“Ҳақ йўли албатта бир ўтилғуси…”: Рауф Парфи билан Аъзам Ўктам суҳбати

Юзма-юз келгандек гўё ўт ва сув,
Юзма-юз келади шоир ва замон.
Рауф ПАРФИ, 1964 йил

Рауф Парфи турадиган уйга қўнғироқ қилдим. Гўшакни ўзи олди. “Ассалому алайкум”, дейман. Ҳар доимги хитоб келади у ёқдан: “Э-э, ўзлари?” “Ҳа, ўзим. Қалайсиз, устоз?” дейман одатдагидек. У киши ҳам одатдагидек жавоб қайтарадилар: “Ўша-ўша. Қалай ўзингиз? Кўринмайсиз-ку?” Бирданига муддаомни билдира қоламан: “Муштум”дан бир топшириқ олган эдим”. “Нимага қарши?” деб сўрадилар Устоз. “Сиз билан бир суҳбат қилишим керак-да”, дейман. “Ёзма равишдами?” дейдилар Устоз ўз ибораларини ишлатиб.
“Ғунча” кинотеатри орқасидаги уйга қараб йўл оларканман, ўтган йилги воқеа эсимга тушиб, кулгим қистайди.
Ўшанда мен Рауф акага намоз, Қуръон ўқишни ўргатадиган бўлдим. Нималарга амал қилиш керак бўлса, барини тушунтирдим. Икки ҳафталардан сўнг устоз ишхонага қўнғироқ қилиб қолдилар: “Келаверинг. Тайёрман”. Бордим. Эшикни таққиллатишим билан ичкаридан Рауф аканинг одатдаги гапи (“Ўҳ, бир яхши одам келди!”) эшитилди. Эшик очилди. Остонада Рауф Парфи. Чап қўли куксида, ўнг қўли олдинга узатилган. Бир муддат тек туриб қолдик. Шунда Устоз тез “ҳолат”дан чиқиб: “Шошмай туринг, шошмай туринг!”дедилару ичкарига кириб кетдилар. Турибман. Бироздан сўнг қўлида китобча, “Ҳозир, ҳозир”, деб чиқиб қолдилар ва қироат билан “Аҳлан ва саҳлан!” дедилар. Маълум бўлишича, у киши мени арабча гапириб кутиб олмоқчи эканлар-у, шошилинчда нима дейиш кераклигини унутиб қўйибдилар. Ичкари кирдик. Ҳаммаёқ топ-тоза. Эгниларида яктак, оқ шим. Соч калта қилинган. Миз (стол) устида араб тили дарслиги, луғатлар. Мен қопчиғимдан Қуръонни олиб қўйдим: “Тайёргаликлар зўр-ку?” дедим. “Э-э, нимасини айтасиз! Жойнамозлар олиб қўйдим денг. Ҳаммага биринчи бўлиб салом беряпман. Кеча бувимниям кўриб келдим. Болалар тўпалон қилишсаям уришмаяпман. Эрталабдан бери чекканим ҳам йўқ”, дедилар Устоз қувониб. “Дарвоқе ичиш ҳам тўхтагандир-а?” деб сўрадим. Бирданига Устознинг руҳлари тушиб кетди: “Э-э ,шу томонини ўйламабмиз-ку!”
Шу тариқа ўша иш қолиб кетган эди…images (24)
Мана, яна ўша эшик олдидаман. Одатдагидек “Ўҳ, бир яхши одам келди!” деган хитоб.
– Бугун келганингиз яхши бўлди-да, – дедилар Устоз.
– Кеча вақт тополмадим. Нима, сиз ҳам уйда йўқмидингиз?
– Кеча Хадрада митинг бўлиши керак эди. Бордим. Ҳамма ёқда мелиса. Юриб бўлмайди. Бозор ёнидаги майдонда бизга ўхшаганлар бор экан. Ўша ёққа юрдим. Бир-иккита шиор кўтарганлар учради. Армия масаласи эди-да. У ёқдан келаётган тобутлар сони 700 тага яқинлашиб қолди. Ёзган билан иш битмаяпти. Раҳбарлар алдаш билан овора. Митингда гапирмасанг, қаерда гапирасан буни? Тўғри, расмий рухсат йўқ. Фармон ҳам бор махсус. Лекин “рухсат берилмаган” деб юраверамизми? Халқ яхши уюшмади.
Бугун аламзада бюрократия, қуролланган мафия, қудратли айғоқчилик тармоқларига эга бўлган маъмурий-буйруқбозлик тузуми қайта қуриш тарафдорларига қараганда мустаҳкамроқ жипслашганлар. Чунки уларнинг манфаати миллатлар ва халқларнинг манфаати билан зид келиб қолгани беш қўлдек аён. Агар буларнинг алдовига учиб, пўписасидан чўчиб яшайдиган бўлсак, бирон-бир яхшилик кўрмаймиз. Бошлаган биронта хайрли иш охирига етказилмайди. М. Робеспьер: “Ватан учун чала иш қилиш – унинг учун ҳеч нима қилмаслик”, деб ёзган. Шу гап ёқади менга. Тўғри-да.
– Армиядаги тартибсизликлар туфайли йигитларимиз ҳалок бўлаётганини уларнинг сони бирдан кўпайиб кетмагунча очиқ айтмадик. Лекин Сизнинг бундан 25 йил аввал ёзилган “Абдуллажон марсияси” шеърингизда шунга ишоралар сезилади. Шу шеър ҳақида гапириб берсангиз. Абдуллажон ким ўзи? “Поезд чопар, поезд чопар. Поезд чопар Сибирдан. Абдуллажон жонсиз ётар – қароргоҳи темирдан ”, деган сатрлар замирида нима бор?
– Э, буям оғир гап, – деб хўрсиндилар Устоз. – Абдуллажон – тоғамнинг ўғли. Тоғам эрта ўлиб кетган. Шунда дадам раҳматлик Абдуллажонни бизникига олиб келганлар. Олти ёшдан бирга ўсганмиз. Мактабни битириб, мен ўқишга кирдим, у ҳайдовчилик қила бошлади. Сўнг армияга чақирилди. Уч йил хизмат қилинарди унда. Қайтишига озгина қолганда дилгром (телеграмма – Б.Ф.) келди. Абдуллажон вафот этибди. “Олиб кетинглар!”, деб хабар беришган. Мен йўлга тушдим. Кетаётганимда сочларим қоп-қора эди. Бордим. Гаплашдим. “Совуқда ўлган”, дейишди. Чаккаси кўкарган. Текширувдан ҳам ўтказишни билмабман. Тобутни тайёра олмас экан: поездга чиқадиган бўлдим. Қутида мурда борлигини билишмасин деб каттароқ темир қути ясашди. Бир ҳафта деганда Тошкентга етиб келдик. Купеда Абдуллажон икковимиз, холос. Айрим сатрлар ўшанда туғилган.
– Тошкентда сизни кутиб олганлар тобутни қўйиб, сизни қучоқлаб йиғлайверишган дейишади.
– Чунки сочим оппоқ оқариб кетган экан-да. Мен билмаганман.
– Устоз! Модомики, ўша йиллардан гап чиққан экан, ўша даврга алоқадор яна бир савол берсам. Олтмишинчи йилларда қирим-татар халқи ўз ватанига қайтиш учун фаол кураша бошлаган. Сиз ҳам ўша ҳаракат ичида бўлган экансиз. Шу ростми? Тўғри бўлса, сабаблари нимада эди бунинг?
– Дорулфунунда ўқирдик, – деб ҳикоя қилдилар Устоз. – Ичимизда биттагина қирим-татар бор. Айдер Осмон. Доим жиддий. Бир жойларга бориб келади. Тинимсиз юради. Кейин билсам, ўша ҳаракат бошланган экан. Ўзимизникилар Ватан нима, уйғониш, қаршилик нима, кураш нима – ўйлаб ҳам кўрмасди. 1963 йилдан эътиборан қирим-татарлар намойишга чиқа бошлашди, ҳукуматга фикрини билдира бошлашди. Мен ҳам уларга қўшилдим. Ватан учун, инсоний ҳақ-ҳуқуқ учун тинмай курашишни шу халқдан ўргандим. Мажлисларга бораман. Гаплашамиз. Катта дафтар бор эди. “Қирим-татарлари ўз ватанларига қайтиш керак”, деб ҳисоблаганлар имзо чекиб беришарди. Рўйхатни бошида акдемик Сахаров, кейин бастакор Шостакович, шоир Евтушенко бор эди. Ўзбек шоир-ёзувчиларидан битта мен эдим, холос. Бу пайтда мен “Қирим хаёллари” деган туркум ёзган эдим. Йигирмата шеър. Қўлёзма ҳолида тарқалган. Шулардан учтаси омон қолган: “Ҳижратда қиримлик она алласи” , “Ҳижрат”. Қолганлари йўқолиб кетган. Ўшанда мени “Қирим-татар шоири” дейишарди. Акаларимиз, дўстларимизга айтаман: оғзаки маъқуллашади, лекин имзо чекишмайди. Қўрқинчли даврлар эди. Жуда махфий суръатда ишлардик. Қўлга тушган қамаларди. Сталинчилик ёмон экан-да. Бутун бошли миллатни “сотқин” деб юртидан қувса – бу нима деган гап? Яна бизга олиб келишган. Нима, бизнинг юрт сургун қилинадиган жойми? Бу бизнинг нафсониятимизга тегмайдими? Инсонларни ҳақоратлаш, еридан, тилидан, динидан ажратиш яна қаерда бор? Иван Грозний дегани бор-ку? Ўша олимларни тўплаб, Орол денгизини қандай йўқотиш масаласини муҳокама қилган экан. Чунки унинг шундоқ ёқасида буюк Хоразм давлати бор эди. “Токи Хоразм давлати бор экан, Ўрисга тинчлик бўлмайди” деган у. Кўряпсизми илдизлар қаердан келяпти? Халқларга: “Сен – қолоқсан, сен – сотқинсан, ўрис эса – улуғ”, деб уқтириб, уларни бир-бирига гиж-гижлаб қўйиш жуда қадимдан бўлган. Қирим-татар халқи яна шунинг жабрини тортади. Ўзбеклар тортмадими? Бутун бошли турк миллатини парчалаб ташлашди-ку! Бундай шароитда, заҳарлар остида кучли адиб, кучли олим ва шоир етишмайди. Меҳнат қиладиган тилсиз қуллар туғилаверади. Қирим-татарлари ўша пайтда мана шуларнинг ҳаммасига қарши чиқишган. Шу боисдан мен улар орасида бўлганман.
– Устоз! 1965 йилда ёзилган “Боғчасарой чашмаси” деган шеърингизда анчагина имо-ишоралар билан бу халқ фожиасини ифодалагансиз: “Эҳтимол, кимнидир йўқлайсан, Кимлардандир кутасан садо”. Бу шеър тўла босилганми?
– Йўқ. Ҳеч қачон. Ҳар доим саккиз қаторини олиб қўйишарди-да, чиқараверишарди…
– Унда шундай бир йўл тутсак. Биз “улар” босишга рухсат берган сатрларни қолдирсак-да, устига доим чизиқ тортилган ўша саккиз қаторни ўқувчиларга ҳавола этсак.
– Майли. Мабодо уни шу мақоладан ҳам олиб ташлашса, ўзингиз хафа бўласиз. Мен кўникиб кетганман. Йигирма беш йилдан бери аҳвол шу, ахир. Мана, эшитинг:

“Кўкка етди соғинч дарахти,
Йиғла, Қирим, йиғла энди кўк.
Не бўлмоқда, одамлар, айтинг –
Қирим бор-у, қиримликлар йўқ
Айтинг менга, қайда адолат,
Қайда, айтинг, инсоний ҳуқуқ.
Бу не ҳолдир. Қандайин ҳолат –
Қирим бор-у, қиримликлар йўқ”.
Шу холос. Шундан ҳам хавфсирашган.
– “Сабр дарахти” деган китобингиз бор. Бу ном ўша сиз ўқиган шеърдаги “соғинч дарахти”га ҳамоҳанг экан-да. “Ўзбекистон, сабр дарахти – қутлуғ Туркистон” деган сатрининг маъноси шу саккиз қаторсиз тушуниш қийин экан.
– Э, “Сабр дарахти”ям босмахонада тўрт йил ётди. Сарлавҳаси ёқмади денг катталарга. “Нега “Сабр дарахти” дейишади, “Нимадан сабр?”, деб қўйишади. Номини ўзгартиришга қарши бўлдим. Ётаверди китоб. Охири чиқди. Эллик саккизта хатоси бор. “Пайғамбар”ни “нимадир” деб ўзгартиришган. “Оллоҳни” “воллоҳ” деб қўйишган. “Муқаддас Қуръон” деган сўзни “Муқаддас китоб” дейишган. Ҳолбуки, тепадаги сатрда “Турон” деган сўз бор. Қофия бузиляпти. Боз устига , муқаддас китоблар кўп. Қуръон битта. Бунақа хатолар кўп.
– Абдуллаева раҳбарлигида шундай “кураш” бошланган эди-да ўша пайтлар. Сизлар – бир гуруҳ ижодкорлар ана шу қўпол хатоларни Масковга ёзган эдинглар. Китобингиз шунинг учун чиқмай турганмиди?A'zam O'ktam 1
– Шундай бўлса керак. Абдуллаева сиёсатидан норози бўлиб кўп хат ёзганмиз. Бошида 70 киши эдик, кейин 12 киши қолдик. Охири етти кишига “етдик”. Яккама-якка суҳбатда ҳаммаси “хато қилибман, кечирасизлар”, деб гапидан қайтиб кетаверган. Бизниям роса чақиришган. Бир марта қизиқ бўлган (ҳозир оти эсимда йўқ, уларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди-да), биз узоқ гаплашдик. “Сизларнинг гуруҳингиз бор экан, шу гап ростми?” деб сўради. “Ҳа, бор”, дедим дангалига. “Билсак бўладими – кимлар бор у гуруҳда?” дейди одоб билан. Мен шерикларимни санаб бердим: “Михаил Сергеевич, Миразиз Аъзам, Шавкат Раҳмон”. Суҳбатдошим ўзини йўқотиб: “Буларни биламиз. Кечирасиз-у, Михаил Сергеевич ким?” У бечора шу ердаги ўрислардан деб ўйлади, шекилли. “Горбачёв-да, – дедим мен. – Биз у билан ҳамфикрмиз. Ноҳақликка қарши курашамиз”. Нима дейишини билмай қолди шўрлик. Бошқа гапирмай чиқариб юборди.
– Марказий Қўмитага тез-тез чақириб туришармиди сизни? Хусусан, Рашидовнинг олдига чиққанмисиз? Бир гал “Шу Рауф Парфи деганниям бир кўрай-чи”, деб чақирганда бормаган, бунинг сабабини сўрашганда: “Галстугим йўқ”, деган экансиз.
– Ҳақиқатан, галстук йўқ эди-да. А, лекин, барибир, бормасдим. “Тасвир” деган китобим чиққан пайт эди. Дўстларимиздан бири, “Китобингга: Устоз Шароф Рашидовичга, камоли эҳтиром ва таъзим ила Рауф Парфи”, деб ёзгин-да, қабулхонага элтиб бер. Кейин у суриштиради. Уй оласан”, деб маслаҳат берди. Ҳеч шу ишни қилолмадим. Ҳозир ҳам катталарга китоб бермайман. Ҳалиям уйим йўқ. Мен Рашидов билан кўришмаганман. Уни ёқтирмаслигимга битта сабаб бор эди. У ўрис тилини ўқитишга бағишлаб уч-тўрт Бутуниттифоқ анжуманини Тошкентда ўтказди. Ўзбек тили бўйича биттаям анжуман бўлган эмас. Сабаб шу. Қайнотам уни ҳурмат қилардилар. Худо раҳмат қилсин, ажойиб одам эдилар Абдусамад Исҳоқов. Қирқ беш йил прокурор бўлиб ишлаган. “Гимн”ни тик туриб, қотиб эшитардилар. Менинг телба-тескари гапларимни яхши кўрармидилар, тез-тез суҳбатлашиб турардик. Лекин гап Масковга, Рашидовга тақалганда, келиша олмасдик. Бир куни Рашидовни қаттиқроқ койиган эканман, у киши ранжиб қолдилар. Бир илож топиб, хурсанд қилишим керак бўлиб қолди. Ўша пайтда каттаконнинг бир китоби чиққан эди. Қайсинисийди – эсимда йўқ. Биттасини олдим-да, бир иш қилдим. Қайнотамникига бориб озгина гаплашдим. Кетишимда ҳалиги китобни кўринарли жойга қўйдим. Эртасига борсам, муносабатлар яхши. Китоб тўрда. “Кеча айтмабсан ҳам?”, дедилар қайнотам. “Ҳа, энди, биз ёзувчилар орасида шундай одат бор”, деб қўявердим. Гап шундаки, бояги китобга: “Дўстим Рауф Парфига камоли эҳтиром ила Ш. Рашидов”, деб ўзим ёзиб қўйган эдим. Шу билан оқсоқол хурсанд бўлиб қолдилар. Яхши одам эди-да! Бизга кўп ёрдам берган. Агар у киши бўлмаганда аҳвол бунданам баттар бўларди.
– Оч қолган пайтларингиз кўп бўлганми?
– У кунларнинг бари эсимда йўқ, лекин яхши юрган пайтлар эсимда. Чунки жуда кам-да улар.
– Бир маҳаллар Лениннинг калласини кўтариб хўжаликма-хўжалик юрганларингизни эшитган эдим. Сотмоқчи бўлганмидингиз?
– Буям бўлган воқеа. Менинг унда турар жойим йўқ, ишламасдим. Кандакор Омон Азизнинг ертўласидаги устахонасида яшардик. Уям қийналиб кун кўрарди. Асарлари муносиб баҳоланмасди. Ёлғон нарсалар ишламасди. Тарихий мавзудаги ҳамма ишларини турли баҳоналар билан пучга чиқаришарди. Бир кун пул ишламоқчи бўлдик. Мен унга фикр бердим: “Лениннинг бюстини ишлайсиз. Янгийўлда танишлар бор – ўшаларга олиб борамиз. Камида уч юз cўмга сотиб олишади”. Омон Азиз буни бажарди. Ўзимизнинг хўжаликка бордик – олишмади. Маданият бошқармасига жўнадик. У ердаям бизга рўйхушлик беришмади. “Сиёсат” қилсак ҳам қўрқишмайди. “Биз арзонга бажартирамиз. Бунга фонд йўқ”, дейишади. Ўнтача идорани айландик – бўлмади. Бир таниш буғолтир бизга раҳми келиб овқат, ароқ берди, лекин бюстни уям олмади. Шунақа гаплар.
Эътиқодсизлик, ёлғон эндигина биринчи ўринга чиқиб, мустаҳкамлана бошлаган эди ўша пайтлар. Даврнинг ҳақиқий қиёфаси бояги воқеадан ҳам кўриниб турибди, деб ўйлайман.Rauf Parfi
– Устоз! Мен кўпроқ ўтган кунлар ҳақида сўрадим. Бунинг сабаби шу пайтгача ўзбек шоир-ёзувчиларининг аҳволи тўғри тасвирланмаганди-да. Хотираларни ўқисангиз – улар доим тўйда, зиёфатда, юбилейларда юришади. Ҳар доим вақти чоғ. Ўткир гаплар айтиб аския қилишади. Лекин худди ўша пайтда, уларнинг ёнгинасида бир шоир оч-наҳор, ишсиз, уйсиз норози бўлиб юради. Шуни аниқ қилиб ёзмоқчи, халқимизга билдирмоқчи эдим. Бир қадар муродга етгандайман. Энди бугун нималарни ўйлаётганингиз, сизни нималар қийнаётганини ҳам айтсангиз…
– Бугун биринчи бошлиқдан тортиб ҳисобчигача, идорадан тортиб очиқ далагача – барчамиз имкониятлар излаб, сўзни амалга айлантириш учун тимирскиланиб ётибмиз. Шу пайтгача инсонга, омма ташаббусига суянмай ишлаб, яшаб келинди. Ҳозир ҳам шундай. Болалар ўлими бўйича ҳамон дунёда биринчилардан эканмиз: инсонларимизнинг ўз жонларига қасд қилишлари ҳамон давом этаётгани; шаҳар ва қишлоқларимизда яшаётган халқнинг маънавий-иқтисодий ночорлиги; “порахўр” тамғаси билан қамалган минглаб юртдошларимиз тақдири ташвишга солади. Мени сталинчиликнинг оқибати ўлароқ эллик йил давомида ўз ватанидан, маънавий илдизларидан, тили, маданияти, урф-одатларидан айрилиб яшаётган жафокаш қирим-татар, мехсетиялик турк биродарларимнинг ватан соғинчи, қисмати қийнайди: бечора Орол, заҳарланган ер-сувимиз, ҳавомиз, кесиб ташланган боғлар, ер билан яксон этилган қабрларимиз, масжидларимиз жисму жонимни янчиб, аччиқ шовуллайди, сескантиради.
Қачондан буён Туркистон халқлари – ўзбеклар, қирғизлар, қозоқлар, туркманлар, қорақалпоқлар, уйғурлар, тожиклар бир-бирларига ола қарайдиган бўлиб қолдилар?!
Туркистон халқларнинг бирлиги тўралар ва мафиянинг манфур ниятларини шак-шубҳасиз фош этади. Уларнинг ижтимоий карахтликдан халос бўлишлари, бир-бирларига дўст бўлишлари йўлида ўлгунча курашаман. Ҳукумат охир-оқибат бизга ён бериши керак. Шунча йил ноҳақлик, зулм йўлида юрдик. Энди бунинг ҳеч иложи йўқ. Улуғ Чўлпон айтганидек: “Ҳақ йўли, албатта, бир ўтилғуси.. ”
– Илоё, айтганингиз келсин!

“Муштум” журнали, 1990 йил 22-сон.

Биз ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin

https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://telegram.me/Behzod_Fazliddin
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 438

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *