучи ҳам шунда. Шу билан бирга ожизлиги ҳам.

* * *
Жамият, эл-юрт ёзувчига ўзининг эзгу ниятлари, улкан муаммолари ва буларни бадиий сўз воситаси ила ечишни ишониб топшириб қўяди, энг муҳими шуки, инсонлар маънавиятини ҳам топшириб қўяди. Буниси, нима деса бўлади, энг мураккаб оламки, унинг ичига кириш, ўрганиш, ҳис этиш осон ишмас.

* * *
Ёшларга насиҳат қилиш билан иш битмайди. Бунинг таъсири бўлмайди. Уларга кўрсатиб, ушлатиб, эшиттириб таъсир қилиш, далиллар билан ёндашиш лозим.

* * *
Биз, эркаклар, табиатимизда, хулқимизда, одобимизда нимаики яхши фазилатлар бўлса, жамини аёллардан олганмиз, меҳрлари билан йўргакланиб, муҳаббатлари билан вояга етказганмиз. Шу туфайли умр бўйи аёлга таъзимда бўлсак арзийди.

* * *
Яхшики эртанги кунга қиладиган ишим бор… Бугунги кундан ҳам мамнунман, ҳам шунинг учун миннатдорманки, эртанги кунга иш қолдирди. Ҳай, ҳай, эртага нима қиламан дейишдан асрасин.

* * *
Бировга чоҳ қазиганнинг зарпечакдан нима фарқи бор? Зарпечак бегона тана, илдиздан ўсиб, уни қуритади, натижада ўзи ҳам қурийди.

* * *
Ваъда берилган жойга вақтида бормаган одам ўз қадрини кеткизади.

* * *
Сўз, тил, муомалага нега эътибор бермаймиз. “Лаббай” билан ёнма-ён “Бор-ей”, “Ҳа-ей”, “Нима-ей” қачон, қаерда туғилади? Мактабда тил дарси ўтилади-ю, тил қоидаларидан нарига ўтилмайди. Тил одоби, тил муомаласи дарси бўлиб ўтмайди… Нега ширин тил дарси ва тил тарбияси бўлмаслиги керак?.. Оғиздан чиқаётган сўз маъносини, моҳиятини, оҳангини, жозибасини ҳам, сеҳрини ҳам бола сезиб туриши керак. Янги сўз – янги дунёдек, янги ихтиродек бўлмоғи, маъноси ҳам, салмоғи ҳам, мусиқийлиги ҳам янги бир олам очмоғи керакки, то умр охиригача шу сўз унга руҳий мадад, илҳом берсин, ҳожатини чиқарсин, гўзаллиги билан, мусиқийлиги билан эшитганларни ўзига ром қилсин, одамлар ҳавасини келтирсин, уларни хушнуд этсин. Бу катта санъат, аммо оммавий санъат бўлмоғи лозим.

* * *
Истеъдод фақат касб-кор, ҳунар, билимдагина эмас, инсонийликда намоён бўлади. Инсоний истеъдоди бор одамда олижаноб хислат, фазилатлар, қадр-қиммат бўлса, не бахт.

* * *
Китобхон мени унутса-ю, қаҳрамоним номини эслаб қолса, ўзимни бахтиёр ҳисоблардим.

* * *
Аёллар! Уларнинг буюклиги, куч-қудрати – нозиклигида, меҳри дарёси – қайноқ қалбида, бахт-саодати – табассумида, меҳр-вафоси – ўтли нигоҳида.

* * *
Кўнгил қолиши – чиққан жон билан тенг.

* * *
Етимга йиғини ўргатишнинг ҳожати йўқ.

* * *
Инсон икки нарсага тўймайди – меҳр ва висолга.

* * *
Чўққига – ҳаёт чўққисига чиқишнинг қайтиши ҳам бўлади. Аммо пастга тушаркансан бир умр нимага юқорига кўтарилганингга афсусланмасанг бўлгани.

* * *
Дард чекмай яратилган асар – чала чақалоқ, чала жоннинг ўзи бўлади. Одам бўлиши амри маҳол.

* * *
Бахтинг боғини биров бахтсизлиги ариғидан суғораётган бўлсанг – бундай боғнинг баҳридан ўтганинг маъқулроқдир.

* * *
Ёзувчилик қанақа касб, деб сўралса, шундай жавоб қилардим: ҳаяжон ва беҳаловатлик – тиним бермайдиган бедаво дард. Аммо зинҳор юқумли эмас, бировга юқмайди. Давоси битта: меҳнат! Бу шундай дорики, ҳаммавақт истеъмол қилиб турилса, соғ-тетик бўлади, сал бўшаштирса, беморни ҳам бўшаштиради, аммо қабргача ҳамроҳ бўлиб боради-ю, беморни дафн этиб, ўзи қолади.

* * *
Менга нимадан хурсанд бўласиз, деб савол беришса:
– гўрковнинг бозори касод бўлганидан;
– китоб растасида китобхонлар кўпайганидан;
– обуна нашрларига одамларнинг саҳарлаб навбат олишганидан;
– дўхтирлар ишсиз қолганидан;
– туни бўйи чироқ ўчмаган, чақалоқ йиғиси тинмаган хонадондан;
– гулхан атрофида, палак тагида ёр-ёр, хонада тортишмачоқ, тонгга яқин мудраган қудаларни кўрганимда… – дердим.

* * *
Дунёда ҳеч ким, ҳеч нарсадан қўрқмайман. Фақат нигоҳингдаги жозибанинг ҳарорати сўнишидан, совишидан қўрқаман. Худо кўрсатмасин!

* * *
Қуёш таъми! Қуёшнинг ҳам таъми борми, дейсизми? Оҳо, бўлганда қандоқ! Унинг таъмини билмоқчи бўлсангиз, чарос, ҳусайнидан, шаробдан, асалдан, ақиқ анор донасию анжир…лардан татиб кўринг…

* * *
Дунё ташвишидан четда яшаган одамни бу куннинг одами демаса ҳам бўлади.

Умида ФАЙЗИЕВА тайёрлади.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасидан жузъий қисқартириб олинди.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

 

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 634

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *