Рауф Парфи ёди: Вафо Файзуллоҳ.“Сен кулиб тур, юлдузим…”

Эрта кун хотирланишини ҳамма ҳам бир қур орзу қилар, хаёлига келтирар… Лекин мутлақ ҳақиқатга иқрор бўлишдан бошқа иложимиз йўқ: “Ундан ўзга  ҳар бир нарса ҳалок бўлгувчидир”. (Қасос сураси, 88 ояти). Ҳалок бўлган эса унутилишга маҳкум. Фақат ибрат, сабоқ заруриятидан кимларнингдир ҳаёти, жиллақурса номи гоҳ-гоҳ хотир уммонида тилга қалқиб чиқади. Тонгги эпкин янглиғ кўнгиллар ғуборини тўкиб эсади. Фавқулодда ва бетакрор Шоир ва Шахс Абдурауф Парфи Ўзтурк шу мезонга арзигулик яшади.
1. Унинг номини илк марта мен ўн олти ёшимда, биринчи учрашган тирик шоирим Одил Ҳотамнинг оғзидан Карманада эшитганман. Одил ака меҳр билан шоир шеърлари ҳақида сўзлар, қайта-қайта ўқир экан, аввалига ҳайрон қолганман. Фикр-ҳиснинг қандайдир бошқачароқ шеърий олами дарчасидан мўралар эканман, сўз қурилиши, кутилмаган фикр тошқини, менга мавҳум, номаълум ҳисларнинг имо-ишораси аввалига ақлимни карахт қилиб қўйди. Миям қабул қилишга қийналарди. Рости, идрок юзасидан улар мен тез илғайдиган ва мутлақ тўғри деб қабул қилган тасаввур ва реалликдан жуда олисда эди. Шу боисдан ҳам бу ғаройиб шеърлари биринчи иштиёқимни уйғотган фазилати сирлилиги бўлган.Rauf Parfi
2. Орадан икки йил ўтди. Ўқишдан қайта-қайта йиқилишимга қарамасдан Тошкентга интилавердим. Энди англашимча, бунинг бир сабаби шу янги ва ҳур шеърият нафаси, устоз Одил Ҳотамнинг пойтахт адабий муҳитини Сусамбил диёрини таърифлагандай ҳикоя қилиши эди. Унинг дарвешдил қаҳрамонларига беихтиёр ҳавасингиз келарди. Назаримда, гўё Тошкентга бориб, ўша адабий муҳит ҳавосидан симириб, 60-70-йилларда шеъриятга кирган Рауф Парфидай шоирларнинг этагини тутган ёш ижодкор борки, бирдан ШОИРга эврилар, ҳозиргисидан тамоман бошқача ёза оладигандай…
“Уюшмадаги шундай мушоиралардан бири гапбозликка айланиб кетди, – дея ҳикоя қилишга тушарди тўгарагимиз раҳбари, – давра инжишга тушди. Кутилмаганда даврани бошқариб бораётган домла Мирмуҳсиннинг қўлига бир хатчани тутқазишиб, овоз чиқариб ўқишни талаб қилишди. Даврабоши кўзлари ёниб турган издиҳомнинг талабини тушуниб-тушунмай ноилож ҳижжалади. “Кетсам майлими, оғои Мир?!” “Гурр” кулги кўтарилди. Даврабоши тўхташи билан эса Рауф ака ўрнидан туриб, зални тарк этди. Биз унинг журъатидан, яна даврабошига ажиб бир тарзда мурожаатидан завқланиб қолавердик”.
Одил ака ҳикояларидан, айниқса, бири ҳеч хотирамдан кетмасди. Талабаларнинг қишки таътил кунлари  ётоқхонанинг улар турадиган хонасида бир ҳафта шоир меҳмон бўлади. Рауф ака жуда кам гапирар, тамаддида ҳам қотган нон билан кифояланар, асосан шеър билан, китоб билан машғул, самимияти, адабиётдан чуқур билими, кучли иродаси, ҳақиқатга ўчлиги, Ватанни севиши, енгил-елпи ҳавасларга эса жуда бефарқлиги билан ёшларга кўп нарсани англатади.
3. Шоирнинг қўлимга тушган илк китоби, “Лирика” туркумида чиққан “Қайтиш” шеърлар тўплами эди. Китоб 1978 йилда нашр этилган. Хотирамда эса 1981 йилда чиққан-у, мени Тошкентда қарши олган биринчи китоб эди. Негаки, таъсири бўлакча бўлган. “Қайтиш”даги “Кундуз ўйга чўмар, тун яқин…”, “Ойдинлик”, “Усмон Носир”, “Боғчасарой фонтани”, айниқса, “Абдуллажон марсияси”. Шу шеърни ўқийверсам ичимдан бир армон тошиб келаверар, бутун борлиқ менга жўр бўлар эди:

Қушлар, қушлар, қатор-қатор,
Қушлар уйга қайтингиз.
Абдуллажон қайтмас зинҳор,
Ёр-дўстларга айтингиз.

Ўйнар бўрон, ўйнар бўрон,
Ўйнар менинг бошимда,
Энди йўқдир Абдуллажон
Йигирма беш ёшинда.

Китоб охирида жойлаштирилган рассом Шуҳрат Абдурашидов хотирасига бағишланган учликлар ҳам кутилмаган фикри билан дунё мураккабликлари борасида яна ва яна ўйлашга, ҳаётга бошқачароқ назар ташлашга йўл солган эди. Улардаги фош этиш кимнидир изза қилишга эмас, одамийликка даъвати билан меҳримни қозонган. “Қайтиш”ни мендан кимдир олганича қайтармади… Кейин бирон-бир китобига кирмаган мана бу учлик эса ҳамон мени даҳшатга солади:

Дўстингга хиёнат қилганмидинг? Билмадим?
Хотинингга хиёнат қилганмидинг? Билмадим?
Ҳаммасини қилишга қодир тириклар!

Фикрнинг шафқатсиз ва залворлилигини. Бу учликларнинг янгилиги ва японларнинг хакку шеър шаклига яқинлиги ҳақида кейинроқ бош қотирганман. Очиғи, ҳеч бир шоир таъсирлардан холи бўлмайди. Фақат шахс сифатида бутун, ўзлигига содиқ ва изланишдан толмаган шоиргина Худо инъом этган истеъдодини тўла ва яхлит намоён қила олади. Рауф Парфи бошиданоқ янгиликка жуда ўч, ўзига жуда талабчан бўлгани яққол кўзга ташланади. Аммо у мумтоз ва гўзал шеъриятимиз борлигини, ҳар қанақа янгилик унинг яхши анъаналаридан узилмай, унга муносиб бўлиб, дунё шеъриятини ўрганиш ва у билан беллашишдан туғилишини ҳеч қачон унутмаган. Шунинг учун ҳам унинг энг яхши шеърлари ХХ аср ўзбек шеъриятининг янги ва муваффақиятли намуналаридан. Шу билан бирга айрим шеърлари қайси бир жиҳатлари ила дунё шеъриятини ўрганишга даъватлар ҳамдир. “Рондел”, “Исикава Такубоку хотирасига”, “Верлен”… Аммо яна қайтаргим келади: улар жуда ҳам ўзбекча. Айнан шунинг учун ҳам “Тавфиқ Фикрат китобига ёзув” шеъри қишлоғимга бориб қолиб, тун сокинлигида яйдоқ далаларни кезсам, беихтиёр тилимга келади:

Мен ухлайман, мен ухлайман,
Рўёларга ботаман.
Тушларимда мен йиғлайман,
Булутни уйғотаман.
   
Боқмам ерлик наволарга,
Билмам қачон қайтаман.
Мен дардимни ҳаволарга,
Шамолларга айтаман.

Мен ухлайман, мен ухлайман,
Аста юмгайман кўзим.
Тушларимда мен йиғлайман,
Сен кулиб тур, юлдузим.

4. Адашмасам, 1982 йилнинг кузи эди. Биз талабалар Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида пахта терар эдик. Пахтадан қайтсак, барагимизда овоза: пойтахтдан шоирлар келибди, ҳали замон учрашув бўлар экан…
Гўзал, унутилмас мушоира бўлди. Мен шу ерда  биринчи марта шоир Рауф Парфини яқиндан кўриб, ундан шеър эшитдим. Давра қайнаб турганида ўрисзабон талабалардан бири (рус гуруҳи талабалари ҳам бор эди) шоирларимиздан таржима қилинган шеърларидан ҳам ўқиб беришларини илтимос қилди. Шоирлардан бири ўрисчага таржима қилинган шеърларидан ўқиб, даврани қизитди. Навбат Рауф Парфига келганда унинг жавобидан талабалар  ҳайратда қолдик, ўқитувчиларимиз эса қўрқиб кетди:
– Менинг битта тилим бор!
У бу гапни нега айтди, айтганда нега бунчалик кескир қилиб айтди? Шоир, албатта, рус тилини ёмон кўрганидан ёки рус адабиётини менсимаганидан бундай демаган. Зеро, унинг “Она тилим” деган гўзал шеъри рус символист шоири Валирей Брюсовнинг “Мен меҳмонман, сен эса мезбон, даргоҳингда эй она тилим” сатри билан бошланар, русларнинг яхши шоирларига бағишланган шеърлари ҳам йўқ эмас, ўзининг ижоди ҳам русийзабонлар томонидан эътироф этилганки, янги рус шеъриятининг ёрқин вакилларидан Виктор Соснора Рауф Парфи шеърларини русчага таржима қилган эди. Рауф Парфининг кескир фикри бошқа тилларнинг эркин равнақига салбий таъсир этаётган совет тузумининг руслаштириш сиёсатига, унинг бир ёқлама мафкурасига қаратилган эди. Қолаверса, шоир учун она тили жуда муҳим, у иккита бўлиши мумкин эмаслиги аччиқ бўлса ҳам айни ҳақиқат. Унинг нияти бу ҳақиқатни замон ҳар қанча қалтис бўлмасин, ёшларга англатиш бўлган.
5. 1994 йили бошидан Ёзувчилар уюшмаси ихтиёридаги Жавоҳарлаъал Неру кўчаси 1-уйдан “Ёшлик” журналига ҳам жой тегди. Бу ердаги Адабиётни тарғиб этиш марказида Рауф Парфи ҳам ишлар эди. Шоирни шу ерда яқиндан танидим. Рауф ака ишхонага кам келар, кўриниши билан суҳбатини олишга уринардим. Шундай кунларнинг бирида юрак ютиб, Рауф акадан Уюшмага кириш учун тавсиянома сўрадим. Бироқ ёзганларимда катта шоирнинг мезонига илинадиган бирон нарса чиқмаса-чи, деб юрагим пўкилларди. Унинг самимий гапларидан шубҳаларим тумандай тарқаб кетди. Қолаверса, шоир шахси учун жуда муҳим бир нарсани кўрдим. Рауф ака қанча талабчан ва янгиликка ўч бўлса, тинимсиз изланишни севса, шундан қолишмаган даражада жуда бағрикенг ва самимий, айниқса, Ватан қисмати йўлида жонкуяр, ҳақпарастларни ўзининг энг яқин биродаридай кўрар, ўзига дуч келган ҳар бир кишини, аввало, одам деб эҳтиром қиларди. Шунинг учун унинг атрофида юрган ҳар хил даражадаги истеъдодларни ранжитмас, самимияти, беозорлиги билан ёнидагиларни инсонга ва ижодга катта миқёслардан туриб ёндашишга ундарди. Айниқса, ёш қаламкашларга эътиборли эди. Унинг соф ва шижоатга тўла ҳақ сўзга ташна ёшларга ҳаваси келиши муносабатидан билиниб турар эди.
6. Шу орада “Шарқ юлдузи”да бир туркум шеърларим чиқиб қолди. Бир куни Уюшма эшигида у кишига дуч келиб қолдим.
– Достон бўлиб кетибди-ку, – деди  Рауф ака бир оғиз. Бу унинг “Армон” шеърим ҳақида баҳоси эди. Мен уни “чўзиб юборибсиз”, маъносида тушундим ва бу самимий луқма ўзимча тасаввур қилиб юрган “муваффақиятларим”ни йўққа чиқарди, бундан ҳам фойдалиси аягани, камчилигимни тилга олмай кўрсатгани эди.
7. Одамнинг битта ё кўп бўлса, иккита дарди-қувончини айтадигани бўлади. Бундай зот одамни ўзидан ҳам яхши кўради. Борини унга бағишлайди. Бироқ ишини ҳам ўзидан кўра адолатли баҳолаб, суянчи-таянчи, илҳомчиси бўлади. Ўйлашимча, Ҳақдан кейин Шоир Рауф Парфи учун унинг онаси Сакина Исабек қизи шундай ўринда турган. Шунинг учун ҳам у шеърларида волидасига кўп ёрилган.
1995 йил. Журналимизнинг ғариб аҳволи бизга эркинлик улашган кунлар. Тушдан кейин амал-тақал қилиб ишхонага келдим. Бинонинг ҳамма хоналарида нохуш бир хабар изғирди: “Рауф Парфининг онаси дунёдан ўтибди”. Идора бир автобус топиб, Уюшма ёнидан хоҳловчилар Янгийўл туманига жўнаб кетишга ҳам улгурган эди… Шоир тоғидан ажралганини тасаввур қилишнинг ўзи даҳшат эди. Мен эса шундай Онани сўнгги йўлга кузатишдан ҳам ғафлатда қолганимдан ўкиндим. Вақтида бир оғиз кўнгил сўраб, устознинг дардига ҳамдард бўлишдан ҳам бир умрга бенасиб қолгандай эдим. Ҳақиқатан ҳам, шундай бўлиб чиқди. Бир ойлардан кейинми, биномизнинг қайсидир хонасида уни учратишимга қарамай, кўнгил сўрашга журъатим етмади. Яна онасини эсга солиб, кўнглига озор бермай, юрагидаги ярасини қонатмай, деб ўйладим. Лекин журъатсизлигимни ҳам ҳамон кечиролмайман…
8. 1999 йилнинг феврали эди. “Жаҳон адабиёти” журналига топширганим – Морис Метерлинкнинг “Сўқирлар” драмаси таржимаси тақдирини билиш мақсадида “Навоий-30”га ўтдим. Унда журнал таҳририяти бинонинг катта кўчага қараган томони тўртинчи қаватида жойлашган эди. Суриштирсам, таржима шеърият бўлимига масъул Рауф Парфининг қўлида, дейишди. Рауф аканинг хонаси очиқ, аммо кимсасиз эди. Беихтиёр устознинг иш столига яқинлашдим. Стол усти саранжом-саришта, бир чеккада икки-уч қўлёзма тартиб билан терилган, ўртада ҳозир кўрилаётгани устида яхшилаб тарошланган қалам кўрсатгич бармоқ каби ниманидир таъкидламоқчидек олдинга узанган ҳолда турар эди. Булар орасида менинг таржимам йўқ эди. Ҳамон эсимда, ёзув столининг чап тарафи энг пастидаги катта ғаладонга беихтиёр қўл юбордим. Гўё у ҳали танишиш вақти келмаганидан қўлёзмамни шу ерга солиб қўйгандай туюлди. Бироқ бошқа, иккита қўлёзма папкасини тўсатдан кўриб қолиб, нима мақсадда бу ерга келганим бутунлай хаёлимдан кўтарилди. Бу семизгина папкалар устига ҳафсала билан ёзилган, ичи ҳам шундай текис тартибланган, нашрга тайёр ҳолдалигидан  хурсанд бўлиб кетдим. Тасаввур қилдимки, эрта бир кун ғаладондан олиниши билан бошқа бир муҳаррирга ҳеч бир иш қолдирмасдан босмахонага тушиб кетади. Устидаги ёзувини айтай, дарвоқе. Гўзал ҳуснихатда, яна лотин алифбосида “Rauf Parfi” деб ёзиб қўйилган эди. Шартта ғаладонни ёпдим. Рауф аканинг яна қаерда бўлишини қўшни хонадагилардан сўрадим. Пастдаги ошхонада бўлса керак, дейишди.
Ошхона ҳам дегулик эмас, бир зумга тамадди қилинадиган жойда излаган одамимга кўзим тушди. Рауф ака бир алфозда, соқоллари ўсиб кетган, ёнида ўтирганлар эса ундан минг фарсаҳ маънан узоқдаги кишилар, уларнинг гап-сўзига сомеъдай ғариб ўтириши дунёнинг ишларидан хабарсиз киши учун жуда ҳам ачинарли манзара эди. Шу орада тамаддихона эгаси келиб,  шоирнинг олдига ниманидир “тақ” этиб қўяркан, беўхшов нигоҳидан муносабати кўчадаги ароқхўр дайдиларга муомаладан ҳеч ҳам юқори эмаслигини уқиш мумкин эди. Рауф ака эса бу муомалага ҳеч ҳам эътибор қилмади. Гўё тепасига ҳукмфармодай келган бу одамни у кўрмаётгандай эди…
Бир кунда бир инсон ҳаётида гувоҳ бўлганим, бу икки бир-бирига терс манзара гоҳ эсимга тушиб қолади. Ўйлашимча, санъаткор Рауф Парфи бир оламда эмас, оламларда яшар, ўзи воқиф ўша кабир, азим оламларнинг асл қонун-қоидалари асосидан воқиф ҳаётини ўтказишга интилар, ҳақиқий ҳаёт учун нима муҳим ва ҳамиша кераклигини аниқ билганидан, ижодда жуда тартибли, ўзига ҳаддан талабчан, ўзи қилиши керак ишни ҳеч ҳам бировнинг зиммасига юклашни истамас, шеърлари ҳали узоқ замонлар кишилар қалбига ҳамроҳ бўлишига қаттиқ ишонар, ҳалигина мен бехосдан кўрган икки папка қўлёзма бунинг ёрқин гувоҳи эди. Қаерда, кимнинг қўлида экан ўша қўлёзмалар?
Иккинчи манзара эса, менинг ожизона тасаввуримча, унинг одамларни ва бир марта берилар ҳаётни яхши кўрганидан, кўпгина арзимас нарсаларга этак силкиганидан ва пасткашларнинг азиятига сиртдан ўзини сипо тутишидан бўлса, ажаб эмас. Кейин Рауф Парфидек инсон ўзининг хатолари ва камчиликларига тик қараган, асосан ичдан бутун қолиш ташвишида яшаган…
9. Рауф ака инсонга кераксиз мадҳу сано айтишдан ҳам, нописанд, қўпол муомала-муносабат қилишдан ҳам қайтарар эди. Буни, айни пайтда, кўпинча беозор киноя билан адо этарди. 1997 йили эди. “Ёзувчи” газетасида марҳум бир шоир хотирасига бағишланган мақолам чиқди. Ўша кунлар Рауф ака билан кўришар эканмиз, йўл-йўлакай шундай деб қолди:
– Сиз фақат ўтганлар ҳақида ёзасиз-а… У бошқа ҳеч нима демади. Ким ҳақида гапираётганини ҳам билдирмади. Мен тушундимки, истеъдодлар ҳақида ўтганидан кейин ортиқча мақтовдан кўра, тиригида эътироф, чуқур таҳлилли нарсалар ўша ижодкор учун фойдали бўлади. Бу унинг руҳини  кўтаради. Янги ва яхши нарсалар ёзишга ундайди.
Кишига нописанд, дағал муносабатда бўлишни ҳам унинг жини суймасди. Бир воқеани ҳам ўзимдан келтираман. Биздан бир-икки кўйлак ортиқ йиртган бир қаламкашни “сен”лагандай исми билан тилга олибман. Ёнимизда Рауф ака турган экан. Ўша заҳоти деди:
– Сиз унинг бешигини тебратганмисиз?
Ёшлик бодилик ҳам экан-да. Устоз эса ўзбекча тарбия қанақа бўлишини эслатган, унинг шиддат билан айтган гапи, зарбаси кўнгли оғриганидан ҳам эди. Афтидан, Рауф Парфи ҳаммага, аввало, ҳазрати инсон деб қарар, одамга ҳурматсизликни жоҳиллик ва қалбсизлик ҳисоблар, ёшларда буни кўрса, муолажа қилишнинг пайида бўларди.
10. 2000 йили тайёрлаган қўлёзмамни устозлардан бирининг нигоҳидан ўтказиб олиш, агар маъқул келса, Сўзларини олишни орзуладим. Рауф Парфи номи бу орзу рўйхатининг биринчи ўрнида турар эди. Бунга маънавий ҳаққим борми-йўқлигини билолмай, Рауф акага қўлёзмани тутқаздим.
Одатдагидай, Рауф ака ҳеч нарса демай қўлёзмани олди. Ярим ойми, бир ойдан кейин яна ортиқча ҳеч нарса демай, ҳарқалай нигоҳида бир хайрихоҳлик билан папкамни қайтариб берди. Бу ерда унинг Сўзини эслаётганим, билдириб қўйиш иштиёқидан эмас, балки маълум бир ёшга етиб, шу масъулиятли ва ўзига ортиқча ишни қаламкашларга ўрнак бўлар даражада адо этганини таъкидлагим келди.
Унинг қўлёзмага ёндашувида уч ҳикмат кўрдим. Биринчидан, у қўлёзмани бир нашриётнинг муҳаррири каби жойлашуви руҳидан келиб чиқиб ўрганган ва фикр берган; имлосига ҳам қараган ва тузатган эди. Иккинчи бор ўқиганми ё бирваракайигами, менга ноаён, талаби баланд ижодкор ва таъби нозик шеърхон сифатида шеър ва сатрларни кўздан кечирган, бундайроқ сўз ва сатрларнинг тўғрисига сўроқ белгисини қўйган ва ишлашга, тўғрилашга ёки воз кечишга ундаган эди. Ана шу жойда унинг бир тўғрилашини мен ўшанда ортиқча деб билганман ва ўзимча “тузатганман”… Қўлёзмада китоб муаллифи “Вафо Файзулло” деб ёзилган эса-да, Рауф ака  ўз сўзида “Вафо Файзуллоҳ” деб атайин таъкидлаган эди… Албатта, ўзбек тилининг ўзига хослиги ва кейинги ижтимоиий ўзгаришлар боис асли арабча “Файзуллоҳ” сўзи бундан ташқари яна икки хил тарзда айтилади ва ёзилади. Ўшанда менга “Файзулло” атамаси, ўйлашимча, яқин бўлган. Аммо йиллар ўтиб Рауф Парфи адашмаганини, у мумтоз ўзбек тилини жуда яхши билгани ва сўзнинг руҳини чуқур ҳис қилганини, сўзнинг кўз очган  маънавий тупроғидан хабардорлигидан аслидагидек ёзган деган тўхтамга келдим ва фикримни ўзгартирдим.
Рауф Парфининг бошқа ижодкорларнинг китоб ва шеърий туркумларига ёзган Сўзлари – “Оқ йўл”лари анчагина. Ўзини оқлайдиган томони бошқаларга ҳам асқотишидир. Баҳонада адабиётни англаш ва англатиш, ижодкорлик қисмати ҳақида ўзини безовта қилиб, тинчлик бермаган теран мушоҳадалари изҳор қилиш имкониятини топган. У, аввало, адабиётнинг холис мухлиси, беътаъма ошиғига қарата айтилгандир: “Барча шеър ёзадиганларни Шоир деб аташ мумкинми? Йўқ. Барча йўлларни тинтиб, эсанкираб кетаётган кимса Шахсми? Йўқ. Кунига юзлаб, минглаб ёзилаётган шеърлар – Шеърми? Йўқ. Ҳақиқатдан ҳам шеър кўп, Шоир йўқ, дейишимга боис Шоир оз, шоир нодир бир ҳодисаким, уни сўз билан ифодалаш қийин. Уни Сўзсиз англаш мумкин, холос. Инсон доимо шоирга – яъни тўғри сўзга – бу дунё билан уйғун Сўзга муҳтож. Шоирнинг камлиги, озлиги ҳақиқатнинг озлиги, камчиллигидир.
…Шоир Шахс белгисидир. Шахсни кўчадан етаклаб у тарафга ўтказиб қўйиш шарт эмас. Шахсни буюртма бериб, пора бериб, ҳеч ким, ҳеч қачон йўлга сололмайди, керак бўлса, ўзи йўл топиб олаверади”.
Бу – шеър ёзиш истеъдодига эга инсоннинг ўз олдига қўйган талаб ёки имтиҳон шарти. Шу синовдан ўтолмаган истеъдодини хор қилади, шахсига хиёнат қилади, демоқчи Устоз шоир. Ва буни у ҳаёти билан исботлаб ўтди. Шунинг учун тилаги ҳам бошқаларникига ўхшамайди. Сермаъно, серқатлам. У сўзни шундай якунлаган: “…машаққатли омад тилайман”. Машаққатли омад…  Шоир йўл бошида эмас, балки йўлнинг ўртасидаги қаламкашга ҳам заҳмат машаққат чекиб, муваффақиятга эришишни тилаяпти. Демак, шоирнинг тилаги талабдир. Изланишга, тинимсиз олға юришга, шарафли йўлда кеккаймасдан эзгулик улашишга даъватдир. Бу тилак шеър қоралашни билган эмас, ижодкор ҳаётининг сирини англаган мутафаккирнинг ўзи учун ҳам маслакка айланиб бўлган истагидир.
11. Рауф ака  доим ўз меҳнати билан кун кечирди. Ҳунарманд эди. Ўсмирликда ўрганган ҳалол ҳунарларини то умрининг охиригача унутмади. Менда радиода ишлаган давримдан унутилмас эсдаликдай бир дафтар сақланади. Унинг илк саҳифасида, китобнинг муқовасида номидай “СЎЗ”, кейинги саҳифасининг пастига эса “Муборак Рамазонда гўзал илҳомлар тилаб. RAUF PARFI.” деган ёзув бор. 250 варақ келар, қаттиқ муқовали китобни эслатадиган бу дафтарни Рауф ака ўз қўли билан ясаган. Дафтар тўлгунча мен билан юрди. Энди ҳам гоҳ уни қўлимга олиб, аввало, Рауф аканинг дастхатини ўқиб, руҳланаман. Дафтарнинг пишиқ, бежирим ва чиройли, оппоқ саҳифаларига ҳавасим келади. Ва мен учун бу ёдгорликнинг қадри  яна ҳам  ошади.
Бундан ташқари, Рауф ака ўзи дўкондан ҳарид қилган ёки кимдир тақдим этган юпқа муқовали тўпламларининг устига ҳам  қаттиқ муқова қоплаб, чиройли рангли қоғозлар билан яна ўраб, китобни кўркам қилиб юрганини кўп кўрганман. Ҳа, у саҳҳоф эди, ўз ҳунари билан китобларнинг умрини узайтирар, аждодлар азиз кўрган китобга ўшандай олий даражадан туриб уста ва табиб каби муносабатда бўларди. Бу ҳунарини эса Янгийўлда кечки мактабнинг юқори синфида ўқиб, кундузи босмахонада ишлаганида ўрганган ва умрининг охиригача унутмаган шоир.
12. Рауф Парфи шеърияти гўзал ва бетакрорлигининг сири туғма, вулқондай отилган илҳом меваси эканлиги қаторида шахсида фавқулодда ирода, чидам ва сабр мужассам бўлганида бўлса, ажаб эмас. Чунки шеърларини илҳом билан қайта-қайта ишлашдан эринмагани боис ҳам кутилмаган фикр ва ташбеҳлар билан бойиб, китобдан китобга очилганини, санъаткор ва мутафаккир сифатида улғайганини кузатиш мумкин. Аслида бу сабрлилик унинг зуваласида бўлган. Жуда катта қаршиликларни ана шу букилмас иродаси, чидами билан, ҳеч қачон умиддан ажралмасдан сабр билан кутиши орқали енгган. Албатта, бу сабр ишонч билан қувватли, илҳом билан муаззам шеъриятнинг дояси бўлди. Анча пайт укасидай бўлиб бир хонада яшаган инсондан эшитгандим. Рауф ака тунда бир нарса ёзмоқчи бўлса ёки улфатчиликларда ўтириб қолса, лозим бўлса, тонггача ҳам бир жойда қимирламай ўтирар, чарчагани ё нотинчлангани ҳеч билинмас, ҳозиргина бу ерга қўнгандай тетик ҳолда бўлар экан. Шу одати менга негадир Хожа Аҳрор Валийнинг бир хислатини эслатади. Замондошларининг ёзишича, ҳазрати Хожа гоҳ жойнамозга хуфтонни адо этиб, чўккалаганча, зикруллоҳга берилар, шу билан бир тиззасини ҳам кўтармасдан, қимирлатмасдан, бомдод намози важҳидангина ўрниларидан қўзғалар эканлар. Устоз Рауф Парфи ҳам дунёнинг ҳавасларига киши ҳайрон қолар даражада этак силкиган дарвеш эди. Борини сўраганларга улашиб яшади. Майхоналар унга ишхона, дарсхона бўлди. Бундай ҳолда гўзал сабр, ёниқ матонат, чексиз ишонч, фавқулодда илҳомнинг бадали, албатта, Парвардигорнинг марҳамати ва меҳрибонлигидан умид ва ботинан тавба қилиш иқтидори унга куч ва таскин берган, дегим келади.
13. 2005 йили 27 март, якшанба куни Тошкентга қор тушди. Бир гуруҳ адабиётчилар йиғилиб бизникида чўлпонхонлик қилдик. Чўлпон ижоди баҳордай кўнгилларни яйратган бўлса, қорнинг изғирини танни титратар, “Нима бало, яна қиш бошланадими” дегандек кишини хавотирга солар эди. Эртаси куни кеч ўнларда уй телефони жиринглаб қолди. Шоир Илҳом Аҳрор. У ҳазин овозда деди: “Ҳозир Рауф ака – Рауф Парфи узилибдилар…  Менга Муҳаммад Ғаффор телефон қилиб айтди. Эртага 12 да Чоршаъм аканинг Лабзакдаги ҳовлисидан чиқаришаркан…”.
“Кеча эртадан-кечгача Чўлпон ҳақида гапирдик. Биримиз олиб, биримиз қўйиб гўзал шеърларидан ўқидик. Унга руҳан энг яқин издоши Рауф Парфи ҳақида бир оғиз ҳам эсламабмиз-а. Ҳолбуки Чўлпонни англаш ва англатишда замонамизда унга етадигани йўқ эди-ку!”, – дея алам билан ўйладим.
Айтилган вақтга аранг етиб бордим. Кўп қаватли уйлар қуршовида ҳовли жуда ғариб кўринар, Чоршаъм аканинг кулбасига элтар 50-60 қадамли тор йўлакнинг икки томонини жанозага келганлар эгаллаган, албатта, шоир-ёзувчилар, ўзини Рауф Парфининг шогирдиман деб билган, унинг шахсини ҳурмат қилган, шеъриятини севганлар кўпчилик эди. Улар орасида марҳумнинг тенгдошларидан Миразиз ака (Аъзам), оқсоқол Шукрулло домла ғамга ботганча туришарди. Ҳовлида қора чопон устидан шойи белбоғни қаттиқ боғлаган, дўппили шоир Чоршаъм азадор сифатида кўнгил сўраганлар билан бағирлашиб, таъзияни қабул қилар, ёнида Турсун Али полвон. Сал берироқда Хуршид Даврон, Аҳмад Аъзам… Айрилиқдан эзилган укалардай чорасиз нигоҳларини ерга тиккандилар. Чоршаъм ака Мирзо Кенжабекнинг ёнига келиб, ниманидир сўради. Ҳовлидан эшиги очиқ марҳум ётқизилган хонадаги тобут кўриниб турар, ўнг томондаги хонада аёллар қий-чув қилиб йиғлашарди.
Шу яқин ўртада эдим, тобутни хонадан чиқармоқчи эканликларини эшитиб қолиб, ўша ёққа олдинроқ етиб бормоққа шошилдим. Лекин кўпчилик бирдан шу ниятда ошиқди. Ўзбекда маййит тобутини ердан олишда яқинлари ҳазир бўлиб туришади, бегоналар ердан кўтармасин деб. Бу ерда армонли бир ҳодисани кўринг, ҳамма марҳумга ўзини яқин деб билар, сўнгги йўлга кузатаётган Шоирлари олдида жигарлари ва фарзандларидек бурчдор ҳисоблашар эди.
– Дадажо-он! – аёллар йиғилган хонадан келган овоз юракларни титратиб юборди.
Тобут эса қанот чиқаргандек ҳовлидан сузиб ўтиб, бир томони қатор қийғос гуллаган ёш олчалар саф тортган йўлакка чиқди. Шу ерда тобутга елкасини тутиб, ариллаб йиғлаётган Абдулҳамид Парданинг овозида мусибатнинг чўнглигини туйиб, юрагим яна ҳам вайрон бўлди. У ўзининг отасини сўнгги йўлга кузатаётгандан кам бўлмаган қайғуда дийдасини ҳеч тўхтатолмасди. Кишилар тобутга елкасини, ҳеч бўлмаса қўлини тегизиш умидида олдинга чопиб ўтишга интилар, кимдир етиб, кимдир етмай, тобут тириклардан тепада, аввал Фин ҳаммоми жойлашган кўчага, ундан катта йўлга бурилди. Очиғи, мен Тошкентга келиб, яшаб, қабристонгача тобутни елкама-елка кўтариб борган халойиқни кўрмагандим. Эллик, юз қадамдан кейин юк машинаси ёки автобус тайёр туради. Инсоннинг ярим соатми бир соатлик ватани бўлган тобутни уловга олишади… Минор қабристони уч бекатлар чиқар экан, кунботарида солланиб катта бир анҳор оқиб ётибди. Катта йўл шу боис тепадан ўтган, шунинг учун зинапоялардан тушиб, марҳумлар диёрининг дарвозасига рўпара бўлдик.
“Ассалому алайкум, эй аҳли қубур. Сизлар ҳам биздай бўлгансизлар бир пайтлар. Биз ҳам сизлардек бўламиз бир куни келиб… Бир кўнгли яқинимизни, кўнгли оқинимизни ёнингизга олиб келдик!”
Пешин намози вақти бўлибди. Ўнгда тепа жойда чоғроққина мачит бор экан. Жамоатга эргашиб зинапоялардан кўтарилиб, хонақоҳга кирдик. Мачитдан тушаримда яна Шукрулло домлага кўзим тушди. Нигоҳига қараш оғир, ҳозир нималарни хотирига келтираётганини билиш қийин, ўғлидай яқин шогирдини сўнгги йўлга кузатаётгани тасаввурига сиғмас, аммо тобутга қараб қўйиб ҳақиқатдан ҳам кўз юма олмас эди…  Унинг хаёлига балки шу лаҳза куни кечагина бўлгандек шоирнинг уйланишига бош-қош бўлган кунлар, уйлик бўлишлари учун кимларгадир ёниб-куйиб тушунтирганлари эсига тушиб кетгандир…
Имом хонақоҳдан чиқиши билан ҳар ерда тўпланиб турганлар мачит билан мозор ўртасидаги майдончада сафларга тизилишди. Имом жаноза намозини ўқишидан олдин марҳумнинг яқин кишиси, эгасини сўради. Шошилиб олдинга бир йигит чиқди. Бу шоирнинг ўғли Шуҳрат эди. Шукрулло домла унга қараб кўнгли бироз тасалли топгандай деди:
– Барака топ!
Марҳумнинг сўнгги намозидан кейин яна елкаларида тобут издиҳом илгари юрди. Гўрковлар кутиб туришган экан. Тобут ерга қўйилар-қўйилмас, Рауф акани ичкарига, мангу маконига олишди. Бир сиқим тупроқ ташлашга аранг улгурдим. Кейин шошилиб устига тупроқ уюлди, бир чеккасига қабр рақами ёзилган синчмонанд бетонни бўғзигача кўмиб қўйишди…
Мозористон ходими, ишқилиб бегона бир киши марҳум қабрга қўйилиб, одатий калималалар ўқилгач ҳам, қабр ёнидан кетишни истамаётган кишиларга ҳайрон бўлиб қаради… Тўпланиб қолиб, нима қилишни билмай қолганлар қаламкашлар қавми. Бир-бирига ҳамдард, мўлтираб қарашади. Ниҳоят аввал жимликни шоир Йўлдош Эшбек бузди. Қуръони карим қироатидан кейин, марҳум устозини дуо қилди. У дунёга сафари хайрли бўлишини тилади. У ўзбек шеърияти бошига жуда катта мусибат тушганини, бунақа улуғ шоир айни кунларда миллати орасида йўқлигига амин эди. Яна қавм тарқамади. Энди шоир Мирзо Кенжабек Қуръони каримдан кўтарган сура ва оятларни узоқ тиловат қилди ва барчасини устоз руҳи покига бағишлаб, Аллоҳдан устознинг савол-жавоби енгил бўлишини ўтинди. Омин!!! Улуғ калом ва холис дуога хайрихоҳ сомеъларнинг бу ердаги бирваракай янграган сўнгги сўзи шу бўлди.
Мен шоир Рауф Парфи шахсига ҳавасланиб, шеъриятини севиб келган бўлсам-да, улуғ устоз бўла олганини чинакамига ўша кун англадим. Шахсига меҳр, шеъриятига муҳаббат йил ўтган сари кучайгандан кучайдики, камаймаётир. Бу у ўзи тутган, қисмат билган сўз йўлига, инсонга хиёнат қилмаганидан. ШОИР бу ўткинчи дунёда унга нодир иқтидор, имконият берилган экан, мардона яшаб ўтиш кераклигини билганидан, шунга муносиб яшаб ўтганидандир. Қолгани Яратганга аён. Валлоҳу аълам бис-савоб.

Вафо Файзуллоҳ 1963 йил 27 июлда Навоий вилояти Кармана туманидаги Тоғгузар қишлоғида туғилган. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факултети ва Москва шаҳридаги А.М.Горький номидаги Адабиёт институти Олий адабиёт курсида таҳсил олган. “Ҳут” (1993), “Хабарсиз севинч” (1997), “Мангу лаҳза” (2000), “Жон йўли” (2008) каби шеърий тўпламлари, “Чақмоқ ёруғи” (2012) номли адабий ўйлар китоби чоп этилган. Ф. Кафканинг “Жараён” романи ва “Отамга хат” эссесини, М.Метерлинкнинг “Сўқирлар” драмасини, Х.Борхес, К.Ҳамсун ҳикояларини, Ш.Бодлер, П.Верлен, А.Рембо, И.Бродский шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграм: @Behzod_Fazliddin
YouTube: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 153

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *