Ечиб отгум манфур ниқобим…

РОЛЬ

Қайси шамол қаддимни эгди?
Қачон булут тўсди офтобим?
Биров бўлиш жонимга тегди,
Ечиб отгум манфур ниқобим.

Бу курсижон, бу телефонхон –
Кўриб қўйсин, мана, юзимни.
Тил учида сақлаб юрдим жон,
Ҳар қолипга солдим ўзимни.

Пуч сўз сотиб даромад қилдим,
Рандаланган гапларим силлиқ.
Кесакларга хушомад қилдим,
Деворларга айладим қуллуқ.

Юрагимни ёлғон ўқидим,
Ўз-ўзимга қилмадим инсоф.
Ишқсизларча чўпчак тўқидим,
Бахтлиман, деб уриб келдим лоф.

Бу жараён борар жар аён,
Кўзларимга тўлиб келар қум.
Ич-ичимда тинмас ғалаён,
Лабларимда аччиқ табассум.

Нима берар кичик танаффус?
Қўллар чапак чалиб толганлар.
Афсус, улар учун ҳам афсус…
Афсус, мени севиб қолганлар!

2008

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

“Кутмаган кунларим, кутган кунларим” китобидан.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.