Саҳна пардасиз қолдими?

Санъатнинг сири қолмади. Сўзнинг таъсир кучи кесилди. Одамлар шоир-ёзувчиларга ишонмай қўйди. Адибларнинг ўзлари ҳам адабиётнинг “атомдан кучли”лигига ҳадиксираб қарайдиган бўлиб қолишди. Шеър асосан тор доиралардагина ўқиладиган бўлди.

Саҳнанинг пардаси йўқолди. Қўшиқчилик айниб, ҳирсу шаҳвониятга хеш беҳаё “безтрада”, фақат пул ва рекламани кўзлайдиган шоу-бизнес авж олди. Маза-матрасиз хиргойилар, қуруқ бақир-чақирлар катта-катта байрам тадбирларига ҳам кўчиб ўтди. Илгари “артислик”дан ор қилган халқ бугун уйи ва кўнглининг тўрини артистларга бериб қўйди. (Бу ўринда том маънодаги катта санъаткорлар назарда тутилмаётганини тушундингиз, деб ўйлайман.) Телерадио дастурлари, матбуотдаги чиқишлар, жойлардаги учрашув ва бошқа тадбирларда ҳам “энг ардоқли, намунали шахс” сифатида асосан артистлар бўй кўрсатади. Шу тариқа улар “ибрат” маъносида яширин-ошкора тарғиб қилинаётир. (Ваҳоланки, ўша “севимли артист”ларнинг аксарияти оддий халқни ҳеч қачон ҳурмат қилмаса керак!)

Интеллигенция аллақачон улоқни шовқинчиларга бериб қўйган ва ҳали-бери қайтариб ололмайдиганга ўхшайди. Бугун оддий отарчи унча-мунча олимдан кўра яхши яшайди, керак бўлса, ҳурмати ҳам ўқиганникидан баланд, десак муболаға эмас. Ана ундан кейин ҳали ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотмаган ғўр ўсмир нима қилади: шундай бўлиш керак экан, илму ҳунар билан ҳеч нарсага эришолмайсан, ундан кўра артистлик маъқул, қанча таниқли бўлсанг, шунча бой бўласан, яхши яшайсан, деб ўйламайдими? Тиришиб-тирмашиб ўзини шу йўлга урмайдими! Зиёлилик гўзал ҳаётнинг муҳим омилларидан бири экани эса уларнинг хаёлига ҳам келмайди. Шу тарзда жамиятнинг олд қатламида туриши керак бўлган интеллигенция ўз ўрнини йўқотиб боряпти…

Хуллас, ҳамма жойни “оломон маданияти” маҳв этди. Шу муҳит таъсирида “қўрқинчли” бир авлод шаклланиб улгураётир: деярли саводсиз, муқаддас тушунчаларни оёқости қилувчи, эътиқодсиз, ҳаром-ҳаришдан ҳазар қилмайди, маданият, маърифат ҳақида-ку гапириб бўлмайди… Эртага бу авлод қолдирадиган “янги авлод”ни тасаввур қилиш қийин эмас. Миллат шу тариқа “айний” бошлайди, насл бузилади…

Булар ҳаммага таниш манзара, ҳамма биладиган гаплар, шундай эмасми! Оммавий ахборот воситаларида куюнчак кишилар, виждони уйғоқ зиё аҳлининг бу борадаги мулоҳазаларига бот-бот кўзимиз тушиб турибди. Лекин уларнинг аксариятида аҳволни ўнглаш, вазиятни тўғри ўзанга буриш бўйича аниқ таклифлар йўқ. Катта доираларда гапи ўтадиган кишилар эса жим, баъзилар бу ҳақда “урилгани”дан – мансабдан кетгандан кейин айюҳаннос солишга ўтади. Аслида “нон”и шу бўлган – бу ишни назорат қилиб, тартибга солувчи ташкилотлар эса…

Энг аламлиси, ёшларни чалғитаётган, йўлдан ураётган ўша шовқинчилар куйиб-пишишимиз, уларга эътибор қаратиб “қурбон” бўлган асабларимиз, вақтимизга арзимайди. Лекин халқ арзийди! Ҳали оқ-қоранинг фарқига бориб улгурмаган, ҳақ ва ёлғонни англаш босқичига етмаган ука-сингилларимиз, ёш авлод арзийди куйинишларимизга!

Қисқаси, ҳар қандай соғлом ақл эгаси ўз кучи ва имкони даражасида бундай оммавий савиясизлик, ошкора беҳаёликка қарши туриши керак.

Модомики ҳозирги кунда ёшлар савияси, умуман, маънавий-маданий ҳаётимизга дахл қилувчи бош омиллардан бири енгил-елпи, бачкана қўшиқлар, бўлмағур клиплар экан, тегишли ташкилотларга расмий мурожаат қилиш зарур. Унда бугун марказий каналларда “айлантирилаётган”, катта тадбирларда ижро этилаётган бемаъни “асар”лар номма-ном кўрсатилиб, яроқсизлиги таҳлил қилиб берилиши керак. Жамоатчилик фикри сифатида, албатта. Аслида-ку, оилада фарзандларни бундай шовқинлардан ҳимоя қилиш мумкин, лекин кўча-кўйда, жамоат жойларида уларни ким назорат қилади? Ҳайрон қоламанки, орамизда кўплаб журналистлар, шунинг ичида юрган зиёлинамо одамлар бор. Аммо уларнинг кўпчилиги аллақачон бу “майда мавзу”га қўл силтаган кўринади. Баъзилар эса: “Барибир, ҳеч нарса ўзгармайди” дея писанда қилади. Сиз нима дейсиз?

Ушбу қайдларда фикрлар изчил баён этилган бўлмаса, баъзи жумлалар “боғдан-тоғдан”га ўхшаб кўринса, унча эътибор берманг. Шошилинчда ёзганим учун назардан четда қолган жиҳатлар бўлиши табиий. Яна эслатаман: бу мақола эмас, шунчаки баҳс қўзғашга ундовчи пост ҳам эмас! Мақсадимни тушунтира олдим, деган умиддаман…

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

2015 йил. Ижтимоий тармоқдаги қайдлардан

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.