“Руҳум яратиб эдинг латофат бирла…”

Шарқнинг бир улуғ донишмандидан: «Бу не ҳол эрурки, эскиларнинг сўзлари бизнинг сўзларимизга қараганда кўнгилларга кўп карра зиёдроқ фойда етказмакдадур?» деб сўрашганида, у жавоб қайтариб шундай деган экан: «Эскилар дину иймоннинг иззати, нафснинг нажоти ва Ҳақнинг ризоси учун сўз айтмишлар. Биз эса нафснинг иззати, мол-дунё орзуси ва халқнинг эътибори учун гапирурмиз… Бу хил сўзлардан Эл-юртга ҳеч қандай фойда йўқдур».
Шу фикрни мен тез-тез эслайман ва ҳар гал нафснинг мақсадига мувофиқ айтилган ҳар қандай чиройли сўз, ҳар қандай ақлли фикр кўнгил «эшиги»дан ичкари олмаслигига ишонаман. Зеро, боболаримиз қайта-қайта таъкидлаганларидек, сўзлагувчининг сўзи эмас, ҳоли, тилдаги гаплари эмас, дил тубидаги холис иқрори муҳимдир.
Сўз ва маънонинг ҳам «қон группаси» бўлади. Донишманд кишилар шуни билишади. Шунга қараб сўзни сўздан, фикрни фикрдан, даъвони маънодан ажратишади. Шунга асосланиб ўзларига сўзнинг тақдири, фикр ва туйғунинг таъсир қуввати ҳамда аҳамиятига баҳо беришади. Шу жиҳатдан ҳам мумтоз шоирларимизнинг хақиқий шеърхон олдидаги масъулияти юқори бўлган. Биринчидан, улар нафсу ҳаводан тузилган, тама аралашган, мавқе, эътибор шавқи билан айтилган ҳар қандай сўзни риёкорлик деб билишган. Иккинчидан, покланмаган сўз, ҳақиқат ва тўғрилик мақомига кўтарилмаган фикр ўқувчига ҳам, адабиётга ҳам фақат зиён етказишига қатъиян ишонишган. Диний тарбиянинг қайта изга тушиши туфайлими, тасаввуф маърифати таъсиридами ёки эркин фикр муҳитининг юзага келганлигиданми адабиёт аҳли онгида яхши бир ўзгариш, силжиш кузатилмоқда. Яъни, нафсоний ва шайтоний майллардан яратилган, ёлғон, ғирт сохта нуқтаи назарларни акс эттирувчи бадиий ижод намуналари сезиларли даражада камайиб бораётир. Айтайлик, бундан тўрт-беш йил муқаддам Мирзо Бобурнинг:

Руҳум яратиб эдинг латофат бирла,
Килдинг анга танни ҳамроҳ офат бирла.
Руҳумни чу тан эвига келтирдинг пок,
Мундин бори элитма касофат бирла,

деган сўзларини ўқиган ёш бир ижодкор улуғ шоирнинг мақсад-муддаосини чуқурроқ мушоҳада қилишга унча уринмаган бўлиши мумкин. Лекин айни ана шу сўзлар унинг кўнглига бугун ўзгача бир таъсир ўтказиши табиийдир. Чунки у ўзининг мавжудлик сирларини аввало руҳ ва руҳониятдан ахтараётир. Ҳақиқий гўзаллик – қалб ва руҳият гўзаллиги эканлигини у энди яхши билади ва Бобурнинг:

Нафснинг касбидур ҳавоу ҳавас,
Руҳ олдидадур булар ярамас.
Нафс душмандурур яқин билгил,
Дўстум, бу сўзумни чин билгил,
Душманедур агарчи ўтру эмас,
Лек бир лаҳза сендин айру эмас,

сўзларини тўла ишонч билан таҳлилу талқин қилишга интилади. Менимча, шеърбозлик, қиёфасизлик, руҳоний кучсизлик, фикрий маҳдудлик офатларига барҳам берадиган энг буюк ижод мактабларидан бири – бу Бобур шеърияти эрур.
Бобурнинг шеърларида тасвирланган ҳол ва туйғуларни қанчалик чуқурроқ ўргансангиз, дилингиз ўшанча тозаланиб куч топади ва кенглик кайфиятларига тўлади. Бобур шахсиятига нечоғлик яқинлаша олсангиз, манманлик, калондимоғлик, каззоблик ва носамимийликдан шу қадар безасиз. Улуғ Бобурнинг шахсияти оқил, одил инсон ва инсонийлик учун зарур бўлган асосий фазилатларни аниқ белгилаб беради. Унинг кўнгил оҳанглари каби овози ҳам оддий ва жуда-жуда инсоний – ҳеч пайт шоҳнинг, ҳукмдорнинг дағдағасини эшитмайсиз. Аксинча, ундан кўпинча ва кўп ҳолларда насиҳат садолари таралади:

Давлатқа етиб меҳнат элин унутма,
Бу беш кун учун ўзунгни асру тутма.

Шу гапни Бобур бошқачароқ оҳангда ҳам изҳор айлаши мумкин эди-ку. Аммо ўша оҳанг Бобурнингмас – ўртача савиядаги тахтпарастнинг овоз оҳанги бўлурди. Бу беш кунлик дунё тожу тахт соҳиби бўлганда ҳам на одамлардан узоқлашишга, на ўзини баланд кўтаришга арзимаслигини мукаммал англай олганди. Унингча, дунёдаги энг боқий ҳақиқат умрни ғанимат билиш, инсоннинг инсонга руҳан ва маънан яқинлиги эди. Бобурнинг хуш кўрган сўзларидан бири «аҳбоб»дир. У бу сўзни хусусан, рубоийларида тез-тез тилга олади. «Аҳбоб унутилмаса керак аҳди қадим», дея умидларга берилади. Бир рубоийсида эса чин фароғат, маънавий давлат, илоҳий раҳмат мазмунини ҳам айнан шу калима билан боғлиқликда ифодалайди:

Аҳбоб, йиғилмоқни фароғат тутингиз,
Жамиятингиз борини давлат тутингиз.
Чун гардиши чарх будурур, тенгри учун
Бир-бирини неча куни ғинмат тутингиз.

Бобур табиатан кўлами кенг, мард ва шижоатли шахс бўлган – номардлик, қўрқоқлик, писмиқликка умуман тоқат қилолмаган. Бобур донишманд, чин маъноси билан маърифатли сиёсий арбоб эди. Шу боис у ақлга макрни, адолатга жаҳл ва зўравонликни, элу улус ишончига ёлғону алдовни аралаштирмаган. Эҳтимолки, шунинг учун ҳам Бобурда давлат юкининг оғирликларидан нолиш ёки эзилишни пайқамайсиз. Унинг дунё ва аҳли дунёдан шикоятларида ҳам руҳоний собирлик, далдакорлик мавжуд.
Бобурнинг мана бу рубоийси кўпчиликка яхши таниш:

Бу олам аро ажаб оламлар кўрдум,
Олам элидин турфа ситамлар кўрдум.
Ҳар ким бу «Вақоеъ»ни ўқур, билгайким,
Не ранжу не меҳнату не ғамлар кўрдум.

Дарҳақиқат, «Бобурнома»ни ўқиган ҳар бир китобхон биладики, Бобурнинг ҳаёти, тожу тахт йўлидаги кураш жараёни унинг ўзи таъкидлаганидан кўра қийин ва қалтис кечган. Лекин ҳар қандай қийинчиликлар ичида, ҳар қанақа қалтис ва таҳликали вазиятларда ҳам Бобурнинг ичида, яъни ботинида шаклланган маънавий-руҳоний «мен»ида кучсизланиш, толиқиш, дўлдек ёғилиб турган кулфат ва ранжу азоблардан ўзни четга тортиш майлларининг кўзга ташланмаслиги ақл бовар айлаши қийин бўлган ҳодисалардандир. У бир шеърида «Нақди умрим, оҳким, ўтти ғаму мотам била», деса, Яна бирида «Ғаму дарду алам била тўлдум», дейди. Бундай ҳолатда иродаси темир одамнинг ҳам бели букилади. Ғам кетидан дард, дард ортидан алам ва мотам ёпирилганда, камдан-кам одам ўзини тушкунлик, ноумидлик, мискинликдан муҳофаза эта олади. Бобурда буларнинг тескариси: у «ўлум уйқусиға бориб жаҳондин» осуда бўлиш аҳволига етганда ҳам, барибир, ҳаёт завқи ва тириклик шукуҳига содиқ қолади:

Ўзунгни шод тутқил, ғам ема дунё учун зинҳор,
Ки бир дам ғам емакка арзимас дунёий фарсуда.

Шоирнинг бир қанча ўринлардаги эътирофига кўра «бир дамлик ғамга арзимайдиган дунёнинг мазмун-моҳияти ҳам «бир дам»да очилади. Ҳақ гап шу дамга соҳиб бўлиш ва уни ўтказа билищда:

Мувофиқ ёрлар бирла бу дамни хуш кечур, Бобур,
Не учунким келур дамга бўла олмас киши зомин.

Баҳор ва ёшлик ана ўша фурсатларнинг энг гўзали, энг завқлисидир:

Баҳор аёмидур дағи йигитликнинг авонидур,
Кетур, соқий, шароби нобким, ишрат замонидур.

«Гар иликдин келса бир дамни кечурманг ғам била», — дейди шоир. Ва даврон ғамини четга супуриб ташлашнинг синалган чораси ўлароқ кишиларни шеърга, мусиқага чорлайди:

Даврон ғамин барбод қил, ишрат уйин обод қил,
Жону кўнгулни шод қил овози чангу най била.

Шундан келиб чиқиб айтиш жоизки, Бобур ҳеч пайт қуруқ зуҳд, зоҳирий тақводорликка ён бермаган шоирларимиздандир.
У бир ғазалида:

Зуҳд кетди эса, карам қилди,
Ишқ келдию муҳтарам қилди,

дейдики, бундай шоир танлаган йўл – ишқ ва ошиқлик йўли эканлиги осон англашилади.
Мирзо Бобурнинг илмий-адабий мероси миллатимизнинг бебаҳо хазинаси. Бобур халқимизнинг ижодкорлик ҳукмдорлик закосини жаҳонга танитган ёрқин шахслардан бири. Дунёда кучли одамлар кўп бўлган. Бироқ, уларнинг барчаси ҳам вақт, давр синовларига охиригача бардош бера олишмаган, албатта. Ана шунда эътиқод парчаланган, маслак бузилган. Ўзлик бой берилган.
ўзлигидан ажралган инсон борки, ўзининг бир вақтлардаги қиёфа яхлитлигини ахтаради. Аммо, қанча куйиб-ёниб изламасин, армонга айланган ўша ўзликни бошқа ҳеч вақт топа олмайди. Худи шу кемтиклик, ёки бўшлиқдан хаёлга келмас майдакашлик, хаттоки, хиёнатлар бош кўтаради. Бобурнинг ижодиёти, беназир шоир ва шоҳ Бобурнинг тажрибаю сабоқлари бизу сизни кўзга кўринмас ана шу бахтсизликдан омон қолишга яқиндан ёрдам беради. Бу эса энг муҳимидир.


Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодиётига ҳар қанча ҳавас қилса, ундан ҳар қанча сабоқ олса арзийди. Бобур ҳаётда қандай бўлган бўлса, ёзган асарларида ҳам шундай: мард, ростгўй, табиийликни ниҳоятда қадрловчи, самимий, таваккул ва завқ соҳибидир. Бобурнинг шахсияти шу даражада очиқ ва қудратлики, сунъийлик, зоҳирий чиройбозлик ёки ёлғон унинг яқинига ҳам йўлай олмайди. Бобур бошдан кечирган бир-биридан оғир, бир-биридан қайғули ва таҳликали воқеа-ҳодисотлар унинг порлоқ шахсиятини асло парчалай олмаганлигига ҳайрон қоласиз. Сиёсий мағлубиятлар ва имконсизликлар, инсоний оқибатсизликлар ва ожизликлар, ўлим шарпалари ва ажал хуружлари қаршисида ҳам Бобур – ўша-ўша оқил, жасур, ҳаётсевар, яхшилик ва одамийликнинг куч-қувватига ишонган донишманд ўлароқ қад ростлаб туради. Менинг назаримда, Бобурдаги барча ишонч унинг толмас ва толиқмас руҳидан қалқиб чиққан. Чунки у руҳнинг қудрати, илоҳий имтиёз ва талабларини теран ҳис қилган. Бобур руҳан Оллоҳга яқинлашиши сирларини кашф этгани сайин, Қалб, Руҳ, Сир, Хафи ва Аҳфо аталмиш латойифи хамса (беш латифлик)нинг дахлсизлигига қатъийроқ ишонган.
Бобур маснавийларидан бирида нафснинг қилмишларидан огоҳлантирувчива «нафс илгида забун» бўлмасликка чорловчи шундай мисраларни битган:

Нафс душман дурур яқин билгил,
Дўстум, бу сўзумни чин билгил.
Душманедур агарчи ўтру эмас,
Лек бир лаҳза сендин айру эмас.
Гарчи зоҳирда тўғридинтур нафс,
Жамъинг уйида ўғридинтур нафс.
Бурноғилар сўзини назар қилғил,
Унинг ўғрисидан ҳазар қилғил.
Нафс тавсанини ром қил ўзунгга,
Қодир ул ҳарна сўз десанг сўзунгга.

Бобур қўлига қилич ушлаган ҳукмдор. Аммо у қилич билан нафсни енгиб бўлмаслиги, «нафс тавсани» салтанат саманидан чопқирроқ эканлигини аниқ билганлиги боис ҳам тасаввуфга қизиққан. Албатта, бу қизиқиш ўзига хос, яъни тариқатга расмн юз бурган соликнинг нуқтаи назари ва интилишларидан фарқли эди. Буни «Бобурнома»даги «Турдибек Хоксорким дарвешликдин чиқариб, сипоҳи қилиб эдим, неча йил мулозаматта эди, яна дарвешлик дағдағаси ғолиб бўлуб рухсат тилади. Рухсат бериб, Комронға элчи йўсунлиқ йиборилди», деган биргина маълумотдан ҳам илғаш мумкин. Демак, Бобурга дарвешликдаги узлатнишинлик, жўшқин ҳаёт оқимидан четлашиш мақбул бўлмаган.
Асил тасаввуф – гўзал аҳлоқ таълимоти. Тасаввуф – руҳшунослик. Тасаввуф – қалб асрори, кўнгил латифликларини ўрганувчи ва ўргатувчи ҳол илми. Шу билан бир қаторда, тасаввуф маънавий-аҳлоқий хасталикларни даволаш йўлларини кўрсатувчи шифо тажрибаси ҳамдир. Чунки шайхлар ва муршидлар кўп пайт ишни муридларнинг ботинида ўрнашиб ётган кибр, ғурур, ҳасад, кин, адоват, қаҳр, гумроҳлик каби ўнлаб маразларни даволашдан бошлаганлар. Тасаввуф истилоҳлари орасида «Адвия» деган сўз бор. Бу арабча даво сўзининг кўплиги бўлиб, даволаш маъносини ифодалайди. Тариқат соҳиблари энг кучли, энг теран фазилат ва хислатларни адвия мақомлари деб белгилашган. Булар: эҳсон, илм, ҳикмат, басират (қалб кўзининг очилиши), фаросат, тавозеъ, ҳиммат кабилардир. Бобур буларни мукаммал билган. «Чорасиз дард»ларига пирдан нажот ҳам тилаган. Лекмн унинг зиммасидаги тарихий вазифа:

Найлайин муршиду нетай иршод,
Қобилият қанию истеъдод,

дейишдан ўзгасига имкон бермаган бўлса-да, Бобур тасаввуфий завқдан йироқ яшамаган. Ва доимо ўзини чин дарвешларнинг муҳиби билган, ҳақ аҳли олдида гўё ўзига-ўзи ҳисоб бериб яшаган. Мана у форсий рубоийларидан бирида нима дейди:

Дар ҳавои нафси гумраҳ умр зое кардем,
Пеши аҳлулло аз афъоли худ шармандаем.
Як назар бо мухлисони хастадил фармо, ки мо,
Хўжагиро мондему хожагиро бандаем.

Мазмуни: Гумроҳ нафсу ҳаво билан умрни зое қилдик. Аҳлулло қошида ўз феълимиздан шармандамиз. Бир бор хастадил мухлисларга назар этки, биз хўжайинликни қўйдигу хожагон улуғларига банда бўлдик.
Бу шоҳликнинг эмас, орифликнинг эътирофи. Бобур шеърларида ошиқлик ҳолининг орифлик мушоҳадаси ила уйғунлашиб, шеърхонни хокисорлик мақомига рағбатлантиришининг сири ҳам ана шунда. Бир ғарб файласуфи, «Агар мен биргина гулнинг сир-асрорини тугал тушунсам эдим, бутун мавжудотнинг сир-асрорини кашф этган бўлурдим», — деган экан. Бу гапни изоҳлаб ҳинд илоҳиётчиси Ошо шундай ёзади: «Ҳа, бита кичкина гул шу қадар бепоёнки, агар сиз унинг сирларини билсангиз, чиндан ҳам барча мавжудотни англашга эришардингиз. Чунки бу оламда ҳамма нарса бир-бири билан боғлиқ. Зеро, гулни билиш учун ерни билмоқ керак: у тупроқдан ўсиб чиқади, унинг манбаси замин. Яна самони билиш лозим: гул кўкка бўй чўзиб барг ёзади. Сўнг қуёшни англаш лозим: қуёшсиз гул – гул бўлмасди: унинг ранги қуёшдандир. Хуллас, қанча ичкарига кириб борсангиз, гулни билмоқ учун бутун мавжудликни билмоқ зарурати ўшанча равшанлашади. Сиз эса уни «гул» дейиш билан ҳаммасини биламан деб ўйлайсиз…».
Балки, шунинг учун тасаввуф шеъриятида илоҳий гўзаллик сирларини кашф айлашда айнан шу «гул» тимсоли танлангандир. Балки, Бобурдаги гулпарастлик шу жиҳат билан ҳам боғлиқдир. Ҳар қалай Бобурнинг ғазал ва рубоийларида ташбеҳ ва тимсол сифатида қайта-қайта «гул»ни қўллаши ва гул ўзагидан яралган сўзларни фавқулодда моҳирлик билан ишлатиш фақат зоҳирий бир эҳтиёж эмасдир.

Сен эй гул, қўймадинг саркашлигингни сарвдек ҳаргиз,
Аёғингға тушиб барги хазондек мунча ёлбордим.

Бу байтдаги маъно, туйғу ва манзара билан мана бу мисралардаги мақсад ва ҳолат бир-бирига монанд эмасдир:

Ғунчадек кўнглум менинг гулзор майлин қилмағай,
Ғам била бутган кўнгул гулгашт ила очилмағай.

Биз Бобурга яқинлашганимиз сайин, унинг бетакрор Шахси ва ижодиётини пухтароқ билганимиз сайин, ўзмизни ўзимиз маънан чеклашдан, билиб-билмай қўрқоқлик ё олчоқликка маҳкум этишдан, қолоқ ва маҳдуд ақидаларга ён беришдан анча фориғ бўламиз. Бобур чин маъноси ила буюк мураббий – ҳаёт мураккабликлари ва зиддиятларидан сабоқ беради. Баъзан Бобур муршид мақомида, дунё ғала-ғовурларидан халос бўлган шайхга ўхшаб сўзлайди:

Арзимас ғам емакка бу дунё,
Бал отин ҳам демакка бу дунё.
Тамаъ узгил бу эски дунёдин,
Хотирингдин чиқар дунё ёдин.
Давлат учун кўнгулни зор этма.
Иззат учун ўзунгни хор этма…

Бу ўгитларни бир толиб ёки солик эътиқоди ила тинглаб мушоҳада этсангиз, дилингиз шундай равшанлашадики, беихтиёр қаноат, ризо, сабр ганжига иштиёқ сезасиз. Молу дунё учун ҳей нимадан тап тортмай ўзини дару деворга ураётган ҳорис кимсалар оддий бир ҳақиқатни – бош оғриганда оёққа тилло боғлаш фойдасизлигини фаҳмлай олмаслигидан ажабланасиз. Иттифоқо, хотирингизда Бобурнинг сўзлари жонланади:

Беқайдмену хароби сийм эрмасмен,
Ҳам мол йиғиштирур лаим эрмасмен.

Бу шоҳ Бобурнинг эътирофими? Шоир Бобурнинг ҳукмими? Ёки олим ва мутафаккир Бобурнинг гапларими? Кўпинча буни ажрата олмайсиз. Бобур асарлари орқали ҳам шоҳ, ҳам шоир, ҳам олим, ҳам ошиқ, Айни пайтида ғурбат ўтида бағри ёнган бир гариб бўлиб сўзлашади сиз билан Бундай мусоҳибни қайдан топасиз? Ҳукмдор рутбасини эгаллаб ҳеч қачон расмиятчилик ва димоғдорликка таслим бўлмаган, шоир бўлиб ҳеч вақт баландпарвозлик ва самимиятсизликка майл қўрсатмаган, ота, оға, дўст, раҳнамо бўлиб ҳеч бировнинг ишончига раҳна солмаган шундай бетимсол шахс неча асрларда дунёга келишини бошқалар билмаса ҳам биз билан сиз билишимиз ва шукрона айтишимиз ҳам қарз, ҳам фарздир.

Иброҳим ҲАҚҚУЛ

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.