Рауф Парфи поэтик оламига назар

Кейинги пайтлари ўзбекнинг икки бетакрор шоири – Рауф Парфи ва Шавкат Раҳмон ижоди, шахсиятига бот-бот мурожаат этилаётир. Бу фақат “таваллуд кун” ёки “юбилей” атрофидаги гаплар эмас, албатта. Улар ҳақидаги мубоҳасаю мунозаралар қизигандан-қизимоқда. Энг муҳими, бу баҳслар тор доирадаги “нафис мажлислар”дан катта аудиторияга кўчиб улгурган. Бу ҳали бошланиши, иншоаллоҳ!
Рауф Парфи-ку катта адабиётга илк қадам қўйган кезларидан то ҳануз – ўлимидан кейин ҳам адабий майдон марказидан тушгани йўқ. Ҳали-ҳамон шоир ҳақидаги “шов-шув”лар ёғилиб ётибди. Нақадар қизиқ, ўз навбатида, сирли ва мураккаб қисмат!
Бугун кўпчилик Рауф Парфини “ўзиники” қилишга уринаётган, ҳатто бунга даъво қилаётган бир пайтда ижодкор замондошларнинг хотиралари ҳам ажабтовур: кимдир дарвеш шоир билан “шишадош” бўлганидан боши осмонда, бировлар бир мартагина кўрган шоиридан фаришта ясашга уринади, айримлар ҳою ҳавасга беписанд, дунёвий ташвишларга ўта “лаёқатсиз” устозга “беминнат” хизмат кўрсатганини писанда қилади, яна кимлар гўё Рауф Парфининг “ижодий меросхўри” эканини уқтириб чарчамайди… Э, уларнинг ҳаммасига чидаб берган Шоирга раҳмат! (Ўз ўрнида, оз бўлса-да, Рауф Парфи ижоди холис таҳлил этилган мақолалар муаллифлари борлигини ёдга олиб, уларга ташаккур билдирамиз.)
Сўз сеҳридан сармаст ёш ижодкорларнинг энтикишларини айтмайсизми! Аммо шоирнинг “ғалати” феъл-атвори, аниқроғи, ташқи белгиларига тақлид қилиб, ундан нусха кўчиришга тиришаётган ижодкор биродарларни кўриб-кузатиб нима дейишга ҳам ҳайронсан. Ўз даврида қанчадан-қанча нусхакашлари пайдо бўлганди сирли шоиримизнинг. Бугун улардан ким бор?..
Қисқаси, Шоир ҳақида айтиладиган гаплар кўп. Айниқса, ёш ижодкорларга ўрнак бўлгулик ижоди ва шахсиятига хос камёб жиҳатлар ҳақида қанча гапирилса, оз. Бу ҳақда батафсил сўз юритиш бошқа сафар насиб қилар. Ҳозирги кайфиятимга жуда мос тушаётгани учун анчадан буён кўнглимда “юрган” гапларнинг айримларини айтгим келди. Барибир, асосий гапларим ичимда қоляпти…
Аслида, Ўзи ҳақидаги ҳамма гапни шоирнинг Сўзи айтади. Хотиралар эса нималаргадир аниқлик киритишга “қўшимча” бўлади, холос.
Муддаога кўчсам. Мана бу битиклар – Рауф Парфи шахси ва ижоди ҳақидаги дастлабки таассуротларим. Каминанинг адабиётшуносликдаги илк изланишлари, деса бўлар. Улар бир неча йил аввал турфа кўринишда матбуотда, интернетда эълон қилинган. “Жўшган”, кези келганда, “қўшган” ўринларим бўлиши табиий. Бундан ташқари, айни дам уларга яна бир қур кўз югуртириб, ҳали анча хом эканини ҳам илғагандай бўлдим. Айтганимдай, дастлабки яхлитроқ таассуротларим бўлгани учун ўзим сезган нуқсонларни “қайчилаш”дан тийилдим. Илмий ишимнинг катта бир қисми Рауф Парфи ижодига бағишланган. Насиб қилса, имкон қадар шоир ижодининг хос белгиларини илмий асосда чуқурроқ ўрганиш нияти бор… Рауф Парфи “меросхўр”лари сафига қўшилиш даъвосида эмасман (аслида, шоирга меҳр қўйган кимки бор, унинг меросхўридай гап), аммо “Тўй – ҳамманики” дедим-у, бу мақолаларни яна ҳавола этишга жазм этдим.
Асосий ният – ўтганларни яна бир бор ёд этиш. Адабиёт ва миллат равнақи йўлида Ҳақ розилиги учун жонини тиккан шоирларимизни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.


Беҳзод ФАЗЛИДДИН

СЎЗ САЛТАНАТИ
(Рауф Парфи поэтик оламига бир назар)

Рауф Парфи янги ўзбек шеъриятида ижоди энг кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлган шоирлардан. Бу наинки унинг ўзига хос, бир қарашда ўта ғалат феъл-атвори акс этган ижодиёти, балки шеърларидаги айрича маъно товланишлари, шакл ва ифода воситаларига ҳам алоқадор.
Ўтган асрнинг 60-йиллари адабиётимизда Рауф Парфи деган жиддий поэтик ҳодиса рўй берди. Шоир “Энг узоқ ёзилган таржимаи ҳол”ида биринчи “шеърий асар”ини 1953 йилнинг 5 мартида (10 ёшида) ёзганини айтади. “Энди қандай яшаймиз?” сарлавҳали бу марсия-шеър бадиий савияси, кимга бағишланганидан қатъи назар, мурғак юракнинг туб-тубидан отилиб чиққан нидо – рост қайғу эканига шубҳа йўқ. Шоир илк ижодини марсиядан бошлагани бежиз эмасдир. Бу ҳазин (ғамгин эмас!) рауфона оҳанг шоир сифатида шакллангандан кейин ҳам унинг бутун ижодига хос белги бўлиб қолди. Рауф Парфининг турфа мавзу, турли йўналишдаги шеърларида ана шу мунгли оҳангни илғаш қийин эмас.
Рауф Парфи шеъриятимизга дастлаб ёмғир оҳанглари билан кириб келди. Унинг илк шеърлари дилга сурур бахш этгувчи ёмғир наволаридай ёқимли, қор парчалари мисол нафис, табиатнинг ўзидек жозиб эди. Яъники, ижодининг дастлабки паллаларида у кўпроқ романтикага мойил ошиқ, япроқлар шивирини тинглай биладиган соҳир қалб соҳиби, деразаси ёнига қўнган ғариб ва паришон қушча ҳолига йиғлайдиган кўкси тиниқ нозиктаъб шоир йигит эди.Рауф Парфи Асқад Мухтор “Шарқ юлдузи” журналида шоирга оқ йўл тилаб ёзган сўзбошисида Рауф Парфи ҳеч кимникига ўхшамаган овоз билан куйлай бошлаганини эътироф этади.  Аввалги шеърларида туйғулар, эҳтирослар дарёси тўлиб-тошиб мавж урса, 80-йиллардан бошлаб асарларида безовта Руҳ, Тафаккур туғёнлари етакчилик қилади. Яна бошқачароқ айтганда, унинг тўнғич шеърлари интим лириканинг нодир намуналари бўлса, кейинги ижодида фалсафий-интеллектуал йўналиш устуворлик касб этди. Шоир ўша пайтлариёқ “бир телбалик руҳига ҳоким” эканини англаб етган эди. Аммо бу қандай телбалик? У умр бўйи шу саволга жавоб излади. “Бир қушча сайрайдир руҳим ичинда”, деб ёзади бир шеърида. Йиллар ўтиб, давр долғалари, тузум тўфонлари аро ўша қушчанинг сайроғи янада кучайиб, овози тиниқлашди ва шоир бу руҳ қушининг номини топгандек бўлди. Уни чексиз зулму адолатсизликлардан кўкси қонга тўлган она Туркистон деб, эрки топталган қутлуғ маконга, шунинг баробарида, дунёдаги жаҳолат тиғидан юраги тилка-пора бўлган жамики юртларга ҳамдард, аммо чорасиз Инсон, исёнкор Руҳ деб ҳам аташ мумкин. Бир сўз билан Ҳуррият деб аталса, хато бўлмайди.
“Рауф Парфи ҳар бир шеърида одамнинг мураккаб руҳий дунёсидаги бирон ҳолатни тутиб олиб, суратлайди. Бу – қийин ижодий процесс. Лекин Рауфнинг сатрларида бу қийналиш билинмайди, улар гўё осон кўчгандек равон, табиий, самимий. Бу шеърларда декларативлик ҳам, насиҳат ҳам, иллюстрация ҳам, дидактив яланғочлик ҳам йўқ. Улар шоирнинг завқ дунёсидан туғилган. Агар бу дунё тобора кенгайса, тўлқин урса, инсоний эҳтирос ва гражданлик ҳислари билан янада бойиса, Рауф Парфи, шубҳасиз, ҳассос шоир бўлади”. (Шарқ юлдузи. 1966 йил 1-сон, 137-бет.) Устод адиб Асқад Мухторнинг бу фикрлари, албатта, Рауф Парфи ижоди ҳақидаги дастлабки тиниқ таассуротлар эди. Шоирнинг навбатдаги тўпламларида унинг ҳеч кимникига ўхшамаган овози тобора дадиллаша борди. Ҳассос шоир бўлишига умид билдирилган Рауф Парфи ижоди ҳақида Асқад Мухтор орадан салкам 20 йил ўтиб шундай ёзади: “Рауф Парфи – яралари очиқ, дардли шоир. Унда ҳазинлик кўп, ора-чора шунчаки марсия ҳам ёзиб ташлайди, тушкунлик аломатлари ҳам учрайди. Мен буни шоирнинг айбига йўймасдим. Шоир инсоний дардлардан холи бўлолмайди. Рауф Парфи эса, шоир сифатида, ўзлигини тўлароқ ифодалашга интилади, шу маънода рўйирост”. (“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 1984 йил 20 январь.) “Шеър – шоирнинг ижтимоий виждони” сарлавҳали мазкур мақолада Асқад Мухтор Рауф Парфи ижодини етарлича таҳлил қилиб берди, шоирни айрим ғоябозлардан ҳимоя этиб, у ҳақдаги энг асосий гапни айтди: “Рауф Парфи ҳиссиёт воситасида тафаккур қилувчи, кучли, беҳаловат шоир”.
Рауф Парфи ҳали “ёш шоир” деган “тамға”дан қутулмай туриб шеъриятимизда шаклий янгиликлар қилиб улгурганди. А-б-а-б-а тартиб-шаклидаги шеърлари, япон шеъриятидан илҳом олган экспериментлари – хокку-учликлари, айниқса, санъаткорона сонетлари шундай дейишга асос беради. Тўғри, шоир ижодида бу йўналишларнинг барчаси ҳам муваффақиятли чиқмади. Бироқ кейинги давр шеъриятини яратажак авлод бадиий тафаккурига сезиларли таъсир кўрсатди. Назаримизда, ўз даврининг илғор фикрли адиби Асқад Мухтор Рауф Парфидаги ана шу жиҳат – поэзиянинг имкониятларини кенгайтириш, дунё мумтоз маданий сарчашмаларидан озиқланган нодир асарлар яратиш, ўз навбатида, адабиётимизни жаҳоний миқёсга олиб чиқиш борасидаги дадил қадамларига кўпроқ хайрихоҳ эди. Жаҳон халқлари поэзиясидан етарли даражада бохабар шоир “Карвон йўли” (1968), “Акс садо” (1970), “Тасвир” (1973), “Хотирот” (1975), “Кўзлар” (1978), “Қайтиш” (1981), “Сабр дарахти” (1986) каби тўпламлари билан янги ўзбек шеъриятини устози орзу қилган ана шу чўққига олиб чиқди.
Рауф Парфининг чоп этилган тўпламлари жамланса, ҳажман у қадар катта меросни ташкил этмайди. Аммо ҳар ишда моҳиятни англашга интилган шоирнинг кафтдек китобчалари миллий шеъриятимиз, адабиётимиз тараққиётида ўз ўрнига эга. Жаҳон адабиёти нодир намуналаридан қилган таржималари ҳам алоҳида ҳодиса. Рауф Парфи Байроннинг “Манфред”, Нозим Ҳикматнинг “Инсон манзаралари”, Муҳаммад Ҳодийнинг “Озодлик лавҳалари”, Карло Каладзенинг “Денгиз хаёли”, Александр Твардовскийнинг “Хотира ҳуқуқи” асарларини, Бертолд Брехт, Йоҳаннес Бехер, Пабло Неруда ҳамда замонавий турк шоирлари шеърларини ўзбек тилига моҳирона таржима қилган.
Негадир аксарият манбаларда, ҳатто, ўз тўпламларида ҳам, шоирнинг бир неча “туғилган йили” бор, китоблари нашр қилинган йилларда чалкашликлар мавжуд. Бу ҳам бежиз бўлмаса керак. Гўё Рауф Парфининг бизнинг кўзимиз билан қараганда ўта тартибсиз туюлган ҳаётига ишора қилинаётгандек. (Ғалати парадокс, шоир барча қолипларни инкор этган ҳолда ич-ичдан ўта тартибли ижодий ҳаёт кечирган экан!)
Рауф Парфи – туйғуларни сувратлантира олгувчи моҳир рассом, табиат тилининг таржимони, шу билан бирга, закий, ҳассос мутафаккир. Унинг шеърлари ҳам мана шу икки қутб теварагида туташади; бири-биридан улги олади. Сўз мусаввири Рауф Парфи шеърларида кузги боғлар шивири эшитилади, шамоллар шовуллайди, юлдузлар қўшиқ айтади. Осмонда Ой шуъла сочаётгани йўқ, бу – навога айланган сўзлар. Шоирнинг валломат тоғлардан юксакдаги ҳаётга тўймаган кўзлари сўзлайди.
“Инсон қалбининг гўзаллиги, ранг-баранг туйғулари Рауф Парфи шеърлари мундарижасини ташкил қилади. Ана шу туйғуларни у тимсоллар орқали, ҳаракатдаги деталлар орқали ифодалайди”, дейилади шоирнинг “Тасвир” тўпламидаги аннотацияда. Албатта, ижоднинг катта йўли бошидаги ёш шоир, аввало, ўз қалби, тоза туйғуларига суянади. Шундан бўлса керак, аксарият ёш шоирлар илк қадамларини соф лирик шеърлар билан бошлайди. Хусусан, Рауф Парфида бу ҳолат яққол кўзга ташланганини айтиб ўтдик. Шоир ижодида тобора фалсафийлик илдиз отиб, катта ижтимоий-фалсафий хулосаларни шеърга сингдириб юбориш руҳи кучайди.
Рауф Парфи шеърлари инсоннинг ўта мураккаб табиати, беқарор ўзлигидан баҳс этади. Теранроқ назар ташланса, бу шеърларда ўнлаб муаллиф “мен”ини кўриш мумкин. Лекин улар орасида икки “мен” алоҳида ажралиб туради: бири – ўта беозор, ҳалим, кўнгилчан, баъзан яшаётганим, мавжудлигим билан малол келмаяпманми, дегандек, устига устак, ўзидан ҳеч қониқмайди, лирик-сентимент; иккинчиси – шиддатли, кескир сўзли, аҳди қатъий, эътиқодида собит, муросасиз… Баъзан ўша бечора, хастадил, дардчил Рауфга ён берасиз, гоҳида ўжар, курашчан, мардонавор Рауф Парфига эргашасиз. Шоир услубида ҳам, асосан, ўша “икки Рауф” бўй кўрсатади. Бири – туйғулар мусаввири, романтик, иккинчиси – зеҳни ўткир, руҳи безовта мутафаккир. “Рауф Парфи ижоди шеърият, рассомлик ва мусиқа санъатининг ғоят муваффақиятли синтезига ўхшайди”, – деб ёзади Раҳимжон Раҳмат шоир ижоди ҳақидаги “Жаннат соғинчи” мақоласида. Назаримизда, шоирнинг фалсафий-интеллектуал шеърларида мусиқавийлик деярли сезилмайди. Бу йўналишдаги назмий намуналарида у кўпроқ замон, олам ва одам тўғрисида мулоҳаза юритаётган, тафаккур тилида сўзлаётган шахс қиёфасида намоён бўлади.
Аслида, шеър – шоирнинг ўзидир. Шу маънода ҳар бир чинакам истеъдод бу таърифларни янгилайди. Айтиш жоиз бўлса, ҳеч қандай услуб йўқ, магар шоирнинг ўзи услуб, ижодкорнинг “ўз”и – унинг йўлидир. Инсон ўзига муносабатда рост бўлиши, Сўзда рост туриши керак. Ижодда ўзингни ўзингдек кўрсатиш, аслинг каби кўриниш (бу ерда ижодий эътиқод назарда тутилмоқда) – ноёб истеъдод билан баб-баробар ҳақиқат кўзига тик қарай олишдек камёб хислатга ҳам эга бўлиш деганидир. Инсон, хусусан, ижодкор ўрганиш, изланиш учун ўзидан, ўз дунёсидан ортиқроқ “объект” топа олмаса керак.
Рауф Парфини ўқиб шеър фақат Дард бўлса керак, деган ўй кечади хаёлдан. Шеърнинг яна бир номи Дардмикан ё? Шоирнинг ҳар сатридан Дард “ҳид”и келаётгандек.
Рауф Парфи шеъриятимизга ҳассос руҳ, тоза туйғулар тилида сўзловчи тиниқ Дардни олиб кирди. images (24)“Фақат шоиргагина ярашади дард”, – дейди унинг ўзи. “Шоирнинг онаси изтироб, ахир”, дея куйиниб сўзлайди:

Йўқ, шоир деб қарама атай,
Ҳукм этмакка шошилма бир оз.
Мен куйиниб севаман, нетай?
Мен куйиниб сўзлайман, холос.

Ана шу “куйиниш”нинг даражаси шоир ижодий эътиқодини ҳам белгилаб беради.
Рауф Парфи шеърларида Дарднинг ўзи детал ҳам. Унинг битикларида Дард ўз ҳолидан ўзи арз қилади.
Менинг эса аччиқ ғамлардан
Тортиб кетди кўзларим хира, – деб ёзади яна бир шеърида. Унинг лирик қаҳрамони “ўйлайвериб ўйларни ҳам қийнаб юборади”.
Муқаддас манбаларда бу дунё ҳаёти алдов матоҳи экани бот-бот таъкидланади. Дунёни ишвагар, ғаддор, бевафо аёл, маккор кампир қиёфасида тасвирлаш туркий халқлар адабиётида бунгача ҳам бор эди. Рауф Парфида энди дунё “бир пиёла ғам”(“Ҳой, бола-бола…”)га эврилади. Аммо, шоирнинг ўзи айтганидек, “тугатиб бўлмас ҳеч бу дардни ичиб” (“Оғриқ”).

Қасдинг борми менда, эй, сўнгсиз қайғу,
Дунё – дунё эмас, дунё бу – яра?!
Наҳот бу жароҳат собитдир мангу.

Шоир юқоридаги сатрларда дунёни яра, мангу жароҳат дея талқин қилаётган бўлса, “Йўловчи” шеърида Сўзни ҳеч тузалмас ярага менгзайди. Демак, дунё бу – Сўз, Сўз бу – дунё. Рауф Парфи наздида, ҳаммадан қолгувчи бу дунё – армон саҳроси, алам чўли ва… шунга муқобил тарзда Иймон йўлидир.

Ишонч йўқ ҳеч кимга. Бу қандай Дунё,
Яшаб яшолмайсан, бу қизиқ,
Ташлаб ташламайсан, ундан қизиқроқ.

Унинг лирик қаҳрамони Дунёга, эҳтимол, дунёдошларига аччиқма-аччиқ “атай қалтис дордан юради”. Шоирнинг муҳаббат лирикасида ҳам дард, бахтга қондош бахтсизлик, армонли севги изтироблари ифодасини кўрамиз. Беихтиёр унинг тилида айтамиз: “Мунча ғамгин бўлмаса ўйлар!”
Рауф Парфи ижодида фожиавий оҳанг етакчилик қилади; аксарият ҳолларда дастлабки сатрларда уч берган дарднинг юки финалда янада ортади. Шоир ишора қилганидек, аллақачон “дунёнинг лақаби ҳасрат” бўлиб улгурган. Аммо умидсизлик аро умидворлик ҳамиша дилга таскин беради.
Аслида, маъюслик ҳам ибодат. Рауф Парфи ижодида бу ҳол сифатга, фазилатга эврилди; шеърларини нурлантирувчи катта кучга айланди.
“Кўзларимда порлар қора нур”, дейди у бир шеърида (“Ёмғир эмас, марварид ёғар…”). Ушбу шеър лирик қаҳрамонининг кечаси ёққан ёмғир наволаридан масрур қалби ёмғир шаклида сув сингари жилдираб оқаётган шод ва беармон кечага ҳамоҳанг:

Баргларда рақс этар шаббода.
Ўйнар сабо шаклинда кеча,
Тун булутга кўтариб бода
Афсоналар айтар тонггача.

Бирдан шеър ўз “кайфият”ини ўзгартиради; бир қарашда шодумон ва хушнуд туюлган кеча тўсатдан машъум хаёлга айланади:

Танизорим игна учинда,
Кўзларимда порлар қора нур.
Менга кеча ёмғир ичинда
Машъум хаёл каби кўринур,
Рухсорини ювган кечада
Мен билмаган яланғоч шуур.

Рауф Парфида аксарият ҳолларда шеър финали шу тарзда бўлади – асар фожиона якунланади. “Тушунган, англаган инсон ҳамиша оғриқ, фожиа билан яшайди, – деган эди шоирнинг ўзи. – Агар таъбир жоиз бўлса, шундай айтиш мумкин – фожиа инсон билан туғилган аниқ нарса”.
Рауф Парфи ижодидан етарлича бохабар ўқувчи унинг бутун асарларида ўзини ўзи кўндиролмаётган исёнкор руҳ кезиб юрганини сезмай қолмаса керак. Бироқ бу шунчаки пессимистик кайфиятнинг поэтик ифодаси эмас, аср кишиси, давр одамлари фожеий ҳаётининг юксак санъат даражасидаги бадиий аксидир. Рауф Парфи бир суҳбатида шундай деган эди: “Ички бир туйғу билан сезганман: жуда кўп нарсани ҳис этиб, англаб турган зотнинг ҳаёти қийин кечади… Санъаткорнинг ҳислари, ҳатто уни қамаб қўйсангиз ҳам ташқарида юради. Санъаткорнинг миясида олам фожеаси айланади”. Шундай экан, шоирнинг трагик пафос асосига қурилган санъат асарларини зинҳор бадбинликка йўймаслик лозим. Баъзан у “Ёрилди фалакда офтобим, моҳим” дейиш даражасигача борса-да, қалбининг қайсидир пучмоқларида мангу Умид яшайди; руҳониятидаги бир чимдим Нур бутун ижодига ёруғлик бағишлайди.
Рауф Парфида кўпинча сатрлар – мисраларнинг ўзи яхлит шеърга айланади: Ҳар нарсани кўрар осмоннинг кўзи; Ёмғир эмас, марварид ёғар; Баҳор юзларингда барқарор; Ёзилмаган шеър эрур дилим; Сувга чўккан чўғдек сўзларим; Вужудим яллиғланар нафасингдан; Оғир севганимдан рашким ҳам оғир; Сувга чўкиб кетган болам, ёшлигим; Бахтдан тўйиб кетган соқов оломон…
Унинг битикларида бир ўқишда унча сингишмайдиган қуйидаги мисра-иборалар-да кўп учрайди: “Хаёлимни қонга қорурман”, “Кўзларимда юмалоқ севги”, “Юрак чапак чалади чанқоқ”, “Бошингда ғамларнинг тошлари синди”, “Фарёд чекар кўзингда севинч”, “Юрагимнинг жасади”, “Кўзингдаги тошни ғижирлатма, бас”, “Ўпиб хаёлингни қонайди дардим”… Хаёлнинг қонга қорилиши, юрак жасади, кўзда тош ғижирлаши, ҳавоси сўриб олинган ҳаво… Буни фақат шоиргина ҳис қилиши, айнан шу тарзда қабул қилиши мумкин. Шундай “маънисиз маъни” қабилидаги сатрлар ҳам унинг ижодий оригиналлигини таъминлайди.
Мана бу бандга эътибор қаратайлик:

Аланга чақнайди кўзимда,
Ўтлар мени ташлади тилиб.
Севги, севги менинг бўғзимда,
Калимага келмайди тилим.

Қизиқ, нега лирик қаҳрамон кўзида аланга чақнайди-ю, тили калимага келмайди? Шеър номини (“Яна ажиб тушлар кўрибман…”) эътиборга оладиган бўлсак, ҳаммаси англашилгандек бўлади. Шоир ажиб тушларини моддийлаштираётир; бошқа бир шеърида айтганидек, кўзидан маъно ўқишимизни истамоқда. Шоир кўплаб шеърларида шу тарзда тафаккурни ички нигоҳга қаратади.
Сўз, сўзсиз, мўъжиза. Рауф Парфи бу мўъжизадан янги мўъжизалар яратади. Аммо шоирни зору абгор этган ҳам шу Сўз. Шоир унга телбаларча эргашади, излайди, талпинади, юкинади. Шу маънода “Сўз – Ватан” деган шоирни (“Она тилим”) тушуниш мумкин. У Сўзда яшайди; қувонади, азоб чекади… шунда жон беради.
Сўзнинг илоҳий қудратига комил ишонч – шоир ҳаётий эътиқодининг муҳим белгиси. Рауф Парфи шеърларини ўқигач, Сўзнинг ранги, таъми, ҳиди, юраги, жони… ва руҳи борлигини теранроқ ҳис қиламиз. Ва яна англаган бўламиз: сўз – амалдир. “Яшамакни ўргатар сўзлар”, дейди шоир. Борлиқдаги барча-барча мавжудот Сўз билан тирик. Шоир наздида, Ер шарининг ўзи олижаноб сўзлардан иборат муқаддас бир китоб. (Ушбу шеър “Сўзлар” деб аталади.) Шоир худди шу сарлавҳали яна бир шеърида ухлаб ётган қадимий сўзларни уйғотиб, паноҳ тилайди.
Рауф Парфи умрбод сўз “таъқиб”ида яшаганига иқрор ўлароқ, “Сўзлар – турган-битгани оғу” деб юборганини билмай қолади. “Беркинаман ҳар хил сўзлардан”, – давом этади шоир (“Мана шундоқ кечар кунларим…”).
Ахир (шоир):

Парвонадек учсин қаерга,
Қаерларга қочсин ўзидан.

Аммо тақдирдан қочиб бўлармиди! Айниқса, нафас олишидан тортиб тийиқсиз тушларигача Сўзга чирмаб ташланган шоир қаёққа боради:

Сўзламайман, дейман. Сўзлайман,
Сўзларимнинг ортидан эргашаман
Қаро гўргача.

Сўзни енгган ҳам, сўзга енгилган ҳам унинг ўзи. Мана шоирни енгган сўзлар: Ёмғир, Шамол, Япроқ, Хазон, Кеча, Кундуз, Ос(и)мон, Қуёш, Ой, Тонг, Нур, Cўз, Тоғ… Шоир ижодида шеърдан шеърга кўчиб юргувчи бу сўзлар бир бутун образга айланган.“Сўз кимёси” муаллифи Ян Парандовский айтадики: “Қотиб қолган қайғу-андуҳларни, таассуфларни, хавотирликлар, ғашлик ва ғазабни сўзга ишониб топшириш руҳан покланмоқ демакдир. Баъзан эса бу нобуд бўлишдан ёки жинни бўлиб қолишдан сақлаб қоладиган ягона чорадир”. Яна, шу адиб фикрича, “Сўз орзунинг эгиз оғасидир, у сизга шундай бир сирли эшикни очиб берадики, бу эшик орқали сиз истаган вақтингизда эркинликка чиқа олишингиз мумкин. Сўз ёрдамида кишини диққинафас қилиб юборадиган замондан, зериктирувчи манзарадан, чидаб бўлмайдиган турмуш шароитидан, ниҳоят, ўз-ўзингдан осонгина қочиб қутулиш мумкин”. Бу битик-хулосалар Рауф Парфи ҳаёти ва ижодига ҳам дахлдор. “Сўзнинг гулханида руҳим исинди” – деб айтиш учун шоир ёки шоиртабиат бўлишнинг ўзи камлик қилади. Бунинг учун инсон юраги, бутун вужуди, руҳи – бор-буди билан сўзлар салтанати аро асир бўлиши керак.

Сўзнинг гулханида руҳим исинди,
Ул юлдуз, ойларнинг сўзин ўқирдим.
Лабларим ёрилди, тишларим синди,
Хаёлимдан олтин қафас тўқирдим…

Чўлпонона руҳда битилган ушбу сонетига шоир миллат эрки, Сўз ва иймон йўлида шаҳид кетган устозининг “Хаёлимдан олтин қафас тўқидим” сатрини бошсўз (эпиграф) қилиб олади. Дарвоқе, бу нимаси? Шоирнинг ўзи олов, турган-битгани оташ эди-ку?
Мана, бир пайтлари нима деб ёзганди у:

Чарс-чарс ёнавер, нимжон олов,
Қўлларимни қалайман,
Бегона эмасмиз, ҳарқалай.

Ўз ҳарорати билан ҳатто “нимжон олов”ларни-да эсанкиратган олов-оташ шоирнинг ўзи энди дийдирамоқда. Нажот эса яна ўша кўҳна Сўз диёрида. Сабаби аниқ: Сўз оташгоҳи қошида унча-мунча сўзсуярнинг ёнишлари ҳечдир. Бу ерда бошқа бир сабаб ҳам борга ўхшайди. Икки шеър ёзилган вақт оралиғида чорак асрдан кўпроқ вақт турибди – 1968–2001. Шоир писанд қилмаётган, қўлларини (эҳтимол, ундан тўкилаётган сўзларини) қалаб алангалатмоқчи бўлаётган нимжон олов ўша қирчиллаган оташқалб йигит назарида акс этганди. Сўз гулханида руҳи исинган эса борган сари Улуғ Калом олдида ўз сўзлари ҳеч эканини теранроқ англаб етаётган, “олтмишини тепаётган” нуроний шоир, ўз айтишича, ҳорғин йўловчи эди. Айни дам у ўзининг Сўзга лойиқ ёки номуносиблигидан ёзғираётир:

Улар ким?! Мен Сўзни севдим. Мен – хароб,
Лойиқманми Сўзга, билмадим, нетай?

Рауф Парфи бундай арзномалар – ўз-ўзига айбномаларни қанчалик кўпайтириб, хароб ҳолидан ёзғирмасин, Яратган дарвеш шоирни айнан Сўз воситасида асраганига ҳам шак-шубҳа йўқ. Шу тарзда шеър, умуман, сўз нажот фариштасига айланади.
Сўзга мубтало шоирга Сўзнинг ўзи чора ҳам эди.

Агар юрак ёриб қилсам ошкор –
Сўзларим зулмга отилган ўқдир.

Чин шоирлар шеърни ҳаёт, тириклик шарти деб билганлари ҳолда ҳаётни ҳам энг гўзал, бенуқсону баркамол шеърга айлантириш илинжида машаққат чекадилар. Ерга сиғмаган улкан қалбли шоир осонгина шеърга сиға олади. Шеър ичида яшаш, сўзларга қарам каби кун кечириш шуниси билан завқли, шуниси билан фожиали! Шеърдан кейинги шеърга ўхшамаган ҳаёт-чи? Ташқарига чиқиб яна ўша бадбин кўзлар, нурсиз юзлару буқаламун қиёфаларга дуч келиш азоби оғир. Шунданми, Рауф Парфи умр бўйи шеър ичида, сўзлар қуршовида бўлди. Ўз иқрорича, бир умр шоир деган ном уни таъқиб этди.
Шеър – комиллик истаган иймон. Чинакам шоир сўнгги нафасига қадар унинг камоли йўлида заҳмат чекади. Ҳақиқий шоирлар “Худонинг эркатойлари” эмас, ҳақ сўзга масъул жафокаш, жигархун бандалари, ҳақиқатнинг ердаги ҳимоячиларидир. Рауфчасига айтсак, “Фақат шоир хақли бахтсиз бўлмоққа”. “Чин шоир юрагида тугун, қўл-оёқларида занжир билан туғилади. У қеч қачон “шароит”га мослаша олмайди. У ёнга ҳам, бу ёнга ҳам юра олмайди, юрагидаги нурли тугун, қўл-оёғидаги тилло занжир уни қўйиб юбормайди. Шароитга мослашган заҳоти ўлади”. Рауф Парфи мана шу аччиқ, аммо шарафли қисматни матонат билан яшаб ўтган кам сонли шоирлардандир. Баъзи адабиётшунослар, адибу мухлислар Рауф Парфи ҳаёти ва ижодининг ана шу хос жиҳатига алоҳида урғу бериш билан бирга, ўзлари сезган-сезмаган ҳолда уни шоир сифатида идеаллаштиришга мойиллик билдирадилар. Бу эса шоиримизнинг ўзига ҳам ёқмаган бўларди, албатта. Негаки, шоир қавми кўпчилик назаридаги елкасида қаноти бор фаришта эмас…
Шеър – дуо. Ҳадисда: “Дуо – бу айни ибодат”, дейилади. Шеър ёзиш – ибодат. (Бу ўринда сўз “ясаш” билан шуғулланиш назарда тутилмаяпти!) Рауф Парфи каби шоирлар шунчаки образли гап айтиш учун оқ қоғозни жойнамозга ўхшатмайди. Шеър ёзаётганда шоир ҳақ, шеър туғ(ил)аётганда шоир пок. Шеър ўқиётганда шеърхоннинг ўзи ҳам покланар, эҳтимол. Шоирнинг ўзи шундай дейди: “Ҳар бир одамнинг Оллоҳга мурожаат қиладиган пок бир макони, жойнамози бўлиши лозим. Оқ қоғоз – шоирнинг жойнамози. Оқ қоғози бўлмаган шоир имонидан айрилади, Оллоҳни унутади. Санъатнинг барча турлари: мусиқами, рассомликми, шоирликми – барчаси Оллоҳга муножот шаклидир. Шеър ёзиш покланиш дегани. Покланишга доим тайёрман”.
Рауф Парфи ижодида Сўз идеал даражасига кўтарилди. Шоирнинг эстетик идеали – дунёни уйғотувчи, руҳиятни покловчи Сўздир, десак янглишмаймиз.

Бир сўз бор,
Ҳақиқат сўзидан ҳам юксак,
Ҳақиқатнинг ўзидан ҳам юксак
Бир сўз бор…

Шеър кўп нуқта билан якунланади – шоир ўша бир сўзни айтмайди. Балки, бу сўзни унинг ўзи ҳам билмас. Аммо шуниси аниқки, ҳар бир юрак, айниқса, ижодкор қалбнинг барча тўқилган ҳақиқатлардан-да юксак ўз Сўзи бор. Шоир ҳали ўзи ҳам билмаган ана шу ғайбий Сўз ортидан умрбод эргашади, муқаддас Сўзга талпинади. Бироқ, Рауф Парфининг ўзи тан олиб айтганидек, “Биз аслида сўз билан ифода қилиб бўлмайдиган нарсани (яъни, Руҳни – Б.Ф.) сўзга айлантирмоқчи бўляпмиз. Барибир, у Сўзни тополмаймиз, биз фақат ўралашамиз”.

Ғунчалар пуштиранг ва заъфар
Зангори япроқлар шаҳрида.
Ғунчалар орзумдек ҳар сафар,
Ғунчалар қалбимнинг бағрида.
Қалбимнинг бағрида бир жаҳон
Ғаройиб эртаклар айтади.
Мен қайтиб келмасман ҳеч қачон,
Ғунчалар, албатта, қайтади.

Шоирнинг ажойиб топилмасини сезаяпсизми? У гўзаллик, ёруғлик, умуман, эзгуликни абстракт тушунчалар, сийқа таърифлардан қутқариб, бизга – нигоҳимизга пуштиранг (ва заъфар) ғунчалар этиб тақдим этмоқда. Энди уларни фақатгина кўриб, завқ олиш эмас, ифоридан баҳраманд бўлиш, ҳатто пешонасидан ўпиш мумкин. Ҳа, ғаройиб эртакка ўхшайди бу! Аммо энг муҳими, ҳассос шоир бизни бунга ишонтира олди. Қалб гулшанида ғунчалаётган орзуларига ошно эта билди.
Шоирнинг поэтик имкониятлари кенглиги, ҳолат-кечинмани товушлар бағрига сингдира олиши “Ёмғир ёғар…”, “Ташқарида шовуллар шамол…” сингари шеърларида яққол кўринади. Ушбу шеърларда товушлар товланишлари (“ғ”, “ш”) ажиб поэтик кайфият ҳосил этади. Шу ўринда Баҳодир Содиқовнинг шоир ҳақидаги мана бу сўзларига қўшилгимиз келади: “Унда (Рауф Парфида – Б. Ф.) ҳар бир фикрнинг ўз ранги бор, оҳанг, бўёғи бор. Фикр пластикаси ранг ва ҳаракат пластикаси билан қўшилиб кетади”. Баҳодир Содиқов. Кўзлардаги дунё/Ўзбек адабий танқиди. Тошкент, “Turon-iqbol”, 2011. 455-бет.)
Аммо Рауф Парфи ижодиётида мақсад сўз, санъатга ўхшаса-да (“санъат – санъат учун” тамойилини ёдга олайлик), давр, замон, инсоният тақдири ҳеч қачон бу идеал соясида қолиб кетмайди. Аксинча, баъзан давр кайфиятининг ўзи сўзларни йўлга бошлайди. Рауф Парфининг аксар шеърлари, хусусан, ижодининг салмоқли қисмини эгаллаган сонетлари инсониятнинг чигал тақдири, миллат дарди, давр руҳидан озиқланади. Акс ҳолда, шоир шунчаки интим ҳислар куйчисига айланар, сатрлари бу қадар сертаъсир бўлмасди.
Мана бу тўрт сатрдангина иборат шеърда шоир шамол образида бутун башариятнинг аччиқ қисматини очиб бераётганга ўхшайди:

Шовуллайди шамол, увлайди,
На тиним бор, на уйқу унда.
Аламини ёза билмайди,
Шодлигин ҳам этолмас удда.

Ахир ҳамма уринишлари бекор кетаётган аросат дунёдаги Одам (Шамол) шовуллаш ва увлашдан бошқа нима ҳам қилсин? Шеърдаги шамол образини умр, шамолдай аросатда қолган жумлаи жаҳон маъносида ҳам тушуниш мумкин.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Шамол образи Рауф Парфи ижодида алоҳида аҳамиятга эга: бу образ зиммасига муҳим маъно-мазмун, бадиий юк ортилган. “Шамолга осилиб яшадим”, дейди шоир. Мантиқ кўчаларига қўйилган қизил чироқларга парво қилмай, йўлни кесиб ўтаётган йўловчи ҳолатига тушгандек бўласиз: ахир, қандай қилиб шамолга осилиб яшаш мумкин? Хулосага шошилмайлик. Ҳақиқий поэзиянинг қудрати мана шундай ўта нозик ва қалтис маъно товланишларида намоён бўлади.
Шоирнинг шамолини хоҳланг олис-олис орзулар деб тушунинг, хоҳланг улкан дардлар, тўзондан иборат ҳаёт деб қабул қилинг, хоҳланг Эрк деб билинг… ҳақингиз кетмайди. Бизнингча, шоирни кўпроқ шамолдаги озод руҳ мафтун этган бўлса керак. Аммо ўта ҳур кўринган шамолнинг-да ихтиёри ўзида эмас – бутун оламлар Соҳибининг измида.
Рауф Парфи ижодида метафора-шеърлар кўп учрайди. Бу унинг ижодий индивидуаллигини таъминловчи асосий воситалардан. Шоир ижодининг ушбу хос белгисини Асқад Мухтор шундай эътироф этганди: “Рауф Парфи поэзияда мураккаб ва динамик метафоралар усулини танлади. Унда айрим образларгина эмас, балки бутун шеър метафора ҳаракатига қурилади, метафора поэтик тилга, образ мантиқига, шеърий тафаккур бойлигига айланади”. Аммо метафора шеърни сунъийлаштириш, сўз ясаш эвазига бўлмаслиги керак. Буни унутган шоир шеър оламини шунчаки мавҳумот билан “бойитади” холос. Баъзан метафора мантиқсизликка олиб келиши мумкин. Шу маънода Рауф Парфининг айрим ноқуйма тизмаларида меъёр бузилганини ҳам қайд этиб ўтиш жоиз.
Рауф Парфи ижодида Чўлпон шахси алоҳида ўринга эга. У ихлос қўйган, устоз дея талпинган буюклар сирасида, табиийки, Чўлпон ҳам бор эди. Чўлпон – Ойбек – Усмон Носир – Рауф Парфи. XX аср ўзбек шеъриятида мана шу квартет ҳам ижодий, ҳам ҳаётий эътиқод жиҳатдан бир-бирини тўлдирди, руҳий яқинлик касб этди; бу эса адабиётимиз тараққиётида муҳим босқич бўлди. Бу “мен”лар бир-бирига шундай яқин, шу билан бирга, бетакрор эдики, адабиётимизнинг ўтган асри ютуқларини уларсиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Шу маънода профессор Наим Каримовнинг қуйидаги фикри ўринлидир: “Ҳозирги ўзбек шеъриятидаги Чўлпон анъаналари хусусида сўз борганда, Рауф Парфи номини тилга олмаслик номардлик бўлурди. Унинг ижоди – ҳозирги шеъриятимиздаги соф чўлпонона ҳодиса. Унинг туйғулари қанчалик тиниқ бўлса, шунчалик дардлидир”.
Рауф Парфи “Оғриқ” шеърини “Кўкрак қафасимиз – нажот қалъаси!” сатри билан якунлайди. Бу не дегани? Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) “Тақво мана бу ердадир” дея муборак кўксиларини кўрсатган эканлар. Демак, нажот – тақвода, Иймонга кафил бўлгувчи Сўзда. Сўз бор экан, унинг Рауф Парфи каби дарвеш-фидойилари ҳам тирикдир.

“ХХ аср ўзбек адабиёти масалалари” тўплами. Тошкент, 2012.

ҲАССОС РУҲНИНГ ТИНИҚ ОВОЗИ

Бугунги ижодкор ёшлар жаҳон адабиёти, хусусан, шеъриятига кўпдан маҳлиё. Ҳижжалаб ўқиганларимиз – Аполлинер, Элиот, Лорка ва бошқа хорижлик машҳур шоирларни тилимиздан бол томиб эслаймиз. Албатта, уларнинг тажрибаларини ўрганиш фойдадан холи эмас. Аммо баъзи Ғарб шоирларига кўр-кўрона тақлид қилувчилар ҳам йўқ эмас. Ваҳоланки, ХХ аср ўзбек шеърияти, жаҳон адабиёти мезонларидан туриб қараганда ҳам, жуда катта поэзия, дунё лирикасининг дурдоналари билан тенг асарлар унда кўплаб топилади. Ўзбек мумтоз шеъриятини янги ўзанга бурган Чўлпоннинг ижтимоий руҳ билан йўғрилган шеърияти, Ғафур Ғуломнинг фалсафий шеърлари, Ойбекнинг ўйчан ва сокин соф лирикаси, Усмон Носирнинг оташин ашъори, Миртемирнинг халқона ўланлари, Ҳамид Олимжон лирикаси, Асқад Мухторнинг фалсафий-интеллектуал миниатюралари, Эркин Воҳидовнинг нафис назмий наволари, Абдулла Ориповнинг донишмандликка эш шеърлари, Рауф Парфининг санъаткорона сонетлари, Омон Матжон ва Шавкат Раҳмоннинг мардонавор шеърлари фикримизга далилдир.
Ҳа, олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деб бежиз айтилмаган. Биз ёшлар замонавий ўзбек шеъриятининг атоқли намояндалари ижодини синчиклаб ўргансак, ўзимиз учун жуда катта тажриба, сабоқ оладиган, ижодий мактаб вазифасини ўтайдиган бадиий кашфиётларга гувоҳ бўламиз. Қолаверса, ўз вақтида бу шеърият ҳақида устоз адиблар томонидан билдирилган фикрлар, уларнинг адабий-эстетик қарашлари ҳам бадиият сир-асрорини пухта эгаллашимизда қўл келиши шубҳасиз. Шу маънода бетакрор шоир Рауф Парфи шеъриятини ва унга ўз вақтида адиб Асқад Мухторнинг берган таъриф-тавсифларини ўрганиш асносида кузатганларимни қоғозга туширишга уриндим. Зотан, замонавий ўзбек шеъриятида устоз мақомидаги бу ижодкорларнинг адабий тажрибалари ёшлар учун чинакам маҳорат мактабики, улардан олинган сабоқлар ҳам бадиий ижод, ҳам илмий изланишларимизда таянч бўлади.
Rauf ParfiРауф Парфининг илк шеърларини ўқиганимизда дилга сурур бахш этгувчи ёмғир наволаридай ёқимли, қор парчалари мисол нафис, табиатнинг ўзидек жозиб туйғуларни ҳис этамиз. Ижодининг дастлабки даврида у кўпроқ романтикага мойил ошиқ, япроқлар шивирини тинглай биладиган соҳир қалб соҳиби бўлган. Устоз Асқад Мухтор “Шарқ юлдузи” журналида шоирга оқ йўл тилаб ёзган сўзбошисида Рауф Парфи ҳеч кимникига ўхшамаган овоз билан куйлай бошлаганини эътироф этади. Шоирнинг аввалги шеърларида туйғулар, эҳтирослар дарёси тўлиб-тошиб, мавж урганини кузатсак, 80-йиллардан бошлаб асарларида безовта қалб, тафаккур туғёнлари етакчилик қилганига гувоҳ бўламиз. Унинг тўнғич шеърлари интим лириканинг нодир намуналари бўлса, кейинги давр ижодида фалсафий-интеллектуал йўналиш устуворлик касб этган.
“Рауф Парфи ҳар бир шеърида одамнинг мураккаб руҳий дунёсидаги бирон ҳолатни тутиб олиб, суратлайди. Бу – қийин ижодий процесс. Лекин Рауфнинг сатрларида бу қийналиш билинмайди, улар гўё осон кўчгандек равон, табиий, самимий. Бу шеърларда декларативлик ҳам, насиҳат ҳам, иллюстрация ҳам, дидактив яланғочлик ҳам йўқ. Улар шоирнинг завқ дунёсидан туғилган. Агар бу дунё тобора кенгайса, тўлқин урса, инсоний эҳтирос ва гражданлик ҳислари билан янада бойиса, Рауф Парфи, шубҳасиз, ҳассос шоир бўлади”. Устод адиб Асқад Мухторнинг бу фикрлари, албатта, Рауф Парфи ижодига билдирилган дастлабки муносабат эди. Орадан салкам 20 йил ўтиб атоқли адиб шундай ёзади: “Рауф Парфи – яралари очиқ, дардли шоир. Унда ҳазинлик кўп, ора-чора шунчаки марсия ҳам ёзиб ташлайди, тушкунлик аломатлари ҳам учрайди. Мен буни шоирнинг айбига йўймасдим. Шоир инсоний дардлардан холи бўлолмайди. Рауф Парфи эса, шоир сифатида ўзлигини тўлароқ ифодалашга интилади, шу маънода рўйирост”. “Шеър – шоирнинг ижтимоий виждони” сарлавҳали мақолада Асқад Мухтор Рауф Парфи ижодини чуқур таҳлил қилиб берди, шоирни айрим ғоябозлардан ҳимоя этиб, у ҳақдаги энг асосий гапни айтди: “Рауф Парфи ҳиссиёт воситасида тафаккур қилувчи, кучли, беҳаловат шоир”.
Дарвоқе, ушбу мақоладан ўрганадиган жиҳатлар талайгина: чинакам дард ифодаланган шеърларнинг шоир ҳис-туйғуларига боғлиқлиги табиий, самимийми; беҳаловат шоир мисраларидаги дарднинг ижтимоий салмоғи қай даражада?.. Устоз адиб шеър таҳлилида шу каби муҳим жиҳатларга диққатни қаратиш лозимлигини уқтиради. Агар бугунги айрим ёшлар шеърларига шу нуқтаи назардан ёндашсак, беихтиёр улардаги дардли мисралар салмоғи тош босмаслиги, улар шунчаки ҳою ҳавас, ўткинчи ҳислар ўкинчи эканига амин бўламиз. Бу эса бизга устозлар поэтикасини пухта ўрганиш, улар замиридаги чўнг ҳаётий асосларни теран идрок этишимиз лозимлигини кўрсатади.
Чунончи, Рауф Парфи шеърлари инсоннинг мураккаб табиати, беқарор ўзлигидан баҳс этади. Теранроқ назар ташланса, бу шеърларда ўнлаб муаллиф “мен”ини кўриш мумкин. Лекин улар орасида икки “мен” алоҳида ажралиб туради: бири – ўта беозор, ҳалим, кўнгилчан, баъзан яшаётганим, мавжудлигим билан малол келмаяпманми дегандек, устига устак ўзидан ҳеч қониқмайди, лирик-сентимент; иккинчиси – шиддатли, кескир сўзли, аҳди қатъий, эътиқодида собит, муросасиз. Шеъриятимизга ҳассос руҳ, тоза туйғулар тилида сўзловчи тиниқ дардни олиб кирган шоир: “Фақат шоиргагина ярашади дард”, дейди. “Шоирнинг онаси изтироб, ахир”, дея куйиниб сўзлайди:

Йўқ, шоир деб қарама атай,
Ҳукм этмакка шошилма бир оз.
Мен куйиниб севаман, нетай?
Мен куйиниб сўзлайман, холос.

Ана шу “куйиниш”нинг даражаси шоир ижодий эътиқодини ҳам белгилаб беради.
Асқад Мухтор: “Рауф Парфининг кўп шеърлари ўзига ва бошқаларга муросасиз маънавий талабчанлик руҳида ёзилган беомон ва шиддатли айбномалардир”, дер экан, шоир ўз изланишларнинг баъзи босқичларида интим ҳисларининг ташқи олам билан боғланишини йўқотгани, субъектив ҳиссиётнинг шеър бўлиши учун бундай боғланиш ришталари жуда муҳим эканини ҳам ўринли қайд этади. Тўғри, шоирнинг айрим шеърлари санъат яратиш учун атай дардни ўйлаб топганга ўхшаш таассурот уйғотади. Унинг бундай “тўқилган дард”лардан иборат мавҳум битиклари эса ижодиётига соя ташламайди.
Шоирнинг кўплаб шеърлари чуқур психологизм билан тўйинган, кўпинча сатрлар – мисраларнинг ўзи яхлит шеърга айланади: Ҳар нарсани кўрар осмоннинг кўзи; Ёмғир эмас, марварид ёғар; Баҳор юзларингда барқарор; Ёзилмаган шеър эрур дилим; Сувга чўккан чўғдек сўзларим…
Мана бу бандга эътибор қаратайлик:

Аланга чақнайди кўзимда,
Ўтлар мени ташлади тилиб.
Севги, севги менинг бўғзимда,
Калимага келмайди тилим.

Қизиқ, нега лирик қаҳрамон кўзида аланга чақнайди-ю, тили калимага келмайди? Шеър номини(“Яна ажиб тушлар кўрибман…”) эътиборга оладиган бўлсак, ҳаммаси англашилгандек бўлади. Шоир ажиб тушларини моддийлаштираётир; бошқа бир шеърида айтганидек, кўзидан маъно ўқишимизни истамоқда. Шоир кўплаб шеърларида шу тарзда тафаккурни ички нигоҳга қаратади.
Рауф Парфи ижодида сўз идеал ҳодисага айланади. Шоирнинг эстетик идеали дунёни уйғотувчи, руҳиятни покловчи сўздир, дея баҳо берсак, янглишмаган бўламиз, эҳтимол.

Бир сўз бор,
Ҳақиқат сўзидан ҳам юксак,
Ҳақиқатнинг ўзидан ҳам юксак
Бир сўз бор…

Шеър кўп нуқта билан якунланади – шоир ўша бир сўзни айтмайди. Балки, бу сўзни унинг ўзи ҳам билмас. Аммо, шуниси аниқки, ҳар бир юрак, айниқса, ижодкор қалбнинг барча тўқилган ҳақиқатлардан-да юксак ўз Сўзи бор. Шоир ҳали ўзи ҳам билмаган ана шу сўз ортидан умрбод эргашади, унга талпинади. Бироқ Рауф Парфининг ўзи тан олиб айтганидек, “Биз аслида сўз билан ифода қилиб бўлмайдиган нарсани сўзга айлантирмоқчи бўляпмиз. Барибир, у Сўзни тополмаймиз, биз фақат ўралашамиз”.
Шоирнинг поэтик имкониятлари кенглиги, ҳолат-кечинмани товушлар бағрига сингдира олиши “Ёмғир ёғар…”, “Ташқарида шовуллар шамол…” сингари шеърларида яққол кўринади. Ушбу шеърларда товушлар товланишлари (“ғ”, “ш”) ажиб поэтик кайфият ҳосил этади. Аммо Рауф Парфи ижодиётида мақсад сўз, санъатга ўхшаса-да (“санъат – санъат учун” тамойилини ёдга олайлик), давр, замон, инсоният тақдири ҳеч қачон бу идеал соясида қолиб кетмайди.
Рауф Парфи ижодида метафора-шеърлар кўп учрайди. Шоир ижодининг ушбу хос белгисини Асқад Мухтор шундай эътироф этганди: “Рауф Парфи поэзияда мураккаб ва динамик метафоралар усулини танлади. Унда айрим образларгина эмас, балки бутун шеър метафора ҳаракатига қурилади, метафора поэтик тилга, образ мантиқига, шеърий тафаккур бойлигига айланади”.
Бироқ метафора шеърни сунъийлаштириш, сўз ясаш эвазига бўлмаслиги керак. Буни унутган шоир шеър оламини шунчаки мавҳумот билан “бойитади”, холос. Баъзан сунъий метафора мантиқсизликка олиб келиши мумкин. Шу маънода Рауф Парфининг айрим ноқуйма тизмаларида меъёр бузилганини ҳам қайд этиб ўтиш жоиз.
Шоирнинг “Сув остида ялтирайди тош…” деб бошланувчи шеъри тўласича метафоралар асосига қурилган бўлиб, ассоциатив тафаккур маҳсулидир. Шеърда хаёллар тошларда ўйноқлаб юрган оҳуларга менгзалади. Рауф Парфининг табиат тасвири кўпинча ҳайрат, сурур, лирик кайфият билан бирга катта ижтимоий масалаларга бориб тақалаверади. Хусусан, ушбу шеърда сув остида ялтираб турган тошдан шоир юрагига тушган чўғ ижтимоий муҳит шамолида алангаланиб, лирик қаҳрамоннинг япроқдек қалтираб турган нигоҳи ўткирлаша боради. Энди тўлқинлар устида унинг севинчлари, оҳу зорлари мавжланади. Иймонида аллақандай куч, бесабр қудрат, шаклсиз севинч туйган лирик қаҳрамон – шоир ўз-ўзини сўроққа тутади:

Кўзимда қумларнинг ўйини,
Йўлларимда ғиж-ғиж соқов тош…
Нелар бузди, шоир, ўйингни,
Бунча хурсанд кўзларингда ёш?

Энди кейинги мисралардаги метафоралар “тил”ини топишга уриниб кўрайлик. Қумлар, соқов тошлар, шоир кўзларида милтиллаган ёш, харсанглар, наво… Уларнинг ҳар бири характерли хусусиятга эга. Кучли шамол турганида қумларнинг “ўйин”ини кузатганмиз. Ушбу манзара-ҳолатни кўзларда тасаввур қилиб кўрайлик. Даврнинг шиддатли шамоли олдида эса бундай “қум ўйинлари” ҳеч нарса!

Хулоса қилиб айтганда, ХХ аср ўзбек шеъриятида, ҳақиқатан ҳам, ўрганишимиз, эргашишимиз лозим бўлган улкан ижодий тажрибани ўзида мужассам этган катта мактаб бор. Биргина Рауф Парфи шеърияти мисолида бунга гувоҳ бўлиб турибмиз. Асқад Мухторнинг адабий-эстетик қарашлари, хусусан, Рауф Парфи ижоди ҳақидаги мақолалари эса бизга поэзияга қандай ёндашиш кераклиги, унинг энг муҳим нуқталарини қай тарзда талқин этиш лозимлигини аниқ-тиниқ кўрсатиб беради.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 2012 йил 9 ноябрь.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 1 499

Один комментарий на “Рауф Парфи поэтик оламига назар

  1. Muqaddas
    26.05.2018 at 12:53

    Ассалому алайкум! Офарин!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *