Рауф Парфи. Лирика

images (17)***

Шовуллайди шамол, увлайди,
На тиним бор, на уйқу унда.
Аламини ёза билмайди,
Шодлигин ҳам этолмас удда.

1964

***

Мунча ғамгин бўлмаса ўйлар,
Ҳижрон мунча бўлмаса узоқ.
Мени ўйла, соғиниб ўйла,
Ёлғиз мени ўйла, интизор,
Мунча ғамгин бўлмаса ўйлар.

Ҳижрон мунча бўлмаса узоқ,
Ҳолбуки, бир қадам ўртада.
Орамизни ким бузди, ўзи,
Инонким, беҳуда ўртади.
Ҳижрон мунча бўлмаса узоқ.

Мени ўйла, соғиниб ўйла,
Айтсалар-да севги узилган,
Шундай ишончсизлик туфайли,
Хафа бўлма мендан – ўзингдан,
Мени ўйла, соғиниб ўйла.

Ёлғиз мени ўйла интизор,
Ўйларингда мен яшай якка,
Чунки севги аталган азоб
Қодир эмас тоқ яшамакка –
Ёлғиз мени ўйла интизор.

Мунча ғамгин бўлмаса ўйлар,
Қасди борми менда, билмадим.
Ҳар бир олган нафас ҳам йиғлар,
Сен оғир нафассан, дилбарим,
Мунча ғамгин бўлмаса ўйлар.

1963

***

Шивирлайди оёғимда яшаб ўтган хазонлар,
Кўзларимга игна янглиғ санчилмоқда мезонлар.

Ҳувиллаган қишлоқ узра қуюқ туман чўкмоқда,
Йироқларда най кўнглини сўнгги бора тўкмоқда.

Дала бўм-бўш, кўмилгандек унга кўҳна саволлар.
Фақатгина кезиб юрар, изғиб юрар шамоллар.

Фақатгина кўринадир куйган дарахт мунғайиб,
Қайда қолди мангу баҳор, қайга бўлдинг сен ғойиб?

1965

***

Йўқ, шоир деб қарама атай,
Ҳукм этмакка шошилма бир оз.
Мен куйиниб севаман, нетай?
Мен куйиниб сўзлайман, холос.

1965

***

Айланиб тушар қор йўлимга…
Қўлингни қўйгил, ёр, қўлимга.

Сен қолдинг муҳр каби лабимда.
Сен – бир дард асабий қалбимда.

Кўзимга беркитай ва лекин
Ёшдай оқиб кетма, севиклим.

1963

***

Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Томчилар томчилар сочимга.
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар
Ҳам қайғумга, ҳам қувончимга.

Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Мен унга очаман бағримни,
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Аста унутаман ёмғирни.

Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Ахир мени асир этди ул.
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Ёға бошлар қоғозга кўнгил.

1964

***

Тонг отмоқда, тонг ўқлар отар,
Тонг отмоқда, қуёш – замбарак.
Яраланган Ер шари ётар,
Бошларида яшил чамбарак.

Тонг отмоқда, мусаффо тонгга
Юрагини тутар одамлар.
Шу тонг учун келган жаҳонга,
Шу тонгни деб ўтар одамлар.

Тонг отмоқда…

1964

***

Ғунчалар пуштиранг ва заъфар
Зангори япроқлар шаҳрида.
Ғунчалар орзумдек ҳар сафар,
Ғунчалар қалбимнинг бағрида.

Қалбимнинг бағрида бир жаҳон
Ғаройиб эртаклар айтади.
Мен қайтиб келмасман ҳеч қачон,
Ғунчалар, албатта, қайтади.

1962

***

Деразамга урилади қор,
Жаранглайди жарангсиз кумуш.
Деразамга урилади қор,
Қор сингари оппоқ бўлди туш.

Бир ажойиб қор ёғар бу кеч,
Учиб тушар менинг ёнимга…
Мен-ку сени ўйламасман ҳеч,
Сен тушасан аммо ёдимга…

1963

***

Автобус деразасидан қараб кетсанг,
Узоқ-узоқларга,
Масофалар сувратини
олиб кўзларга.
Хусусан, ой булутлар орасига беркиниб турса.
Хусусан, юлдузлар сўнганда,
Хусусан, зим-зиё тун чоғи
Айниқса, шаҳарнинг шовқини сени зериктирса.
Айниқса, севгилинг севмаса сени…
Айниқса, ғийбатлар тўқиса
Дўстларинг…
Ана, бир уйда
Милтиллаб бир чироқ ёнди.
Ана, бир уйда мўлтираб бир чироқ
Ёш каби тупроққа томди…
Қанчалар йироқларга қочар қисматлар,
Автобус деразасидан қараб кетсанг…

1965

***

Мен ўткинчи, мен фақат меҳмон,
Даргоҳингда, эй туркий тилим,
Менга бир шеър керак эй, мезбон,
Ёзилмаган шеър эрур дилим.

Айтгил, нечун бунчалар қизиқ,
Эски жаҳон, бу эски жаҳон.
Бир шеър керак нон каби иссиқ,
Менга бир шеър керак, эй мезбон.

Мен ғарибман ва сен беомон,
Сен Қуёшсан, мен сўнган чироқ,
Қийнамагил мени, онажон.

Сен – абадий, мен — лаҳза, бироқ.
Итоат эт менга шул замон,
Ё айлагил телбани тупроқ.

1964

***

Дарё мавжларига ёзилмиш ғазал,
Майсалар эгилиб ўқийдир китоб.
Шодланиб хандалар отар бир лаҳза,
Бир лаҳза оҳ тортиб қўядир офтоб.

Қамишлар шивирлар дарё томонда,
Кўкда оқ булутлар кезар бемажол.
Бир тирик нафосат борлиқ, жаҳонда,
Кимгадир эланар, қилар илтижо.

Бу қадар гўзаллик қайси очунда,
Бу қайси китобдир, кимнинг дафтари,
Кимнинг аламидир қилич учинда?

Қалтираб порлайдир бир чироқ ғариб,
Бир қушча сайрайдир руҳим ичинда,
Бир қушча йиғлайдир мени ахтариб.

1963

***

Излайсанми сен-да бир паноҳ,
Ҳеч тинарми бу куй, бу оғриқ?
Эҳтимолки, бекордир, э воҳ,
Ўртанишинг бу қадар, бағрим?!

Керак эмас, балки, ёнишинг,
Қайғуларинг керак эмасдир?
Ҳаётингнинг бутун ёзмиши
Бир нафасдир, эҳ, бир нафасдир.

Ўйчан кеча, тун ичра танҳо,
Рауф дўстим, қолдик икковлон…
Биз меҳрга тўймадик асло,
Бир ёруғлик излаймиз ҳамон.

Шунча абгор қилгани етар,
Биз ёнардик, ёнардик яна.
Ёруғлик, деб бошига етар
Ёруғликни севган парвона.

Раҳм-шафқат бўлмас шоирга,
Заъфар дунё босар юзидан,
Парвонадек учсин қаерга,
Қаерларга қочсин ўзидан?

Ҳар нарсадан айри, бенасиб,
Шўрлик қисмат юклари оғир.
Келар осмон дардлари босиб
Бу чексизлик эмас, бу – оғриқ.

Афсуски, йиқилди парвона
Қанотидан айрилди ўшал…
Йўқ, ҳажрда куйгай у яна,
Қанот бўлгай қайси бир гўзал…

Бир зум каби ёшлик ҳам ўтди,
Бир зум севги вафо қилмади…
Кутганимиз кўпдир ҳаётдан,
Келмади. Келмади. Келмади.

Садоқатда, дўстлик аҳдига,
Бахтларнинг йўлида толмадик
Ва лекин биз севги бахтига
Рауф, Рауф, йўқ, етолмадик.

Ўйчан кеча, тун ичра танҳо
Армон билан қолдик икковлон.
Биз меҳрга тўймадик асло,
Яна, яна истаймиз ҳамон.

1965

***

Уйғон, эй, малагим, тур ўрнингдан, тур,
Оташин музларда исинайлик, юр.

Ёнғинли дарёда қулоч отайлик,
Бу ердан кетайлик, фақат кетайлик.

Ундан ҳам олисроқ кетармиз ҳали,
Ундан ҳам олисроқ, менинг гўзалим.
Қарагил, энг ёрқин бир юлдуз ёнар,
Ёруғ бир чаман бу… кетармиз яна.

Бугун шоҳ эрурман, тилак тилагил,
Бугун мен гадоман, тингла, малагим.

1966

***

Паға-паға оппоқ қор ёғар,
Боғлар киймиш илоҳий либос.
Юрагимни бир оташ доғлар –
Қуёш тутиб келаётир ёз.

Нима бўлди? Кипригинг намли,
Кўзларингда яширин асрор.
Девордаги сувратим қани?
Нима бўлди? Қалбингда не бор?

Ёғар оппоқ, паға-паға қор,
Дардим қорлар каби сочилар.
Ҳув йироқда гуллаган баҳор
Бўйлари кўксимга санчилар…

1969

***

Кўзларимнинг осмонларида
Фақат ўзинг, фақат сен ўзинг
Ойдан, юлдузлардан нарида –
Кўзим ичра сенинг юлдузинг.

Тушларимда учиб юрардим,
Мен-ла бирга озод қушларим,
Сен тушми деб сендан сўрардим,
Алдамчидир барча тушларим.

Мени кутмас энди ул боғлар,
Мени кутмас қалам қошлигим.
Тушда қолди ул масрур чоғлар,
Эҳ, ҳувиллаб қолган ёшлигим.

Шафқат недир – қовжироқ тақир,
Мен йўлсизман бесару сомон.
Ботмоқдадир қуёш ҳам, ахир,
Ҳансирар-да, бўғриқар осмон…

Бу ерларга беҳуда келдим,
Сувга чўккан чўғдек сўзларим.
Гўзалликнинг мен қули эдим,
Сен оллоҳсан, менинг гўзалим.

Қайдасан сен, бу кун беҳуда
Ҳасрат билан кўйингда ёндим.
Сенинг ўтли меҳрингдан жудо
Сап-сарғайган саҳрода қолдим.

Даъват этмас, шундоқ алвидо,
Толқон бўлур тамаллар тоши –
Сўнаётган офтоб нурида –
Менинг кирсиз ўн тўққиз ёшим.

Томоғимда қотган сўзларим,
Сочилган, самога сочилган.
Мана, тонг. Тонгларнинг гўзали.
Тонг оқарди. Тонг – сочим менинг.

Хайр сенга, отилган оҳу,
Дунёларга видо айтурман.
Элитмоқда чўнг қудрат – уйқу,
Тушларимга яна қайтурман.

1970

***

Вужудим яллиғланар нафасингдан,
Сен шундай яқинсанки жон қадар, ахир,
Бари бир сени соғинаман, севгилим.

1975

***

Юлдузларга мен ҳам қарайман,
Юлдузлар – самовий бир хаёл.
Мен кўпроқ заминга ярайман,
Менга керак ердаги ҳаёт.

Юлдузларга қарайман мен ҳам,
Юлдузлар – чақнаган орзулар.
Ҳув, мискин кезадир бир одам –
Кўксида ёнмаган юлдузлар.

Юлдузларга қарайман мен ҳам,
Баъзида келадир ҳавасим.
Баъзида босадир оғир ғам,
Баъзида етмайдир нафасим.

1965

ҲАМЛЕТ

Сўлдирма! Дунёга шафқат қил, қизғон!..
Шекспир

1. Фақат виждон билан ўртанар Ҳамлет,
Дониё – зиндонга қараб турар лол.
Биз ҳам шу саҳнага тикиламиз тек,
Бизни ҳам ўртайди қадимий савол.

Ҳамлет севгисига содиқ қоларди,
Садоқат нелигин биларди, бироқ
У ёлғиз вафони ёлғиз хоҳларди,
Э воҳ, жафо ундан минг карра кўпроқ.

Шоир етолмайсан унинг додига,
Ҳамлет юрагида алам ва кадар.
Етар… Офелия, қайт ҳаётингга.

Инонмоқ истарди сенга нақадар,
Инонмоқ истарди башар зотига,
Ундан кўрмасайди ёмонлик агар.

2. Бош эгиб тонглардан тонгларгача то
Виждон шевасига ташбеҳ излаймиз.
Одамда виждон ҳам бўлмасми ҳатто!
Сўзлаймиз, жигархун бўлиб сўзлаймиз!

Сен эй, сен, хилқатнинг ёвуз бандаси,
Не бало солғайсан маъсум бошларга?
Бўғилиб ётгандир виждонинг саси,
Бошингни ёрсанг-чи уриб тошларга…

Замондошим менинг, жафокаш Ҳамлет,
О, дўстим, дунёда хунхорларни кўр.
Ожиздир бу қалам, ожиз тасаввур.

Қонлар оқмоқдадир, сўнмоқдадир нур.
Турибсан-ку давр билан бетма-бет.
Наҳот изтиробда доим тафаккур?!

3. Буюк жиноятчи, буюк қаҳрамон,
Буюк асримизда кўрсанг-чи буни…
Етим қилмас мени муқаддас имон,
Собит орзуларим айтур ҳукмини.

Қара, қайлардадир ер ранги – шафақ,
Қариган қайғулар судранар ғижим.
Ҳамлет кўзларини юммоқда… фақат
Сесканиб, шакланиб тўлғонади жим.

Юмилган кўзларда бешумор очун,
Кўкарган лабларда айтмаган сўзи,
Сен-да кетарсанми, о, Ҳамлет, нечун?

Кимларга инониб кетарсан, дўстим.
Наҳот, етар сенга ёвузлик кучи?!
Йўқ, сени ўлдирди шоирнинг ўзи.

1965

МУҲАББАТ

1.Шундай изтиробда севган юрагим,
Муҳаббат дастидан йўқ мажол, имкон…
Ҳорғин, адо кўзларимга қарагин,
Билурман, шунчаки ўртанмас виждон.

Оғир севганимдан рашким ҳам оғир.
Ул ғойиб илмдан олгайман сабоқ.
Ахир ноҳақ эди, Отелло, ахир,
Севгилим, шафқатсиз муҳаббатга боқ!

Содиқ Дездемона, эй жигарпора,
Нечун бўғизланди муқаддас туйғу,
Нечун қатл этилди севги бечора?!

Қасдинг борми менда, эй сўнгсиз қайғу,
Дунё – дунё эмас, дунё бу – яра?!
Наҳот, бу жароҳат собитдир мангу.

2.Севгилим, севгилим, жавоб бер, ахир,
Совуқ жисмим ичра алаҳсирар жон,
Ўйнаб қилич солар бошимга тақдир,
Домига тортмоқда сўқир ломакон.

Ҳолбуки айланар олам ақлимда,
Унинг рангларига бўялмиш жигар.
Беш қўлим сингари таниш иқлимда
Ишончсиз яшамак оғир нақадар.

Не хаёл ташланур ўксик ёдимга,
Ёдимнинг кўзини кесиб кирар тун,
О, ким ҳам етарди менинг додимга?

На ер сарварлари, на сарват, на дин,
Инонмоғим учун одам зотига
Мен сенга инонмоқ истайман олдин.

3.Йўқ, йўқ, керак эмас илоҳий ҳусн,
Майли пешонангда ёнмасин даҳо.
Фақат инсон бўлгин садоқатда сен,
Менинг вафодорим бўлолгин танҳо.

Гоҳида ўшандоқ тентак хаёллар
Сендан воз кечмакка қистайди ҳаргиз.
Қайлардан келарлар машъум саволлар,
Қандайин яшарман, севгилим, сенсиз.

Сенсиз дунё менга нимадир, гулим,
Ҳар не унут бўлар ҳар неки эзгу,
Қонимни музлатар тирилган ўлим.

На севинч, на кўз ёш, на ушбу сезги,
Бу чексиз оламда ягона йўлим –
Ёлғиз инонганим сенсан-ку, севгим…

4.Севгилим мен сенга инондим нечун?
Сени ўзгалардан ўзга деб билдим.
Қора гирдоб қаърига мен йиқилдим,
Оқар дарё бўлиб йиғлайман бу кун.

Фалакнинг чароғи ёнди-да сўнди,
Кўзимнинг имони – дарёлар кечар,
Қотди ақлим, қаттол қисмат қон ичар.
Мақтул муҳаббатга макон йўқ энди.

Хайр, хайр, хайр энди. Бўғилар нафас,
Табиат, мадад бер, етмас ўз кучим.
Нечун алдадинг сен, тушуниб бўлмас.

Севгилим, ҳеч кимни севмасман, нечун
Осмон йироқ, юлдузи йўқ, ой кулмас.
Ҳамма нарса кулгилидир мен учун.

5.Мен кимни суйибман… Ёлбориб толдим –
Ўзгарар табиат, дунё ўзгарар.
Балки, мен ўзга бахт йўлида қолдим,
Лекин олиб кетди сени ўзгалар.

Ахир, ўзга эди сенинг аҳдинг, эй,
«Ахир, ўткинчидир ҳаттоки абад».
Нечун ўзга эди сенинг бахтинг, эй?
«Лекин ўзга эрур буюк муҳаббат!»

Яшин уриб кетган дарахтдек тўниб,
Поёнсиз бўшлиққа қарайман дилсўз,
Сарсон ахтараман юрагим тўлиб.

Қайда у садоқат, поклик деган сўз?!
Ҳайҳот! Хиёнатнинг етими бўлиб,
Фақат йиғлаб қолди икки қора кўз…

6.Афсус-надоматнинг бордир-ку чеки…
Сенинг гуноҳингни ювсин кўз ёшим…
Айни жасоратдир ҳар қандай севги,
Сенга оқ йўл тилар менинг бардошим.

Бу шундай ҳаётдир, бу шундай дунё,
Эга чиқавермас ҳар ким аҳдига.
Онасан, омон бўл, соғ бўл доимо,
Маъсум болаларнинг маъюс бахтига…

Лов-лов ёнаётир қуёш – ул нажот,
Осмон чорлаётир, чорлар юксак тоғ.
Шундай юрагимда товушсиз фарёд.

Мен сенга инонмоқ истайман, э воҳ,
Барча кўргуликка кўниккан ҳаёт,
Буюк муҳаббат деб аталган Аллоҳ.

1977

***

Ёшлик – зангор фасл. Кечди. Сарғарди.
Тўкилди у. Шафқат билмас баргрезон.
Қора совуқларга отиб юборди,
Шамоллар пойида синмоқда хазон.
Ёшлик – зангор фасл. Кечди. Сарғарди.

Ҳарна ўтди, мендан ўтди, омон бўл,
Қанча фарёд қилмай қайтариб бўлмас.
Ҳар қалай, олдинда бордир сўнгги йўл,
Токи етгунингча хотирот ўлмас,
Ҳарна ўтди, мендан ўтди, омон бўл.

Видо табассумли олам – ёшлигим,
Кўзларимда қотган жолам – ёшлигим,
Кўкларга етмаган нолам – ёшлигим.
Сувга чўкиб кетган болам – ёшлигим,
Видо табассумли олам – ёшлигим.

1977

***

Бинафша, исмингиз умидли,
Нафосат тўла – Бинафша.
Яна бир йил, оҳ, бир йил ўтди,
Эй умр, сен бунчалар шошма!
Юракларнинг шавқи, кулгиси,
Акс этади арғувон майда.
Бинафша, меҳрибоним, дўстим,
Бугун хафа бўлмангиз мандан.

Хафа бўлманг юракдан кулсам,
Хафа бўлманг йиғласам тошиб,
Пойингизга келиб йиқилсам
Хафа бўлманг мендан, қуёшим.

Чунки шодликларим Сиз – танҳо,
Аламларим Сизсиз менинг.
Сиз тилсимот каби бир дунё,
Сиз – дунёси Сизни кўрганнинг.

Бинафша, исмингиз умидли,
Ноумиддир юрагим ҳамон.
Кўкда булут, кўксим булутли,
Туманларга беланган ҳаво…

1964

***

Хато қилдим, севгилим,
Хато қилдим беомон.
Йўқ энди борар йўлим,
Боғимда сўлди гулим,
Бағримга тўлди хазон.

Хато қилдим, севгилим,
Хато қилдим билмасдан,
Қани ютилса тилим,
Қалтираб турар қўлим
Жигаримни юлмасдан.

Хато қилдим, севгилим,
Хато қилдим билмасдан.
Мен суйиб хато қилдим,
Мен куйиб хато қилдим
Ўлиб хато қилмасман…

Хато қилдим, севгилим…

1978

МАҚТОВ

Мақтов кимга ёқмас, кўнглинг тўлдирар,
Мақтов – ширин оғу, ширин ўлдирар.

1977

ЙЎЛОВЧИ

Хаёлимдан олтин қафас тўқидим.
Абдулҳамид Чўлпон

1.Сўзнинг гулханида руҳим исинди,
Ул юлдуз, ойларнинг сўзин ўқирдим.
Лабларим ёрилди, тишларим синди,
Хаёлимдан олтин қафас тўқирдим.

Иймон қайда, билмас қаттол жавонмарг,
Дам кўкка боқадир, дам ерга боқар.
Аламзор қўйнида эзилган бир барг,
Сўнгги унут сўзин дарёси оқар.

Ундан-да сўрайман: Шеърият надир?!
Лаззатга ғарқ ботиб Кунга қарайман.
Ҳеч тузалмас яра, у Сўздир, ахир.

Илиндим, энди мен нега ярайман?
Даврлар қаърида инграйдир Башар.
Айтадир: Шоир йўқ, шеърият яшар.

2.Сатрлар сангида шоир ниҳондир,
Учратдим тушимда, қўлим узатдим.
Лаънат пучмоғига кўкси нишондир,
Ҳовлиқма созимни қайта тузатдим.

Илгари чалинган сеҳгар қўшиқ,
Дор остидан учиб танимга қайтдим.
Азон овозига овозим қўшиб
Сочилган соч каби сўзимни айтдим.

Учиб ўтган турнамидир, ғозмидир,
Лоларуҳлар кўлкасими хорасиз,
Ҳовуч-ҳовуч ичганим овозмидир,

Интилганим чорамидир чорасиз?
Дард сўзин қонида титрар милён кўз.
Адашган йўлчини йўллагил, эй Сўз.

3.Суриниб-уриниб охир йиқилдим,
Умримни ёлғонга, чинга кўмдим мен,
Лойимни булғадим, йиғлаб тиқилдим,
Ҳукм қилдим ўзимни. Оҳ, сўндим мен.

Иқрорман. Мен бир бандаман гуноҳкор,
Дард тўла бошимда хиёнат йўқдир.
Агар юрак ёриб қилсам ошкор –
Сўзларим зулмга отилган ўқдир.

Улар ким?! Мен сўзни севдим. Мен – хароб,
Лойиқманми Сўзга, билмадим, нетай?
Ҳорғин йўловчиман, манзил-да сароб.

Итдек изғидим мен. Мен энди кетай,
Деворга бошимни уриб бўзладим,
Аллоҳга сиғиниб бўзлаб сўзладим.

2001

***

Мени таъқиб қилар шоир деган ном,
Чиқмаган шеъримга садақа олдим.
Асло тарк этмади қурмағур Илҳом,
Неки ундан ўтди, Худога солдим.

Қирқ йил шеър ёздим. Эй воҳ, бўлмади,
Роса йигирма йил югурдим, елдим.
Аммо топилмади бирор мард ношир.

Ҳаёт жоми тўлди. Кўнгил тўлмади,
Кўксимни йиртдим мен, бағримни тилдим,
Ай, сен, ай олтмишни тепган ёш шоир.

Юзимни, оғзимни ёпди соқоллар,
Сомонлари тешиб чиқди теримни.
Маймунлар йиғлади, кулди шоқоллар,
Сичқонлар еб кетди охир шеъримни.

1980

***

1.Шамолга осилиб яшадим,
Мингга кирдим, чириди жисмим,
Сўнгакларим оқарди қақшаб.

2.Дунёингга қўйдим қўлимни,
Оёғимни босдим юзига.
Кўзларини юмди бу дунё.

3.Бир пиёла май бер, азизим,
Бағрим ёниб битди, кул бўлдим.
Чивғинларга сотдим ўзимни.

4.Қорларга кўмилди боғларим,
Тоғларимга чўкди осмон.
Сен йўқсан. Сен йўқсан? Сен – йўқсан!

5.Балки мен Мажнунман,
Балки Сиз, Лайло,
Балки мен маҳкумман, балки сиз жаллод.

1994

***

1.Соат синди, соатлар синди.
Вақтнинг исканжасида,
Ўлиб кетди соатсоз бевақт.

2.Сиз менинг номусимсиз,
Пичоғимсиз бўғзимда қотган,
Ичилмаган қонимсиз менинг.

3.Йўл кўп, йўллар кўп дунёда,
Ҳар бир йўлдан кўринар лекин
Сўнгги йўл.

4.Бир нарса дедимми сизга,
Севаман деб айтдимми?
Лаънатлайман ўзимни ўзим.

5.Сени оқ қилдим деди Дунё,
Оқардим, оқариб кетдим.
Оқиб келдим оёғинггизга.

1994

СЕНСИЗ

1.Совуқ. Атроф темир. Қўлимни очдим,
Елкамда чатнади қайноқ қўрғошин…
Вайрона қаъридан кўкларга қочдим –
Арзонга олдилар Мажнуннинг бошин.

Раҳмсиз оломон, сизга не керак?
Англадим, жисмимни, руҳимни боғлар.
Ваҳий келди менга, чирпанди юрак,
Акс садо берди муқаддас тоғлар.

Фароғат зирваси. Олам билгисиз,
Охири сен келдинг. Хаёлга толдинг.
Водий оғушида сўзсиз, белгисиз,
Аста одимлар-ла кўздан йўқолдинг.
Фақат қайга кетдинг, қайларда қолдинг,
Оҳ, қандай яшайман сенсиз – севгисиз.

2.Соҳилда бир ўзим. Денгиз қоронғу.
Елкансиз кеманинг ичинда шубҳам.
Ваҳима шивири, бўғзимда оғу,
Ақлим бир фалокат сезадир мубҳам.

Ранги ўчган осмон хунук ғулдирар,
Аччиқ чирқирайдир номаълум бир қуш.
Ва ёнимда қонли булоқ чулдирар,
Атиргуллар, сенинг гулларинг беҳуш.

Феруза, зумуррад гулларинг пайҳон.
Оҳ тушдинг кемадан. Карнай чалдилар.
Ва кўзга кўринмас қўллар шу замон
Ағдардилар мени, кишан солдилар.

Фарёдим ичимда, отма гулингни…
Отма, ёлғизликдан – бахтли қўлингни.

3.Сўлдирма гулингни, илоҳим, ёнсин,
Еру осмон кўрсин кўз юммай бедор.
Вақт – улуғ ҳакам. Руҳинг уйғонсин.
Асирий умидим – Сен. Сен борсан. Сен – бор.

Ровийлар не учун? Ҳақ ва Ҳақиқат!
Асирлик занжирин парчалаб ташла.
Вужудингни ёқсин аламли фикрат,
Аён ҳақиқатга, ҳақ йўлга бошла.

Фурсат ўтмакдадир. Вақт бу – беомон,
Омонат дунёда омонат одам –
Виждон шеваси бор, меҳроби иймон –
Асл инсонларин чорлайди бу дам.
Фалакка санчилиб қолган кўзим бор,
Оловлар, чаманлар ичра ўзим бор.

1994

ТАНГРИ СОҒИНЧИ

1.Бир замон фалакнинг кўзлари сўнди,
Аста қора кийди мудраган жаҳон.
Руҳимнинг асрлик музлари синди,
Нимадир бўғзимни кесди беомон.

Отилдим. Номаълум, қоронғуми гоҳ,
Биров қулоғимга совуқ шивирлар,
Азиз бир товушни эсладим ногоҳ,
Рангин овоздир бу, гўзал ғимирлар.

Нақадар гўзалдир бу чиркин товуш.
Оҳанг вужудимни чирмади буткул.
Бўғилдим, инградим, титрадим беҳуш.

Ожиз баданимга суйканди бир гул.
Надир бу?! Қўлимда қора лоладир.
Ул кўздан ғойибдир. Тирик ноладир.

2.Бош эгди қоялар, тоғлар чўкдилар,
Ахир қисмат парчин, хилқат бешумор.
Ромиллар, даҳолар борин тўкдилар –
Наҳот, мангулик йўқ, фано манзил бор.

Оғир-оғир одимлайдир бу карвон,
Буюклар омонат, пастлар омонат.
Афсуслар омондир, хиёнат омон,
Радди бало бўлгур каслар омонат.

Нечун бошим узра қора шамоллар,
Осмонда судрар мени мудҳиш хаёллар,

Очғил кўзларингни, эй сўнгсиз очун,
Нақадар ғарибсан, борми бир сўзинг?
Учиб кел, малагим, мадад бер ўзинг.

3.Эй, дил, ором надир? Кечдинг дунёдан,
Кўзинг қонми, бағринг сомон – янчилдинг.
Сен қўрқмадинг ҳақиқатдан, бу ёвдан,
Хиёнатнинг ботқоғига санчилдинг.

Тангритоғдан ваҳий келди, қайрилдим,
Олтинларга – темирларга босдилар.
Мен билмадим, сен билмадинг, айрилдим,
Оёғимдан ҳақдорига осдилар.

Изғирин Турондан, Тўфонлар чиндан
Ёмғирли ёлғизлик, ғубор ичиндан
Муножотлар қилдим, қақшаб сиғиндим.

Шафтолиранг олам найза учинда…
Дунёлари ёлғон, мен ўлдим чиндан…
Улуғ Тангрим, сени аччиқ соғиндим.

1994

***

1.Мени ҳайданг, мени йўлатманг,
Ойга қараб увлаган
Қутурган итман ахир, Иброҳим.

2.Эй воҳ, энди нима қиламиз,
Бу йўлнинг боши йўқ, охири ҳам йўқ,
Музликларда қолдик дилдираб.

3.Лўлининг эшагини суғориб,
Пулини ол, деган эй шоир,
Муравват бор эканми лўлида?

4.Минг йил кимни изладингиз,
Минг йил сизни изладимми мен?
Бир зумда йўқ от ман учунми?

5.Ҳеч бир инсон англамас бизни,
Итдек қониб ўтар киборлар,
Эҳ, улар – нақадар бахтсиздир улар.

1994

АБДУЛҲАМИД ЧЎЛПОНГА МУХАММАС

Юзлашдинг балоларга, аламлар ичра кўзлашдинг,
Ўзинг куйдинг, ўзинг ёндинг ўзгалар ҳаққи ўзлашдинг,
Бу қул бозорида изғиб қумрилар каби бўзлашдинг,
Кўнгил, сен бунчалар нега кишанлар бирла дўстлашдинг,
На фарёдинг, на додинг бор, нечун сен бунча сустлашдинг.

Кўзимга хоки туроним, озодлик гарди инмасми,
Бу кунлардан умид йўқми? Йўлларинг қаро тунмасми,
Хазон бўлғон баҳор сенми нишон ҳурликдан унмасми,
Ҳақорат дилни оғритмас, тубанлик мангу тинмасми,
Кишанлар парчаланмасми, қиличлар энди синмасми?!

Аллоҳ, аллоҳ йиғларсан булутдек бағри сўзонсан,
Мунавварсан, мукаррамсан, рисолат туғида шонсан,
Сен Каъбасан – Туркистонсан, хунимсан сен ахир қонсан,
Тириксан, ўлмағонсан, сен-да одам сен-да Инсонсан,
Бўйин эгма, кишан кийма ки сен ҳам ҳур туғилғонсан.

1983

***

1.Бир ақлли-ей мана бу қурмағур,
Бир чиройликки мана бу,
Булар ҳам туғилганмикан?

2.Чарс-чарс ёнавер, нимжон олов,
Қўлларимни қалайман,
Бегона эмасмиз ҳар қалай.

3.Мен сени севаманми? Билмайман.
Сен мангулик нафассан –
Билмайман, деган.

4.Оғзимга энг хушбўй хаволарни тўлдириб
Йиқилиб, туриб чопаяпман
Сен томон, жоним.

5.Ҳар кун ҳузурингга келаман,
Ўлтираман соатлаб
Сен мени тушунишинг керак, Чинор.

1977-1980

У ДУНЁГА – ОНАМГА МАКТУБ

I. Соғиндим, афу эт. Сенсан аламим,
Хат ёзмадим, аммо сиғиндим, она.
Гўё қоғоз узра синган қаламим,
Қадимий хонтахта менга бегона.

Кўзгудан боқадир мунгли бир сиймо,
Хотирамни санчиб, чатнар изларинг.
Нигоҳинг юзимни силайдир. Иймон –
Ул сенинг кўзларинг, сенинг Сўзларинг.

Кўзларинг тубинда кўҳна мусибат –
Менинг севинчларим, менинг оҳларим,
Гўё унутилган, битмаган суҳбат.

Балки, ул дардларим, ул гуноҳларим.
Жисмим жунжиктирар, шовуллар фақат
Қорларга кўмилган яшил боғларим.

II. Кўзгунинг кўзинда шамол ухлайдир,
Онажон, қайдасан, жаннатми жойинг?
Иссиқ қарашингдан бағрим йиғлайдир,
Қуйгил пиёлангдан совуган чойинг.

Мен ким? Нени билдим-билмадим, нетонг,
Ҳали йироқдадир билгисиз йўлим.
Дун`вий аламни ютмаган бу онг,
Башарий қаламни тутмаган қўлим.

Қайга бордим, қайлардан қайтдим,
Сен таъна қилмадинг, миннат қилмадинг.
Кимларни тингладим, кимга не айтдим?

Сен авом шовурин кўзга илмадинг.
Сенга етиб борди паришон байтим,
Сен менинг шеъримдан, раҳмат, кулмадинг.

III. Сенинг қиёфангда хилқатни туйдим,
Яшамак санъатин солдим қўйнимга,
Оломонни эмас, Аллоҳни суйдим,
Ҳикматингдан тумор осдим бўйнимга.

Мана энди неча замонлар кечди,
Кимса билмас шеърим, чалинмас кўзга.
Сен томон руҳимнинг шивири учди,
Букун бари ўзга, барчаси ўзга.

Соғинчдан, оғриқдан ўртанди дилим,
Чоғланди юрагим, боғланди тилим.
Юрдим. Одим олдим. Қадам ташладим.

Дунёвий аламни илғадим, бироқ
Ўзимнинг умримни мен оз яшадим,
Ўзгалар ҳаётин яшадим кўпроқ.

2001

ОНА ТУРКИСТОН

Абдулла Қодирий хотирасига

1. Хотирамнинг қаър-қаърида тарих
Доим сўзлаб турар эзгин ҳикоя.
Тутқун қуш сингари қолурман ғариб,
Руҳимга булутлар ташлайдир соя.

Бот-бот хаёлимдан чекинди мубҳам,
Фикримдан юлқинди Ватан қораси.
Олисда милтираб сўнаётган шам –
Қўҳна ҳасратимнинг машъум яраси.

Кишанбанд қилинар қўлларим гўё,
Тупроққа қориша бошлайдир таним.
Шу қадар юраги тормидир – дунё.

Наҳот фарзарзандига, ўзига ғаним,
Ўзи юрагимга жо бўлди, аммо
Нечун сиғдирмади, нечун Ватаним?!

2. Кўрингиз тарихни, эй туркий халқим,
Кўзимда эртанинг севинчи холос.
Ул Турондир, Туркистондир. У, балким,
Ичимни кемирган қадимий қасос.

Кўрингиз тарихни. Кўз ўнгим парда,
Қўлимдан учмоқда бу ер, бу Ватан…
Ошно тутинардим пўлат ханжарга…
Жанг майдони сари отилардим ман…

Ватан, айланарман бир кескир тошга,
Қошингга ўқ каби учиб борарман…
Наҳот тил бошқадир, наҳот дил бошқа?!

Йўқ! Фармон кутарман, энг сўнгги фармон,
Шакланиб қарарман қалққан қуёшга.
Барибир, қасос деб ёнарман ҳамон.

3. Умр деганлари ўтмакда тошқин,
Тилла баргларини элаб йўлимга.
Сенинг мангулигинг беради таскин
Эрта узилгувчи менинг умримга.

Ў, Она Туркистон, куйлайман ёниб,
Дунё журъатини бердинг қўлимга.
Мен энди англадим Туркий Дунёни,
Мана, мен тайёрман энди ўлимга.

Эй менинг заҳматкаш, эй қутлуғ халқим,
Бергил, фақат куйиб куйламак ҳаққин.
Ортиқ масъул этар топилган бу Бахт.

«Ишқ сўзидан куйди булбул маскани»,
Тил билан куйланмас Она Ватаним,
Мен сени куйламак истайман фақат.

1967

***

Ёраб! Кўзингни оч! Ҳиддат суринди,
Тилсиз мозоратда ғимирлар оқшом.
Яланғоч ёбонда бир инс кўринди.

Сариқ алвастилар булут намоён
Сен-да чибин каби чирпандинг.
Сен ёвуз бандасан кирдоринг аён,

Сен ўлаксахўр, эй ирганч одам,
Кўксимни эзғилаб босиб юрган ким?
Кимдир? Ўликзордан излаган нажот?

Хайр, кўзларимда ғижирлаган қум,
Хайр, шивирлаган, синграган баёт,
Хайр, бурдаланган, тиламчи халқим,
Хайр, шеъриятга кўмилган ҳаёт.

2003

Сайт муаллифидан: Шеър ўқиш учун ҳам маълум тайёргарлик кераклигини биласиз. Бу ерда фақат маънавий-интеллектуал эмас, руҳий-психологик тайёргарлик ҳам назарда тутиляпти. Шеър руҳига кириб олиш ҳазилакам иш эмас. Айниқса, “мураккаб” дея бот-бот таъкидланадиган Рауф Парфи шеърлари мутолааси учун алоҳида тадорик лозим кўринади. “Янги ўзбек адабиёти” номли рукнимизда бу гал Рауф Парфи лирикасига алоҳида ўрин ажратиб, имкон қадар шоир ижодининг хос белгиларини ўзида акс этттирган шеърларни танлаб беришга ҳаракат қилдик. Шоирнинг шу пайтгача чиққан энг янги “Сайланма”си асосида ҳар бир сатр кўриб чиқилди. Улар орасидан сиз севиб ёд айтадиган таниш мисралар “тушиб” қолган бўлса, айбга буюрмайсиз.
Бошида ушбу шеърларга Рауф Парфи шахси ва ижодиёти ҳақидаги фикрларни илова қилмоқчи бўлдик. Лекин ҳар ким шоирни ўзича кашф этгани маъқул. Дарвоқе, ушбу саҳифадаги баъзи шеърларни бошқа сайтлардан топа олмасангиз керак.
Шоирнинг охирати обод, руҳи шод бўлсин.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Телеграмдаги каналимиз: @/Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 1 086

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *